Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

USAID дастури ўзбекистонлик аёлларга иш топиш ва бизнес бошлашга ёрдам бермоқда

Рустам Темиров

Тандир ёнида турган аёл, Хўжаилғор қишлоғи, Яккабоғ тумани, Қашқадарё вилояти, 18 ноябр. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Тандир ёнида турган аёл, Хўжаилғор қишлоғи, Яккабоғ тумани, Қашқадарё вилояти, 18 ноябр. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Бухоронинг бепоён чўлига ташриф буюрган сайёҳларни ўтовлар қуршовидаги от минган аёл кутиб олмоқда.

Меҳмонлар учун бу жой савлатли миноралари билан танилган одатдаги Бухородан фарқ қилади.

От минган аёлнинг исми – Иқлима Абдужўраева.

Бир қанча йил аввал унда сайёҳларни бир неча кунга Бухоро чўлларига олиб келиш ғояси пайдо бўлган.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистондаги фермер хўжаликларининг 92,5 фоизига эркаклар, бор йўғи 7,5 фоизига аёллар эгалик қилади. Улардаги ишчиларнинг 41,3 фоизини аёллар ташкил этади. [Карвонсарой]

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистондаги фермер хўжаликларининг 92,5 фоизига эркаклар, бор йўғи 7,5 фоизига аёллар эгалик қилади. Улардаги ишчиларнинг 41,3 фоизини аёллар ташкил этади. [Карвонсарой]

Нукуслик 24 яшар Динара Бозорбоева Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга оид USAID ташаббуси доирасида SMM мутахассислиги бўйича тренингдан ўтган, 23 ноябр. [Бекберген Тулагенов]

Нукуслик 24 яшар Динара Бозорбоева Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга оид USAID ташаббуси доирасида SMM мутахассислиги бўйича тренингдан ўтган, 23 ноябр. [Бекберген Тулагенов]

Бу ерда улар ўтовда яшаши, ўзига овқат пишириши ва вақтини цивилизация, машиналар, интернет ва шаҳар ҳаётининг бошқа қулайликларидан йироқда, юлдузли осмон остида ўтказиши мумкин.

Абдужўраева янги бизнес учун бор пулини сарфлашга тайёр эди, аммо ғояни тўлиқ амалга ошириш учун маблағи етмас эди.

Унга АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) 2021 йилда ишга тушган аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ташаббуси ёрдам берди.

Қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг дастур доирасида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларда яшовчи минг нафар ишсиз аёл учун касбий ва бизнес тренинг ўтказилди ва ҳатто уларнинг бизнес бошлашига кўмаклашилди.

USAIDнинг кўмаги билан, 500 га яқин битирувчи ўз бизнесини очди ёки малакали иш топди.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан бўлган тадбиркор аёл Абдужўраева дастур доирасида 31 минг АҚШ долларига тенг USAID грантини қўлга киритиб, чўл ҳудудида экотуризм зонасини яратган.

«Бухорога ташриф буюрувчилар нафақат тарихий обидаларга, балки унинг экологик ва пазандалик туризмига ҳам қизиқадилар», дейди у Карвонсарой билан суҳбатда.

«Биз балиқ овлаш, ов ва туя сайрларини ташкиллаштирамиз. Ўзлари овлаган нарсаларини пиширишлари учун шароит яратганмиз», дейди Абдужўраева.

Абдужўраеванинг бизнеси 50 та одамни иш билан таъминлаган.

Лойиҳа хорижий сайёҳларни жалб қилибгина қолмай, Ўзбекистоннинг ички туризмини кучайтиришга ҳам ҳисса қўшади, дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Иш топиш

Октябр ойи охирида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тадбиркорлик ва касб-ҳунар ўргатиш дастурини битирган 226 нафар қишлоқ аёлига қиймати 200 минг АҚШ долларидан ортиқ ускунараларни тарқатишни бошлади, дейилади Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг 26 октябр кунги баёнотида.

«Қишлоқ аёллари ўз бизнесларини йўлга қўйиш имкониятини берувчи молиялаштириш имкониятига ва билимга эга бўлсалар, жамиятнинг гендер масалаларига нисбатан бўлган муносабати ўзгаради ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши янада инклюзив, барқарор ва юқори бўлади», дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаела Мередит.

Сентябр ва октябр ойларида USAID қўшимча ўқув дастурларни ишга туширди.

Бу орада август ва сентябр ойларида ўтказилган электрон тижорат, ижтимоий тармоқларидаги маркетинг (SMM) ва реклама курсларида Ўзбекистон вилоятларидан келган 250 га яқин аёллар иштирок этди.

Ўқув дастури «Шарқ аёли» халқаро нодавлат ташкилоти, маҳаллий ҳокимиятлар ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, шунингдек Ўзбекистон сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси ёрдамида жорий қилинган.

