Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиё ва Кавказда қашшоқликни кучайтириши мумкин

Канат Алтинбаев

Тиланчининг ёнидан ўтиб кетаётган йўловчилар, Бишкек, 13 декабр. Россиянинг Украинага ҳужуми Марказий Осиё ва ундан ташқарида қашшоқликни кучайтираётган иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Тиланчининг ёнидан ўтиб кетаётган йўловчилар, Бишкек, 13 декабр. Россиянинг Украинага ҳужуми Марказий Осиё ва ундан ташқарида қашшоқликни кучайтираётган иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – COVID-19 пандемияси туфайли ишсизлик ва даромаднинг пасайишига дуч келган Марказий Осиё энди Россиянинг Украинага ҳужуми билан боғлиқ иқтисодий оқибатларни бошдан кечирмоқда, дейди иқтисодчилар.

Украинадаги уруш инфляция ва пул ўтказмаларига таъсири орқали Кавказ ва Марказий Осиёдаги қашшоқлик даражасини бир фоизга ошириши мумкин, дейилади Халқаро валюта жамғармасиининг (ХВФ) 30 ноябр куни чоп этилган ҳисоботида.

«Бу яқин йилларда яна бир миллион киши қашшоқликка дучор бўлиши мумкинлигини англатади. Уруш юки қашшоқ мамлакатлардаги энг қашшоқ аҳоли устига тушади», дейилади ҳисоботда.

ХВФнинг таъкидлашича, «урушнинг глобал озиқ-овқат ва энергия нархларига таъсири» туфайли минтақадаги инфляция прогнози қониқарсиз, бу кўрсаткич ҳозирда 2021 йил учун ўртача кўрсаткичлардан анча юқори.

Москва метросида ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текшираётган полиция ходими, 20 октябр. [Даниил Каримов]

Москва метросида ўзбек мигрантларининг ҳужжатларини текшираётган полиция ходими, 20 октябр. [Даниил Каримов]

Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск шаҳригача нефть етказувчи CPC (Каспий қувурлари консорциуми) қувури харитаси. [CPC матбуот хизмати]

Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск шаҳригача нефть етказувчи CPC (Каспий қувурлари консорциуми) қувури харитаси. [CPC матбуот хизмати]

«Озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлиги жамғармалари оз бўлган ва даромадининг катта қисмини – Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистонда 60-70 фоизини сарфлайдиган оилаларни хавотирга солмоқда», дейилади хабарда.

Инфляция билан курашишдан ташқари, аҳоли ҳаётий муҳим даромадини йўқотмоқда.

Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари йиллар давомида ЯИМнинг 10-30 фоизини ташкил этадиган пул ўтказмаларига қарам бўлиб келган.

Бу мамлакатларнинг аксари, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон учун Россияга меҳнат миграцияси ва унинг ортидан келадиган пул ўтказмалари асосий «саноат» бўлиб хизмат қилган ва иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаган.

Масалан, 2021 йилда мигрантлар Қирғизистонга 2,8 миллиард АҚШ доллари юборишган, бу пулларнинг деярли ҳаммаси Россиядан келган. Ўтган йили Қирғизистоннинг ЯИМ 8,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

ХВФ аввалги кузатувларга асосланиб, Россиядан пул ўтказмалари Россия ЯИМга чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаган: «ЯИМ қанчалик юқори бўлса, пул ўтказмалари миқдори ҳам шунчалик юқори бўлган».

Россиянинг Украинага босқини туфайли жорий қилинган санкциялар унинг ишлаб чиқариш салоҳиятига таъсир қилиши, бу эса миграциянинг доимий ўзгаришига ва Россиядан пул ўтказмаларининг камайишига олиб келиши мумкин.

«Россиянинг ЯИМдаги йўқотишларига оид башоратларни инобатга олсак, пул ўтказмалари сезиларли даражада камайиши, бу эса асосий даромад манбаи сифатида уларга таяниб қолган оилаларга жиддий таъсир қилиши мумкин», дейилади ХВФ ҳисоботида.

ХВЖ «Украинадаги уруш ва Россияга нисбатан санкцияларнинг кенгайиши қашшоқлик даражасини оширмаслиги учун минтақа давлатлари раҳбарларини ҳозирданоқ ҳаракат қилишга» чақирди.

Қирғизистонлик ишчилар эксплуатацияси

Россиялик расмийлар ва иш берувчиларнинг камситиши ва товламачилигига дуч келган Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари Россия ҳужумининг иқтисодий таъсирини биринчилардан бўлиб ҳис қилишган.

Қирғизистоннинг Боткент вилояти, Раззоқов (собиқ Исфана) шаҳридаги «Инсан-Лейлек» нодавлат ташкилоти ноябр ойи охирида Friedrich Ebert фонди ёрдамида Украинадаги урушнинг Россиядаги мигрантларга таъсири бўйича ҳисобот тайёрлаган.

