Карвонсарой
Терроризм

Вагнер фаолияти ва ёллаш чораларининг кенгайиши Пригожиннинг сиёсий амбицияларидан дарак бермоқда

Ольга Чепил ва AFP

Ёлланма жангарилар гуруҳи Россия ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ва қабул марказларининг контактларини эълон қилиш орқали ёллаш чораларини кучайтирган. Украиналик суриштирувчи журналист Артур Присяжнюк Вагнернинг «ВКонтакте» саҳифасида кўрсатилган кўплаб рақамларга қўнғироқ қилди. «Айрим рақамларда ҳеч ким жавоб бермади. Аммо Удмуртиядаги ёллаш маркази жавоб берди», деди у Карвонсаройга. [Карвонсарой]

КИЕВ – Бир вақтлар яширинча фаолият юритган Россиянинг «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳи, жумладан, ёллаш идораларини оммага реклама қилиш, фуқароларни тайёргарликдан ўтказиш ва ўз инфратузилмасини яратиш билан фаолият доирасини кенгайтирмоқда.

Гуруҳ асосчиси ва эгаси Евгений Пригожиннинг 11 ноябр куни айтишича, унинг ташкилоти Россиянинг Украина билан чегарадош вилоятларида сафарбарлик кучларини шакллантириш ва истеҳкомлар қуриш учун фуқароларни тайёргарликдан ўтказишни бошлаган.

«Тинчликни истасангиз, урушга тайёр туринг», деб айтган у маҳаллий компанияларни маблағ ажратиш ва ёлланма аскарлар етказиб беришга чақириб.

«100 киши ишлайдиган кичик заводингиз бўлса ва улар орасида 50 нафари катта эркаклар бўлса, уларнинг 25 фоизи хандақларда хизмат қилиши, 75 фоизи эса ишлашда давом этиши керак», деб айтган Пригожин «ВКонтакте»даги бошқа баёнотида.

4 ноябр куни Санкт-Петербургда Халқ бирдамлиги кунида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор «Вагнер маркази» офисининг расмий очилиш маросимида бинога кираверишда турган ҳарбий камуфляжли ташрифчилар. [Ольга Мальцева/AFP]

4 ноябр куни Санкт-Петербургда Халқ бирдамлиги кунида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор «Вагнер маркази» офисининг расмий очилиш маросимида бинога кираверишда турган ҳарбий камуфляжли ташрифчилар. [Ольга Мальцева/AFP]

Пригожин сентябр ойида илк бор 2014 йилда Украинада жанг қилиш учун Вагнер гуруҳига асос солганини айтган ва унинг Африка, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида ҳозирлигини тан олган эди.

Бу эътирофга қадар у ва Кремл узоқ вақт гуруҳнинг мавжудлигини инкор этиб келаётган эди. Россияликлар учун ёлланма аскар сифатида хизмат қилиш ноқонунийлигича қолмоқда.

Вагнер жангарилари Москванинг Украинадаги ҳужумларида энг аввалги сафларда туришган, сентябр ойида эса Пригожиннинг қамоқхонага келиб, маҳбусларга озодлик эвазига жанг қилиш учун шартнома таклиф қилгани акс этган видео пайдо бўлган.

Шу ойда Вагнер Россиянинг иккинчи энг йирик шаҳри Санкт-Петербургда мудофаа технологияларини ривожлантириши айтилаётган қароргоҳини ҳам очган.

«Биз IT [ахборот технологиялари] ва саноат технологиялари билан шуғулланувчи стартапларни ҳамда миллий мудофаа соҳасида қўлланишга тайёр янги ғоялар ишлаб чиқаётганларни таклиф қиламиз», деди марказ матбуот котиби Анастасия Василевская 4 ноябр кунги очилиш маросимида.

Оммавий ёллаш чоралари

Ёлланма жангарилар гуруҳи, шунингдек, Россия ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ва қабул марказларининг контактларини эълон қилиш билан ёллаш чораларини кучайтирган.

