Афғонистонлик собиқ ҳарбий қўмондонларга кўра, Россия Украинадаги босқинчилик урушини мустаҳкамлаш учун Афғонистон ва қўшни давлатлардаги собиқ афғон хавфсизлик ходимларини ёллай бошлаган.
Россия Украинага 24 феврал куни бостириб кирган эди.
Айтишларича, Москванинг Теҳрон ва Россиянинг «Вагнер» гуруҳи хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) кўмагидаги ёллаш чоралари бир ой аввал бошланган ва айрим жангарилар аллақачон Россияга олиб келинган.
Ҳозирда Украина ва дунёнинг бошқа қайноқ нуқталарида очиқчасига Москва номидан жанг қилаётган «Вагнер» гуруҳига Санкт-петербурглик тадбиркор ва Россия президенти Владимир Путиннинг яқин сафдоши Евгений Пригожин асос солган.
«Кузатув, қийноқлар, кенг тарқалган қасос амалиётлари, хавфсизликка таҳдидлар ва жиддий иқтисодий муаммолар собиқ афғон хавфсизлик кучларини мамлакатни тарк этишга мажбур қилиб, жангариликка ёлловчилар тузоғига туширди», деди Афғонистон махсус операциялар корпуси собиқ қўмондони, собиқ генерал-лейтенант Фарид Аҳмадий.
«Афғонистонда ишлаган, айрим сиёсатчилар ва собиқ юқори мартабали амалдорлар билан ҳамкорлик қиладиган хорижий хусусий хавфсизлик компаниялари [собиқ] хавфсизлик кучларини ёллашга ёрдам бермоқда», деди у.
Ёллаш ишлари ҳозирда Эрон ва Афғонистонда ҳам олиб бориляпти, деди у.
«Россияликлар сафида урушга қўшилиш эвазига уларга маош, оила аъзолари учун визалар ва бошқа мамлакатларга кўчиш таклиф қилинади.»
ХҲКлар тижорий ташкилотлардир, дейди Аҳмадий. Улар инсон ҳуқуқлари, қочқинлар ҳуқуқларини ва халқаро конвенцияларни шахсий манфаатлари йўлида поймол қилмоқда».
«Собиқ хавфсизлик кучлари билан суҳбатларимда уларни бундай қарорнинг хавфли оқибатлари ва ортга йўл йўқ экани ҳақида огоҳлантирдим», деб қўшимча қилди у.
«Умид қиламанки, бу [огоҳлантиришларим] фойда беради ва улар ўз муаммоларига бошқа ечим излайдилар.»
Афғонлар «қурбон қилинадилар»
Россия собиқ афғон қўшинларини ёлламоқда, деб тасдиқлаган 207-Зафар корпусининг собиқ қўмондони ва ўша пайтдаги мудофаа вазирининг штаб бошлиғи, собиқ генерал-майор Абдул Рауф Арғандивал.
«30 мингдан ортиқ афғон хавфсизлик кучлари, жумладан, Миллий армия, Миллий полиция ва Миллий хавфсизлик бошқармаси аъзолари ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун қўшни давлатларга, хусусан, Эрон ва Покистонга қочиб ўтишган», деди у.
Арғандивалнинг ўзи ҳозир Қўшма Штатларда яшайди.
«Улар Эрондаги виза муддати тугагач, муаммоларга дуч келишган ва Эрон режими томонидан депортация хавфи остида қолишган.»
«Бу орада, режа бўйича Россия, Эрон ва «Вагнер» гуруҳи вазиятдан фойдаланиб, Украина урушида Россия сафида жанг қилишга афғонистонлик махсус қўшинларни ёллай бошлаган.
«Уларни Эронда рўйхатга олиш ва ёллаш бир ой олдин бошланган ва айримлар рўйхатга олиб бўлинган», деди Арғандивал.
«Бу жангчиларнинг бир нечта гуруҳи синов муддати учун Россияга жўнатилган», деди у уларнинг жойлашуви номаълум эканини қўшимча қилиб.
«Менга келиб тушган маълумотларга кўра, кейинги гуруҳлар Россияга ва Украинадаги урушга яқин ҳафталар ичида жўнатилади».
Россиялик ёлловчилар афғонларга пул тўлаш ва уларнинг оилаларини Эрон ёки Россияга кўчиришни ваъда қилмоқда, дейди Арғандивал.
Бироқ, «Россия ўз зиммасига олаётган бу мажбурият норасмий ва қонуний кучга эга эмас. Россия уларни алдаши ҳам мумкин, чунки улар жанг майдонига тушганларидан кейин ортга қайта олмайдилар», деб огоҳлантирди у.
«[Бошқа] афғонистонликларни қўшилишга ундаш учун ёлланган аскарларга бир-икки ой маош тўланиши мумкин, аммо охир-оқибат улар Украина урушидан тирик қайтиш имконидан маҳрум бўлиб, тузоққа тушиб қолишади», деди у.
«Афғонлар Украина урушида Россия қўшинлари сафига қўшилишдан манфаатдор бўлмаса-да, уларни шунга ундашгани учун хавфли йўлни танламоқдалар», деди у. «Афсуски, улар қурбон бўлишади.»
Арғандивал афғонларни «босқинчи Россия кучларини қўллаб-қувватламасликка» чақирди.
