Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қўрқитиш ва ташвиқот: Россиянинг эгаллаб олинган ҳудудлардаги тактикаси

Дмитрий Закс (AFP)

Уруш туфайли Россия назоратидаги Бердянск шаҳридан Украинанинг Запорожье шаҳридаги гуманитар ёрдам марказига кўчирилган кекса аёлга ёрдамлашаётган одамлар, 8 ноябр. [Анатолий Степанов/AFP]

Уруш туфайли Россия назоратидаги Бердянск шаҳридан Украинанинг Запорожье шаҳридаги гуманитар ёрдам марказига кўчирилган кекса аёлга ёрдамлашаётган одамлар, 8 ноябр. [Анатолий Степанов/AFP]

ЗАПОРОЖЬЕ, Украина – Эвакуация автобусидан биринчи бўлиб чиққан украиналик аёл йиғидан шу даражада титрар эдики, гапира олмасди.

Иккинчисининг эса кўзлари чақнаб турар, енгил тортганидан юзида табассум бор эди.

Уларнинг иккови кунни Россия ишғол қилган Азов денгизи бўйидаги Бердянскда бошлаган эди.

Иккови ҳам ғичирлаган автобусда вайрон бўлган қишлоқлар ва шовқин-суронли жанг майдонларидан ўтиб келишган.

Шунга қарамай, Украина ҳукумати назоратидаги ҳудудга омонликда етиб келганидан хурсанд бўлган Светлана Титова дарҳол бошдан кечирганларини ёдга олди.

«Уйимизга автомат кўтарган саккиз киши келгани учун қочдик», дейди 52 яшар журналист неварасини бағрига босиб.

«Улар одам тўплаётган эдилар.»

Титова ортиқча гапира олмади. Юзларидаги ажинлар унинг ёшини каттароқ кўрсатар, қўлида сакраб турган қизалоқ эса қошларини чимирди.

Улардан бири неча қадам наридаги Татьяна Вержиковска эса кўзларини артиб жилмаяр эди.

«Озодликдамиз», деб айтган 29 яшар хореограф. «Энди ҳаммаси яхши бўлади.»

Татьяна Чекой эса бунга амин эмасди.

45 яшар руҳшунос 2014 йил Кремл воситачи кучлари шарқий Украинада кичик ҳажмли уруш бошлаганидан бери минглаб одамларга ёрдам берган.

Унинг айтишича, Россия феврал ойи охиридаги кенг миқёсли босқинидан кейин тактикасини ўзгартириб, психологик қўрқитиш ва у аввал кўрмаган даражадаги онгни заҳарлаш усулларидан фойдаланилмоқда.

«Бу одамларнинг ҳар бирида травмадан кейинги руҳий бузилиши ҳолати мавжуд», деб айтган Чекой.

«Одамлар мулк сифатида»

Чекой ва унинг ҳамкасби, психиатр Ульяна Илман украиналиклар ўзларини руслардек ҳис қилиши учун Кремл қўллаётган чалғитувчи тактикалар ҳақида ноёб маълумотлар беришган.

Журналистлар босиб олинган ҳудудларга мустақил равишда кириш имконига эга эмаслар, қочаётганлар эса Россия назорат пунктларига яқинлашаётганда барча ёзишмалар ёки бошқа далилларни йўқ қилишга мажбур.

Бу икки аёл украиналиклар фронтнинг жанубий қисмини кесиб ўтиши мумкин бўлган ягона назорат пунктига кетаверишда ташкил этилган ёрдам марказида фаолият олиб бормоқда.

Бу ердан кунига бир неча киши ўтади, холос.

Сентябр ойи охирида аннексия қилиб олинган тўрт ҳудуддан ёш оналар ва қариялардан бошқаларнинг чиқиши тақиқланган.

Икки руҳшунос аввалроқ рус тилида сўзлашувчи одамларнинг шарқий минтақалардан қочиб кетганига гувоҳ бўлган, у ерда кўпчилик, айниқса кексалар Совет даврини яхши хотиралар билан эслар эди.

