Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинадаги Эрон дронлари Теҳроннинг Марказий Осиёдаги таъсирини юзага чиқармоқда

Рустам Темиров

Эрон дронларининг ишлаб чиқарилиши Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдид солади, дейди кузатувчилар. Суратда акс эттирилганидек, Украинадаги ўлимлар сабабчиси бўлган Эрон дронлари Марказий Осиё учун хавф туғдирмоқда. [Карвонсарой]

Эрон дронларининг ишлаб чиқарилиши Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдид солади, дейди кузатувчилар. Суратда акс эттирилганидек, Украинадаги ўлимлар сабабчиси бўлган Эрон дронлари Марказий Осиё учун хавф туғдирмоқда. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Украинадаги Россия кучларининг Эронда ишлаб чиқарилган худкуш дронлардан фойдаланиши Теҳроннинг Марказий Осиёда таъсир ўтказишга уринишларини юзага чиқарди: минтақа давлатлари бундан эҳтиёт бўлишлари керак, дейди таҳлилчилар.

Октябр ойида Россия кучлари Украинанинг фуқаролик ва муҳим инфратузилмавий объектларига қарата ракеталар ва Эронда ишлаб чиқарилган «Шаҳид-136» дронлари билан зарбалар бера бошлади.

Ўшандан бери Россия кучлари 400 дан ортиқ «Шаҳид-136» дронларини учирди, деди чоршанба (9 ноябр) куни Украина ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Ихнат.

Унинг сўзларига кўра, дронларнинг кўпчилиги уриб туширилган, деб хабар беради Ukrinform.net сайти.

Бироқ, дронлар украиналикларни даҳшатга солишда давом этмоқда.

«Кечалари билан ухлай олмайман, оилам, айниқса болаларимдан жуда хавотирдаман. Дронларнинг ёқимсиз, визиллаган товушини қаерда эшитмайлик, беркинишга ҳаракат қиламиз», дейди Киевдан 120 км узоқликдаги Корсун-Шевченковский туманидаги яшовчи 43 ёшли Александр Коваленко.

«Дронлар Эронники дейишяпти, лекин биз уларни мопедникига ўхшаган баланд шовқини туфайли «учар мопедлар» деб атаймиз», деди Коваленко Карвонсаройга.

Киевлик 58 ёшли Павло Бойко 200 метр баландликда уйининг устидан учиб ўтаётган дронлардан бирини пайқаб қолган.

«Арра ёки мопеднинг овозига ўхшайди. Лекин, у жуда кўп жирканч ишларга қодир. Қанча одам ўлди, ҳалигача ўлмоқда», деди Бойко Карвонсаройга.

«Сирена кечаси деярли ҳар ярим соатда янграб туради. Болаларим, невараларим ва хотиним ертўлада яшашяпти», деди у.

«Ҳозирда аскарлар дронларни уриб туширишни ўргандилар, аммо бу [дрон] барибир учар снаряддек гап. Улар уриб туширилган тақдирда ҳам, ерга тушганидан кейин портлайди».

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён 5 ноябр куни Эрон «Украина урушидан бир неча ой олдин Россияга чекланган миқдорда дронлар тақдим этгани», аммо ҳозирда қурол етказиб бериш тўхтаганини айтган.

Ўша куннинг ўзида баёнот берган Украина президенти Владимир Зеленский Теҳрон ёлғон сўзлаётгани, Украина кучлари ҳар куни камида 10 та учувчисиз учар қурилмаларни уриб тушираётганини айтди.

АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи билан бирга Россияга дронлар етказиб бергани учун Эронга нисбатан санкциялар жорий қилган.

Ўтган ой Киев Эроннинг Москвага қурол-яроғ етказиб бергани сабабли Теҳрон билан дипломатик муносабатларини сезиларли даражада қисқартиришга қарор қилган эди.

Эрон қуролларига эътибор

Украинада Эронда ишлаб чиқарилган дронларни қўлланиши туфайли «Шаҳид-136» минтақада ишлаб чиқарилаётгани ҳақидаги даъволар ортидан Теҳроннинг Марказий Осиёдаги таъсири юзага чиқа бошлаган.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 30 октябр куни баёнот берар экан, мамлакатда ишлаб чиқарилган дронлардан «украиналикларни ўлдиришда фойдаланилаётгани» ҳақидаги хабарни рад этди, деб хабар берган Eurasianet.

