Карвонсарой
Таҳлил

Херсондан чекиниш «Россия Украинага мағлуб бўладими» деган саволни пайдо қилмоқда

Ольга Чепил ва AFP

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида дўсти, украиналик аскарни қучоқлаётган аёл, Херсон, 21 ноябр. [Булент Килич/AFP]

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида дўсти, украиналик аскарни қучоқлаётган аёл, Херсон, 21 ноябр. [Булент Килич/AFP]

КИЕВ – Россия қуролли кучларининг Украинанинг Херсон шаҳридан чекиниши Россия армияси учун стратегик мағлубият бўлиб, Украинанинг келажакдаги ҳужуми учун йўл очади, дейди кузатувчилар.

18 ноябр куни Россия 2014 йилда Украинадан ноқонуний аннексия қилинган Қримдаги позицияларини кучайтираётганини айтган, бу орада Киев қуролли кучлари қўшни Херсон вилояти ва унинг пойтахти ҳудудини қўлга олган.

Кремл «махсус ҳарбий операция» деб атаган амалиёти учун Қримдан бошланғич майдон сифатида фойдаланган.

Ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон чора кўраётган бўлса-да, мудофаани мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда, деди Москва томонидан тайинланган вилоят губернатори Сергей Аксёнов.

Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг илк марта Киевдан Херсон темирйўл бекатига етиб келган поезд ёнида юклари билан кетаётган йўловчилар, 19 ноябр. Украина пойтахти ва яқинда қайтариб олинган Херсон шаҳри ўртасидаги темир йўл алоқаси россияликлар чекинганидан бир ҳафта ўтиб – 18 ноябр куни тикланган, деб хабар берган мутасаддилардан бири. [Женя Савилов/AFP]

Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг илк марта Киевдан Херсон темирйўл бекатига етиб келган поезд ёнида юклари билан кетаётган йўловчилар, 19 ноябр. Украина пойтахти ва яқинда қайтариб олинган Херсон шаҳри ўртасидаги темир йўл алоқаси россияликлар чекинганидан бир ҳафта ўтиб – 18 ноябр куни тикланган, деб хабар берган мутасаддилардан бири. [Женя Савилов/AFP]

Россиянинг Украинага босқини фонида Херсондаги нефт омборига қилинган ҳужум ортидан осмонга қора тутун кўтарилаётган маҳал украиналик қутқарув хизмати ходими ва аскар ҳудудни кўздан кечирмоқда. [Булент Килич/AFP]

Россиянинг Украинага босқини фонида Херсондаги нефт омборига қилинган ҳужум ортидан осмонга қора тутун кўтарилаётган маҳал украиналик қутқарув хизмати ходими ва аскар ҳудудни кўздан кечирмоқда. [Булент Килич/AFP]

Россия кучлари Қрим чегараси яқинида, шунингдек Донецк ва Луганск ўртасидаги Северский-Донец дарёси яқинида янги хандақлар тизимини ярата бошлаган, деб тасдиқлади Британия разведкаси.

«Бу жойларнинг айримлари ҳозирги фронт чизиғидан 60 км масофада жойлашган бўлиб, бу россиялик режа тузувчиларнинг келажакда Украинада йирик ёриб ўтишларга тайёргарлик кўраётганидан далолат беради», дейилади жума куни Буюк Британия мудофаа вазирлигининг Твиттердаги баёнотида.

Бу ҳодиса Украина қўшинлари охирги ойларда мамлакат жанубида қарши ҳужумга ўтгани ва шу ой бошида Украинанинг Қрим билан чегарадош вилояти пойтахти – Херсонни қайтариб олганидан сўнг кузатилган.

Россия, шунингдек, сентябр ойида яна учта вилоятни қўшиб олганини даъво қилган ва уларни барча мавжуд ҳарбий воситалар билан ҳимоя қилишга ваъда берган эди.

Йирик мағлубият

«Соф ҳарбий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Херсоннинг озод этилиши Украина учун Днепр томон йўл очади», дейди Украина Хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази директори, киевлик ҳарбий таҳлилчи Сергей Кузан Карвонсаройга.

«Бу Қримдан материккача бўлган кечув жойларини ўққа тутишга имкон берадиган позицияларни эгаллаётганимизни англатади... Энди биз уларнинг денгизгача бўлган логистика йўлларини назорат қиляпмиз. Биз уларга етиб боришимиз мумкин ва бу жуда муҳим», деди у.

