БУХАРЕСТ, Руминия – Россия қишки об-ҳаво шароитида асосий энергетик объектларни нишонга олишда давом этар экан, Украина иттифоқчилари шу ҳафта бошида мамлакатнинг энергия инфратузилмасини қўллаб-қувватлашга ваъда бердилар.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 30 ноябр, чоршанба куни Россия тарафидан Украинанинг фуқаролик объектларига уюштирилган ракета ҳужумларини «ваҳшийлик» дея қоралади.
«Сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия Украина энергетика тизимининг учдан бир қисмидан кўпроғини бомбардимон қилиб, миллионлаб одамларни совуқда қолдирди», деди Блинкен Руминия пойтахти Бухарестда НАТО бўйича ҳамкасблари билан учрашувдан сўнг.
Чоршанба кунги маълумотларга кўра, тасодифан келиб чиққан ёнғинлар туфайли сўнгги 24 соат ичида тўққиз украиналик ҳалок бўлган. Россия ҳужумлари туфайли юзага келган узилишлар украиналикларни муқобил иситиш манбаларидан фойдаланишга мажбур қилмоқда.
Электр таъминотидаги узилишлар «ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши туфайли юз берган бахтсиз ҳодисаларнинг кўпайишига олиб келди», деб баёнот берди давлат фавқулодда вазиятлар хизмати.
«Бу [Россия президенти [Владимир] Путиннинг янги нишонлари. Уларга шиддатли зарбалар берилмоқда. Украина халқига қаратилган бундай хатти-ҳаракатлар ўтакетган ваҳшийликдир».
Ғарбдаги иттифоқчи давлатлар Украина инфратузилмасини тиклашда ўз ёрдамини синхронлаштириш учун мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил қилди, деди Блинкен.
Қўшма Штатлар Украинада «адолатли ва узоқ муддатли тинчлик бўлишини» қўллаб-қувватлайди, аммо Москванинг зарбалари унинг бу ишдан манфаатдор эмаслигини кўрсатмоқда, деб айтган Блинкен.
«Россиянинг Украинадаги тинч аҳолига нисбатан ваҳшиёна ҳужумлари айни вақтда президент Владимир Путиннинг жиддий дипломатияга қизиқиш билдирмаётганини кўрсатмоқда», деди Блинкен.
«У Украина мустақиллигини тортиб ололмагач, мамлакатни низолар ичида музлатиб, ўз муваффақиятларини сақлаб қолишга, озроқ куч тўплаб, маълум муддатдан сўнг яна ҳужум қилишга уринади.»
Ғарбдаги иттифоқчилар Бухарестда Киевнинг вайрон бўлган энергетика тизимини тиклашга кўмаклашиш юзасидан учрашув ўтказар экан, сешанба куни НАТО етакчиси Йенс Столтенберг Россия қишни Украинага қарши «қурол» сифатида қўллаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Газ ва электр энергияси инфратузилмасини тиклашда, ўзини ҳимоя қилиши учун ҳаво мудофаасини таъминлашда Киевга ёрдам беришимиз учун «кўпроқ ҳаракат қилишимиз кераклиги барчамизга тааллуқли», деб айтган Столтенберг.
Унинг айтишича, Кремл жойларда мағлубиятга учрар экан, Россия Украинанинг электр тармоғига янги ҳужумларни амалга оширади, Европа эса кўп сонли қочқинларга тайёр бўлиши керак.
«Россия жанг майдонида мағлуб бўлмоқда. Улар ҳудудни эгаллай олмагани учун бунга жавобан фуқаролик объектларига, шаҳарларга ҳужум қилмоқда», деди Столтенберг икки кунлик учрашув бошида.
«Фуқаролик ва энергетика инфратузилмасини нишонга олиш, афтидан, украиналикларни бўйсундиришга қаратилган», деди Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.
«Бу муваффақиятли бўлади деб ўйламайман.»
АҚШ ёрдами
Вашингтон Украинага инфратузилма иншоотларига берилган Россия ракета зарбаларидан ўнгланиши учун ёрдам беришни режалаштирмоқда.
«Қўшма Штатлар ҳукумати муҳим электр тармоқларига ускуналар сотиб олишни қўллаб-қувватлаш учун 53 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратмоқда», дейилади АҚШ Давлат департаментининг сешанба кунги баёнотида.
