Карвонсарой
Хавфсизлик

«Қўш оккупация»: Россия қўшинлари ва Беларусдаги қарам хунта

Ольга Чепил ва AFP

Россия президенти Владимир Путин 26 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан учрашди. [Гавриил Григоров/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 26 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан учрашди. [Гавриил Григоров/Sputnik/AFP]

КИЕВ – Беларус мухолифати ва шарҳловчилар Россия кучларини президент Александр Лукашенкони қўллаб-қувватлаб, мамлакатни босиб олганликда айбламоқда.

Мухолифат етакчиси Светлана Тихановская 14 ноябр куни унинг мамлакати амалда Россиянинг «ҳарбий оккупацияси» остида эканини айтар экан, Европа Иттифоқини (ЕИ) Лукашенко режимига босим ўтказишда давом этишга чақирди.

Беларусдан қўшни Украинага уруш бошлаш учун асосий майдон сифатида фойдаланган Москва қўшма операция олиб бориш учун ўзининг яқин иттифоқчиси ҳудудига минглаб аскарларни жойлаштирмоқда.

«Беларус амалда ҳарбий оккупация остида эканлигини айтишим керак», деди Тихановская Брюсселдаги ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашувидан кейин AFPга берган интервьюсида.

Беларус демократик ҳаракати етакчиси Светлана Тихановская 14 ноябр куни Европа Иттифоқининг Брюсселдаги (Белгия) қароргоҳида ўтган Халқаро масалалар кенгаши йиғилишида қамоқдаги турмуш ўртоғи Сергейнинг суратини ушлаб, матбуотга мурожаат қилмоқда. [Джон Тис/AFP]

Беларус демократик ҳаракати етакчиси Светлана Тихановская 14 ноябр куни Европа Иттифоқининг Брюсселдаги (Белгия) қароргоҳида ўтган Халқаро масалалар кенгаши йиғилишида қамоқдаги турмуш ўртоғи Сергейнинг суратини ушлаб, матбуотга мурожаат қилмоқда. [Джон Тис/AFP]

Суратда: 18 октябр куни Полшанинг Варшава шаҳридаги Гройец боғида AFP нашрига интервью бераётган беларуслик кўнгилли аскар Глеб Гунько. Украинадаги урушда қатнашган Гунько у ерда русларни ўққа тутиб, оёқларини жароҳатлаган шрапнел, доимий даҳшатли тушлар ва травмадан кейинги стресс бузилиши ташхиси билан қайтган – лекин бундан афсусланмайди. [Войтек Радвански/AFP]

Суратда: 18 октябр куни Полшанинг Варшава шаҳридаги Гройец боғида AFP нашрига интервью бераётган беларуслик кўнгилли аскар Глеб Гунько. Украинадаги урушда қатнашган Гунько у ерда русларни ўққа тутиб, оёқларини жароҳатлаган шрапнел, доимий даҳшатли тушлар ва травмадан кейинги стресс бузилиши ташхиси билан қайтган – лекин бундан афсусланмайди. [Войтек Радвански/AFP]

Лукашенко «Россия аскарларининг ҳозирлигини» ёки Москва ҳарбий техникасининг Беларусда жойлаштирилишини «назорат қилмайди», дейди у.

«У ҳаммасига рози бўлиши керак, чунки [Россия президенти Владимир] Путиннинг ёрдамисиз Беларусда сиёсий жиҳатдан омон қолмаслигини билади.»

Ўтган ой Беларус ва Россиянинг қўшин жойлаштириш ҳақидаги қўшма эълони Россия кучлари чекинган бир вақтда Минск Украинага ўз қўшинларини юборишга ҳозирланаётгани борасидаги хавотирларни кучайтирган.

Аммо Тихановская беларуслик аскарлар Москванинг урушига қўшилишдан бош тортишини ва «Лукашенконинг буни билишини» таъкидлаган.

«Икки бор ишғол қилинган»

Беларус «икки марта ишғол қилинган», дейди Беларуснинг «Белсат» мустақил сунъий йўлдош телеканали директори ўринбосари, журналист Алексей Дзикавицкий.

У Лукашенко режимини ўз давлатини ҳарбий оккупация қилиш билан солиштирди.

«Лукашенкога назар солинг. Бу одам икки йил аввал сайловда шармандаларча мағлуб бўлган. Унинг мағлубияти мутлақо ҳалокатли эди. Аммо, Лукашенко куч ишлатиш ва Кремл қўллови билан ҳокимиятда қолмоқда.»

«Бу хунта. Бу бир гуруҳ одамларнинг зўравонлик йўли билан ҳокимиятда қолиши. Бу оккупациянинг биринчи даражаси», деб айтган у Карвонсарой нашрига.

«Оккупациянинг иккинчи даражаси Беларусда Россия армиясининг жойлаштирилганидир. 2020 йилда ҳукуматининг қўллаб-қувватланиши учун миннатдорчилик сифатида Лукашенко Беларус ҳудудини Россия армияси самолётлари ва ракеталар учирилиши учун шармандаларча тақдим этди», деб айтган Дзикавицкий.

