Карвонсарой
Қочқинлар

Литва жамияти украиналик қочқинларни бағрикенглик билан қўллаб-қувватламоқда

Анна Плотникова

1 июн куни Вилнюсда ўтган «Раҳмат Литва!» концертидан сўнг украиналик рақс ансамблини олқишлаётган литвалик томошабинлар. [Чюрленис миллий санъат мактаби]

1 июн куни Вилнюсда ўтган «Раҳмат Литва!» концертидан сўнг украиналик рақс ансамблини олқишлаётган литвалик томошабинлар. [Чюрленис миллий санъат мактаби]

ВИЛНЮС, Литва – Литванинг бошқа шаҳарларида бўлгани каби, Вилнюсда Украинанинг кўк-сариқ рангли байроғини сариқ, яшил ва қизилдан иборат уч рангли миллий байроқ каби кўп жойда учратиш мумкин.

Ўз мамлакатининг ҳар бир бурчагида Украинадаги Россия қўшинларининг тактик рамзи бўлган «Z» белгисини кўришга одатланган, Вилнюсга яқинда келган россияликлар учун бу манзара жуда ажабтовур туюлади.

Аммо бу – маҳаллий аҳоли учун тўққиз ойдан бери одатий ҳолга айланган.

Кирилл ва лотиндаги «Украинага шон-шарафлар!» деган ёзувлар, Украина фуқаролари учун бепул қилиб қўйилган жамоат транспортидаги эълонлар ҳам шундай.

Баҳорда 18 нафар украиналик ўқувчини қабул қилиб, уларга ўқишни бепул давом эттириш имкониятини берган Вилнюсдаги (Литва) Чюрленис миллий санъат мактаби, 12 ноябр кунги сурат. [Анна Плотникова/Карвонсарой]

Баҳорда 18 нафар украиналик ўқувчини қабул қилиб, уларга ўқишни бепул давом эттириш имкониятини берган Вилнюсдаги (Литва) Чюрленис миллий санъат мактаби, 12 ноябр кунги сурат. [Анна Плотникова/Карвонсарой]

Украинанинг кўк-сариқ рангли байроғини Вилнюсда (Литва) сариқ, яшил ва қизил уйғунлигидаги уч рангли миллий байроқ каби кўп жойларда учратиш мумкин. 22 май куни Вилнюсда олинган бу суратда литва тилида «Биз – Украинамиз» ҳамда кирилл ва лотин алифбосида «Украинага шон-шарафлар» деб ёзилган баннер акс этган. [Анна Плотникова/Карвонсарой]

Украинанинг кўк-сариқ рангли байроғини Вилнюсда (Литва) сариқ, яшил ва қизил уйғунлигидаги уч рангли миллий байроқ каби кўп жойларда учратиш мумкин. 22 май куни Вилнюсда олинган бу суратда литва тилида «Биз – Украинамиз» ҳамда кирилл ва лотин алифбосида «Украинага шон-шарафлар» деб ёзилган баннер акс этган. [Анна Плотникова/Карвонсарой]

Литвада «шарқдаги қўшниси» томонидан кенг кўламли тажовузга учраган мамлакат халқига ҳамдардликнинг намоён бўлиши ташқи бирдамлик белгилари билан чекланиб қолмаган.

24 феврал куни Россиянинг Украинага босқини ортидан жанубий ва шарқий вилоятлардаги миллионлаб украиналиклар мамлакатнинг хавфсиз ҳудудларига қочишга мажбур бўлишди. Айримлар хорижга, жумладан Литвага кўчиб ўтган.

Расмий маълумотларга кўра, шу йил ёз охирига қадар Литвага 61 мингга яқин қочқин келган бўлиб, улардан қарийб 23 минг нафари вояга етмаганлардир.

Украиналик талабалар учун стипендиялар

Вилнюсдаги Чюрленис миллий санъат мактаби шу йилнинг баҳорида 11-15 ёшдаги 18 нафар украиналик ўқувчини қабул қилиб, уларга бепул таълим олиш имкониятини тақдим этди.

«Украинадан қочқинлар кела бошлаганини кўриб, ихтисослашган мактаб сифатида бизга мурожаатлар бўлишини тушундик», дейди мактаб директори Дайнюс Нумгаудис. «Ва биз Украинадаги дўстларимиз, жумладан, илгари биз билан алоқада бўлганлар, шунингдек, Киев ва Харковдаги хореография ўқув юртлари билан ишлашга қарор қилдик.»

Хореография ўқув юртлари олий санъат мактаблари ҳисобланади.

