Карвонсарой
Хавфсизлик

Замбиялик талабанинг Украинадаги ўлими «Вагнер»нинг жангариликка ёллаш кампанияси кўламини фош этди

Карвонсарой ва AFP

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор ЧВК Вагнер маркази офисида ўтирган одамлар, Санкт-Петербургдаги очилиш маросими, 4 ноябр. Бу сана Россияда Миллий бирлик куни эди. [Ольга Малцева/AFP]

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор ЧВК Вагнер маркази офисида ўтирган одамлар, Санкт-Петербургдаги очилиш маросими, 4 ноябр. Бу сана Россияда Миллий бирлик куни эди. [Ольга Малцева/AFP]

КИЕВ – Замбия ўз фуқароларидан бири ҳалок бўлганини маълум қилган куннинг эртасига, сешанба (15 ноябр) куни Киев Африка давлатлари етакчиларни ўз фуқароларини Россиянинг Украинага босқинида қатнашишига йўл қўймасликка чақирган.

Душанба куни Лусакада ташқи ишлар вазири Стенли Какубо Россияда қамоққа олинган замбиялик талаба Украинадаги «жанг майдонида» ҳалок бўлганини айтиб, Кремлдан тушунтириш талаб қилган.

Россияда қамоқ жазосини ўтаётган 23 ёшли Лемехани Натан Нйиренда «2022 йил 22 сентябрда Украинада ҳалок бўлди», дейилади вазирнинг баёнотида.

Баёнотда айтилишича, Москва муҳандислик-физика институтида ядро муҳандислиги бўйича таҳсил олган Нйиренда 2020 йил апрел ойида тўққиз йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

«Вагнер» гуруҳининг Украинадаги ёлланма аскарлари, октябр ойи. [Вагнер гуруҳи]

«Вагнер» гуруҳининг Украинадаги ёлланма аскарлари, октябр ойи. [Вагнер гуруҳи]

У Твер шаҳри чеккасидаги умумий тартибли қамоқхонада ҳибсда сақланган.

BBC хабарига кўра, Нйиренда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда айбланган.

«(...) Замбия ҳукумати Россия расмийларидан Москвада қамоқ жазосини ўтаётган Замбия фуқароси Украинадаги жанговар ҳаракатларга жалб қилиниши ва кейинчалик ҳалок бўлишига олиб келган ҳолатлар юзасидан зудлик билан маълумот тақдим этишни сўради», деди Какубо.

Замбияга репатриация қилишдан аввал Нйиренда жасадининг қолдиқлари Россия билан чегарадош Ростов шаҳрига етказилди, дейилади хабарда.

Украина ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко Украинадаги урушда уларнинг фуқароларидан фойдаланмаслиги учун Африка давлатларини Россияга босим ўтказишга чақирган.

«Биз Африка иттифоқи ва барча Африка давлатларини Россиядан уларнинг фуқароларига босим ўтказмасликни талаб қилишга чақирамиз», деб ёзади Николенко ижтимоий тармоқларда.

«Африкаликлар Путиннинг носоғлом империалистик амбициялари учун ҳалок бўлмаслиги керак», деди у.

Россия бу даъволар текширилаётганини маълум қилган.

Украина расмийларининг айтишича, «Вагнер» жангарилар гуруҳи Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасидан ёлланган минглаб аскарларни маош ва амнистия ваъдаси билан фронтга жўнатган.

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Вагнер 2000 га яқин собиқ маҳбусларни жанговар ҳаракатларга жалб қилган бўлиши мумкин.

Тўп еми

Украина шарқидаги Бахмутда жанг қилаётган украин аскарларининг октябр ойида AFPга айтишича, собиқ маҳбус экани тахмин қилинган ҳарбий хизматчилар уларга қарата ўт очиш ва украиналикларнинг позицияларни аниқлаш учун «чорловчи хўрак» сифатида ишлатилган.

Украина шарқидаги стратегик аҳамиятга эга бўлмаган шаҳарча бир неча ойдан бери мамлакатнинг бошқа минтақаларида асосан мудофаа ҳолатида бўлган Россия кучларининг ҳужумига дуч келмоқда.