«Тожикистон учинчи давлатларга ҳарбий техника экспорт қилмайди», дейилади вазирликнинг Facebook саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Раддия 18 октябр куни Киевдаги «Громадське» нашри Яқин Шарқ бўйича россиялик эксперт Сергей Даниловга таянган ҳолда, дронларнинг бир қисми Тожикистон ёки Сурияда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкинлигини айтганидан сўнг берилган.

«Афтидан, ушбу асоссиз даъво Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-майор Муҳаммад Бағирий май ойида Эронда ишлаб чиқарилган «Абобил-2» тактик дронларини ишлаб чиқарадиган завод очилишида иштирок этиш учун Душанбега боргани ҳақидаги тафсилот билан боғлиқ», деб ёзади Eurasianet.

«Шаҳид-136»дан фарқ қилувчи «Абобил-2» модели АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳаво ҳужумидан мудофаа экипажларини тайёрлаш учун энг кўп ишлатиладиган бир двигателли, кўп вазифали тактик дрон деб таърифланган.

Қўшни Қирғизистон Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar дронларини Тожикистонга қарши қўллашни бошлаганидан сўнг, Душанбе Эрон дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, деди тожикистонлик сиёсатшунос Шокир Ҳакимов Карвонсаройга.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан бери Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида бот-бот чегара можаролари содир бўлиб туради.

«2022 йил бошида икки давлатнинг (Эрон ва Тожикистон) юқори мартабали вакиллари... шундай қарорга келингани ҳақида эълон қилган эдилар», деди у.

Эрон иштироки кучаймоқда

Тожикистонда ишлаб чиқарилган дронлар – Эроннинг минтақада ўз таъсирига эга бўлиш уринишларига мисол бўла олади.

Жорий қилинган санкцияларга қарамай, Эрон минтақада йирик қурол ишлаб чиқарувчига айланиб бормоқда ва Марказий Осиёга киришга ҳаракат қилмоқда, дейди нукуслик тарихчи Максим Матназаров.

«Айрим эронлик сиёсатчилар ва тарихчиларда Марказий Осиё давлатлари ва уларда яшовчи халқлар Эрон таъсирида бўлиши кераклиги ҳақидаги қарашлар пайдо бўлган, чунки бу ерлар қачонлардир форслар ҳукмронлик қилган империя таркибига кирган», деди Матназаров Карвонсаройга.

Марказий Осиёда совет давридан кейин исломнинг қайта тикланиши ҳам Эроннинг минтақадаги интилишлари ва эҳтимолий «ислом инқилоби экспорти» учун стимулга айланди.

«Марказий Осиё мамлакатларининг кўп векторли ташқи сиёсат олиб бораётгани Теҳронга ёқмаяпти. У минтақага аксил-америка йўналишини... татбиқ этишга уринмоқда», деб қўшимча қилди у.

«У минтақамиздаги тинчлик жуда заиф эканини билатуриб, ҳарбий технологияларни экспорт қилмоқда ва дрон ишлаб чиқарадиган заводлар қурмоқда.»

Эрон унинг дронлари Марказий Осиёдаги чегаравий низоларда қўлланиши мумкинлигини яхши билади, деди у.

Хитой ва Россия каби жаҳоннинг қудратли давлатлари доим Марказий Осиёга қизиқиш билдириб келган, дейди бишкеклик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқулов.

Марказий Осиё билан маданий алоқаларга эга бўлган яқин атрофдаги минтақавий кучлар ҳам унга ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилмоқда, дейди у.

«Туркия Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан алоқаларни йўлга қўймоқда ва бунга қарши туриш учун Эрон ҳам қандайдир маданий-этник унсурлардан фойдаланиб, минтақада ўзининг ҳарбий иштирокини мустаҳкамлашга уринмоқда», деди Турдуқулов Карвонсаройга.

Эрон Тожикистонда дронлар ишлаб чиқарувчи заводни ишга тушириш билан «қардош халқни қўллаб-қувватлаш»га эмас, балки минтақадаги ҳарбий таъсирини кучайтиришга ва Ғарбга муҳим геосиёсий ўйинчи эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қирғиз таҳлилчиси )) Масхарабоз Красти каби эшитилар экан :)

Жавоб бериш