Дзикавицкийга кўра, Беларус Россиядан молиявий томондан қарам эканлиги сабаб Лукашенко Путинни қўллаб-қувватлашга мажбур.

«Ўзининг ахмоқона сиёсати билан Лукашенко ўзини Кремлга мутлақо қарам қилиб қўйди. Россияда одамлар 30 даража совуқда ташқаридаги ҳожатхонадан фойдаланса ҳам, Беларус хунтасини қўллаб-қувватлаш учун доим пул топишади» , деб айтган у.

«Бундан ташқари, Россияда Лукашенкони фош этувчи айрим ҳужжатлар ва материаллар бор деб ўйлайман. Масалан, 1990-йилларда сиёсий рақибларнинг ўлдирилиши ҳақида гапириш мумкин. Умуман олганда, Лукашенко Россияга шунчалар қарамки, ҳеч нима қила олмайди», деб қўшимча қилган Дзикавицкий.

Беларус «вақтинча оккупация қилинган давлат» деб тан олиниши ва Лукашенко «Путиннинг гаулейтери» деб номланиши керак, деб айтган Озод Беларус хайрия ташкилоти раҳбари Алексей Францкевич.

Бу атама Иккинчи жаҳон уруши даврида оккупация қилинган ҳудудларни назорат қилган нацист расмийларга нисбатан қўлланилган.

«Беларусда 28 йилдан бери диктаторлик ҳукмрон. Лукашенко репрессияларни амалга оширмоқда. Буни ҳатто ўз халқини қатлиом қилиш деб атаса ҳам бўлади», дейди икки йил олдин Беларусни тарк этиб, Львовда яшаётган Францкевич.

«Уни қўллаб-қувватлаётган ягона давлат бу – Россия ва шахсан Путин», деди у Карвонсарой нашрига.

Дзикавицкийга кўра, сўнгги йилларда Беларусдаги репрессиялар янада кучайган.

Охирги икки йилнинг ўзида 50 мингдан зиёд беларуслик ҳибсга олиниб, қийноққа солинган, жумладан полиция тўқмоқлари билан зўрланган. 300 мингга яқин беларус фуқароси мамлакатни тарк этган, дейди у.

«Биргина расмий маълумотга кўра, айни вақтда Беларусда 1400 дан ортиқ сиёсий маҳбуслар бор», дейди Дзикавицкий.

«Беларусда бир ярим ёки икки йил аввал ижтимоий тармоқдаги постда «ёқмади» тугмасини босганингиз учун беш йилга озодликдан маҳрум этилишингиз мумкин эди. У ерда Сталин террори амалда», деб айтган у.

«Бизга Россия устидан ғалаба керак»

Беларусдаги вазият тўғридан-тўғри Украинанинг Россияни мағлуб этишига боғлиқ, дейди таҳлилчилар ва мухолифат вакиллари.

Тихановская дам олиш кунлари Канада мудофаа вазири Анита Ананд билан учрашиб, Украинада Россияга қарши жанг қилаётган 500 га яқин беларус аскари учун керакли анжомларни сўраган.

«Уларга аптечкалар, иссиқ кийим ва қишдан омон чиқишга ёрдам берадиган оддий буюмлар керак», деди у AFP хабарига кўра.

У шунингдек, сешанба (22 ноябр) куни Канада бош вазири Жастин Трюдо билан учрашувда Беларусдаги кремлпараст амалдорларга нисбатан санкцияларни кучайтиришни сўрамоқчи эди.

У Трюдо билан музокаралар олдидан журналистлар билан суҳбатлашар экан, Беларус фуқаролик жамияти, жумладан, мустақил журналистлар, шунингдек, сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилалари учун кўпроқ ёрдам сўрашини айтди.

«Лукашенко ҳеч қачон Россиядан воз кечмайди. У Россия урушда мағлубиятга учрасагина ундан юз ўгиради», дейди Жаҳон сиёсати институти таҳлил маркази раҳбари, киевлик Евгений Махда Карвонсаройга.

«Бу вақтга келиб Лукашенконинг шундоқ ҳам куни битиши мумкин. Украина ғалаба қозонади ва жаҳон ҳамжамияти уни иқтисодий санкциялар орқали лавозимидан кетишга мажбур қилади», деди у.

24 феврал куни Россия қўшинлари Беларусдан Украинага кира бошлаганида, ҳамма Кремл назоратидаги тузум қандай эканлигини ва унинг тор-мор этилиши қанчалик муҳимлигини англаб етди. Демократик Беларуссиз хавфсиз Европа бўлмайди», деб айтган Махда.

«Энг муҳим сценарий бу Россия устидан ғалаба, Кремлнинг заифлашуви, ана шундан кейин Беларусни деоккупация қилиш жараёни бошланади, барча сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши, жиноий ҳукуматнинг ағдарилиши ва барча демократик жараёнларнинг бошланиши», деб айтган Озод Беларус раҳбари Францкевич.

«Аслида Россия устидан ғалабага эҳтиёжимиз Украинаникидан кам эмас. Келажагимиз шунга боғлиқ», дейди Францкевич.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500