«Ушбу ёрдам тақсимловчи трансформаторлар, автоматик ўчиргичлар, кучланиш чекловчилари, узгичлар, транспорт воситалари ва бошқа муҳим жиҳозлардан таркиб топган», дейилади хабарда.
«Ушбу кўмак фавқулодда энергия ва иссиқлик таъминотини тиклашга ёрдам бериш учун генераторлар ва бошқа ускуналар билан фавқулодда энергия секторини қўллаб-қувватлашга қаратилган 55 миллион долларлик ёрдамга қўшимча тарзда йўналтирилади.»
АҚШнинг юқори мартабали мулозимларидан бири бу ёрдам «охиргиси бўлмаслигини», Байден маъмурияти Украина ва қўшни Молдовадаги энергетик харажатлар учун 1,1 миллиард доллар ажратганини таъкидлади.
Россиянинг ракета зарбалари Украина энергетика инфратузилмасига жиддий зиён етказар экан, сешанба куни Германия ҳукумати вакили мамлакат Украинага 350 дан ортиқ генераторлар беришини айтди.
Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашган канцлер Олаф Шольц Германия генераторлар жўнатишини, шунингдек, энергетика инфратузилмасини таъмирлаш учун 56 миллион евро (57 миллион доллар) миқдорида молиявий ёрдам тақдим этишини айтди, деди ҳукумат матбуот котиби Штеффен Хебестрайт.
Ҳарбий жиноятлар
Бу орада сешанба куни Германия адлия вазири Марко Бушман Россиянинг Украинадаги энергетика инфратузилмасига қарата ракета зарбалари «ҳарбий жиноят» деб ҳисобланишини айтган.
Йилнинг энг совуқ ойлари олдидан иссиқлик ва электр таъминотини тизимли равишда вайрон қилиш «мудҳиш уруш жиноятидир», деди Бушман журналистларга.
«Қишда кўплаб одамлар қурбон бўлиши мумкин», деди Бушман Украина адлия вазири ва бош прокурори иштирокидан ўтган G7 адлия вазирларининг илк йиғилишидан сўнг.
Бушманнинг айтишича, Украиналик терговчилар феврал ойида босқин бошланганидан бери «50 мингга яқин ҳарбий жиноятларни» ҳужжатлаштирган.
Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбари Урсула фон дер Ляен чоршанба куни Россиянинг юқори мансабдор шахсларини Украинадаги уруш юзасидан жавобгарликка тортиш учун «махсус суд» ташкил қилиш ғоясини илгари сурди.
«Халқаро жиноий судни [ХЖС] қўллаб-қувватлашда давом этар эканмиз, биз Россиянинг босқинчилик жиноятини тергов қилиш ва уни жавобгарликка тортиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланадиган ихтисослаштирилган суд ташкил этишни таклиф қиламиз», деди у.
Аммо бу ташаббус улкан ҳуқуқий ва сиёсий тўсиқларга дуч келмоқда.
Асосий муаммо шундаки, ХЖС Россиянинг «босқинчилик жиноятлари» – унинг Украинага бостириб кириши ва уруши устидан юрисдикцияга эга эмас, чунки Москва суд шартномасини имзоламаган.
Шунинг учун бу трибунал фақат Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича алоҳида ишларни кўриб чиқиши мумкин, аммо шунда ҳам Путин, унинг бош вазири ва ташқи ишлар вазири ўз лавозимини эгаллаб турган пайтида суд таъқибидан дахлсизлик ҳуқуқига эга.
ХЖСни Россия урушини кўриб чиқишга жалб қилишнинг бирдан-бир йўли Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавфсизлик кенгаши қарори бўлиши мумкин, аммо бу ҳам имконсиз, чунки кенгашда доимий ўринга эга Россия унга вето қўяди.
Буни четлаб ўтиш учун Фон дер Ляен Европа Иттифоқи мамлакатларининг бирида Россияни тажовуз жиноятларини кўриб чиқадиган, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни эса ХЖСга қолдирадиган суд ташкил этишни таклиф қилмоқда.
Бу каби трибунални ташкил қилиш талабини илгари сурган Зеленский маъмуриятининг раҳбари чоршанба куни Фон дер Ляеннинг сўзларини олқишлаб, шундай деди: «Россия жиноятлар ва вайронагарчиликлар учун жавоб беради. Улар бундан қоча олмайдилар».