МАНАМА – АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) бошлиғи, генерал Майкл «Эрик» Курилла шу ой бошида Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги хавфсизликни таъминлашда дронлар роли ўсиб бораётган таъкидлади.
19 ноябр куни Баҳрайнда чиқиш қилар экан, Курилла АҚШ бошчилигидаги оператив гуруҳ денгиздаги таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида келаси йил Форс кўрфази сувларида 100 дан ортиқ масофадан бошқарилувчи кемаларни жойлаштиришини айтди.
У 18-20 ноябр кунлари Манамада бўлиб ўтган Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг 18-форумида нутқ сўзлаган.
«Ҳозирги кунда бизда денгизлардаги хавфсизликни яхшилаш ва халқаро савдони янада ишончлироқ ҳимоялаш мақсадида денгиз соҳасидаги хабардорликни жадал ошириш ҳамда интеграциялашган дронлар ва сунъий интеллект тармоғини яратиш учун технологик имкониятлар бор», деди Курилла.
«Келаси йил бу вақтга келиб, 59-сонли оператив гуруҳ биргаликда ва ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият олиб борадиган, денгиз соҳасидаги хабардорликни таъминлайдиган 100 дан ортиқ пилотсиз сув усти ва сувости кемаларидан иборат флотни жамлайди», деди у.
«Ушбу пилотсиз кемаларнинг камида 80 фоизи бизга ҳамкор кучлар тарафидан юборилади», деб қўшимча қилди у «ҳамкор давлатлар сони ўсишда давом этаётганини» таъкидлаб.
2021 йил сентябр ойида фаолият бошлаган 59-оператив гуруҳ Эронга оид экани айтилган бир қатор дрон ҳужумлари ортидан АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 5-флоти жойлашган Баҳрайнда Яқин Шарқдаги операцияларга дрон тизимлари ва сунъий интеллектни жалб қилиш учун ташкил этилган.
У ҳавода, сув устида ва сув остида ҳаракатландиган дронларни ўз ичига олган бўлиб, минтақавий ва коалиция ҳамкорлигига таянади, деб хабар берган АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари марказий қўмондонлиги (NAVCENT).
Унинг ваколати денгиз соҳасидаги хабардорликни ошириш, тийиб туриш воситаси сифатида дрон тизимлари ва сунъий интеллектни (СИ) ишлаб чиқиш ва интеграция қилишдан иборат.
«Денгизда, қуруқликда ва осмонда»
Бундан ташқари, Курилланинг сўзларига кўра, ер устидаги инновациялар бўйича 39-мақсадли гуруҳ «қуруқликдаги пилотсиз транспорт воситалари паркини яратиш технологияси ва концепциясини текширади, бу қуруқликда бошқариладиган транспорт воситаларидан янада самаралироқ фойдаланиш имконини беради».
Бу орада дронлар паркига эга Қатарда жойлашган 99-оператив гуруҳ ҳаво соҳасида фаолият олиб бормоқда, улар «душманларни мушкул ҳолатда қолдириб, тизимларимиз ва ҳамкорларимизга қаратилган таҳдидларни аниқлайди ва бартараф қилади», деб қўшимча қилди у.
«Ушбу пилотсиз тизимлардаги датчиклар доимий равишда маълумот йиғиб, денгизда, қуруқликда ва осмонда исталган вақтда биз учун кўз ва қулоқлар вазифасини ўтайди», деди Курилла.
«Ушбу пилотсиз тизимлар уйғунликда битта тармоқда фаолият олиб боради ва сунъий интеллект дастурига маълумотлар тўпламини етказиб беради, у эса барчасини саралаб, тушуниб, муҳим маълумотларни реал вақт режимида таҳлилчиларга юбориб туради», деди у.
«Таҳлилчилар эса бу маълумотларни ҳамкор кучлар билан бўлишади, уларнинг ҳаммасига бир хил таҳдид сурати ва ахборот бориб туради.»
«Дрон технологиялари такомиллашиб борар экан, душманнинг учувчисиз қурилмалари энди минтақа хавфсизлигига энг катта технологик таҳдид бўлиб қолмоқда», деди Курилла Баҳрайнда нутқида.
«Бу ерда, Яқин Шарқда тажрибалар соҳасидаги ҳамкорлигимиз давомида ушбу тизимларни енгиш учун янги имкониятлар, янги технологиялар ва янги техникаларга эътибор қаратилади».
