Карвонсарой
Хавфсизлик

«Вагнер гуруҳи» Африка қамоқхоналаридаги қотиллар ва зўравонларни Украинада жанг қилиш учун ёлламоқда

Канат Алтинбаев

Вагнер гуруҳи аъзоси Марказий Африка Республикасида янги ёлланган аскарларни тайёргарликдан ўтказмоқда, 27 ноябр кунги сурат. [Вагнер]

Вагнер гуруҳи аъзоси Марказий Африка Республикасида янги ёлланган аскарларни тайёргарликдан ўтказмоқда, 27 ноябр кунги сурат. [Вагнер]

БИШКЕК – Вагнер гуруҳи Украинадаги жанглар учун янги тўп еми изламоқда ва маҳаллий манбаларга кўра, Марказий Африка Республикаси (МАР) қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасида аскар ёллаш мақсадида рейдлар ўтказа бошлаган.

Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) МАРдаги маҳбусларни озодликка чиқариб, уларни Донбассга (Украина) жўнатмоқда, деб хабар берган The Daily Beast ноябр ойи охирида маҳаллий ҳарбий амалдорларга таяниб.

Уларнинг айтишича, жиноятлар, жумладан зўрлаш ва қотиллик учун қамалган эркаклар Вагнер кучлари сафига қўшилиш учун оммавий равишда озод қилинмоқда.

Расмийларга кўра, ХҲКнинг Марказий Африка «қанотида» ҳақоратомуз тарзда «қора руслар» деб аталувчи юзлаб жангчилар бор.

Вагнер гуруҳининг ёлланма аскари сентябр ойида Марказий Африка Республикаси қуролли кучлари аъзоларига тактик машғулот ўтказмоқда. [Вагнер]

Вагнер гуруҳининг ёлланма аскари сентябр ойида Марказий Африка Республикаси қуролли кучлари аъзоларига тактик машғулот ўтказмоқда. [Вагнер]

Жумладан, ушбу ёлланма аскарларнинг кўпчилиги ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун тинч аҳоли ва қуролли кучларга қарши зўравонлик ҳаракатлари содир этишда айбланган.

«Улар [Вагнернинг ҳарбийлашган тузилмалари] октябр ойидан бери ҳарбий ва полиция бўлинмаларига кириб, исёнчиларни, шу жумладан май ойида Боколобо қишлоғига ҳужум қилиб, у ердаги аёллар ва қизларни зўрлагани учун қамоққа олинганларни қўйиб юбормоқда», деб айтган МАР пойтахти Бангидаги ҳарбий штабда хизмат қилаётган офицер The Daily Beast нашрига.

«Уларни ҳеч ким тўхтата олмайди, чунки ҳукумат уларга ўзлари истаган тарзда ҳаракат қилишлари учун жуда кўп ваколатлар берган.»

Бошқа бир офицернинг айтишича, апрел ойида мамлакат жануби-шарқидаги Бакума шаҳридаги ҳарбий лагерга уюштирилган ҳужум вақтида МАР ҳукумати аскарларини – Вагнернинг эҳтимолий иттифоқчиларини ўлдиришда айбланган исёнчилар ҳам озод қилинган.

«Улар [Вагнер гуруҳи] Мали ва Украинага зудлик билан одам керак эканини айтишди», деди МАР армияси билан ишлайдиган зобитлардан бири Daily Beast нашрига. «Тахминимча, [ўта оғир жиноятлари учун] ушлаб турган 20 дан ортиқ киши озодликка чиқарилди.»

Вагнер ёлловчилари МАРлик янги жангариларга нафақат озодлик, балки маҳаллий ўлчовлар бўйича мисли кўрилмаган маош – ойига тахминан 1000 доллар ваъда қилишган.

Бироқ, Россия ХҲКсига қўшилган ва кейинроқ уни тарк этган МАРлик собиқ маҳбусларга кўра, маошлар бетартиб ёки умуман тўланмайди.

Уларнинг ўнлаб ҳамкасблари, хусусан, Россия сафида Украинага қарши жанг қилиш учун ёлланган маҳбуслар сўнгги ойларда бедарак йўқола бошлаган.

«Қаланғи-қасанғилар»

Евгений Пригожин бошчилигидаги Вагнер гуруҳи ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида Россия президенти Владимир Путиннинг режаларини амалга ошириши билан танилган.

