Карвонсарой
Хавфсизлик

Украина узра учган дронлар галаси Россия-Эрон ҳарбий ҳамкорлигининг кенгайганидан хабар бермоқда

Карвонсарой ва AFP

Қутқарувчилар ва полиция экспертлари 14 декабр куни Украина пойтахти Киевдаги маъмурий бинога келиб тушган дрон қолдиқларини кўздан кечирмоқда. Президент Владимир Зеленскийнинг айтишича, Украинанинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Киевга қарата учирилган Эронда ишлаб чиқарилган 13 та худкуш дронни уриб туширган. [Сергей Супинский/AFP]

Қутқарувчилар ва полиция экспертлари 14 декабр куни Украина пойтахти Киевдаги маъмурий бинога келиб тушган дрон қолдиқларини кўздан кечирмоқда. Президент Владимир Зеленскийнинг айтишича, Украинанинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Киевга қарата учирилган Эронда ишлаб чиқарилган 13 та худкуш дронни уриб туширган. [Сергей Супинский/AFP]

Чоршанба (14 декабр) куни Украина ҳарбийлари Россия кучлари томонидан Киевга қарата учирилган Эрон дронларини уриб туширганини маълум қилди. Бу воқеа Эрон-Россия ўртасидаги ҳарбий алоқаларнинг кучайганига оид огоҳлантиришларни тасдиқлаган.

Портлашлар чоршанба куни эрта тонгда Украина пойтахтининг марказий туманида юз берган. Кейинроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва фавқулодда хизматлар ходимлари зарба жойидаги металл парчаларини кўздан кечиришган.

«Террорчилар бугунги кунни 13 та «Шаҳед» билан бошладилар», деди Украина президенти Владимир Зеленский Эронда ишлаб чиқарилган дронларни назарда тутиб.

«Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг 13 таси ҳам Украина ҳаво мудофааси тизимлари томонидан уриб туширилган».

Хусийлар тарафидан Саудия Арабистонига қарата отилган Эрон худкуш дрони, 2017 йил 14 декабр куни Вашингтондаги Анакостия қўшма базасида. [Жим Уотсон/AFP]

Хусийлар тарафидан Саудия Арабистонига қарата отилган Эрон худкуш дрони, 2017 йил 14 декабр куни Вашингтондаги Анакостия қўшма базасида. [Жим Уотсон/AFP]

Россия феврал ойида мамлакатга бостириб кирганидан сўнг қарийб 10 ойдан бери ҳаво сиреналари чалинаётган ва тез-тез ҳаво ҳужумларига учраётган Киев аҳолиси ҳукуматнинг келгуси ҳужумлар ҳақидаги огоҳлантиришларига диққат қилиши лозим, деди у.

Киев вилояти расмийлари Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон уруш бўлинмаларининг худкуш дронларни уриб туширганини олқишлади.

Ҳужумлардан сўнг АҚШнинг Украинадаги элчиси Бриджит Бринк Киев Вашингтон ёрдамига таянишда давом этиши мумкинлигини айтди.

«Яқинда қўшимча ёрдам берилади», деб ёзди у Твиттерда.

Ракета ва дрон ҳужумлари

Киев ҳокими Виталий Кличконинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:41 да Шевченковский марказий туманида портлашлар овози эшитилган, воқеа жойига қутқарув хизматлари етиб келган.

«Уриб туширилган дронларнинг қолдиқлари маъмурий бинолардан бирига келиб тушган, яна тўртта тураржой биносига бироз шикаст етган. Ҳеч ким жабрланмади», деди Киев вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Попко.

Шу йил ёз ва куз ойларида жанг майдонида бир қатор муваффақиятсизликларга учраган Россия Украинанинг муҳим инфратузилмаларига қарата ракеталар ва дронлар билан зарба бериб, қишда миллионлаб одамларни совуқда ва зулматда қолдирди.

Ўтган ҳафта Москва Украинанинг энергетика инфратузилмасини ҳам нишонга олди, бу эса мамлакат электр тармоғига юкламани кучайтириб, электр токининг бир неча ҳафта давомида режали ўчирилишига олиб келди.

Украина бош вазири Денис Шмигал шу ҳафтада Россия зарбалари туфайли мамлакатдаги электр тармоқларининг 40-50 фоизи ишдан чиққанини айтган.

Душанба куни Европа Иттифоқи жумладан, Россияга учувчисиз самолётлар етказиб бергани учун Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди.

