Карвонсарой
Таҳлил

Россия Молдовада ФХХ уюштираётган норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаб, таниш ҳийлани амалга оширмоқда

Тенгиз Гоготишвили

Кишинёвда Молдова парламенти депутатлигига номзод Илан Шорнинг расми туширилган, румин ва рус тилларида «Илан Шор халқ учун» деб ёзилган сайлов кампанияси баннери ўрнатилмоқда, 2019 йил, 13 феврал. [Даниел Михайлеску/AFP]

Кишинёвда Молдова парламенти депутатлигига номзод Илан Шорнинг расми туширилган, румин ва рус тилларида «Илан Шор халқ учун» деб ёзилган сайлов кампанияси баннери ўрнатилмоқда, 2019 йил, 13 феврал. [Даниел Михайлеску/AFP]

КИШИНЁВ, Молдова – Таҳлилчиларнинг Карвонсарой нашрига айтишича, молдовалик олигарх Илан Шор томонидан уюштирилгани ва молиялаштирилгани айтилган, Кишинёв марказий майдонида деярли икки ой давом этган норозилик намойишлари Молдовадаги ғарбпараст ҳукуматни ағдаришга қаратилган Кремлнинг навбатдаги фитнаси бўлган.

Постсовет республикалар – Грузия ва Украина каби Россия қўшинлари томонидан ишғол қилинган бўлгинчи минтақа – Приднестровьени ўз ичига олгани сабаб, мамлакат ўз ҳудудини тўлиқ назорат қила олмайди.

26 октябр куни АҚШ ҳукумати Шор, унинг рафиқаси Жасмин (россиялик эстрада хонандаси), яна етти шахс ва 12 ташкилотни коррупция ёки Молдова демократиясига путур етказишда Россия билан ҳамкорлик қилишда айблаб, уларга нисбатан санкциялар жорий қилганини билдирди.

Молдовада популист сиёсатчига айланган асли исроиллик тадбиркор Шор 2014 йилда мамлакат банкларидан 1 миллиард доллар ўғирлашда айбланиб, 2017 йили судланган ва 2019 йилда хорижга қочиб кетган, деб ёзади The Washington Post октябр ойида Украина разведкаси ихтиёридаги ҳужжатларга таяниб.

Молдова парламенти депутатлигига номзод, тадбиркор, «Шор» партияси раҳбари ва Орхей шаҳри мери Илан Шор 2019 йил 15 феврал куни Комратда сайловолди тадбирлари чоғида ўз тарафдорлари билан учрашмоқда. У сайловолди кампанияси давомида Молдовадаги коррупцияни энг долзарб муаммо деб атаган, ваҳоланки ўзи «аср жинояти» номини олган фирибгарлик иши бўйича судланган. [Даниел Михайлеску/AFP]

Молдова парламенти депутатлигига номзод, тадбиркор, «Шор» партияси раҳбари ва Орхей шаҳри мери Илан Шор 2019 йил 15 феврал куни Комратда сайловолди тадбирлари чоғида ўз тарафдорлари билан учрашмоқда. У сайловолди кампанияси давомида Молдовадаги коррупцияни энг долзарб муаммо деб атаган, ваҳоланки ўзи «аср жинояти» номини олган фирибгарлик иши бўйича судланган. [Даниел Михайлеску/AFP]

Молдова президенти Майя Санду (ўнгда) ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 10 ноябр куни Кишинёвда (Молдова) ўтган музокаралар якунлари бўйича қўшма матбуот анжумани ўтказди. [Богдан Тюдор/AFP]

Молдова президенти Майя Санду (ўнгда) ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 10 ноябр куни Кишинёвда (Молдова) ўтган музокаралар якунлари бўйича қўшма матбуот анжумани ўтказди. [Богдан Тюдор/AFP]

Ўшандан бери Молдова Исроилдан унинг экстрадициясини талаб қилиб келади. Жасмин ва уларнинг фарзандлари эса Россияда яшайди, деб ёзган Stmegi.com март ойида.

Санкциялар Ғарб давлатлари қўшни Украинадаги урушнинг тарқалишидан қўрқиб, Молдовани қўллаб-қувватлашни кучайтиришга интилаётган, Молдованинг бўлгинчи Приднестровье ҳудудида Россия қўшинлари бўлиб турган бир пайтда жорий қилинди.

Вашингтон Шорнинг АҚШдаги активларини блоклаб, унга алоқадор ҳар қандай транзакцияларни тақиқлаган.

