Карвонсарой
Сиёсат

Бишкек туманлари номини ўзгартиришга нисбатан Россиянинг эътирози Қирғизистонда норозиликка сабаб бўлди

Канат Алтинбаев

25 январ куни Бишкекдаги йўл ҳаракатини тартибга солаётган нозир. [Вячеслав Оселедко/AFP]

25 январ куни Бишкекдаги йўл ҳаракатини тартибга солаётган нозир. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги туманларнинг советча номларини ўзгартириш таклифига нисбатан Россиялик сиёсатчиларнинг баёноти буни мамлакат суверенитетига таҳдид сифатида кўраётган фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев 25 ноябр куни давлат тили қамровини кенгайтириш мақсадида пойтахтдаги тўрт туманнинг рус тилидаги номларини янги, қирғизча номларга ўзгартиришни таклиф қилган.

Қирғиз тили яхши ривожланмаган ва кенг тарқалмаган, деди у Қирғизистоннинг кўплаб туманлари хорижий номлар билан аталишини қўшимча қилиб.

«Тез орада уларнинг барчасини ўзгартириб, қирғизча номлар беришимиз керак. Шу қаторда пойтахтнинг тўрт тумани номини ҳам ўзгартириш зарур», деди у.

Бишкекдаги Владимир Ленин ҳайкали, 8 декабр кунги сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бишкекдаги Владимир Ленин ҳайкали, 8 декабр кунги сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бишкекнинг Ленин тумани ҳокимияти биноси, 8 декабр. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бишкекнинг Ленин тумани ҳокимияти биноси, 8 декабр. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бишкекнинг тўртта тумани совет ўтмишидан мерос қолган номлар билан аталади: Ленин, Биринчи май, Октябр ва Свердлов.

Украина билан ўхшашликлар

Шакиевнинг таклифи Россияда нохуш қарши олинган.

Россия давлат Думаси депутати Светлана Журова «Говорит Москва» радиостанциясига берган интервьюсида Шакиевнинг ташаббусини кескин қоралади.

«Буларнинг бари шунчаки қилинаётгани йўқ. Булар охир-оқибат бутун рус тилини сиқиб чиқариш йўлида ташланган биринчи кичик қадамлардир», деди Журова.

«Албатта, ҳозирча биз тарафдан бундай қилмаслик ҳақидаги илтимослар янграши мумкин, чунки бу, шубҳасиз, Қирғизистонда истиқомат қилувчи русларнинг ҳуқуқларини поймол қилади», деб қўшимча қилди у. «Алоқаларимиз шу тариқа йўқолиб боради.»

Келаси босқичларда эса қирғиз ҳукумати мактабларда рус тилини чеклай бошласа керак, деб тахмин қилди у.

«Якунда Грузиядаги каби ҳолат юзага келиши мумкин, афсуски, у ерда ёшлар рус тилини билишмайди.»

Журова, шунингдек, феврал ойида Россия босқинига учраган Украинадаги каби таҳдидли ўхшатишни ҳам баён қилган.

«Украинада ҳам ҳаммаси шундай бошланганини биламиз», деди у. «Кўринишидан, бу давлат тили ҳимоялаш, лекин шу билан бирга, одамлар бундан буён рус тилида гаплашмасликларини аста-секин тушунишлари учун.»

Россия парламентининг бошқа аъзолари ҳам шунга ўхшаш мулоҳазаларни билдиришган.

Коммунистик партиядан давлат Думаси депутати Александр Юшченко Gazeta.ru нашрига берган интервьюсида Бишкек даҳшатли оқибатларга дуч келиши мумкинлигига шама қилган.

«Қирғизистоннинг барча имкониятлари, умуман олганда, совет давридан қолган», деди у. «Шундай экан, совет ўтмишига тупуриш камида узоқни кўра билмаслик, кўпида эса ҳақоратдир

У Қирғизистонни гўёки Ғарб томонидан жорий қилинаётган «русофобия ва аксилсоветчилик»да айблади.

«Тахминимча, Қирғизистон Россияга қарши ҳаракатлар учун синов полигонига айланган», деди у. «Кейинчалик Қозоғистонда ҳам худди шундай воқеалар юз бериши мумкин».

Думанинг бошқа бир аъзоси Дмитрий Новиков Бишкек туманлари номини ўзгартириш ғоясини «аксилсовет хуружи»нинг белгиси деб атаб, Қирғизистонни ушбу республика ривожига ҳисса қўшган совет ўтмишига ҳурматсизликда айблади.

«Дастлаб майда-чуйда бўлиб кўринган шундай нарсалардан ўта жиддий салбий жараёнлар бошланади ва уларни эрта босқичда тўхтатган маъқул», деди у Lenta.ru нашрига берган интервьюсида.