Мактаб Украина маданият вазирлиги билан боғланди. Литва миллий опера ва балет театрининг бош балеринаси, асли украиналик Олеся Шайтанова воситачилик қилиш таклифини билдирган.

Украиналик болалар Вилнюсга келишгач, бир қатор ҳуқуқий расмиятчиликларни амалга ошириш керак эди. Агар вояга етмаган бола ота-онасисиз мамлакатга келса, Литва қонунчилигига мувофиқ болага васийлик белгиланиши талаб қилинади.

Литва давлати 18 нафар «украиналик чюрленисчини» тўлиқ қўллаб-қувватлаб, уларни бепул таълим, яшаш жойи ва озиқ-овқат билан таъминлади. Украина эса уруш кетаётганига қарамай, Литвага келган талабаларга стипендия берадиган бўлди.

«Давлат бу болаларни ўз ҳолига ташлаб қўймагани улар учун жуда муҳим. Бу стипендиялар уларга ватани билан алоқада бўлиб туришга ёрдам беради», дейди Нумгаудис. «Уларнинг айримлари Пасха байрами таътилида ҳозир турли мамлакатларда: Полша, Германия, Руминия ва Молдовада яшаётган ота-оналарининг олдига бориб келди. Бундай имкониятга эга бўлмаганлар эса байрам вақтида оилалари билан шу ерда яшадилар.»

Киевлик 13 ёшли Аня бу ерда ўзини уйидагидек ҳис қилишини, ўқишини давом эттириш ва ўз қобилиятини ривожлантириш имкониятидан миннатдор эканини айтади.

У шунингдек, бошида буларнинг бари унинг учун жуда қийин ва қўрқинчли бўлганини тан олди.

«Янгича ҳаёт, янги дўстлар, янги мамлакат, нотаниш тил. Ҳамма нарса янги», дейди у. «Аммо бу ажойиб мактаб экан. Синф мени жуда яхши қабул қилди. Бу ерда тўлиқ куч билан шуғулланиш учун энг яхши имкониятлар мавжуд.»

15 ёшли Элина Киев хореография ўқув юртида таҳсил олган ва ноаниқ истиқболларга қарамай, вақтинча Вилнюсга кўчиб ўтганидан жуда мамнун.

«Бу ерда ўқишимиз учун керакли ҳамма нарса бор», деди у.

«Айни вақтда, Украинада, уйимизда нималар бўлаётганини кўриш, янгиликларни кузатиш жуда оғир. Чунки ҳар куни ҳамма нарса ўзгармоқда, эртага нима бўлиши номаълум», дейди у. «Аммо рақс залида, синфда одам ўзини озроқ чалғитиши, ишлаши ва ривожланиши мумкин.»

«Қўриқчи фаришта»

Суҳбатга жалб қилинган барча «украиналик чюрленисчилар» Шайтановани ҳурмат билан тилга олиб, уни «қўриқчи фаришта» деб атадилар.

Киев давлат балет мактабини имтиёзли диплом билан тугатган Шайтанова Тарас Шевченко номидаги Украина миллий академик опера ва балет театрининг етакчи солистига айланди. Уч йилдан сўнг у Литва миллий опера ва балет театрининг бош балеринаси бўлди.

Россия армияси Украинага бостириб кирганидан сўнг, Шайтанова дарҳол ўз ватанига қандайдир тарзда ёрдам беришга қарор қилган.

«Ҳарбий соҳада ҳеч нарса тушунмаганим учун ўзим профессионал бўлган йўналишда – маданият соҳасида ҳаракат қилишим керак», деди у. «Мен мактабнинг балет бўлими директорининг ўринбосари, дўстим Элигиюс Буткусга қўнғироқ қилдим. Ўзим саккиз йил таҳсил олган Киев давлат балет мактабининг болаларини шу ерга ўқишга олиб келинса яхши бўларди, деб ўйладим.»

«Нима учун бундай қилдим? Мен балеринаман ва рақс асримиз қисқа эканлигини биламан. Болалар эса классик, саҳна рақси ёки характерли рақс каби профессионал фанларни қамраб оладиган катта рақс залларида ўқиш ва ўрганиш имкониятини йўқотмоқда.»

Лойиҳанинг яна бир иштирокчиси Маргарита Душакова бўлиб, у Киев давлат балет мактабида классик рақсдан сабоқ беради.

У деярли уруш бошланган заҳотиёқ талаба қизи билан Украинани тарк этган. Улар дастлаб Полшага бордилар, у ерда уларни жуда илиқ кутиб олишди. Аммо бир неча кундан кейин Душакова ва унинг қизи энди нима қилсак экан, деб ўйланиб қолишган.

