Карвонсарой
Хавфсизлик

Вагнер гуруҳи операцияларни ўз молиялаштириш учун Африканинг «қонли олмосларини» ундирмоқда

Карвонсарой

Вагнер ёлланма аскарлари Марказий Африка республикасида хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказмоқда, ноябр. [Вагнер гуруҳи]

Вагнер ёлланма аскарлари Марказий Африка республикасида хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказмоқда, ноябр. [Вагнер гуруҳи]

Вагнер гуруҳи зўравонлик ва товламачилик йўли биланМарказий Африка республикасидаги (МАР) даромадли олмос саноатига кирмоқда, дейилади шу ойда чоп этилган тергов ҳисоботида.

Турли низо ҳудудлари, жумладан Украинадаги ваҳший тактикаси билан танилган Россиянинг махфий хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) бўлмиш Вагнерга алоқадор шахслар МАРда олмосларни сақлаш ва сотиш учун сохта компания очишган, дейилади ҳисоботда.

Бундай операциялар Кимберли жараёнига (низо ҳудудлардан чиққан «қонли олмослар» бозорга киришининг олдини олишга қаратилган ташаббус) мутлақо зид, деб қўшимча қилинади ҳужжатда.

Евгений Пригожин бошчилигидаги Вагнер гуруҳи ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида Россия президенти Владимир Путиннинг режаларини амалга ошириши билан танилган.

Бода шаҳридан 10 км жанубдаги Баненгбеле олмос конида ишлаётган кончилар, 2015 йил 22 май, Марказий Африка республикаси (МАР). [Патрик Форт/AFP]

Бода шаҳридан 10 км жанубдаги Баненгбеле олмос конида ишлаётган кончилар, 2015 йил 22 май, Марказий Африка республикаси (МАР). [Патрик Форт/AFP]

Вагнер гуруҳи нафақат МАР, балки бутун Африка жумладан Мали, Ливия, Чад, МАР, Судан ва Мозамбикда, шунингдек, Сурия, Венесуэла ва Украинадаги ҳарбий жиноятларда, ҳуқуқбузарликларда ва можароларга аралашувда айбланади.

Вагнер жангарилари МАРдаги жанговар ҳаракатлар, мамлакатнинг олтин ва олмос ресурсларини эксплуатация қилиш, МАРдаги маҳбусларни ёллаб, уларни Донбассга юборишга алоқадорликда айбланганлар.

Зўравонлик ва қотиллик учун ҳибсга олинган эркаклар Вагнер қуролли кучлари сафига қўшилиш учун оммавий равишда озодликка чиқарилмоқда, деб хабар берган The Daily Beast нашри ноябр ойида МАР ҳарбий расмийларига таяниб.

«Октябр ойидан бери Вагнер жангарилари ҳарбий ва полиция қамоқхоналаридан исёнчилар, жумладан (МАР жанубидаги) Боколобо қишлоғига ҳужум қилгани, хотин-қизларни зўрлагани учун ҳибсга олинганларни озод қилмоқда», деб айтган МАР пойтахти Бангидаги ҳарбий бошқармада хизмат қилаётган зобит The Daily Beast нашрига.

«Ҳукумат уларга истаганини қилишга рухсат бергани учун уларни ҳеч ким тўхтата олмайди.»

Вагнернинг МАРдаги фаолияти ҳақидаги сўнгги ҳисобот «Европа тергов ҳамкорлиги» ахборот ташкилотлари тармоғи, Россиядан қувғин қилинган олигарх Михаил Ходорковский томонидан молиялаштирилувчи Лондонда жойлашган Dossier Centre ва Франциядаги All Eyes On Wagner (AEOW) лойиҳасининг қўшма тергови маҳсулидир.

Тергов июл ва ноябр ойида ўтказилган ва очиқ манбалар, бевосита гувоҳлар ва ҳужжатли далилларга асосланган.

Африка бойликларига эга бўлиш истаги

Қўшма терговнинг аниқлашича, Вагнер гуруҳи маҳаллий савдогарларни бевосита Diamville сохта компаниясига сотишга мажбурлаш ёки шафқатсиз жазолар билан қўрқитиш орқали МАРнинг олмос секторини қўлга киритмоқда.

«Қаерда кон ва кончилар бўлса, (Вагнерга алоқадор) бу одамлар қуролланиб, ўша ерда пайдо бўлишади», деб хабар берган МАРнинг шу соҳадаги инсайдерлари. «Кимдир (олтин ёки олмос кончиси) яхшироқ нарса топса, ўшанинг олдида боришади.»

«Бошқа одамларнинг мулкини тортиб олиш билан боғлиқ қотилликлар ҳам юз берган», дейилади унда.

Diamville 2019 йилнинг 28 март куни МАРда рўйхатга олинган, деб хабар беради AEOW. Ҳужжатларда олмос ва олтин хариди ҳамда импорт-экспорти унинг фаолияти ўлароқ кўрсатилган.