«Ундан ҳам муҳимроғи, халқаро ва минтақавий ҳамкорларимиз, айниқса, Баҳрайн бу йўлда биз билан бирга», деди у. «59-оператив гуруҳ ўтган йили Баҳрайн билан бир жамоага бирлашди, биз бу ерда ва Иорданиянинг Ақаба шаҳрида биттадан марказ ташкил қилдик.»
Ўтган ой Баҳрайн Форс кўрфазидаги ҳарбий-денгиз машғулотларида қатнашди, унда Саудия Арабистони, Баҳрайн, Буюк Британия ва Қўшма Штатларнинг ўз экипажига эга еттита кемаси пилотсиз тизимлар билан бирга ҳаракат қилди, деди Курилла.
«Бу бизнинг кучларимиз келажакни ҳозирданоқ англаётганини ва биргаликда рўёбга чиқараётганини кўрсатувчи кўплаб мисоллардан биридир.»
«Биз учун инновациялар фақат сунъий интеллект, машинавий ўқитиш ва йўналтирилган энергия билан боғлиқ эмас. Бу янги технологияларни ишга туширишгина эмас», деб қўшимча қилди у.
«Бизнинг инновациялар маданиятимиз минтақадаги ҳамкорлар билан янги жараёнлар, хавфсизлик борасидаги янгича қарашлар, янги тартиблар, янги фикрлар, янги концепциялар... ва янги технологиялар устида ишлашдан иборат».
«Инновациялар кучларимизни яхшироқ тақсимлаш, атроф-муҳитни яхшироқ ҳис қилишимизга ва таҳдид субъектларини янада самаралироқ тўхтатишга ва енгишга имкон беради.»
«Шу сабабли ҳам минтақадаги барча ҳамкорлар биз билан бирга инновацияларни жорий қилишлари муҳим. Биргаликда, инновациялар орқали барчамиз минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаш учун кўп ишлар қила оламиз», деди Курилла.
Минтақавий таҳдидларга қарши туриш
АҚШнинг бошқа юқори ҳарбий амалдорлари ҳар йили ўтказиладиган Манама мулоқоти анжуманида таъкидлаганидек, Қўшма Штатлар Яқин Шарқдаги «муқаррар таҳдидларнинг» олдини олишга уринган ҳолда минтақадаги мудофаа инфратузилмасини мустаҳкамламоқда.
«Ҳозирги кунда Қўшма Штатлар ушбу минтақада ҳаво ва денгиз мудофаасининг интеграциялашган архитектурасини фаол равишда барпо этмоқда ва қўллаб-қувватламоқда», деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт Макгурк 20 ноябр куни.
«Анчадан бери гапириб келинган нарса ҳозирда инновацион ҳамкорлик ва янги технологиялар орқали амалга оширилмоқда», деди у.
АҚШ кучлари Эрон томонидан «муқаррар таҳдидларни фош қилди ва уларнинг олдини олди», деди Макгурк Эроннинг Саудия Арабистонига қарши ҳужум режалаштираётгани ҳақидаги аввалги хабарларни тасдиқлаб.
«Ушбу ҳужум катта эҳтимол билан, Саудия Арабистони ва Қўшма Штатлар ўртасида хавфсизлик соҳасидаги давомли яқин ҳамкорлик туфайли амалга ошмади», деб тушунтирди у.
АҚШ ва Исроил 16 ноябр куни Эронни Уммон қирғоқлари яқинида исроилликларга қарашли компания томонидан бошқариладиган танкерга дрон ёрдамида ҳужум қилганликда айблаган.
«Муҳим денгиз бўғозидаги фуқаролик кемасига қилинган ушбу дрон ҳужуми яна бир бор Эроннинг минтақадаги беқарорлаштириш ҳаракатларини фош этди», деган эди ўшанда Курилла.
Ҳужум дунё бўйлаб энергия таъминоти учун асосий йўл бўлган Форс кўрфази сувларида юз берган навбатдаги узилишга олиб келди.
Минтақа бўйлаб Эрон қўлловидаги жангарилар жойлаштирилган давлатлар Эрон ишлаб чиқарган ва етказиб берган дронларга тўлиб кетган.
Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти мутахассислари Палмира яқинидаги Суриянинг Бадия чўлида Фотимиюн бўлинмаси аъзоларига дронларни бошқариш бўйича машғулот ўтган.
Яманда Эрон қўлловидаги хусий жангарилари Эрон дронлари ёрдамида Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги иншоотларга зарба беришган.
Эрон қўлловидаги жангарилар Ироқдаги хорижий ҳарбий базалар ва Араб бўғозидаги нишонларга Эрон дронлари ёрдамида йиллар давомида зарба бериб келади.