Карвонсарой
Хавфсизлик

Кузатувчилар ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирар экан, АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий машиналар ҳадя қилди

Рустам Темиров

Самарқандда ҳарбий техникани намойиш қилаётган ўзбекистонлик аскарлар, 2021 йил, 14 январ. [Замира Болтаева]

Самарқандда ҳарбий техникани намойиш қилаётган ўзбекистонлик аскарлар, 2021 йил, 14 январ. [Замира Болтаева]

ТОШКЕНТ – Кремлнинг Украинага босқини туфайли Ўзбекистоннинг Россияга ишончи сўниб борар экан, мамлакат АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш имкониятидан фойдаланиши керак, дейди кузатувчилар.

Октябр ойи охирида Қўшма Штатлар Тошкентдаги Ўзбекистон мудофаа вазирлигига Polaris MRZR енгил тактик жанговар машиналаридан 50 тасини етказиб берди, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

Умумий қиймати 2,8 миллион долларга тенг автомобиллар АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштириладиган «Ҳамкорлар салоҳиятини ошириш» дастури орқали Ўзбекистон махсус қўшинлари ихтиёрига топширилган.

Дастур ҳамкор мамлакатларга ускуналар тақдим этиш билан бирга, ҳарбий хизматчиларни бепул ўқитишни ҳам кўзда тутади.

Самарқандда қуролларни намойиш қилаётган ўзбекистонлик аскарлар, 2021 йил, 14 январ. [Замира Болтаева]

Самарқандда қуролларни намойиш қилаётган ўзбекистонлик аскарлар, 2021 йил, 14 январ. [Замира Болтаева]

«Ушбу техниканинг топширилиши Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш йўлида кўрсатаётган ёрдамнинг бир кўриниши, холос», деди АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ўринбосари, генерал-майор Вендул Хаглер топшириш маросимида.

Армия маркази АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) қуруқликдаги таркибий қисми ҳисобланади.

«Қўшма Штатлар сўнгги 31 йил ичида сезиларли даражада ривожланган ҳамкорлигимизнинг мустаҳкамланиб боришидан умидвор», деб қўшимча қилди у.

Ушбу хайрия Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган навбатдаги ёрдамдир.

Апрел ойида Қўшма Штатлар Ўзбекистон чегарачиларига 50 та Toyota Hilux пикапи ва Toyota Fortuner йўлтанламасларини ҳадя қилган эди.

Феврал ойи бошида АҚШнинг AeroVironment мудофаа пудратчиси ноябр ойи охиригача Ўзбекистонга 8,54 миллион долларлик Puma разведкачи дронларини етказиб беришини маълум қилган.

Пентагон 2015 йилда Ўзбекистонга 308 та M-ATV зирҳли машиналарини етказиб берган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон қуролли кучлари Американинг MaxxPro Plus, Cougar ва RG-33 бронетранспортёрларидан фойдаланмоқда.

Қуролдошлик

Украиналик аскарларнинг НАТО ва АҚШ дастурлари томонидан тақдим этилган тайёргарликдан ўтгани бундай ҳамкорлик Ўзбекистон учун муҳим эканлигини кўрсатади, дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов.

Украина армиясининг кўплаб зобитлари НАТО ва Қўшма Штатларда машғулотлар ўтаган, деди у Карвонсаройга.

Бу тайёргарлик Ғарб қуроллари ва ҳарбий технологиялари билан уйғунликда Украина қўшинларига Россия босқинидан ҳимояланишда устунликни сақлаб қолиш имконини берди, деди у.

Россия Украинага феврал ойида бостириб кирган эди.

«Афсуски, ҳарбий соҳа ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон Россия ҳарбий мактаби ва қуролларини афзал кўради», дейди Охунов.

Ўзбекистон Кремл билан ҳарбий-техник ҳамкорликдан бутунлай воз кечмагунича, АҚШ билан ҳамкорлик чинакам самарали бўла олмайди, деди у.

