Карвонсарой
Бизнес

Марказий Осиё бозорига кираётган Хитой авто ишлаб чиқарувчилари россиялик рақобатчиларни сиқиб чиқаришга уринмоқда

Канат Алтинбаев

Jianghuai Automobile Group Corp (JAC) учун юк машиналари йиғиш линиясида ишлаётган ходимлар. Цинчжоу, Хитойнинг Шандун провинцияси, 2021 йил, 15 март. [STR/AFP]

Jianghuai Automobile Group Corp (JAC) учун юк машиналари йиғиш линиясида ишлаётган ходимлар. Цинчжоу, Хитойнинг Шандун провинцияси, 2021 йил, 15 март. [STR/AFP]

ОЛМАОТА – Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиёда бошқа турдаги курашни келтириб чиқарди: Хитой ва Россия автомобил ишлаб чиқарувчилари минтақадаги автомобил бозори учун жангга киришдилар.

Бу рақобат тарихан Марказий Осиёни ўзининг таъсир доираси деб ҳисоблайдиган Россия учун аччиқ тарсаки бўлди.

Ўзбекистонга кириш

27 октябр куни Тошкентда Хитойнинг давлатга қарашли Chery автомобил ишлаб чиқарувчи компаниясига мансуб уч русумдаги автомобилларнинг сотилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Июл ойидан Маҳаллий Roodell компанияси томонидан Ўзбекистондаги “ADM Jizzakh” МЧЖ заводида ушбу машиналарни йиғиш йўлга қўйилган.

Суратда: Олмаотадаги Chery (Хитой) концернининг автосалони, 4 ноябр. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Суратда: Олмаотадаги Chery (Хитой) концернининг автосалони, 4 ноябр. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

8 ноябр куни Олмаотада бошқа машиналар орасида турган Хитойда ишлаб чиқарилган янги машина (чапдан иккинчи). [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

8 ноябр куни Олмаотада бошқа машиналар орасида турган Хитойда ишлаб чиқарилган янги машина (чапдан иккинчи). [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Chery Ўзбекистон бозорини эгаллаш учун оммавий маркетинг, арзон нархлар ва имтиёзли кредитлардан иборат агрессив стратегияни танлаган.

Мисол учун, Chery моделларидан бирининг минимал нархи 27000 доллар қилиб белгиланган.

Таққослаш учун, Россияда худди шу моделнинг нархи энг оддий комлектация учун 35000 долларгача кўтарилган.

Қозоғистон бозорига кириш

Хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчилар қўшни Қозоғистон бозорига аллақачон кириб келишган.

2022 йилда cавдо кўрсаткичлари тезлик билан ўсди.

Қозоғистон автомобил бизнеси уюшмаси (ҚАБУ) маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистонда сотилган барча янги автомобилларнинг 3,4 фоизи ёки 4000 донадан ортиғи Хитой брендлари ҳиссасига тўғри келган.

2022 йилнинг дастлабки етти ойида Хитойнинг тўртта автомобил ишлаб чиқарувчиси Қозоғистонда бутун 2021 йилдаги каби автомобил сотган.

2025 йилда Олмаотада Хитой автомобилларини йиғувчи завод очилиши кутилмоқда.

Россия компаниялари сиқиб чиқарилмоқда

Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари минтақада анчадан бери ҳукмронлик қилади, аммо ҳозир Россиянинг Украинага босқини туфайли феврал ойи охирида жорий қилинган Ғарб санкцияларидан азият чекаётган рус брендлари ҳисобига муваффақият қозонмоқда.

«Постсовет ҳудуди кўп йиллар давомида Россия автомобил ишлаб чиқарувчилари учун асосий савдо бозори бўлган», дейди ҚАБУ собиқ бошқарувчи директори, олмаоталик Мурат Раҳимбердиев.

«Россиянинг энг машҳур автомобил бренди – «Лада»га арзонлиги туфайли Қозоғистонда талаб катта эди.

Аммо «ҳозир бу сегментни хитойликлар эгалламоқда», деди у.

Санкциялар туфайли логистика инқирози ва бутловчи қисмлар тақчиллигидан азият чекаётган Россия автомобилсозлик саноати чуқур рецессияни бошдан кечирмоқда. Бу йил Россияда автомобиллар савдоси 2021 йилга нисбатан камида икки баравар пасайган.

Оқибатда Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига автомобил етказиб бериш ҳам чекланган бўлиб, хитойлик рақобатчилар бундан фойдаланиб қолишга уринмоқда.