«Қизим Олеся Шайтановага ёзган эди, у шу заҳоти жавоб берди ва барча шубҳалар ўз-ўзидан йўқ бўлди, Вильнюсга борадиган бўлдик», дейди у. «Олеся – кўнгли очиқ инсон.»

Душакова Чюрленис мактабидаги ўқувчилар билан ишлайди, Zoom орқали эса Киевдагиларга дарс ўтади. Шунингдек, у 1 июн куни «Раҳмат Литва!» концертини ташкиллаштиришда ёрдам берган.

«Сизга қандай миннатдорчилик билдира оламиз? Фақат санъатимиз билан! Болалар учун мумкин бўлган ва бўлмаган ҳамма нарсани ҳозир қилиб беришди», деди у. «Ажойиб ётоқхона, озиқ-овқат, балет кийимлари (улар арзон эмас) –ҳаммаси бепул.»

Қувонч

Ёзги таътилидан кейин фақат 10 та бола Чюрленис мактабига қайтди. Бошқалар оғир кунлар ортда қолганига ишониб, Украинага қайтишга қарор қилишган.

Украиналик болалар мактабга осон кўникиб кетиши учун литвалик болаларни улар билан мулоқотга тайёрлашган, деб айтган Нумгаудис.

Барча украиналик болалар ётоқхонада литвалик ўғил-қизлар билан бирга яшашмоқда.

«Ётоқхонада украиналик болаларни қарши томонда деразаси бор хоналарга кўчирдик, у ерда самолётларнинг товуши пастроқ, чунки биринчи ойда украиналик болалар учиб келаётган самолёт фуқаролик самолёти эканини тушуна олмас эдилар», деб айтган Нумгаудис.

«Нима ҳақида гаплашмайлик, ҳаёт бизни шу мавзуга қайтаради.»

Украиналик болалар бутун ёз давомида Болтиқ денгизи соҳилидаги Паланга шаҳарчасида жойлашган янги таълим марказида Литва тилини ўрганиб, жисмоний ва рақс формаларини яхшилаш билан шуғулландилар.

Чюрленис мактаби раҳбарига кўра, украиналик болалар тинчлик ҳукм сураётган давлатда яшаш қанчалик муҳимлигини яхши тушунадилар.

«Улар ҳар куни Украина шаҳарларида яшайдиган қариндошлари билан гаплашадилар. Айримларининг ота-оналари Украина қуролли кучларида хизмат қилади. Аммо кундалик ҳаётда улар ҳам биздек қуёшдан, илиқликдан ва тинч осмондан қувонади», деб айтган Нумгаудис.

Литваликлар Иккинчи жаҳон уруши даврида худди шундай кўчишни бошдан кечирган, ўшанда аҳолининг учдан бири Сибирга сургун қилинган, бошқалар Европага, у ердан Америка ёки Австралияга кетган эди.

«Қурбонлар ва эмигрантлар орасида ҳаммамизнинг қариндошларимиз бор, ўшанда уларга омон қолиш учун бутун дунё ёрдам берган», деди Нумгаудис.

«Ҳамма ёрдам бермоқда»

Литваликлар Украина ва унинг фуқароларига гуманитар ёрдамдан ортиқроқ кўмак беришмоқда.

Май ойи охирида литваликлар уч кун ичида Туркиядан Киев осмонида устунлик қилган Bayraktar жанговар дронини харид қилиш учун 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ тўплашган. Литвада 3 миллиондан ортиқроқ аҳоли ашайди.

Хариддан кейин литваликлар дронни Украина қуролли кучларига топширишни режа қилган эдилар, аммо бу ишдан таъсирланган Bayraktar раҳбарияти Литвага дронни ҳадя қилишини айтди. Vanagas (Лочин) номини олган бу дрон ҳозирда жанговар ҳаракатларда иштирок этмоқда.

Краудфандингни бошлаган литвалик телебошловчи Андриус Тапинасга кўра, ҳамма ёрдамга қўл чўзган.

«Бир бола Украинани қўллаб-қувватлаб, ўз дизайни билан футболкалар сотувчи веб-сайт яратган», деб Тапинас. «У 460 евро тўплаб, Bayraktar хариди учун ҳайрия қилди. Бола бор-йўғи саккиз ёшда.»

«Ҳамма қўлидан келганича ёрдам бермоқда ва одамларнинг кўзи учун эмас», дейди Нумгаудис. «Украиналикларнинг биз учун ҳам жанг қилаётганини тушунамиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500