АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизини тиклашга ёрдам тариқасида 1,6 миллион доллар ажратади, дейилади агентликнинг ноябр ойи охиридаги баёнотида.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида жойлашган ички денгиз советлар даврида Ўзбекистонда нотўғри олиб борилган пахта етиштириш амалиётининг қурбонига айланган эди.
Советлар давридаги ирригация туфайли қуриган денгиз
2010 йилда London Telegraph нашри таърифланганидек, ушбу амалиётлар «сайёрадаги энг ёмон экологик офатлардан» бирини келтириб чиқарган эди.
Vox.com маълумотларига кўра, Совет Иттифоқи 1960-йиллардан бошлаб Ўзбекистондаги пахта майдонларини суғориш учун ўз вақтида дунёдаги тўртинчи энг йирик кўлга қуйиладиган дарёлар сувини буриб, унинг қарийб 90 фоизини қуритган.
Эндиликда шамол бўронлари қуриган денгиз тубидан чанг ва тузни учириб, сони кескин қисқарган маҳаллий аҳолини қийнаб келмоқда.
1960-йилларнинг бошларида 60 мингга яқин одамни иш билан таъминлаган балиқчилик саноати 1980-йиллар бошларига келиб ўз фаолиятини тўхтатган.
Ўрмонлар ва иш жойлари; Ўзбекистонга экспансия
USAID минтақани тиклашга кўмаклашиш мақсадида Орол денгизини экологик тиклаш режасининг иккинчи босқичини эълон қилган.
Агентлик лойиҳани Қозоғистондан Ўзбекистонгача кенгайтириш ва чўлланишга қарши курашиш учун янги ўрмонлар барпо этишни режаламоқда.
Ажратиладиган маблағ Ўзбекистондаги Орол денгизи яқинида яшовчи аҳолининг ҳаво сифати ва иқлимга чидамлилигини яхшилашга оид маҳаллий чораларни қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳанинг ҳали тугалланмаган биринчи босқичи Қозоғистонда амалга оширилмоқда. У Орол денгизи экотизимини тиклаш ва денгизга боғлиқ бўлган турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган.
«USAID ўнлаб йиллар давомида Марказий Осиё бўйлаб барқарорлик, иқтисодий фаровонлик ва соғлом экотизимларга кўмаклашадиган барқарор экологик ечимларни қўллаб-қувватлаб келмоқда», дейилади агентлик баёнотида.
Бундай ёрдамга муҳтожмиз
Жавоб беришФикрлар 1