Вагнер гуруҳи бутун Африка, жумладан Мали, Ливия, Чад, МАР, Судан ва Мозамбикда, шунингдек, Сурия, Венесуела ва Украинадаги ҳарбий жиноятларда, ҳуқуқбузарликларда ва можароларга аралашувда айбланади.

Пригожин сентябр ойида илк бор 2014 йилда Украинада жанг қилиш учун Вагнер гуруҳига асос солганини айтган ва унинг Африка, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида ҳозирлигини тан олган эди.

Бу эътирофга қадар у ва Кремл узоқ вақт гуруҳнинг мавжудлигини инкор этиб келаётган эди. Россияликлар учун ёлланма аскар сифатида хизмат қилиш ноқонунийлигича қолмоқда.

Феврал ойида босқин бошланганидан бери Кремл назоратидаги ҳарбийлашган ташкилот катта талафотларга учраган ва энди ким бўлса ҳам, қаердан бўлса ҳам, ўз сафига одам ёллашга мажбур бўлмоқда.

BBCнинг рус хизмати хабарига кўра, вагнерчилар баҳордаёқ Украинадаги жанглар учун кенг миқёсда ёлланма аскарларни жалб қила бошлаган.

Ўша пайтда Вагнер нинг ёлловчиларидан бўлган манбанинг март ойида Би-би-сига айтишича, саралаш учун ҳеч қандай талаблар қўйилмаган, шу сабабли гуруҳ сафига ҳар хил «ярамас» ва «қаланғи-қасанғи» одамлар ёлланган.

Вагнернинг ёллаш тармоғи бутун дунёдан аскар ёллаган.

14 ноябр куни Замбия ташқи ишлар вазири Стенли Какубо Россияда қамоққа олинган замбиялик талаба 22 сентябр куни Украинадаги жангларда ҳалок бўлганини айтди.

«Биз Африка иттифоқи ва барча Африка давлатларини Россиядан уларнинг фуқароларига босим ўтказмасликни талаб қилишга чақирамиз», деб ёзди Украина ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко ижтимоий тармоқларда.

«Африкаликлар Путиннинг носоғлом империалистик амбициялари йўлида ҳалок бўлмаслиги керак», деди у.

Аввалроқ, мустақил оммавий ахборот воситалари Вагнер гуруҳи афғон ва суриялик жангариларни ёллагани ҳақида ҳам хабар берган эди.

«Серияли қотиллар, талончилар ва камида битта одамхўр»

Июн ойида Вагнер гуруҳи фаол равишда Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасидан зўравонликка мойил ашаддий жиноятчиларни ёллай бошлади.

Берлинда яшовчи «Қамоқдаги Россия» инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Олга Романова сентябрь ойида The Daily Beast нашрига берган интервюсида Кремлнинг Украинага қарши урушдаги ёллаш тактикаси «энг мудҳиш ҳодиса»лардан бирига айланганини айтди.

«Путиннинг режаси – камида 50 минг маҳбусни ёллаш, ўзи ҳам «ўтириб чиққан» Пригожин эса Украинага аллақачон 3000 дан ортиқ маҳбусни, жумладан «серияли қотиллар, босқинчи-ўғрилар ва Саратовда (Россия) қамоқ муддатини ўтаётган камида битта одамхўр»ни юборган, деди Романова.

Айрим ҳолларда вагнерчилар қамоқхоналарда ёллаш ўрнига одам ўғирлаш билан шуғулланмоқда.

Октябр ойи охирида «Дождь» телеканали журналисти Марфа Смирнова вагнерчилар Саратов қамоқхонасига келиб, Украина фуқароси бўлган маҳбус Сергей Сербезовни олиб кетишганини ва «уни мажбуран вертолётга ўтқазиб, фронтга жўнатишганини» хабар қилди.

Вагнернинг даъво қилишича, кейинчалик Сербезов қочишга уринган пайтда отиб ўлдирилган. Унинг бева аёли 1000 доллар эвазига ўлган эрининг жасадини олиб кетиши мумкинлиги ҳақида SMS олган.

Сентябр ойида BBC томонидан ҳақиқийлиги тасдиқланган видеода Пригожин маҳбуслар билан учрашиб, «[украиналиклар билан] исталган нарсани қилишлари мумкинлиги ва бунинг учун уларга ҳеч нарса бўлмаслигини» айтган эди.