Маҳаллий бизнес учун катта муаммолар келтириб чиқараётган таъминот занжирларининг бузилиши, инфляция ва ишсизликнинг даражасини ортиши аҳолининг харид қобилиятини пасайтириб, қозоғистонликларни арзон вариантларни излашга мажбур қилмоқда.

«Бир йил аввал мен асло Хитой моделини сотиб олмаган бўлардим», дейди хусусий ҳайдовчилик билан шуғулланишни режалаштираётган олмаоталик Серик Байболов.

«Аммо, бу йил автомобил нархлари кескин кўтарилди, Хитой машиналарига эътибор қаратишдан бошқа чорамиз қолмади», дейди у.

Авто ишлаб чиқарувчилар машиналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини Европадан Қозоғистонга Россияни четлаб ўтувчи йўллар орқали олиб келишмоқда, дейди Олмаотанинг «Рулда» автожурнали бош муҳаррири Алексей Алексеев.

Бу чоралар туфайли етказиб бериш вақти ва нархлар ошган.

«Аммо Хитой яқин», дейди у. «Улар ишлаб чиқаришни кучайтириб, эҳтиёт қисмларни анча тезроқ етказиб беришяпти.»

Сифат борасида хавотирлар

Жозибадор нархларга қарамай, кузатувчиларнинг таъкидлашича, Хитой автомобилларида сифат билан боғлиқ муаммолар бор.

Қозоғистонлик харидорлар «нарх сифатга мутаносиб» деган аксиомага ишониб, Хитой моделларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигидан хавотирда», деди Алексеев.

«Табиийки, бундай харид шубҳалардан холи эмас», деб тан олди олмаоталик Байболов. «Қозоғистонликлар Хитой автомобилларининг сифатсизлиги учун уларни киноя билан «консерва қутиси» деб аташи бежиз эмас. Уларни доим таъмирлаш керак бўлади, аварияга учрашдан эса Худо асрасин».

Москвадаги «Клуб-Сервис» автоуловларини таъмирлаш устахонаси директори Илья Свиридов атиги икки йил ҳайдалган, Хитойнинг премиум автомобиллари сирасига кирувчи Haval H9 моделини кўздан кечирган.

YouTube каналидаги «6 миллион рубллик фалокат» (98 минг доллар) деб номланган видеолавҳасида у сифат билан боғлиқ қатор муаммоларга эътибор қаратган: кузовдаги ҳар хил пуфакчалар, молдинглардаги коррозия, кузовнинг юзасини тирнаган қийшиқ орқа эшик, юқори босимли ювиш туфайли туфайли шикастланган ойнанинг резина қистирмалари, шунингдек, очилганида қийшиқ ўрнатилгани сабаб герметикликка путур етказган панорамали люк.

Свиридовнинг айтишича, Haval H9 эгаларини газ чиқадиган тизимдаги доимий ёқимсиз товушлар ва машинани ҳайдаш пайтида ёнаётган бензин ҳиди ҳам қийнаб келади.

Бироқ, автомобил эгаси дилерлик вакиллари билан боғланганида, улар бу кутилган ҳолат эканини айтиб, муаммони ҳал қилишдан бош тортишган.

«Премиум Хитой автомобили нима эканлигини билишингиз керак бўлган ҳамма нарса шу», дейди Свиридов.

Россия-Хитой муносабатлари

Россия ва Хитой машинасозлари ўртасидаги рақобат Марказий Осиёдаги икки «иттифоқчининг» келишмовчиликларига мисол бўла олади.

ЯИМ ва аҳоли сони Россияникидан 10 баробар кўп бўлган Хитой ушбу нотенг муносабатларда юқорироқ поғонадаги шерик бўлишга даъво қилишга ҳақли.

Пекин Россиянинг Украинага босқини борасида кўп гапирмасликка ҳаракат қилади, ҳужумни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаган ва қораламаган ҳам.

Украинадаги муваффақиятсизликлар ҳам Россия Хитой учун қанчалик жиддий иттифоқчи бўлиши мумкинлигини савол остида қолдирган.

Россия ОАВ мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши ва унинг таъсирига ортиқча баҳо бермоқда, деган эди Олмаотадаги Жамоатчилик сиёсати тадқиқот маркази раҳбари Меруерт Махмутова сентябр ойида.

Иқтисодиёти жаҳон иқтисоди билан чамбарчас боғланган Хитойда бундай мафкуравий догмалар йўқ, деди у.

«Пекин ўз манфаатлари йўлида Ғарб билан ҳамкорлик қилишдан, COVID-19 билан боғлиқ қатъий карантин чекловлари оқибатларини ҳис қилаётган иқтисодиётини юксалтиришдан манфаатдор», деди Махмутова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500