СИДНЕЙ, Австралия – Жума (18 ноябр) куни Австралия ташқи ишлар вазири Россияни Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейси билан учган самолётни уриб туширишда айбдор деб топилган уч кишини топширишга чақирар экан, президент Владимир Путинни «қотилларни яширишда» айблади.
Пайшанба куни Голландия суди 2014 йилда Украина осмонида Malaysia Airlines самолётини уриб туширганликда айбдор деб топиб, уч эркакни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Россиялик Игор Гиркин ва Сергей Дубинский ҳамда украиналик Леонид Харченко Boeing-777 самолётини Россия томонидан етказиб берилган ракета билан уриб тушириб, бортдаги барча 298 кишининг ўлимига сабабчи бўлганликда сиртдан айбдор деб топилди.
Ташқи ишлар вазири Пенни Вонгнинг айтишича, мазкур ҳукм бу ишда «Россия Федерацияси жавобгар» эканлигини тасдиқлайди.
«Биз Россияни мудҳиш жиноятларни содир этган бу шахсларни судловга топширишга чақирамиз», деди у журналистларга.
«Россия Федерацияси тарафидан ҳеч қандай бўйин товлаш, чалкаштириш ёки дезинформация бу фактни инкор эта олмайди.»
Вонгнинг сўзларига кўра, Россиянинг бу одамларни топширишдан бош тортгани, охир-оқибат, Путиннинг шахсига нисбатан ҳалокатли айбловга айланган.
«Россияга айтадиганимиз шуки, бутун дунё сизнинг қотилларни яшираётганингизни билади ва бу, жаноб Путин, сиз ҳақингизда айрим нарсаларни очиқлайди», деди у кейинроқ ABC миллий телеканалидаги чиқишида.
Бангкокдаги APEC саммити чиқиш қилган мамлакат бош вазири Энтони Албанезе Россия «ушбу мудҳиш террорчилик ҳаракати»нинг айбдорларини топшириши кераклигини айтди.
«Бугун ушбу ваҳшийлик оқибатида яқинларини йўқотган оилалар ва дўстлар билан хаёлан биргамиз», деди у журналистларга.
«Биз Россияни бу ишга алоқадор ва сиртдан айбдор деб топилган одамларни одил судловга топширишга чақирамиз».
Москва ҳукмни сиёсий сабаблар билан боғлиқ дея эътиборсиз қолдирган, Украина шарқида узоқ йиллик жанглардан сўнг Россиянинг кенг кўламли босқинига қарши курашаётган президент Владимир Зеленский эса уни «муҳим» деб олқишлаган.
Суд жараёни 10 мамлакат, жумладан 196 голландиялик, 43 малайзиялик ва 38 австралиялик фуқародан иборат ҳалокат қурбонлари учун узоқ давом этган адолат излаш жараёнининг якунини англатади.
Рад этиб бўлмайдиган далиллар
2014 йилда Россия кучлари ва ёлланма аскарлари кўмагида Украина шарқига ҳужум қилган бўлгинчиларга қарши далилларни рад этиб бўлмайди.
АҚШнинг Атлантика кенгаши таҳлилий маркази ва бошқа кўплаб манбаларга кўра, терговчилар самолётни йўқ қилиш учун ишлатилган ракета Россиянинг «Бук» зенит тизимидан учирилганини аниқлаганлар.
Озод Европа/Озодлик радиоси (Озодлик) хабарига кўра, айнан шу «Бук» қурилмаси Россия армиясининг Курскда жойлашган 53-зенит-ракета бригадасига тегишли бўлган, деб хулоса қилишган терговчилар 2018 йилда сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган фотосуратга асосланиб.
Энг даҳшатлиси, айирмачилар қўмондони Игор Гиркин ёки унинг ишончли вакили самолёт билан сўнгги радио-алоқадан 90 дақиқа ўтиб, «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига «Биз ҳозиргина АН-26 самолётини уриб туширдик» деган хабарни жойлаган. The New Yorker нашрининг ёзишича, бу айирмачилар Украина ҳарбий объектини (ҳарбий юк самолётини) уриб туширдик, деб ўйлаганликларидан далолат беради.
Гиркин бу постни тезда ўчириб ташлаган бўлса-да, АҚШнинг интернет-архиви Wayback Machine сайтида сақланиб қолган.