Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Тадқиқотчиларнинг айтишича, Хитойнинг айғоқчи дастурлари мусулмонларни иловалар орқали нишонга олмоқда

Карвонсарой ва AFP

Хитойнинг Шинжон шаҳрида мобил телефонидан фойдаланиб турган муслима аёл. [Фредерик Ж. Браун/AFP]

Хитойнинг Шинжон шаҳрида мобил телефонидан фойдаланиб турган муслима аёл. [Фредерик Ж. Браун/AFP]

Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчилар уйғур тилидаги иловаларда Хитой ва хорижда яшовчи уйғурларнинг жойлашувини кузатиб, маълумотларини йиға оладиган Хитой жосуслик дастурлари борлигини тасдиқловчи далилларни топганлар.

Уйғурлар асосан Хитойнинг шимоли-ғарбий Шинжон минтақасида яшовчи туркийзабон мусулмон озчилиги бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) яқинда чиқарган ҳисоботида Пекин у ерда инсониятга қарши жиноятлар содир этган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг парламентлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан чораларини геноцидга тенглаштирган.

Сан-Францискода жойлашган Lookout киберхавфсизлик компаниясининг 10 ноябр кунги ҳисоботига кўра, 2018 йилдан бери уйғур тилидаги бир нечта Андроид иловалари Хитой давлати томонидан қўллаб-қувватланадиган хакерлик гуруҳларига алоқадор икки турдаги жосуслик дастурлари билан зарарлангани аниқланган.

Улар орасида луғатлар, диний иловалар, хариталар ва ҳатто WhatsApp иловасининг ташқи манбалардаги ёки Телеграмдаги уйғурча каналларда тарқатиладиган қароқчи версиялари ҳам бор.

Улар Хитойда блокланган расмий Google Play дўконида мавжуд эмаслиги туфайли хитойлик фойдаланувчилар ташқи иловалар дўконларидан фойдаланишга мажбур бўлишган.

Жосус дастур хакерларга фойдаланувчининг жойлашуви, контактлари, қўнғироқлар рўйхати, матнли хабарлар ва файллар каби махфий маълумотларни тўплаш, шунингдек, суратга олиш ва сўзлашувларни ёзиб олиш имконини берди, дейилади ҳисоботда.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, иловалар Шинжонда терроризмга қарши кенг қамровли репрессив чоралар доирасида уйғурлар ўнлаб йиллар давомида қамоққа ташлаган диний экстремизм ёки айирмачиликка оид далилларини аниқлаш учун ишлатилган бўлиши мумкин.

Марказий Осиё ва Туркияда ҳам уйғур диаспорасига мансуб аҳоли талайгина.

«Бу чоралар асосан Хитойдаги уйғурларга қаратилган. Бироқ, мусулмонлар ва уйғурлар Шинжондан ташқарида ҳам кенгроқ миқёсда нишонга олинганига оид далиллар аниқланган», дейилади ҳисоботда.

«Биз таҳлил қилган бир қанча намуналар Туркия ёки Афғонистон каби мусулмон аҳолиси кўп бўлган бошқа мамлакатлар учун харита иловалари ниқобида иш юритган».

Кузатув ҳолати

Хитой узоқ йиллар давомида Шинжондаги уйғурларни оммавий мониторинг қилиш билан шуғулланиб, бутун вилоят бўйлаб уйғурларнинг телефонларидан уларнинг шахсий маълумотларини йиғувчи ва юзни таниш орқали уларнинг ҳаракатларини кузатиб борадиган кузатув платформасини яратган.

Хитойнинг видеокузатув ва камералар билан шуғулланувчи бир қанча компаниялари инсон ҳуқуқларининг бузилишида иштирок этганликда айбланиб, Қўшма Штатлар томонидан санкцияга учраган.

Хорижда яшаётган уйғурлар Шинжонда трансчегаравий кузатувга уринишлар ва Хитой полициясининг мажбурлов чоралари ҳақида сўзлаганлар.

Зарарланган иловалар намуналари 2018 йилдан бошлаб тарқалган, жосус дастурларнинг битта штамми билан зарарланган иловаларнинг катта қисми шу йилнинг иккинчи ярмида аниқланган, дейилади хабарда.

«Халқаро ҳамжамиятнинг босими кучайиб бораётганига қарамай, Хитой давлати номидан фаолият олиб борувчи бадният шахслар уйғур тилидаги алоқа платформалари орқали уйғурлар ва мусулмонларнинг мобил қурилмалари учун мўлжалланган кузатув воситаларини тарқатишда давом этиши мумкин», деб ёзади Lookout тадқиқотчилари.

Август ойида БМТнинг узоқ кутилган ҳисоботи эълон қилинган бўлиб, унда узоқ ғарбий минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг кўплаб бузилишлари батафсил баён қилинган ҳамда ҳуқуқ фаоллари, Ғарб давлатлари ва қувғиндаги уйғур ҳамжамияти томонидан анчадан бери илгари сурилаётган кўплаб айбловларга БМТ муҳрини қўйган.

«Уйғур ва асосан мусулмонларлардан иборат бошқа этник гуруҳлар аъзоларининг ўзбошимчалик ва дискриминация асосида ҳибсга олиниши... халқаро жиноятлар, хусусан, инсониятга қарши жиноятлар деб топилиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Айбловлар орасида оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, мажбурий стерилизация, мунтазам зўрлаш ҳолатлари ҳамда уйғурларнинг маданий ва исломий обидаларини йўқ қилиш кабилар бор.

«Ҳукумат томонидан терроризм ва «экстремизм»га қарши кураш баҳонасида Шинжон Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари содир этилган», дейилади БМТ ҳисоботида.

Ҳисобот Хитойнинг касб-ҳунар ўргатиш ва таълим марказларида сақланаётган одамларга қандай муомала қилинаётгани борасида хавотирларни пайдо қилган.

«Қийноқлар қўллаш ёки шафқатсиз муомала қилиш, жумладан, мажбурий тиббий муолажалар ва ҳибсдаги қониқарсиз шароитлар, жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги даъволар қатори ишончга сазовор», дейилади ҳисоботда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойда уйғурларни қаттиқ таҳқирлашади. Уйғурларнинг паспорти, фуқаролиги йўқ, уларни ишга ҳам олишмайди. Гапиришга ҳам беришмайди. Уйғурлар ўлдирилади, калтакланади ва зўрланади, буларнинг барчаси жазосиз қолмоқда. Ҳеч кимга, ҳеч қаерга шикоят қилиб бўлмайди. Буни Освенцим деса бўлади.

Жавоб бериш