Карвонсарой
Сиёсат

Эрон Россиянинг урушига тобора кўпроқ аралашиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

Украинага босқини давом этар экан, 19 декабр куни эрталаб пойтахт Киевга уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг муҳим энергетик объектлардан бирида ёнғин юзага келган. [Сергей Супинский/AFP]

Украинага босқини давом этар экан, 19 декабр куни эрталаб пойтахт Киевга уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг муҳим энергетик объектлардан бирида ёнғин юзага келган. [Сергей Супинский/AFP]

Эрон ташқи ишлар вазирлиги Россия билан ҳарбий алоқаларини кучайтирар экан, Россия кучлари томонидан жойлаштирилган Эрон дронлари яна Украина пойтахти Киевга ҳужум қилган.

Шу ҳафта бошида – душанба (19 декабр) куни Эронда ишлаб чиқарилган дронлар ёрдамида амалга оширилган сўнгги ҳужум Киев феврал ойида бошланган Россия босқинидан буён энг йирик ракета ҳужумларидан бирига дучор бўлганидан бир неча кун ўтиб юз берди.

16 декабр куни учирилган 70 дан ортиқ ракета Украинанинг бир қанча шаҳарларини зулматда қолдириб, совуқ об-ҳавода аҳолини иситиш ва сув таъминотидан маҳрум қилган.

Миллий энергетика оператори ишдан чиққан электр тармоғини таъмирлаш учун шошилинч равишда электр энергиясини ўчиришга мажбур бўлди.

Украинанинг Киев вилояти, Стари Безрадичи қишлоғида Россиядан учирилган дронлар зарбасидан сўнг, вайроналарни кўздан кечираётган маҳаллий аҳоли вакиллари, 19 декабр. [Сергей Чузавков/AFP]

Украинанинг Киев вилояти, Стари Безрадичи қишлоғида Россиядан учирилган дронлар зарбасидан сўнг, вайроналарни кўздан кечираётган маҳаллий аҳоли вакиллари, 19 декабр. [Сергей Чузавков/AFP]

Бундан бир неча кун аввал Украина ҳарбийлари Россия кучлари томонидан Киевга қарата учирилган Эрон дронларини уриб туширганини маълум қилган эди. Бу воқеа Эрон-Россия ўртасидаги ҳарбий алоқаларнинг кучайганига оид огоҳлантиришларни тасдиқлаган.

Душанба кунги ҳаво тревогаси чоғида «Пойтахт осмонида душманнинг 23 та дрони қайд этилди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари 18 та дронни йўқ қилди», деб баёнот берган Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ижтимоий тармоқларда.

Унда айтилишича, Россия кучлари сўнгги ҳафталарда Киевга берилган зарбада Эронда ишлаб чиқарилган «Шаҳед» жанговар дронларининг тўсувчи ўқ-дориларидан фойдаланган.

Шаҳар ҳокими Виталий Кличконинг тасдиқлашича, марказий Шевченковский ва ғарбий Соломянский туманларида юз берган «портлашлар» натижасида муҳим инфратузилма объектларига шикаст етган.

Украинанинг ДТЕК энергетика операторининг маълум қилишича, ҳужум ортидан пойтахтда электр энергияси авариявий ҳолат сабаб узилади.

Франция ва Европа Иттифоқи Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига ҳужуми ҳарбий жинояти эканлигини таъкидлади, блокнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари эса портлашларни «ваҳшийлик» деб атаган.

Россиянинг асосий ҳарбий дастакчиси

9 декабр куни хавфсизлик масалалари бўйича брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Эрон ва Россия «мудофаа соҳасида тўлақонли ҳамкорликка» киришгани ҳақида огоҳлантирган.

Бу Украина, Эронга қўшни мамлакатлар ва бутун дунё учун хавф туғдиради, деди у.

Кирби Эроннинг Россияга бир неча юз дона дронлар берганини, Россия улардан Украина инфратузилмасига зарба бериш ва тинч аҳолини ўлдириш учун фойдаланаётганини таъкидлаб, «Эрон Россиянинг асосий ҳарбий дастакчисига айланди» деб айтган.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Уилям Бернс жума куни PBS телеканалига берган интервьюсида Эрон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари учун «реал таҳдид» туғдиришини айтди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний якшанба кунги баёнотида «Теҳрон ташқи алоқаларни тартибга солишда мустақил ҳаракат қилиши ва ҳеч кимдан рухсат сўрамаслиги», ўз сиёсатини «миллий манфаатлар» асосида белгилашини айтган.

