Карвонсарой
Транспорт

«Хатарли» таклиф: Марказий Осиё Эрон билан ҳамкорликка хавотир билан қарамоқда

Рустам Темиров

Суратдаги иккита қора стрелка билан Эроннинг Ўзбекистонга боғланувчи эҳтимолий темирйўл линияси қайси йўналиш бўйлаб ўтиши мумкинлиги кўрсатилган. Қизил нуқталар билан эса Ўзбекистонни Хитой билан боғловчи темирйўл участкасининг Қирғизистондаги қисми белгиланган. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Суратдаги иккита қора стрелка билан Эроннинг Ўзбекистонга боғланувчи эҳтимолий темирйўл линияси қайси йўналиш бўйлаб ўтиши мумкинлиги кўрсатилган. Қизил нуқталар билан эса Ўзбекистонни Хитой билан боғловчи темирйўл участкасининг Қирғизистондаги қисми белгиланган. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Яқинда Эроннинг Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини ўз ҳудудигача кенгайтиришга қизиқиш билдиргани Теҳрон билан ҳамкорлик Марказий Осиё учун муаммоли бўлиши билан боғлиқ янги хавотирларни пайдо қилган.

«Эрон Қирғизистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор», деди Эроннинг Қирғизистондаги элчиси Саид Харрозий 11-12 октябр кунлари Бишкекда бўлиб ўтган Қирғизистон-Эрон бизнес форумида.

«Савдони кенгайтириш учун энг аввало логистика муаммосини ҳал қилишимиз керак. Бунинг учун Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини Эронгача узайтиришимиз мумкин», деди у.

«Бу Қирғизистон учун денгизга чиқиш йўлини очади», деб айтган Харрозий Қирғизистон ОАВга.

Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги темирйўл вокзали, 2 ноябр. [Сабоҳат Раҳимова]

Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги темирйўл вокзали, 2 ноябр. [Сабоҳат Раҳимова]

Аввалроқ, 14 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон темирйўл қурилиши бўйича уч томонлама шартнома имзолаган эдилар.

Хитойдан Марказий Осиёнинг ушбу икки мамлакатига ўтадиган темирйўл қурилиши қарийб йигирма йилдан бери муҳокама қилинаётган эди.

Темирйўл лойиҳаси Хитойнинг Шинжон вилояти Қашғар шаҳридан Хитой-Қирғизистон чегарасигача бўлган 165 км узунликдаги участкани, шунингдек, Арпа водийси (Фарғона тизмаси) орқали Қирғизистоннинг Ўзган шаҳригача бўлган 268 км узунликдаги қисмини ўз ичига олади.

Ушбу икки участка қуриб битказилгач, улар Ўзбекистондаги мавжуд темирйўл орқали Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрига уланади.

Янги келишувга кўра, Қирғизистондаги қурилишнинг техник-иқтисодий асослари 2023 йилнинг биринчи ярмида якунланиши кўзда тутилган.

Темирйўл лойиҳаси Хитойдан Ўзбекистон ва «Жанубий коридор» орқали Форс кўрфази давлатларига юк ташиш имконини беради.

Эрон Хитой ва Марказий Осиё лойиҳаларини анчадан бери кузатиб келади.

Масалан, ўтган йилнинг октябр ойида Харрозий Қирғизистон ташқи ишлар, ташқи савдо ва сармоя вазири Руслан Казакбаев билан учрашувда Форс кўрфазидаги Бандар Аббос портидан фойдаланган ҳолда Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон-Қирғизистон йўналишидаги янги темирйўл масаласини муҳокама қилган эди.

Геосиёсий хавф

Харрозийнинг сўзлари Эроннинг транспорт иттифоқига қўшилиш истагидан далолат берса-да, таҳлилчилар Теҳрон кўзлаган асл мақсадларни сўроқ остига олмоқда.

Эрон халқаро санкциялар босимини юмшатишга ва минтақавий лойиҳаларда, жумладан, Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» деб номланувчи (BRI) ташаббусида фаолроқ иштирок этишга ҳаракат қилмоқда, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Нигора Ҳидоятова.