Эндиликда Украина шаҳарларига зарба бериш учун ишлатилиши мумкин бўлган Россиянинг илғор аэродромлари ҳам етиб бориш мумкин бўлган масофада, деб қўшимча қилди у.

Кузаннинг айтишича, Россия қўшинлари Украина армиясидан қочиб, Днепрдан узоқроққа чекинишга мажбур бўлгани ҳам муҳим воқеа ҳисобланади.

«Энди улар манёвр қилишга, омборлар ва ҳарбий машиналарини қайта жойлаштириш, яшириниш ва ниқобланишга мажбур. Улар аввалгидек ҳаракат қила олмайди», деди у.

«Бу аскарларни озиқ-овқат ва қурол-яроғ билан таъминлаш суръатини секинлаштиради. Албатта, бу ҳеч ким ҳужум қилмайди, дегани эмас, лекин бу уларнинг яширинишга мажбур бўлишини англатади».

У Херсоннинг озод этилишини «Украинанинг энг катта ҳарбий ютуғи ва ҳозиргача Россиянинг энг йирик мағлубияти» деб таърифлади.

Русларнинг Херсондан чекиниши «шунчаки бой берилган жанг эмас», дейди Сиёсий таълим институтининг амалий сиёсат дастурлари раҳбари, киевлик Александр Солонтай.

«Херсоннинг озод қилингани Россиянинг Одессани эгаллаш ва Приднестровьени (Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Молдовадаги бўлгинчи ҳудуд) қўшиб олишга оид стратегик режаларининг барбод бўлишини англатади», деди у.

«Улар Днепрнинг ўнг қирғоғига ўтган қўшинлар Приднестровьега ёриб кириб, Украинанинг денгизга чиқувчи барча йўлларини тўхтатиб қўйишини орзу қилишган».

«Буларнинг барчаси ўтмишда қолди ва бу [Россия президенти Владимир] Путин учун жиддий зарба», деди Солонтай.

Солонтайнинг сўзларига кўра, Херсонни йўқотишнинг психологик зарбаси ҳам жуда катта.

«Улар мағлуб бўлишлари мумкинлигини англаб етмоқдалар, бу эса қийин бўлиши мумкин», деди у Россия оммавий ахборот воситалари ва расмийлари йўқотишлар фонида тез-тез «фронтдаги оғир вазиятга» ишора қилаётганини таъкидлаб.

Россия кучлари илгари анча катта ҳудудларни бой берган бўлса-да, руслар Херсондан қувилганларидан сўнг илк марта урушда мағлуб бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладилар, деди Солонтай.

«Улкан хато»

Херсондан чекиниш ва дастлабки режаларнинг амалга ошмагани Путин режими учун сиёсий жиҳатдан хавфли, дейди таҳлилчилар.

«Бу жамоатчилик кайфиятига таъсир қилади, энг муҳими, элитанинг кайфиятига таъсир ўтказади. Улар аввалдан Путин кучли деган асосга таянишган. Путин шунчалик «мачо» эдики, ҳеч бир россиялик сиёсатчи унга қарши туришга журъат эта олмаган», дейди Киевдаги Сиёсий тадқиқотлар халқаро маркази сиёсатшуноси Игорь Петренко.

«Ҳамма Ғарб кўп нарсага кўз юмади деб ўйлаганди, аммо ундай бўлмади. Ғалабага эришилмади, сафарбарлик барбод бўлди, ҳатто Украинага қарши ракета террори ҳам иш бермаяпти», деб айтган у.

«Путинушлаб тура олмайдиган ҳудудларни аннексия қилиб, улкан хатога йўл қўйди», деб қўшимча қилди Петренко.

Херсондан чекиниш «шунчаки ишғол қилинган ҳудуддан кетиш эмас, балки Россия субъектининг йўқотилиши сифатида кўрилмоқда», дейди Петренко.

«Бу Қрим учун жуда жиддий прецедент, чунки у аввал Россиянинг бир қисмига айлатирилган эди... Энди эса Херсон топширилдими, демак Қримни ҳам топширишлари мумкин.»

«Херсон Россия элитасига Путиннинг узоққа бора олмайдиган оқсоқ от бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди. Бундай отдан вақтида тушиб қолиш муҳим», дейди Петренко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500