«Эрон ва Россия ўртасидаги турли соҳалар, жумладан, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик умумий манфаатлар доирасида кенгайиб бормоқда ва ҳеч қандай учинчи давлатга қарши қаратилмаган», деди у.

Эроннинг инкорлари ва ўз алоқадорлигини яшириш уринишларига қарамай, Россия Украинада бир нечта ҳужумларни амалга оширишда Эрон дронларидан фойдаланганини тасдиқловчи далиллар талайгина.

Эрон сунъий йўлдош учиришга тайёрланмоқда

Якшанба куни Эрон телекоммуникациялар вазири Ийсо Зарипурнинг айтишича, учириш мосламасининг муваффақиятли синовидан бир ой ўтиб, Эрон ислом республикаси март ойи охиригача коинотга «камида иккита сунъий йўлдош» учиришга ҳозирлик кўрмоқда.

Қўшма Штатлар бундай парвозлар Эроннинг баллистик ракета технологиясини кучайтиришга ёрдам бериши, иш ядровий каллакларни етказишгача бориши мумкинлигидан бир неча бор хавотир билдирган.

Зарепур «Наҳид-1» ва «Наҳид-2» сунъий йўлдошларини учиришга тайёргарлик кўрилаётганини айтди, деб хабар беради IRNA ахборот агентлиги. Эрон космик тадқиқотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган туркум телекоммуникация сунъий йўлдошларига шундай ном берилган.

Ноябр ойи бошида Эрон давлат телевидениеси «Қиём-100» номли ракета ташувчисининг муваффақиятли суборбитал парвози ҳақида эълон қилди.

«Қиём-100» Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИҚК) аэрокосмик ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Эроннинг биринчи уч поғонали қаттиқ ёнилғидаги ракета ташувчиси ҳисобланади, деб хабар беради канал.

Эрон 2020 йилда ўзининг илк ҳарбий сунъий йўлдошини учириб, Вашингтоннинг кескин танқидига учраган эди.

Жорий йилнинг август ойида Эроннинг «Хайём» номли яна бир сунъий йўлдоши Россиянинг Союз-2.1б ракетаси томонидан Қозоғистоннинг Байконур космодромидан учирилган.

Қурилма Эрон назорати остида Россияда ишлаб чиқарилган, деб маълумот берган Эроннинг космик агентлиги.

Хайём «салмоқли жосуслик имкониятларини» тақдим этади, Россия ва Эрон иттифоқининг мустаҳкамланиши эса дунё учун «жиддий хавф» туғдиради, деб баёнот берган АҚШ.

Эроннинг космик агентлиги бу иддаоларни рад этиб, «Хайём»нинг мақсади «мамлакат чегараларини кузатиш», табиий ресурслар, қишлоқ хўжалигини бошқаришда ёрдам бериш эканлигини таъкидлаган.

Уран бойитиш кўлами «рекорд даражада»

Бу орада шанба куни Эрон уранни бойитиш қуввати рекорд даражага етганини маълум қилган, деб хабар беради IRNA давлат агентлиги.

«Ҳозирда мамлакатнинг бойитиш салоҳияти ушбу саноатнинг бутун тарихидаги ҳажмидан икки бараварга ошди», деди Эрон атом энергияси ташкилоти (ЭАЭТ) директори Муҳаммад Эсламий.

Халқаро атом энергетикаси агентлигининг (ХАЭА) техник жамоаси очиқланмаган жойларда ядровий фаолият олиб борилиши туфайли радиоактив моддалар изи топилганига оид муаммони ҳал этишга уриниш мақсадида якшанба куни Эронда бўлди.

Ядровий назорат ташкилоти анчадан бери Эрондан учта очиқланмаган ҳудудида сунъий уран топилганини тушунтириб беришни, «жойларга кириш ва материалларни кўришни», шунингдек намуналар олишга рухсат беришни талаб қилган.

Умумий кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JPCOA) деб номланган 2015 йилда имзоланган ядровий келишувга кўра, Эрон уран бойитишни 4 фоиздан камроққа чеклашга рози бўлган, бу жанговар каллак учун зарур бўлган 90 фоиздан анча паст.

Эроннинг ядровий фаолиятидаги бу ва бошқа чекловлар эвазига уни халқаро санкциялардан халос этиш ваъда қилинган эди.

Аммо ХАЭА сентябр ойида Эрон ядровий дастурининг тинч мақсадлар учун хизмат қилишига кафолат бера олмаслигини айтган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500