У «бундай қарорлардан норози эканини кўрсатиш» учун Россия расмийларини муносабат билдиришга чақирган.

Қирғистондаги норозилик

Қирғизистон парламенти 26 ноябр кунги баёнотида спикернинг Бишкек туманларини номини ўзгартиришга оид ташаббуси «суверен давлатимизнинг ички иши бўлиб, Қирғизистон ва Россия муносабатларига ҳеч қандай дахли йўқ» эканини таъкидлаган.

Унда айтишича, Россиянинг ўзи ҳам қишлоқ ва шаҳарларнинг советча номларни ўзгартирган, масалан Свердловск Екатеринбург деб, Ленинград эса Санкт-Петербург деб қайта номланган.

Айрим Қирғизистон фуқаролари интернетда ўз норозиликларини билдиришган.

«Нега бошқа мамлакати депутати бизнинг ички ишларимизга аралашмоқда?» деб ёзган маҳаллий журналлардан бирининг график дизайнери, бишкеклик Эрнис Жеентаев Facebook саҳифасида.

«Энди биз Бишкек туманлари номини қирғизча номларга албатта ўзгартиришимиз керак», деб қўшимча қилди у.

«Ядро қуролига эга энг қудратли давлат амалдорлари қанчалик паст кетганини кўринг», деб ёзади Бишкекдаги «Бир дуйно – Қирғизистон» ҳуқуқбон ташкилотининг лойиҳалар координатори Ержан Сулаймон.

Улар Бишкек туманларининг номини ўзгартириш масаласини муҳокама қилиб, бу ҳақда Россия президентига хабар бериш билан қўрқитмоқда», дейди у.

«Бошқа қиладиган ишлари йўқ шекилли...» деб ёзди Сулаймон Фейсбукда.

«Қатағон қилинганларнинг авлодлари»

Хавфсизлик соҳаси бўйича бишкеклик таҳлилчи Қосибек Жўлчуевнинг айтишича, россиялик сиёсатчиларининг русофобия, русийзабонлар ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани ва нацизм жараёнларига оид айбловлари Москва томонидан илгари сурилаётган ташвиқот нарративининг бир қисмидир.

Мақсад – Қирғизистон ва ўзининг «нохуш совет мероси»дан қутулмоқчи бўлаётган бошқа Марказий Осиё давлатларининг мустақил ривожланишига тўсқинлик қилиш, дейди у.

«Россия бизга ҳозирги замонга мос келмайдиган, эскирган қадриятлардан бошқа янги, илғор, ижодкорлик руҳидаги ҳеч нарса таклиф қила олмайди», деди Жўлчуев. «У шунингдек, бизга ўз тараққиёт йўлимизни излаш ва топишимизга ҳам имкон бермаяпти.»

Номларни ўзгартириш масаласидаги норозилик Қирғизистондан ташқарига ҳам чиққан.

Қўшни Қозоғистонда, «Олтин Ўрда» интернет-нашрининг бош муҳаррири, олмаоталик Серик Малеев Қирғизистон шаҳарларидаги туманлар ва кўчалар номини ўзгартириш қирғизистонликларнинг шахсий иши эканини таъкидлади.

«Тоталитаризм йилларида болшевиклар Марказий Осиёда қанча жиноятлар содир этганига назар соладиган бўлсак, қирғиз биродарларимизнинг нияти тушунарли ва эътирозга ўрин қолдирмайди», деб ёзади у.

«Қозоқлар ҳам, қирғизлар ҳам ўз шаҳарлари кўчаларига Сталин жаллодларининг номини бермаслиги керак», деб қўшимча қилди у. «Халқларимизнинг тарихий хотираси биздан, қатағон қилинганларнинг авлодларидан шуни тақозо этади.»

Россия парламенти депутатларининг сўнгги ҳужумлари аслида алоҳида сиёсатчиларнинг фикри эмас, балки Марказий Осиё давлатларини Россия Федерацияси таъсири остида сақлаб қолиш стратегиясининг бир қисмидир, дейди Малеев Карвонсаройга.

«Улар мамлакатларимиздаги вазиятни мустамлакачилик даврида уларга бўйсунган пайтимиздаги рус империяси билан боғлиқ қарашлар мезонида баҳолайдилар», деди у.

«Улар бошқача тарихни тан олишни истамайдилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эгри \рашист\ юзни кўрсатгани учун ойнани айбламаслик керак!!! Украинага шон-шарафлар!!! ЗСУга [Украина қуролли Кучларига] шон-шарафлар бўлсин!!!

Жавоб бериш

Россия бошқаларга кўчаларни қандай номлашни ўргатмасин.

Жавоб бериш