Сентябр ойида Қўшма Штатлар Россияга Украинада қўлланиладиган дронларни етказиш ёрдам берган Эрон авиатранспорт компаниясига нисбатан санкция жорий қилган ва кейинроқ Эроннинг дронлар дастури билан ишлайдиганларга нисбатан қўшимча санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирган эди.

«Москва билан нопок битимлар»

Сешанба куни Бирлашган Қироллик Украинага зарба бериш учун дронлар ишлаб чиқариш ва уларни етказиб беришга алоқадор юқори мартабали Россия ҳарбий қўмондонлари ва эронликларга қарши янги санкциялар эълон қилган.

Унга кўра, Россиянинг 12 нафар юқори мартабали ҳарбий амалдорларининг активлари музлатилади ва уларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Санкцияга тушганлар орасида қанотли ракеталарни дастурлаш ва нишонга олиш бўлимига масъул бўлган генерал-майор Роберт Баранов ҳам бор.

Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазирлигининг маълум қилишича, феврал ойида бошланган Россия ҳужумидан бери, асосан, ракета ва артиллерия зарбалари натижасида 6000 дан ортиқ украиналик тинч фуқаролар ҳалок бўлган.

«Тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига қарши ҳужумларни қасддан йўналтириш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», дейилади баёнотда.

Вазирликка кўра, Россияга етказиб берилган Эрон дронлари бундай ҳужумларда «асосий ролни» ўйнаган.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлининг айтишича, Эрон режими «омон қолиш умидида» Москва билан «нопок битимлар тузмоқда».

Клеверлининг айтишича, Буюк Британиянинг охирги санкциялари тўрт эронлик, жумладан, Россия томонидан Украинага ҳужум қилишда фойдаланилган дронлар учун двигателлар ишлаб чиқарувчи компаниянинг бошқарувчи директорига қаратилган.

Душанба куни Клеверли Россия президенти Владимир Путинни қўшнисига қарши «19 аср босқинчилик уруши олиб бораётганликда» айблади.

«Путиннинг мақсади – ҳамма нарса куч билан ҳал қилинган ва йирик давлатлар қўшниларига ўлжа сифатида қараган замонларни ортга қайтариш», деб қўшимча қилди у.

Россиянинг асосий ҳарбий дастакчиси

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби 9 декабр кунги хавфсизлик масалалари бўйича брифингда Эрон ва Россия «мудофаа соҳасида тўлақонли ҳамкорликка» киришгани ҳақида огоҳлантирди.

Бу Украина, Эронга қўшни мамлакатлар ва бутун дунё учун хавф туғдиради, дейди у.

Кирби Эроннинг Россияга бир неча юз дона дронлар берганини, Россия улардан Украина инфратузилмасига зарба бериш ва тинч аҳолини ўлдириш учун фойдаланаётганини таъкидлаб, «Эрон Россиянинг асосий ҳарбий дастакчисига айланди» деб айтган.

Дронлар савдоси «Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ортидан бошланган ва Эрон дронлари у ерда Россиянинг салоҳиятини кучайтириш учун қўлланилмоқда», деди у.

«Россия Эрон дронлари билан энергия инфратузилмасига зарба бериб, миллионлаб украиналикларни электр энергиясидан, иссиқлик ва ҳаётий муҳим таъминотлардан маҳрум қилди. Бугун Эроннинг ҳаракатлари натижасида Украинада одамлар нобуд бўлмоқда».

«Бизнингча, келгуси ойларда Эроннинг Россия армиясига ёрдами янада кучаяди», деб огоҳлантирди у. «Биз ҳатто Эрон Россияга юзлаб баллистик ракеталар сотишни кўзлаётганини тахмин қиляпмиз».

«Биз, шунингдек, Москва ва Теҳрон Россияда худкуш дронлар ишлаб чиқарадиган қўшимча линиялар ташкил этиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабарларни олдик. Биз Эронни бу йўлдан қайтишга ва бундай қадамлардан тийилишга чақирамиз», деди у.

Кирби, шунингдек, ҳарбий ёрдам ҳар икки йўналишда давом этаётгани, Россия Эрон билан қурол ишлаб чиқиш ва кадрлар тайёрлаш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга интилаётгани ҳамда Эронга илғор ҳарбий ишланмаларни тақдим этаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, эронлик учувчилар Су-35 самолётини бошқаришни ўрганиш учун Россияда тайёргарликдан ўтадилар, бу Эрон келгуси йилда ушбу самолётларни қабул қила бошлаши мумкинлигидан далолат беради.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500