USAIDнинг ушбу лойиҳаси иш топишда, ўз стартапларини, жумладан онлайн дўконлар ва бошқа турдаги сайтларни ишга туширишда қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга рақамли иқтисодиёт соҳасидаги иш ўринларидан фойдаланиш имконини берди.

Шундай аёллардан бири – нукуслик 24 яшар Динара Бозорбоева.

Бозорбоева талабгир SMM мутахассиси ва ижтимоий тармоқлар асослари бўйича дарс берадиган ўқитувчига айланди.

«Ҳозирга қадар ўзим битта шогирд ўқитдим. У фаст-фуд корхоналарининг бирида SMM менежери сифатида иш топди. Ҳозир Инстаграм саҳифасини бошқаради ва видеолар суратга олади», дейди Бозорбоева Карвонсарой билан суҳбатда.

«Етарлича талаба йиғилиши билан дарс бошлайман. SMM замонавий касб, мен жуда мамнунман», деди у.

Тошкентлик 35 яшар собиқ косметолог Гулноза Маҳмудованинг хурсандчилиги ҳам бундан кам эмас. У USAIDнинг ёрдами билан июл ойида флористика курсини тамомлаган.

«Мен гулдаста ва композициялар ясашни, гулларни ўраб безатиш, умуман флористика асосларини ўргандим. Дастурда психологик тренинглар ҳам бор эди», дейди Маҳмудова Карвонсаройга.

«Сўнг биз таниқли «Тошкент гуллари» фирмасида амалиёт ўтадик. Яхши тавсияларга эга бўлиб, шу ерга ишга жойлашдим», дейди у.

Радикализмга қарши кураш

USAID дастурлари аёллар орасида экстремизмга мойилликни келтириб чиқарувчи асосий омил – ишсизликнинг олдини олишга ёрдам беради, дейди журналист ва гендер муаммолари тадқиқотчиси Сабоҳат Раҳмонова.

Ўзбекистонда қарийб 36 миллион аҳолининг 1,3 миллиони ёки 8,6 фоиз ишсиз ҳисобланади. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси 12,8 фоизни ташкил этади.

Ҳизб ут-Таҳрир каби тақиқланган экстремистик гуруҳларнинг яқинда ҳибсга олинган аъзолари орасида аёллар ҳам бор.

Асли Андижон вилоятидан бўлган Раҳмонова «бировнинг ёрдамига жуда муҳтож бўлган минглаб ҳунарсиз ва ишсиз аёлларни» кўрганини айтади.

Золим эрлари ташлаб кетган, иккита-учта болали аёллар, ёки ота-онасининг ночорлиги туфайли турмушга чиқа олмаган қизлар жамиятда ўз ўрнини топишга қийналади, дейди Раҳмонова.

USAID каби ташкилотлар аёлларга ўз кучига ишонч ва умид беради, деди у.

Айниқса, қишлоқ жойларда аёллар билан боғлиқ вазият хавотирли.

Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган USAID ташаббуси Бухоро ва Сурхондарё вилоятларини қамраб олган бўлиб, Фарғона водийси, шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги лойиҳаларни ўз ичига олади.

«Биз уларнинг нафақат касбий, балки ҳаётий кўникмаларини, мулоқот ва ижод қилиш қобилиятларини ривожлантиришга ҳам ёрдам бермоқчимиз, шунингдек, улар билан психологик шуғулланамиз», дейди Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид USAID лойиҳасининг гендер тенглиги бўйича мутахассиси Отабек Аъзамов.

«Биз шуғулланаётган аёлларнинг аксарияти гендер зўравонлиги қурбонларидир... Улар билан ишлаш керак», деди у.

«Биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида 60 нафар хотин-қизни ўқитдик, уларнинг 20 нафари иш билан таъминланди. Қолганлари эса, ривожланишда давом этмоқда ёки фрилансер бўлиб ишлаяпти», деди у.

Аёллар орасидаги ишсизлик замонавий Ўзбекистон учун долзарб масала, дейди ўзбекистонлик аёллар муаммолари билан шуғулланувчи жамоатчилик фаоли Ақида Моҳирова.

Вилоятлардаги қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг танлов имконияти кам, аммо меҳнаткаш аёллар шунчалик бандки, радикал ташкилотларга қўшилиш ва яширин мактабларда диний адабиётларни ўқишга уларнинг вақти йўқ, дейди у.

«Яна бир муаммо – эрта никоҳлар, ҳунари йўқ қиз мактабни тугатибоқ, турмушга чиқади. Бу ижтимоий жиҳатдан энг ҳимоясиз тоифа», деб қўшимча қилди Моҳирова.

«Уларга USAIDнинг шу каби дастурлари жуда зарур. Улар касб-ҳунар ўрганиб, ўз бизнесларини очиш учун грантлар олишлари ва пул ишлаб, оила бюджетига ҳисса қўшишлари мумкин», дейди Моҳирова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500