«Украина ҳудудининг бир қисмини босиб олган Россия сингари, собиқ Иттифоқ ҳам мамлакатимизга бостириб кирган. Халқимиз устига минглаб бомбалар ташлаб, 1,5 миллион афғонни ўлдирган, миллионлаб одамларни ярадор ва мажруҳ қилган», дейди у.
«Мен шонли хавфсизлик кучларини Украина урушида тажовузкорларнинг ғаразли мақсадлари йўлида ўз жонларини қурбон қилмасликка чақираман».
Россия Эронга юзланмоқда
Аргандивал Эронни Россиянинг Украинага қарши жиноятлари ва тажовузига шерикликда айблади.
«Эрон ҳукумати Украинада урушда Россиянинг жиноятларига шерик ҳисобланади», деди у. «У Украина урушида АҚШ ва НАТОга қарши кучсизланмаслиги учун ўзининг стратегик иттифоқчиси бўлган Россия қўшинларини турли қурол-яроғ ва дронлар билан таъминлади.»
«Украинага босқиннинг аввалида Путин икки-уч ой ичида Украина ҳукуматини ағдариб, Москва манфаатларига содиқ режимни ўрнатаман, деб ўйлаган эди».
«У ўз таъсирини кенгайтириши, ўзининг стратегик мақсадларига эришиши ҳамда АҚШ ва НАТОдан Москвага келаётган [эҳтимолий] таҳдидларга барҳам беришига ишонган эди», деди Арғандивал.
«Аммо Путиннинг ҳисоб-китобларига зид равишда, уруш чўзилиб кетди ва Москва нафақат ўз мақсадларига эриша олмади, балки катта талафотларга учради, кўплаб қурол-яроғлар, техника ва самолётларни бой берди. Унинг минтақавий ва халқаро обрўсига путур етди».
Украинада қўшин етишмовчилигига дуч келган Россия Эрондан уни тажрибали жангчилар билан таъминлашни сўраган, дейди Афғонистон армиясининг собиқ полковниги, ҳозир Швецияда истиқомат қилаётган ҳарбий таҳлилчи Раҳматулла Ҳасан.
«Эрон Ироқ ва Суриядаги урушларда қўллаган 60 минглик афғон жанговар кучларини [Фотимиюн дивизиясини] юбормади, чунки Фотимийлар шиалар ҳисобланади. Бунинг ўрнига у Эрондан бошпана топган афғон командосларининг қийин аҳволидан фойдаланиб қолишга қарор қилди ҳамда Россия ва Вагнер гуруҳи билан биргаликдаги қарорга кўра уларни ёллай бошлади», деди у.
«Россия аскарлари Украинада жанг қилишдан манфаатдор эмас. Улар Украинадаги уруш тажовузкор ва адолатсиз эканини билишади. Шу боис кўплаб россиялик аскарлари фронтдан Туркия, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларга қочиб кетишган».
«Украина урушидаги энг катта мағлубиятининг олдини олиш учун Москва эндиликда афғон кучларини ёллашга ўтди».
«Тарихий шармандалик»
«Россиянинг Украинага ҳужуми тажовуз ва босқинчиликдир», деди Ҳасан. «Россияликлар билан ёнма-ён турадиган бўлса, бу афғон кучлари учун тарихий шармандалик бўлади. Россия аскарлари каби улар ҳам Украинада ҳалок бўлишади».
«Собиқ ҳарбий [зобит] сифатида мен хавфсизлик кучларини Украинадаги урушга бормасликка, ўзлари ва оилаларининг келажагини барбод қилмасликка чақираман, чунки бу урушдан тирик қайтиш имконсиз», деди у.
Москва чорасизликдан Теҳронга юзланмоқда, дейди Афғонистон сенати раисининг собиқ ўринбосари, ҳозирда Испанияда яшаётган Муҳаммад Осиф Сиддиқий.
«Россия Украинада шу қадар мағлуб бўлмоқдаки, ўзининг уруш машинасини жанговар ҳолатда ушлаб туриш учун Эрондан қурол-яроғ ва дронлар олмоқда», деди у.
«Путин Украинадаги урушни бой берди ва энди Украина ҳамда бошқа давлатларга ядровий ҳужум билан таҳдид қилмоқда», деди Сиддиқий. «Россия кучлари Украинада оғир талафотларга учради, энди Россия ўзининг қабиҳ мақсадларига эришиш учун афғон коммандосларини жалб қилмоқчи».
«Мен афғон хавфсизлик хизматининг собиқ ходимларини русларга алданмасликка ва Россия аскарларига ўхшаб бегуноҳ украиналикларнинг қонини тўкмасликка чақираман», деди у.
«Эрон Сурия президенти] Башар ал-Асад ҳимояси учун жанг қилишга кўп йиллардан бери афғон қочқинларини ёллаб келган ва бугун қочқинларга оид халқаро қонунларни бузган ҳолда, Путин манфаатларини ҳимоя қилиш учун собиқ афғон кучларини ёлламоқда», деди Швецияда истиқомат қилувчи афғон ҳарбий таҳлилчиси Аҳмад Хон Андар.
«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда қочқинлар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни афғон қочқинлари ва муҳожирлари ҳуқуқларини бузаётган Эронни жиловлашга ва Россиянинг [собиқ] афғонистонлик аскарларни ёллаш чораларини тўхтатишга чақирамиз», деди у.
Дунёнинг сохта иккинчи армияси яна қайси ёлланма жангариларни ўз сафига жалб қиларкин?
Жавоб беришФикрлар 1