«Бу соат кеч соат 18:00 да, қоронғи тушганда бошланади», деди жароҳатдан кейин дам олаётган 93-бригаданинг 50 ёшли украиналик аскари Антон.

«Ҳеч қандай тажрибаси йўқ бу аскарларни автоматларимиз остига юборишади ва улар бир неча дақиқа ўша ерда бўлишади», деди Антон ҳар тунда етти ёки саккизта аскар юборилишини тахмин қилиб.

«Уларнинг вазифаси – биз тарафга қараб ҳаракатланиш, позицияларимизни аниқлаб олиш учун бизни уларга қарата ўт очишга мажбурлаш», дейди 53-бригада майори Сергей.

«Шундан сўнг улар позицияларимизга артиллериядан ўт очадилар ёки тажрибалироқ қўшинларни жўнатадилар», деди у.

Айтишларича, украиналиклар «бир марталик аскарлар» деб атайдиган бу жангчиларнинг аксари ўлдирилган. Айримлари жароҳатланган ва қўлга олинган.

Кўриниб турибдики, бундай жангчиларда деярли танлов йўқ.

Вагнер гуруҳининг эгаси, Кремлга яқин тадбиркор Евгений Пригожин сешанба куни гуруҳнинг Украинадаги жангариларидан бирининг қатл этилишига алоқадорлигини рад этиб, у одам «ит ўлимига» лойиқ бўлганини айтди.

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқлардаги Вагнер билан боғлиқ аккаунтлар Москва қўшинларига қайтарилишидан аввал Украина кучларига таслим бўлгани айтилган шахснинг шафқатсизларча ўлдирилиши акс этган тасвирларни улашган.

Ўзини Евгений Нужин деб таништирган эркакнинг бошига босқон билан уриб ўлдиришган.

Якшанба куни Пригожин бу «қойилмақом иш» бўлганини айтиб, ўлдирилган шахсни «ит» деб атаган.

«Итга итнинг ўлими бўлиш керак», деб айтган у.

Сешанба кунги янги баёнотида Пригожин қатл жараёнида унинг ёлланма аскарлари қатнашгани рад этган.

«Вагнер ходимлари ўзларининг намунали интизоми, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва ижтимоий хулқ-атвор қоидаларига қатъий риоя қилиши билан ажралиб туради», деб қўшимча қилган Пригожин.

Ҳуқуқларнинг поймол қилиниши

Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Gulagu.net гуруҳига кўра, Нужин Россиядаги жазони ўташ муассасаларининг бирида бўлган ва Вагнер гуруҳи томонидан Украинада жанг қилиш учун ёлланган.

Россия қамоқхоналарида шартнома эвазига ёллаш жараёнида шахсан иштирок этган Пригожин таслим бўлганлар ёки қўлга тушганлар ўлдирилишига ваъда берганликда айбланган.

Сентябр ойида 61 яшар бизнесмен Вагнер гуруҳига 2014 йилда, Украинадаги жанглар учун асос солгани ва гуруҳнинг Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ҳамда Африкадаги ҳозирлигини тан олган.

Бир неча ҳуқуқбон гуруҳлар вагнерчиларни 2017 йилда Суриядан қочган режимпараст жангарини қийнаб ўлдиришда айблаб, гуруҳни судга берган.

Жорий ойда Вагнер Россиянинг иккинчи энг йирик шаҳри – Санкт-Петербургда офис очган.

Пригожиннинг ўзи шу ой бошида тан олган айблов – хорижий сайловларга аралашув туфайли Ғарб санкцияларига учраши мумкин.

2018 ва 2020 йилларда Вашингтон Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бунга унинг Санкт-Петербургда жойлашган «троллар фабрикаси» Интернет тадқиқот агентлиги (IRA) 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашгани сабаб бўлган.

IRA шунингдек Буюк Британия, Германия ва Франция каби бошқа мамлакатларнинг сайловлари ва референдумларида бузғунчилик ташвиқотини тарқатишда айбланади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500