Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ишлаётган Марказий Осиёлик мигрантлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Рустам Темиров

17 декабр куни Москвада қор кураётган Марказий Осиёлик меҳнат мигранти. Россия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россиядаги ишчи мигрантларнинг катта қисми Марказий Осиёлик. [Даниил Каримов]

17 декабр куни Москвада қор кураётган Марказий Осиёлик меҳнат мигранти. Россия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россиядаги ишчи мигрантларнинг катта қисми Марказий Осиёлик. [Даниил Каримов]

ТОШКЕНТ – Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ишлаш учун ёлланган Марказий Осиёлик мигрантлар ҳуқуқий жавобгарлик хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда Мариуполга олиб борилган тожикистонлик мигрантлар ҳақидаги видеодан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар маълум қилишган.

Россия қўшинлари Украинанинг бу шаҳрини май ойида, 24 февралда босқин бошланганидан сўнг уч ой ўтгач эгаллаган эди.

Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати – Озоди радиоси томонидан 5 декабр куни эълон қилинган видеода иш берувчидан ваъда қилинган маошни талаб қилаётган шаҳардаги тожикистонлик меҳнат мигрантлари акс этган.

«Улар ойига 1900 долларга яқин пул ишлашимизни, маошимиз ҳар икки ҳафтада тўланишини айтишганди. Лекин мен икки ҳафталик ишим учун 700 доллар олдим, холос», деди ўзини Суннатуллоҳ деб таништирган меҳнат мигранти Озоди радиосига.

Иш берувчилар ишчиларга яхши уй-жой ва кунига уч маҳал овқат ваъда қилишган, деб қўшимча қилди у.

Лекин овқатлар яхши эмас, яшаш шароитлари эса расво, дейди бошқа бир ишчи.

Тожик мигрантлари Мариуполга ёзнинг бошида, Россия ҳукумати сезиларли вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклашга қарор қилганидан сўнг келишган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет июн ойида шаҳар Россия қамалида бўлганида кўп қаватли турар-жой биноларининг 90 фоизи ва хусусий уйларнинг 60 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлганини айтганди.

Ўша пайтдаги маълумотларга кўра, 350 мингга яқин аҳоли шаҳарни тарк этишга мажбур бўлган.

Пуч ваъдалар

Шаҳарни қайта тиклаш ишлари учун шартнома имзолаган мигрантларнинг аксарияти Россияда ишга ёлланган, деб хабар беради Озоди радиоси.

2022 йилнинг 9 ойида Россияга ишлаш учун 8 миллиондан ортиқ мигрант келди: Ўзбекистондан 4 млн, Тожикистондан 2,714 млн ва Қирғизистондан қарийб 676 минг мигрант, деб хабар беради 7 ноябр куни RT Россия ИИВ маълумотларига таяниб.

Ишчиларнинг айтишича, айрим компаниялар Украинадаги иш ҳақи Россиядагидан тўрт баравар кўп бўлади, деб ваъда қилишган.

Аммо бу ваъдалар ёлғон бўлиб чиқди, айрим иш берувчилар иш ҳақини кечиктириб ёки анча паст ставкаларда тўламоқда.

Озодлик радиоси тарқатган видеода тожикистонликлар ўз ватандошларини фирибгар иш берувчиларга ишонмаслик ҳақида огоҳлантиришган.

30 ёшли Қурбон Шарифовнинг Озодликка айтишича, у ва яна 110-120 нафар тожикистонлик ишчилар босиб олинган Мариуполга Россиянинг «Реставрация» қурилиш компанияси орқали келиб қолишган.

Унинг илк маоши тахминан 2350 долларни ташкил этган (бу Россиядаги даромадидан икки баравар кўп) бўлса-да, Шарифов келаси сафар ҳам шу суммани олишига шубҳа қилаётганини айтди.

«Тожикистондаги қариндошларим уруш бўлаётган мамлакатда эканлигимдан жиддий хавотирда», деб қўшимча қилди у.

