Карвонсарой
Атроф-муҳит

Россиянинг Урал сувларини назорат қилиши Қозоғистонда экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин

Канат Алтинбаев

Урал дарёси, 2021 йил октябр ойида олинган сурат. [Раул Упоров]

Урал дарёси, 2021 йил октябр ойида олинган сурат. [Раул Упоров]

ОЛМАОТА – Урал сувларининг Россия сув омборларида ушлаб қолинаётгани дарёнинг мислсиз даражада саёзланишига ва Қозоғистондаги экотизимнинг нобуд бўлишига олиб келмоқда, дейди экологлар.

Устига-устак, Россия жанубий қўшнисининг розилигисиз яна битта тўғон қуришни мўлжаллаяпти.

8 ноябр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россиядан оқиб ўтувчи Урал дарёсидаги сув сатҳининг камайиб бораётганидан «жиддий хавотир» билдирди.

Сўнгги йилларда шундоқ ҳам анча саёзлашиб қолган дарёдаги сув сатҳи тобора пасайиб бормоқда. Дарёнинг экологик ҳолати ҳам ёмонлашган, дейилади Тўқаевнинг сайтида.

2021 йил июн ойида ўтказилган Қозоғистон-Россия парламентлараро комиссиясининг 16-сессиясида Урал дарёсининг саёзланиши муҳокама қилинган. [Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги]

2021 йил июн ойида ўтказилган Қозоғистон-Россия парламентлараро комиссиясининг 16-сессиясида Урал дарёсининг саёзланиши муҳокама қилинган. [Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги]

«Мен ушбу мураккаб масалани халқаро миқёсда бир неча бор кўтарганман. Қозоғистон ва Россия ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни муҳофазалаш ва трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича бир нечта келишув имзоланган», деди Тўқаев.

«Қўшниларимиз билан бу борадаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришда келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишига ҳаракат қилишимиз керак», деди у.

Мислсиз саёзланиш

Сўнгги йилларда маҳаллий экологлар Урал дарёсининг кескин саёзланиши ҳақида бонг урмоқдалар.

Европадаги учинчи энг узун дарё бўлмиш Урал Россиянинг Челябинск вилоятидан бошланиб, Қозоғистоннинг шимоли-ғарбий қисмидан оқиб ўтади ва Каспий денгизига қуйилади.

Дарёдаги сув сатҳининг пасайиши натижасида Ғарбий Қозоғистондаги қайир ўрмонлари қурий бошлаган. Дарё бўйида жойлашган шаҳар ва қишлоқлар ҳам жиддий сув танқислигидан азият чекмоқда.

Ғарбий Қозоғистон вилояти расмийларига кўра, сув сатҳи 2005 йилдан пасая бошлаган, 2018 йилда эса тарихдаги энг қуйи даражадага тушган.

Ўша йили Қозоғистон ҳамда Россия расмийлари ва экологлар муаммони муҳокама қилиш учун бир неча бор йиғилиш ўтказганлар.

Дарёдаги сув сатҳи 2019 йилда ҳам пасайишда давом этиб, критик даражага етди. Ифлосланиш даражаси ҳам экстремал деб топилди.

Ўшандан бери, асосан Россиянинг сув сиёсати туфайли вазият ўзгармаган.

Дарёдаги сув сатҳининг пасайиб кетишига асосий сабабларидан бири унга Россиядан етарлича сув қуйилмаётганидир.

Уралдаги сув сатҳининг пасайишига Ириклин сув омбори таъсир қилмоқда, дейди Россия чегараси яқинида жойлашган Уралскдаги кемасозлик заводига раҳбарлик қилувчи Владимир Самсонов Карвонсарой билан суҳбатда.

Оренбург вилоятидаги энг йирик гидроэлектростанция бўлган Ириклин сув омбори Россиянинг «Интер РАО» энергетика компаниясига тегишли.

«Сувни Ириклин ГЭС ушлаб турибди ва менинг тадқиқотларимга кўра, бу ҳолат кўп йиллардан бери давом этмоқда», деди Самсонов.

«Бу йил биз [Россиядан] сув қуйилишини сониясига 60 куб метргача оширишни сўраган эдик, аммо бунга эриша олмадик», деб айтган Ғарбий Қозоғистон вилояти Табиий ресурслар департаментининг сув хўжалиги бўлими раҳбари Марат Машекенов 2021 йил ноябрда Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизматига.

Ўша вақтда сувнинг қуйилиши секундига 15 куб метрни ташкил этган.

Россия қонунларни бузмоқда

Аслида Қозоғистон расмийлари ҳар йили россиялик ҳамкасбларидан бундай катта ҳажмдаги сувни ушлаб турмасликни сўрашади, аммо бари натижасиз, дейди атираулик эколог Серик Махамбетов.

«Халқаро ҳужжатлар ва Қозоғистон билан ҳукуматлараро келишувларга кўра, Россия сувни бу даражада чеклашга ҳақли эмас», деди Махамбетов Карвонсаройга.

«Аммо улар учун қонун йўқдек гўё.»

Бу икки давлат 2010 йилда Трансчегаравий сув объектларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни имзолаган, бироқ ўшандан бери Уралдаги сув сатҳи 150 фоизга пасайган.

Бу орада Россия Урал дарёси бўйлаб қўшимча тўғонлар қуриш режасини эълон қилган.

Россиянинг Оренбург вилояти табиий ресурслар, экология ва мулкий муносабатлар вазири Александр Самбурский 2021 йил март ойида Оренбург шаҳри яқинида, Урал дарёсида яна бир тўғон қуриш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Шаҳардаги сув олиш иншоотларини» яхшилашга қаратилган лойиҳа 300 млн рублга (5 млн доллар) баҳоланган.

Бу хабар қозоғистонлик депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

«БМТнинг трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясига кўра, давлатлар тўғон ва сув омборлари қурилишини қўшни давлатлар билан мувофиқлаштириши зарур. Улар [Россия ҳукумати] нима учун бу масалани [Қозоғистон билан] мувофиқлаштирмаётгани тушунарсиз», деган эди Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) депутати Дюсенбай Турганов 2021 йил баҳорда «Ак-Жайык» нашрига берган интервюсида.

«Мен бу тўғон қурилишига қаршиман», деди у.

Турганов Россияни конвенция шартлари ва Қозоғистон билан трансчегаравий сув ҳавзаларидан биргаликда фойдаланишга оид келишувни бузаётганликда айблади.

Қозоғистоннинг ўша пайтдаги экология вазири ўринбосари Ерлан Нисанбаев «Ак-Жайык» билан суҳбатда Россия Қозоғистонни дарёда тўғон қуриш режалари ҳақида хабардор қилиши кераклиги, аммо бундай қилмаганини айтган.

Вазирлик бу ҳақда ОАВ орқали хабар топган, деди Нисанбаев.

Қозоғистон тўғон қурилиши масаласида Россия ҳукуматига дипломатик каналлар орқали расмий сўров юборган бўлса-да, Россия уни жавобсиз қолдирди, деб айтган Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр воқеадан икки ой ўтиб.

Сув Марказий Осиёда Россия қўлига ўтган қимматли стратегик ресурсга айланди, деди эколог Махамбетов.

«Афсуски, қўшнимиз расмий келишувларга ҳам, яхши қўшничилик муносабатларига ҳам, экологияга ҳам тупурган», дейди Махамбетов. «Уралга ачинаман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия доим келишувларни бузади, қандайдир чора кўришимиз керак, йўқса дарёсиз қоламиз

Жавоб бериш