Улар шунингдек, бомбардимон қилинган шаҳарлардан Кремлга қарши кайфиятдаги норози украинзабон одамлар қочганини ҳам кўришган.

Аннексиядан кейин жанубий Запорожье ва Херсондаги уруш жабҳаларидан қочиб кетганлар урушдан дийдаси қотиб кетган икки аёлни хавотирга солиб қўйган.

«Россияликлар энди бу одамларни ўзининг мулки деб ҳисобламоқда. Уларни синдиришга ҳаракат қилмоқда», дейди Илман.

«Бу эса уларни маънан жароҳатлаяпти.»

«Бу иш берар эди»

Херсон ва Запорожьедаги психологик босим айниқса кучли бўлиши мумкин, чунки шарқдаги Донецк ва Луганскдан фарқли ўлароқ, февралдаги босқинга қадар бу минтақаларнинг бирор қисми Кремл назорати остида бўлмаган.

Чекойнинг сўзларига кўра, у эгаллаб олинган Запорожье вилояти Васильевка қишлоғида таълимни назорат қилган, у билан бирга яшаган аёлдан бир воқеани эшитган.

«Улар (аннексиядан сўнг) ундан мактабга қайтиб, дарс беришни сўрашган, унинг ҳурмати баланд бўлгани учун ўқувчилар дарсга қайтиши мумкин эди», деди Чекой.

«Шундан кейин улар мактабга танк замбарагини қаратиб қўйишган. Шу тариқа мактабда дарс ўтишаётганида уларга танк замбараги қараб турган.»

Танк – синфда ўқитиладиган тарих ва уруш версияси Кремл сценарийсига мувофиқ бўлиши кераклигини эслатиб тургандек эди.

Чекойнинг сўзларига кўра, мактабнинг ўзида Иккинчи Жаҳон уруши давридаги Советларнинг жанговар ҳайқириғи – «Берлинга!» деб ёзилган байроқлар илиб қўйилган.

Украина раҳбарларини нацистлар деб тамғалаган Кремл россияликлар орасида босқиннинг қўллаб-қувватловига эришиш учун 1940-йиллардаги шиорлардан фойдаланмоқда.

«Улар бизнинг телеканалларимизни ўчириб, ўзлариникини эфирга узатишмоқда. Уларда ҳам шу: «Берлин тарафга олға», дейди у.

«Дўстларимнинг айтишича, икки-уч ҳафта шундай яшаган одамларнинг фикрлаш тарзи ўзгарган. Бу иш беряпти».

Очарчилик

Икки психиатрнинг сўзларига кўра, энг зарурий буюмлар ва озиқ-овқатнинг сурункали танқислиги украиналикларнинг ташвиқотга қаршилигини пасайтиришга ёрдам берган.

Чекой шунинг ўзи ҳам бир тактика эканлигини айтди.

«Уларда муайян ҳаракатлар режаси бор», деди у.

«Аввалига улар инсонни маънан яксон қилиб, кейин уни янги носоғлом ғоялар билан тўлдирадилар.»

Иккала психиатрнинг айтишича, қочиб кетганларнинг кўпчилиги, айниқса болалар, очликдан силласи қуриган бўлиб кўринган.

«Болалар овқатга ташланиб, уни қўллари билан чангаллаганча шоша-пиша ейишар эди», деди Илман.

«Айрим болалар тўхтамай овқат ерди», деди Чекой алоҳида интервьюсида.

«Улар овқатланиб, ҳожатхонага югуришар, кейин қайтиб келиб, яна овқатланишарди.»

Иккала аёл ҳам омон қолганлар айни дамда қандай аҳволда эканидан ташвишда эди.

Илманнинг сўзларига кўра, келганида табассум қилиб ёки кулиб турганлар уни йиғлаганлар каби ташвишга солган.

«Келганлардан кўпчилигининг хаёли жойида эмас. Савол берсангиз, улардан нима истаётганингизни тушунишмайдилар», деди Илман.

«Айрим бир вақтнинг ўзида ҳам йиғлаб, ҳам кулади. Лекин, бу шунчаки жазава, холос. Бу стрессдан.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500