ХВФ ҳисоботи сингари, ушбу ноҳукумат ташкилот Россиядаги меҳнат мигрантлари даромадининг пасайиши ўз навбатида Қирғизистонга пул ўтказмаларини чеклаб қўйганини ва бу мигрантлар оилаларининг «турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатганини» аниқлади.

Нодавлат ташкилот тадқиқотида қатнашган респондентларнинг қарийб ярми Қирғизистондаги оиласи «моддий қийинчиликларни» бошдан кечираётганини айтган.

Кўпчилик қирғизистонлик мигрантлар ишсиз қолган ёки маошлари сезиларли даражада камайган, айримлар эса ўз маошини олмаган, дейди «Инсан-Лейлек» директори Гулнора Дербишева.

Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш соҳасида: таксичи, қўриқчи ва озиқ-овқат хизмати ходимлари ва чакана савдода ишлаган.

«Кўпчилик мигрантлар энди Россияда ўз келажагини кўрмаяпти ва уйига ёки ишлаш учун бошқа давлатга кетишга ҳаракат қилмоқда», дейди Дербишева Карвонсаройга.

Бу орада Россия мамлакат ичида қолганлардан фойдаланмоқда, уларни Украинадаги урушга юборишга ҳаракат қилмоқда.

Октябр ойида Москвадан ўзи туғилиб ўсган Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрига қайтган қурувчи Улуғбек Худойбергенов Карвонсаройга маҳаллий военкоматдан чақирув қоғози олганини айтди.

«Мен Россияни тезда тарк этишга қарор қилдим, чунки Қирғизистон фуқароси бўлсам ҳам, мени урушга олиб кетишлари мумкин эди», дейди у.

«Кўплаб Марказий Осиёлик мигрантларни мажбуран олиб кетишяпти. Ҳозир у ерда қонунлар ишламаяпти».

«Мен ота-онамнинг ягона боқувчисиман», деди у. «Ҳарбий хизматга олиб кетишса ва фронтда ҳалок бўлсам, уларнинг ҳоли нима кечади?»

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари нима қилиб бўлсак ҳам қирғизистонлик меҳнат мигрантларни ҳарбий хизматга жалб қилишга уринмоқда, дейди Сорос жамғармасининг Қирғизистондаги демократик бошқарув дастури раҳбари Эмил Жўраев.

«Россияда айниқса, ҳозирги инқироз даврида ҳатто хорижликларга алоқадор масалаларда ҳам қонунга риоя қилинмаяпти», деди у. «Кўпинча бу қонунларни ҳукумат амалдорлари бузмоқда.»

Қозоғистон учун жазо

Марказий Осиёнинг энг ривожланланган республикаси Қозоғистон ҳам Россиянинг Украинадаги урушидан жиддий азият чекди.

Бу йил Россия ўзи назорат қиладиган ва Қозоғистон нефт хомашёсининг 80 фоизини Европага экспорт қиладиган Каспий қувурлари консорсиуми (КҚК) фаолиятини тўрт марта тўхтатиб қўйди.

Москва ҳар сафар ўз қарорини техник муаммолар билан изоҳларди, бироқ Ғарб ва Қозоғистондаги кузатувчилар бунинг асл сабаблари сиёсий экани ва Россиянинг Қозоғистонни «мустақилликни намоён қилгани» учун жазолашга уриниши билан боғлиқлигини айтадилар.

Россиянинг Украинага босқини давом этар экан, Остона Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олишдан бош тортди, шу билан бирга, Европага Россия углеводородларидан воз кечиш натижасида юзага келган энергетика инқирозини ҳал этишда ёрдам таклиф қилди.

Қозоғистон экспортининг 57 фоизи нефт ва газ улушига тўғри келиши эътиборга олинса, «КҚКнинг қисқа муддатга тўхтатилиши ҳам мамлакат иқтисодига жиддий зарба беради», деб ёзади Олмаотадаги «Караван» янгиликлар сайти мухбири Одил Ўрмонов 21 ноябр кунги мақоласида.

Бу ҳам етмагандек, Москва сўнгги пайтларда Россия ва Қозоғистон билан бир қаторда Америка ва Европа энергетика компанияларининг ҳам турли улушлари бўлган КҚКни миллийлаштириш ғоясини илгари сурмоқда.

«Қувурнинг миллийлаштирилиши оқибати европаликлар КҚК порти жойлашган Новороссийскда нефт сотиб олишдан бош тортиши, бу нефтни сотиб олишга рози бўлган давлатлар эса санкцияларга дучор бўлиши мумкин», деди у.

Ўрмоновнинг ҳисоб-китобига кўра, Россия КҚКни миллийлаштириш қарори Қозоғистонга 5 триллион тенге (10,6 миллиард доллар) зарар келтириши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500