2019 йилда ҳукумат қарори билан компания олтин ва олмос экспорти билан шуғулланувчи ваколатли идорага айланган.

«МАР савдо реестрига кўра, Вагнерга алоқадор бошқа компаниялар каби унинг бошқарувчиси расман Марказий Африка миллатига мансуб Бьенвеню Патрик Сетем Бонгенде ҳисобланади», дейилади ҳисоботда.

Аммо Dossier Centre тақдим этган ва таҳлил қилган телефон сўзлашувларига кўра, Бонгенде аслида Бангида таниқли бўлган, Вагнер гуруҳининг санкцияга учраган муҳим ижрочиси россиялик Дмитрий Ситийнинг ҳайдовчиси.

Ситий узоқ муддат Вагнернинг МАРдаги илк хўжайини Валерий Захаровнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган, деб хабар беради The Africa Report.

«Тўрт йилдан бери Бангида яшайдиган тўлқинсимон қўнғир сочли йигит» сифатида танилган бу шахс Вагнернинг мамлакатдаги «асосий ташвиқотчиси ва сиёсий таянчи» ҳисобланади.

«Ситий Бангидаги Вагнернинг «биринчи рақамли» фуқароси», дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, жангари гуруҳнинг ўрмон хўжалиги ва бошқа секторларда компаниялари бор, шунингдек, озиқ-овқат саноатида ҳам фаол. У шакар ва қаҳва бизнесига кириб бормоқда, МАРнинг чорвачилик вазири билан келишувларга эга.

Вагнер қандай қилиб бу бойликлардан фойда кўради?

Оддий қилиб айтганда, Вагнер МАР экспортининг кўп қисми ўтадиган қўшни Камерундаги Дуала порти орқали товарлар ва контейнерлар транзити учун масъул бўлган компанияни ўз қўлига олди.

International Global Logistic (IGL) деб аталувчи бу компанияга МАР фуқароси Анур Мажидо асос солган.

Дастлаб Вагнер оддийгина IGL оддий мижози эди, аммо ҳозир компанияни Николай исмли одам бошқаради, у нархни шакллантириш занжирининг бошқа бўғимларида вагнерчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилади, Мажидо эса маъмурий расмиятчиликлар билан шуғулланади, деб ёзади The Africa Report.

Африкадаги экспансия

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, россиялик ёлланма аскарлар Африканинг 18 давлатида мустаҳкам ўрнашган. Улар тўрт қитъанинг 30 га яқин мамлакатида жанговар операциялар олиб боргани гумон қилинган ёки исботлаган.

Вагнерни кўп жойларда исёнчиларга қарши курашиш, муҳим объектларни қўриқлаш ёки «осойишталик тиклаш» учун чақиришган, деб ёзган эди «Вашингтон Пост» декабр ойида. «Лекин, АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдорларига кўра, бунга асосан даромадли табиий ресурсларни қўлга киритиш орқали бойиш имконияти туртки бўлган.»

Вагнер гуруҳи МАР, Мали, Ливия, Чад, Судан ва Мозамбикни хонавайрон қилиш билан кифояланмай, бошқа бир Африка давлатига кўчиб ўтган бўлиши мумкин.

Гана президенти Нана Акуфо-Аддо чоршанба (14 декабр) куни қўшни мамлакат Буркина-Фасони Вагнер ёлланма аскарларини таклиф қилганликда айблади, деб хабар беради AFP.

«Буркина-Фасо Мали билан биргаликда у ерда Вагнер қўшинларидан фойдаланиш бўйича келишувга эришди», деди Акуфо-Аддо.

«Тахминимча, Буркина жанубидаги [минерал] кон уларга хизмат ҳақи сифатида ажратилган», деди у АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда.

«Уларнинг шимолий чегарамиз яқинида ҳаракат қилаётгани Ганада бизни хавотирга солмоқда», деди Акуфо-Аддо.

Буркина-Фасо Акуфо-Аддонинг айбловларига норозилик сифатида жума куни Гана элчисини чақиртирган, деб баёнот беради мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.

Гананинг Буркина-Фасога нисбатан айбловлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Блинкен АҚШнинг Вагнер гуруҳига нисбатан кескин эътирозларини такрорлади.

Блинкен Вашингтондаги уч кунлик Африка саммити якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди: «Вагнер қаерга жойлаштирилмасин, бу давлатлар якунда янада заифроқ, қашшоқроқ, хавфлироқ ва қарамроқ бўлиб қолишган. Бу умумий хусусият», деди Блинкен.

«Бу ҳафта суҳбатларда эшитганим, аввал эшитганим каби, Африкадаги ҳамкорларимиз бизга ўз ресурсларининг эксплуатация қилинишини, ўз мамлакатларида инсон ҳуқуқларининг бузилишини, уларнинг бошқарувига путур етишини ва натижада Вагнернинг киришини истамайдилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500