Украиналик суриштирувчи журналист Артур Присяжнюк яқинда Вагнернинг «ВКонтакте» саҳифасида кўрсатилган кўплаб рақамларга қўнғироқ қилиб чиққан.

«Баъзи рақамларда ҳеч ким жавоб бермади. Лекин Удмуртиядаги ёллаш қилиш маркази жавоб берди», деди у Карвонсаройга.

«Гўшакни Павел исмли ходим олди. У фақат бир нечта савол билан қизиқди: неча ёшдаман, вазним қанча ва соғлиғим билан муаммо бор-йўқлигини.»

«Мен ҳеч қачон армияда хизмат қилмаганимни ва соғлом эканлигимни айтдим. Телефонда атиги бир ярим дақиқа ичида «тиббий кўрикдан» ўтдим. Павел келишим мумкинлигини айтди ва йўлни тушунтирди», дейди у.

Присяжнюкка Краснодарга, у ердан Россия қуролли кучлари ва Вагнер ёлланма аскарлари учун мўлжалланган амалдаги полигон жойлашган Молкино қишлоғига келиш кераклигини айтишган.

Ёлловчи, шунингдек, Присяжнюкка илк назорат-ўтказиш пунктида аскарларга «Пионерлар лагерига қандай борилади?» деган кодли иборани айтиш кераклини уқтирган.

Пионерлар – Совет давридаги ёшлар ташкилоти эди.

Ходимнинг сўзларига қараганда, янги келганлар Украинага жўнаш олдидан Молкинода икки ҳафталик «ёш жангчи» курсидан ўтадилар, дейди Присяжнюк.

Присяжнюкка айтишларича, қабул қилинганлар олти ойлик шартнома тузадилар, бироқ шартнома муддати тугагунига қадар – бошқача айтганда, ярим йиллик муддат ўтмагунича пул тўланмайди.

«Бу улар [Вагнер] учун жуда манфаатли. Сиз катта эҳтимол билан, дастлабки кунлар ёки ҳафталар ичида ўлиб кетишингиз мумкин, шу тариқа ҳеч кимга пул тўлаш шарт бўлмайди», деди у.

«Россия конституциясида хусусий ҳарбий компаниялар [ХҲК] фаолияти тақиқланганини инобатга олсак, мен уруш учун «расмий рўйхатдан ўтиш» қанчалик осон эканлигидан ҳайратда қолдим», деди Присяжнюк.

Пригожиннинг амбициялари

«Вагнер»нинг фаоллашуви Пригожиннинг Кремлдаги нуфузини оширишга уринаётганидан дарак беради, дейди таҳлилчилар.

Масалан, Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари бир неча ойдан бери Бахмут шаҳрини эгаллашга уриниб кўрган. Украина расмийларининг айтишича, Пригожин у ерга Россия қамоқхоналаридан ёлланган минглаб маҳкумларни «бир марталик аскар» сифатида ишлатиш учун жўнатган.

Ҳарбий кузатувчиларининг таъкидлашича, Пригожин учун бу шаҳарни ҳарбий ўлжа сифатида қўлга киритиш потенциал сиёсий аҳамиятга эга, Россиянинг мунтазам армияси эса бу вақтда бошқа ҳудудларда муваффақиятсизликка учрамоқда.

Вагнер гуруҳи таъсирининг кучайиб бораётгани Пригожин ва Россия ҳарбий раҳбарияти, хусусан, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия бош ҳарбий штаби бошлиғи, генерал Валерий Герасимов ўртасида зиддият келтириб чиқарган.

Урушни ўрганиш институтининг 31 октябр кунги ҳисоботида таъкидланишича, «Петербургский вестник» нашри Пригожин Санкт-Петербургдаги маҳаллий расмийларни танқид қилганидан сўнг, унинг машҳурлиги «шиддат билан ўсаётганини» қайд этган.