Аслида эса Вагнер сафига ёлланганларнинг ўзи жангларда оммавий қирғинлар, шунингдек, ХҲКнинг сурбетларча олиб борилган ёллаш кампанияси қурбонига айланмоқда.

Гуруҳ сафига ёлланган маҳбуслар тайёргарликсиз жангга ташланадиган тўп емидан бошқа нарса эмас, деди Романова Карвонсаройга.

«Уларга маҳбусларни ёллаш манфаатлироқ, чунки уларнинг кўпи жанг майдонида ҳалок бўлади, уларда қариндошлар билан умуман алоқа йўқ ва... Вагнер ўлдирилганларга маош тўламайди», деди у.

«Метин йигитлар»

Украинадаги Россия аскарлари ва ёлланма жангарилар типирчилаб қолган бир пайтда Пригожиннинг ўз вақтида одамларни қўрқувга солган хусусий армиясининг обрўси бутун дунёда сезиларли даражада тушиб бормоқда.

Вагнер Қирғизистонда яширинча одам ёллашга уриниб кўрди, бироқ унинг сафига қўшилишни истайдиган қирғизлар жуда кам, дейди Бишкек адвокатлар ассоциацияси директори, адвокат Ислом Байгараев.

«Бизнинг юртда вагнерчиларни ёқтиришмайди. Бу ерда ҳатто маҳбуслар орасида ҳам уларнинг обрўси йўқ», дейди у.

Бундан ташқари, ёлланувчилар «фуқароликдан маҳрум қиладиган жиноят» содир этган бўлишади, деди у хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни назарда тутиб.

Украина президенти маслаҳатчиси Олексий Арестович ноябр ойи охирида берган интервьюсида россиялик криминал авторитет Саша Курара яқинда Пригожинни айблаб чиққанидан сўнг, Вагнер сафига қўшилишни истаган маҳкумлар сони тез орада кескин камайиши мумкинлигини айтган.

Ноябр ойи охирида Туркияда яшовчи Курара видео чиқарган бўлиб, бундан ўнлаб йиллар аввал Пригожин билан бирга қамоқда ўтирганини айтган.

Пригожин қамоқхонада энг қуйи ўринни эгаллаган бўлиб, бошқа маҳбусларга бўйсунишга мажбур эди, деб даъво қилган Курара Вагнерга қўшилган ҳар қандай одам Пригожин даражасида ёки ҳатто ундан ҳам пастроқ бўлишини айтган.

Унинг бу даъволарини мустақил равишда текшириш имкони бўлмаган.

«Энди Россиядаги [Миллий гвардия қўмондони Виктор] Золотов ва [Чеченистон раҳбари Рамзан] Қодиров каби «метин йигитлар» бунақа одам билан қандай ишлаймиз, ҳайрон бўлишса керак. Пригожин заҳарли фигурага айланиб бормоқда, унинг ХҲКси эса муаммоларга дуч келмоқда», деди Арестович.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нацистларга ишлайдиган журналистларга яхшигина пул тўлашган бўлса керак.

Жавоб бериш

Кулгили! Бу аҳмоқона гапни ёзган журналист рус эмасми? Хўш, қорамўндиларнинг Вагнер ва укрофашистлар билан неча пуллик иши бор? Мўмайгина пул ишлаб олганга ўхшайди. Шундай бўлмағур гапларга ишонувчилар ҳам бор.

Жавоб бериш

Укрофашистлар Вагнерни ёмонотлиқ қилишмоқчи. Буюртма мақола эканлигини кўриниб турибди.

Жавоб бериш

Пригожиннинг Кот-д'Ивуарлик собиқ маҳкум билан видеосини кўринг. У Terrorussia каналида «Вагнер етакчиси Пригожин Украинадаги уруш учун чет эллик маҳкумларни ёлламоқда» деб номланган. Буни инкор қила олмайсиз. Йигит Россия фуқаролигини оламан, деб ўйлайди, лекин уни тўп еми сифатида ишлатишади, у Бакинскийда дафн этилиши ҳам мумкин.

Жавоб бериш

Айримлар буни ҳали ҳам бўлмаган гап дейишяпти. Ҳаммаси отнинг қашқасидек маълум.

Жавоб бериш

Ғирт сафсата

Жавоб бериш

Буюртма мақола, бориб турган САФСАТА

Жавоб бериш

Сафсата. 67090

Жавоб бериш