«Эронда бошқа геосиёсий ўйинчилардаги каби ресурслар йўқ, лекин унинг Марказий Осиё давлатлари билан узун чегаралари ва қадимий маданий-тарихий алоқалари бор», деди у ва Марказий Осиё билан яқинроқ алоқалар энг аввало Эрон учун манфаатли бўлишини қўшимча қилди.

«Украинага қарши урушда Эроннинг Россия томонидаги билвосита иштироки санкциялар босимини кучайтирмоқда», дейди Ҳидоятова.

Марказий Осиё мамлакатлари учун бу қора рўйхатга тушиш хавфи билан ҳам боғлиқ, дейди у.

Эрон билан ҳамкорликдаги инфратузилмавий режаларни «яхши кунлар келгунига қадар кечиктириш зарур», деди Ҳидоятова. «Ҳозирча ҳаммасини Эронсиз қилган маъқул».

Санкциялар ва глобал изоляцияга дуч келган Эрон халқаро майдонда легитимликка эришиш учун ҳар қандай минтақавий интеграция жараёнига суқилиб киришга ҳаракат қилмоқда, дейди тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назиров.

Эрон билан ҳамкорлик қилиш хавфли, дейди у.

«Эрон, Россия ва Беларус каби яккаланиб қолган давлатлар Марказий Осиёда сиёсий капитал орттиришга ва ўз ғояларини монетизация қилишга уринмоқда.»

«Улар биздан фойдаланиб, халқаро майдонда якка эмасликлари ва иттифоқчилари борлигини кўрсатмоқчи», деди у.

«Эрон ҳам шуни истайди. Унинг таклиф қиладиган нарсаси йўқ», деди Назиров.

«Устига-устак, на Эрон, на Россия ва на Хитой Марказий Осиё давлатларининг фикри билан қизиқаётгани ҳам йўқ», дейди у. Уларнинг позицияси шу: «Нима қилсак ҳам, Марказий Осиё бизни қўллаб-қувватлайди, улар ўз овози ва фикрига эга эмас».

«Шундай экан, Эрон ва бошқа яккаланиб қолган давлатлардан узоқроқ бўлишимиз керак, деб ўйлайман», деди Назиров.

«Россия геосиёсий жиҳатдан заифлашиб бораётган бир пайтда Хитой-Марказий Осиё ўқи бўйлаб интеграция жараёнлари жонланар экан, Эрон бундан четда қолишни истамаяпти», дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.

«У шундай лойиҳалар орқали мазкур жараёнларда фаол рол ўйнашни истаётган кўринади», деди у.

Эрон шунингдек, Россиянинг Украинага босқини натижасида Марказий Осиёни ташқи дунё билан боғловчи транспорт ва логистика йўналишларида кузатилаётган сезиларли ўзгаришлардан ҳам четда қолишни истамайди, деб қўшимча қилди у.

Фанатизмни экспорт қилиш

Эрон иқтисодий таъсирининг хавф-хатарларидан бири Эроннинг ақидапарастликни экспорт қилиш эҳтимолидир, деб огоҳлантирган «Туркманистоннинг демократик танлови» мухолифат ҳаракати раҳбари, ҳозирда Францияда яшаётган Мурод Қурбонов.

Эрон ўз мақсадига эришадиган бўлса, «турли ақидапарастликка мойил имомлар, диний арбоблар ва оқимлар Марказий Осиё мамлакатларига интеграция қилиниши мумкин», деб огоҳлантирди у.

Эрон теократияси Россия президенти Владимир Путиннинг дунёвий империализмидан фарқ қилади, дейди у. Лекин уларнинг иккови ҳам «Марказий Осиё давлатларининг гуллаб-яшнашига олиб келмайди».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эроннинг ҳозирги раҳбарияти билан ҳеч қандай жиддий алоқалар бўлмаслиги керак! Эрон ҳукуматининг кўплаб мамлакатларга нисбатан душманона муносабати мамлакат тараққиёти йўлидаги тўсиқдир. Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман!!!

Жавоб бериш