«Партия тузиш ёки сиёсатга кириш режаларингиз борми?» деган саволга Пригожин «Машҳурликка интилмайман, менинг вазифам Ватан олдидаги бурчимни адо этиш, бугун эса сиёсатга киришиш у ёқда турсин, ҳеч қандай партия тузиш ниятим йўқ», деб жавоб берган.

«Пригожин ўз сиёсий партиясини тузиш-тузмаслигидан қатъи назар, ўзининг машҳурлиги ва Вагнерга алоқадорлигидан фойдаланиб, сиёсий элитадаги рақибларини танқид қилиш ва ўз таъсирини легитимлаштириш учун ўзини сиёсий куч ўлароқ мустаҳкамламоқда», дейди институт.

Украина Ижтимоий тараққиёт марказининг сиёсий таҳлилчиси, киевлик Игор Рейтеровичнинг айтишича, Пригожин [Россия президенти Владимир] Путиннинг сиёсий меросхўри бўлишни мақсад қилгани ҳолда кўпроқ обрў қозонишга ҳаракат қилмоқда ва шунинг учун ўзини Россия жамоатчилиги олдида муаммоларни куч билан ҳал қила оладиган иродали етакчи қилиб кўрсатмоқда.

«Қабул марказларининг барча телефон рақамлари юқоридан тасдиқланган. Бу – сафарбарликка параллел равишда бошқа армия яратиш учун бутун мамлакат бўйлаб оммавий ёллаш, чунки сафарбарлик жараёни секинлашган», деди Рейтерович Путиннинг юз минглаб одамларни Россиядан қочишга мужбур қилган 21 сентябр кунги фармонини назарда тутиб.

«Агар Путин ҳокимиятдан воз кечса, хусусий армиянинг мавжудлиги Пригожинни қўллаб-қувватловчи гуруҳнинг ғалаба қозонишига ёрдам берадиган жуда кучли восита бўлади», деди Рейтерович.

Халқаро тергов

Вагнернинг фаоллашуви жаҳон ҳамжамиятини бундай ноқонуний ҳарбийлашган тузилмалардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришга ундаши мумкин, дейди кузатувчилар.

Масалан, Британиянинг McCue Jury and Partners юридик компанияси Украинадаги уруш қурбонлари номидан Лондонда Пригожин ва Вагнерни судга берган.

«Ҳуқуқий даъво Пригожин, Вагнер ва Путиннинг уруш машинаси ўртасида Украина халқини даҳшатга солишга қаратилган ноқонуний тил бириктириш билан боғлиқ», дейилади компаниянинг 1 ноябр кунги баёнотида.

«Бизнингча, бу ХҲКнинг терроризм ва ноқонуний уруш қилиш мақсадида фирибгар ғазначи давлат билан тил бириктиргани учун тарихда илк бор судга тортилиши», дейилади баёнотда.

«Бу чора ўзининг халқаро жиноятларидан четланиш ва уларни яширишга уринаётган режимлар томонидан бундай ташкилотлардан воситачи сифатида фойдаланишга дунёдаги муносабатни тубдан ўзгартириши мумкин.»

Украина фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси раҳбари, ҳуқуқ фаоли, киевлик Эдуард Багировнинг Карвонсаройга айтишича, «ҳозирда Вагнер сафига қўшилаётган одамлар ўз жавобгарлик даражасини тўлиқ англаб етмаган бўлиши мумкин».

«Бу гуруҳнинг деярли барча аъзолари Украинада камида ўнлаб оғир жиноятларни содир этган», дейди у.

«[ХҲКга] аъзо бўлишнинг ўзи жиноятдир. Улар тинч аҳолини ўлдирмаса ҳам, аллақачон жиноятчи, чунки улар ноқонуний қурол ишлатаётган ва жиноят содир этаётган ташкилотга қўшилганлар», деди Багиров.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500