Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиялик ташвиқотчилар Украинадан кейин Қозоғистонга навбат келиши мумкинлиги билан таҳдид қилмоқда

Канат Алтинбаев

Россиянинг «Оқшом Владимир Соловьев билан» телекўрсатувидан олинган кадрларда 21 ноябр куни сиёсий таҳлилчи Дмитрий Дробницкийнинг қўлишини мушт қилиб силкиётгани акс этган.

Россиянинг «Оқшом Владимир Соловьев билан» телекўрсатувидан олинган кадрларда 21 ноябр куни сиёсий таҳлилчи Дмитрий Дробницкийнинг қўлишини мушт қилиб силкиётгани акс этган.

ОЛМАОТА – Охирги бир неча йил ичида тез-тез янграётган россиялик экспертларнинг таҳдидли баёнотлари Қозоғистон жамоатчилигида Москва Украинада бўлгани каби сўздан амалга ўтиши мумкинлиги борасида хавотир уйғотмоқда.

«Россия-1» давлат телеканали орқали намойиш этиладиган «Оқшом Владимир Соловёв билан» сиёсий ток-шоуси навбатдаги маротаба можаро марказига тушган.

21 ноябр куни, қарийб тўққиз ойдан бери ҳар куни бўлганидек, бошловчи ва Кремлнинг ашаддий ташвиқотчиси Соловьёв Украинадаги уруш ҳамда Россия ва Ғарб ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик ҳақида сўзлаган.

Муҳокама чоғида Соловьёв «Россияни мислсиз қўллаб-қувватлагани» учун Беларусни мақтар экан, Россия Қозоғистонга «кўпроқ ёрдам бергани», аммо Украинага босқин фонида ундан муносиб жавоб олмаганини айтди.

19 октябр куни Олмаотада Кремл қўлловидаги «Россия 24» ташвиқот сайтини ўқиётган қозоқ аёли. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

19 октябр куни Олмаотада Кремл қўлловидаги «Россия 24» ташвиқот сайтини ўқиётган қозоқ аёли. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Қозоғистон Украина шарқидаги бўлгинчи Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олишдан бош тортган ва Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига риоя қилишини маълум қилган.

Бундай итоатсизлик Кремл ва унинг чўнтак ташвиқотчиларининг ғазабини қўзғаган.

«Энди ким аслида ким экани ойдинлашди», деди Соловьёв.

Ўша куни кўрсатувда иштирок этган сиёсий таҳлилчи Дмитрий Дробницкий ҳам чегарадан чиққан.

«Тан олайлик, [Украинадан кейин] навбатдаги муаммо Қозоғистон, чунки Украинада содир бўлаётган нацизм жараёнлари у ерда ҳам бошланиши мумкин», деди Дробницкий Россиянинг Украинадаги ҳукумат нацистлар экани ҳақидаги ёлғон иддаоларига ишора қилиб.

Дробницкий Қозоғистонда «руслар ҳам кўплигини», улар камситиш нишонига айланиши мумкинлигини таъкидлаб, Қозоғистонда Семипалатинск ядро полигони ва «бутун Росатом» учун ядро ёқилғиси борлигини қўшимча қилди.

Семипалатинскда (ҳозирги Семей) 1949-1989 йиллар оралиғида 400 дан ортиқ совет ядро қуроли синовлари ўтказилган. Росатом Қозоғистон конларидан уран сотиб оладиган Россиянинг атом энергияси бўйича давлат агентлигидир.

Бу гап-сўзлар нафақат Қозоғистон жамоатчилиги, балки Россиянинг «русларга қарши ксенофобия», «Қозоғистон ҳудуди тарихан Россияга қарашли», энди эса «Қозоғистондаги нацизм» ҳақидаги чексиз иддаоларидан ранжиган юқори мартабали амалдорларни ҳам ларзага келтирган.

Ўтган пайшанба (24 ноябр) куни Қозоғистон сенати аъзоси, унинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Мухтор Қул Муҳаммад Дробницкийнинг баёноти «мамлакатимизга тўғридан-тўғри таҳдид ўлароқ янграмоқда», деб айтган.

«Россия сиёсатчиларининг бу каби урғули, мақсадли хуружлари Соловьёвнинг шоуларида анчадан бери одатий ҳолга айланган», деди Қул Муҳаммад.

«Шубҳасиз, уларга Россия федерал ҳукумати томонидан объектив муносабат билдирилиши керак», деди у Соловьёвнинг мамлакат обрўсига путур етказаётганидан хабардор бўлган Россия расмийлари уни адоват қўзғайдиган баёнотлардан тийиб қўйиши кераклигини таъкидлаб.