«[Россия билан] бу ҳамкорлик давом этар экан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонга тўлиқ ишонмайди, чунки билим ва технологиялар Россия мудофаа вазирлиги Бош штабининг столига келиб тушади», деди Охунов.

Ўзбекистон ҳукумати америкалик ҳамкорларнинг мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш йўлидаги доимий қўллаб-қувватловидан миннатдор, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Ҳарбий-техникавий ҳамкорликка оид келишувлар чинакамига ишламоқда ва манфаат келтирмоқда, деди у.

«Қўшма Штатлар замонавий қуроллар билан тақдим этиш билан мамлакатимизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани мени қувонтиради. Украинадаги уруш Америка қуроллари Россияникидан устун эканлигини кўрсатди».

«Ўзбекистон ҳукумати армияни модернизация қилар экан, албатта сўнгги тенденцияларни инобатга олиши ва фақат замонавий уруш талабларига жавоб берадиган қуролларни харид қилиши зарур», деди Мирзабоев.

Ҳамкорлик истиқболлари

Сиёсатчи Охунов Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг давомийлигини катта истиқболга эга деб ҳисоблайди.

«Билишимча, НАТО ва АҚШ Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи.»

Россиянинг Украинага қарши урушдаги эҳтимолий мағлубияти «минтақани бутунлай ўзгартиради. Ўзбекистон нафақат ҳарбий, балки демократия соҳасида ҳам кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш имкониятига эга бўлади», деди у.

Мирзабоев Қўшма Штатлар бундан буён ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашига ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришидан умидвор эканини айтди.

«Сўнгги ҳодисаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳарбий мутасаддилари учун АҚШ ҳарбий муассасаларида малака ошириб, бебаҳо тажриба ва янги билимларга эга бўлиш фойдадан холи бўлмас эди».

«Ҳарбий илм-фан ўзгармоқда ва биз замон билан ҳамнафас бўлишимиз керак», деди у.

Ўзини Марказий Осиёдаги асосий куч деб биладиган Россиянинг заифлашиб бораётгани сир эмас, дейди АҚШда яшовчи сиёсатчи Нигора Ҳидоятова.

«Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон бундан қандай фойдаланиб қолишини эса вақт кўрсатади», деди Ҳидоятова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ишингиз бўлмасин, жаноб троллар! Сизлар ўзбек эмассиз-ку. Ўзбекистон ким билан ҳамкорлик қилишни ўзи танлайди. // Агар ҳақиқатдан Ўзбекистон фуқароси бўлсаларинг, ўз фикр-мулоҳазаларингни ўзбек тилида ёзинглар.

Жавоб бериш

Афсус, Ўзбекистон ўзини бундай шарманда қилмаслиги керак. Улар ким бўлибди ультиматум қўяди? Россия ҳар доим яқин. Россия билан муносабатларини бузиш ярамайди. Қўшма Штатлар орқаваротдан ҳаракат қиляпти. Бу хоинлик; уят!

Жавоб бериш

Уларга Украина камлик қиляпти, энди Россия ва Ўзбекистонни ҳам уриштириб қўйишмоқчи

Жавоб бериш

Текин пишлоқ қопқонда бўлади

Жавоб бериш

Ўзбекистон ким билан жанг қилмоқчи?! Бунча техника нега керак?! ))) Халқнинг ватанпарварлик даражаси нолга тенг, чунки ҳокимият одамларнинг муаммоларига тупуриб қўйган; шундай экан, уларни қуроллантириш нимага керак?!

Жавоб бериш

Нега Ўзбекистондан ташқарида яшайдиган таҳлилчилар Ўзбекистон учун нима яхши экани ҳақида маслаҳат беряпти? Ғалати

Жавоб бериш

Ташвиқот

Жавоб бериш

Қаерда Америка бўлса, ўша ерда уруш. Сизга тинчлик керак эмас.

Жавоб бериш