Октябр ойида Vot-tak.tv («Белсат» беларус телеканалининг Полшадан фаолият юритувчи лойиҳаси) журналисти Саша Печенка Мариуполда Тожикистондан 400 га яқин ишчи, шунингдек, бир қанча ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ишлаётгани ҳақида хабар берган.

У меҳнат мигрантлари билан учрашган ва уларни Украинада ишлаш учун ёллаган воситачи компанияларга телефон қилган.

Ишга ёлланганларни «Мариуполдаги ишлар камида беш йилга чўзилиши ва кечаю кундуз давом этишига» ишонтиришган, дейди Печенка.

Шунингдек, уларга ўзлари ёқтирган уй-жойни танлаш мумкинлигини, чунки шаҳарда эгалари мамлакатдан чиқиб кетган ёки вафот этган қаровсиз ва бўш квартиралар кўплигини айтишган, деб қўшимча қилди у.

«Ёлланма фаолият»

Тожикистонлик ишчилар Украина расмийларининг рухсатисиз Мариуполда бўлишга ҳақли эмас, улар Украина ва халқаро қонунлар доирасида жавобгарликка тортилиши мумкин, дейди душанбелик ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Озоди радиосига.

Бундай ишчилар Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва уруш жиноятларига иштирок этишда айбланиши мумкин, дейди Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик.

«Улар ёлланма фаолият учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, чунки босиб олинган ҳудудларда қуролли кучлар фаолиятида иштирок этишмоқда», деди Чупик Карвонсарой нашрига.

Мигрантлар Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида уруш ҳолати амал қилаётганини тушуниши керак, дейди тошкентлик ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳамедов.

Уруш ҳолати жорий қилинган ҳудудларда исталган киши мудофаа эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашга, масалан, вайрон бўлган муҳим объектларни тиклаш ва ёнғинларга қарши курашишга жалб қилиниши мумкин, деди у.

«У ерда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ўзбекистон консулликлари ишламаслигини ҳам инобатга олиш зарур», дейди у.

«Маошингизни беришмаса, юридик ёрдам сўраб ҳеч қаерга мурожаат қила олмайсиз. Шуни тушуниш керакки, Украина шу каби ҳар қандай хориж фуқаросини камида чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий жавобгарликка тортиш субъекти сифатида кўради», деди у.

У ватанидан узоқда ишлаётган мигрантларни бундай таклифлардан воз кечишга, иложи бўлса, Россиянинг Украинадан олис ҳудудларида яшаш ва ишлашга чақирди.

«Россия ҳеч қандай қоидаларга риоя қилмаяпти»

Кремл аввал ҳам Украинанинг уруш туфайли вайрон бўлган шаҳарлари ва ўз назорати остидаги ҳудудларда инфратузилмани қайта тиклаш учун хорижлик ишчиларни жалб этмоқчи эканлигини тан олган эди.

Июл ойида Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов меҳнат мигрантлари Донбассни қайта тиклашда иштирок этиши мумкинлигини айтган.

«Мигрантларга яхши пул тўланса, улар бу ишни бажонидил бажаришади. «Ҳуқуқий масалалар юзага келади, чунки бу расман бошқа давлат. Бошқа тарафдан, Херсон ва Запорожьеда кимнингдир Украинада ишлаш учун рухсатномаси йўқлиги бировни қизиқтирмайди».

Россиянинг фронт чизиғи яқинида хандақлар қазиш ва истеҳкомлар барпо этиш учун ишчилар ёллаётгани ҳам хавотирларни янада кучайтирган.

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи, машҳур Headhunter ва Avito сайтларида Украинанинг Россия томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган Запорожье ва Луганск вилоятларида, шунингдек, Белгород вилоятида истеҳкомлар қуриш ва хандақ қазишда ёрдамлашиш ҳақидаги эълонлар пайдо бўлган, деб ёзади Россиянинг «Медуза» мухолифат нашри 15 декабр куни.

Белгород вилояти Украина билан чегарадош.

«Уруш кетяпти. Россия ҳеч қандай қоидаларга риоя қилмаяпти», дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

«У халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг фикрига тупурган», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500