Соловёв кўплаб мамлакатларда исталмаган шахс ҳисобланади ва санкцияга тушганларнинг қора рўйхатларидан жой олган, деди Қул Муҳаммад.

«[Соловёв] ҳозир ғазабнок бўлгани учун ҳаммага бирма-бир ташланиб, заҳарли сафсата сочмоқда», деди у.

Соловьёвнинг «ўзи эфирда меҳмонларини ва жазавали суратда иғволи, ғазабнок баёнотлар беришга ундайди», деб қўшимча қилди у.

Зарарни юмшатиш

Трансляциядан сўнг Россия расмийлари зўр бериб оқибатларни юмшатишга ҳаракат қилишган.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Остонанинг «Хабар 24» телеканалига берган интервьюсида Соловьёвнинг дастурини кўрмаганини ва Дробницкийни танимаслигини айтди.

«Бу каби сиёсатшунослар ҳеч қандай ҳолатда Кремлнинг расмий позициясини акс эттирмайди. Уларни тинглаш ёки томоша қилишга мажбур эмассиз», деди Песков.

Шундан сўнг Соловьёвнинг ўзи вазиятни изоҳлашга мажбур бўлди.

YouTube тармоғида жойлаштирилган дастурининг кичик бир лавҳасида у шоуга турли қарашларга эга мутахассисларни таклиф қилиши, уларнинг фикрлари «кўп ҳолларда бир-бирига зид бўлишини» айтган.

«Биз Қозоғистонни яхши кўрамиз, Қозоғистон етакчиларини ҳурмат қиламиз ҳамда Россия ва Қозоғистон ҳамкорлиги аҳамиятини тўлиқ тушунамиз», деб даъво қилган у.

Шундай бўлса-да, 2019 йилги кўрсатувида у икки миллионлик аҳолига эга Олмаотада жойлашган биологик лабораторияга қарата огоҳлантирувчи зарба беришни таклиф қилган, чунки ҳеч қандай асоссиз ушбу лабораторияни Россия миллий хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблаган.

Фактларсиз

Ҳеч қандай асос йўқлиги инобатга олинса, Россия ташвиқотчиларининг Қозоғистонга хуружи сурбетликдир, дейди Turan Times нашрининг бош муҳаррири, сиёсий мухбир Газиз Абишев Карвонсарой нашрига.

«Мамлакатимиз ҳозир ҳам ва келажакда ҳам Россия учун хавфли эмас, улар буни яхши билишади», деб айтган Абишев.

Қозоғистонга қарши нарратив билан Кремл мамлакатда чуқурлашиб бораётган ички муаммолардан россияликларнинг эътиборини чалғитмоқчи бўлаётгандир, аммо бу тактика узоққа чўзилмайди, чунки эртами-кечми иш бермай қўяди, деди у.

Бундан ташқари, Россия оғриқли муаммога айланган Украина масаласини ҳал қилиши керак, деб айтган Абишев.

Россиянинг Қозоғистонга ҳужуми ҳақидаги таҳдидларга жиддий қараш лозим, деб айтган Вашингтондаги Миллий мудофаа университети профессори Эрика Марат Карвонсарой нашрига.

Яхши томони, Россия армиясининг кучи йил бошида бўлганидек эмас, деб таъкидлаган Марат.

Россия армиясининг икки кунда Киевни забт этиш нияти жуда тез барбод бўлди, шунингдек, Украина туфайли улкан талафотларга дуч келмоқда.

«Бир нечта давлатга қарши уруш олиб боришга Россиянинг ҳарбий ресурси етадими?», деб риторик савол берган Марат.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия, нега Қозоғистонга нисбатан бунчалик ёмон муносабатдасан!? Сен қанақа «иттифоқчи»сан ўзи, Россия? Сенинг аҳмоқ ҳукуматингга уят!

Жавоб бериш

Яқинда Словенияда бўлдим; шунақа кўрсатувлар туфайли у ерда Россия каналлари кўрсатилмайди. Соловёвнинг кўрсатувлари чиқадиган канални ҳам ёпишимиз керак. Қачонгача сабримизни синашади, уларни эшитишга кучимиз ҳам, тоқатимиз ҳам қолмади!!!

Жавоб бериш

Бу ташвиқотчиларнинг олдига ўтиб келиш керак. Танкка ўтириб.

Жавоб бериш