Санкцияга тушган ташкилотлар ва шахслар «АҚШ ва унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари, жумладан Молдова ва Украинани манипуляция қилишга уринаётган Россия глобал таъсир кампаниясининг воситалари бўлиб хизмат қилмоқда», дейилади АҚШ Молия вазирлигининг баёнотида.

Ўзи Исроилда истиқомат қиладиган Шор 18 сентябрдан бери ҳар дам олиш кунлари Кишинёвнинг марказий майдонида кремлпарастлар иштирокида ҳукуматга қарши намойишлар уюштирмоқда.

Молдова ҳукумати уни намойишчиларга пул тўлаш ва хориждан туриб, россияпараст партиясини бошқаришда айбламоқда.

Россиядан узоқлашаётган бошқа постсовет давлатлар – Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Кремл нарративида мунтазам тилга олинадиган шимолда Россия анклавига эга Қозоғистон воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда.

Жиноий халқа

Октябр ойи охирида эълон қилган баёнотида АҚШнинг Молдовадаги элчиси Кент Лонгсдон «жаноб [Владимир] Плахотнюк (санкцияга тушган яна бир молдовалик магнат) ва жаноб Шор иштирокидаги коррупция кўламидан» шикоят қилган.

Лонгсдон «ҳокимиятни қўлга олиш йиллари, вайрон бўлган адлия тизими, бузилган сайловлар, парламентдаги ўғирланган овозлар ва қўлдан-қўлга ўтган нақд пулли қопларни» зикр қилган.

Таҳлилчилар Шор ва унинг партиясини сиёсатчидан кўра кўпроқ жиноятчи деб ҳисоблайдилар.

«Айтиш мумкинки, «Шор» партияси моҳиятан одамларни манипуляция қиладиган жиноий гуруҳдир», дейди Тараққиёт ва ижтимоий ташаббуслар институти таҳлилчиси, кишинёвлик Вячеслав Бербека.

«Россия уларни нафақат пул, балки маслаҳатчилар билан ҳам таъминламоқда. Ўтган якшанба (30 октябрь) куни оломон қанчалик яхши тайёрланганини ва полицияни қандай қилиб провокация қилишга уринганини ҳамма кўрди», деди у Карвонсаройга.

«Намойишларда Молдовада КГБ билан алоқадор деб кўрилган одамлар пайдо бўла бошлади», дейди Молдова мустақил матбуот уюшмаси директори, кишинёвлик Петру Маковей бу шахсларнинг узоқ йиллик тажрибасини билдириш учун советча қисқартмани қўллаб.

Намойишлар акс этган видеоёзувларда Америкага қарши плакатлар кўтарган ёши каттароқ намойишчилар кўринган.

«Бу – Москвадан келган маслаҳатчилар. Улар кўп йиллардан бери қулай пайтни кутиб юрган собиқ амалдорлар ва фахрийлардир», деди Маковей амалдаги разведка ходимларини назарда тутиб.

«Шорнинг партиясини тез орада тақиқлашса керак... У яқинда ҳаммаси тугашини сезди ва бу ҳокимиятни ағдариш учун сўнгги имконият эканлигига Кремлни ишонтира олди», деб қўшимча қилди Маковей.

«Менга айтишларича, дам олиш кунлари қишлоқларда узум ҳосилини йиғиш учун ишчи топиб бўлмай қолган. Норозилик намойишларида иштирок этишгани учун Шор уларга кўпроқ пул тўлар экан: ҳар бирига 25 евродан (26 доллар)», деди Маковей.

ФХХ билан ишлаш

Молдовадаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш ФСБ (Россия федерал хавфсизлик хизмати) расмийси Дмитрий Милютиннинг Кишинёвдаги «Деловая Россия» бизнес-уюшмаси раҳбари Игор Чайка орқали амалга ошираётган лойиҳасидир, деб ёзади Washington Post нашри октябр ойидаги мақоласида.

«ФХХ мамлакатни Москвага яқинлаштирадиган Молдова сиёсатчилари тармоғини яратиш учун Россиянинг энг йирик давлат компанияларидан ўнлаб миллион доллар маблағ ўтказган», дейилади ҳисоботда.

Хабар қилинишича, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу операцияни мувофиқлаштиришга ёрдамлашган.

Шорнинг рафиқаси Жасмин ўзининг кремлпараст қарашларини март ойида очиқ баён қилган эди.

Ўшанда у ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида Россиянинг Украинага босқинини ёқлаган, деб ёзди Gazeta.ru октябрда.

«Донбасс аҳолиси, кончилар ва металлурглар неонацистларнинг ваҳшийликларидан азият чекишди», деб айтган у Кремлнинг Украина ҳукуматини таърифлаш учун ишлатадиган ёлғон нарративини қўллаб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500