Карвонсарой
Таҳлил

Украинадаги уруш Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги мақомига соя солмоқда

Карвонсарой

БМТ Хавфсизлик кенгаши, сентябр ойи. [Эд Жонс/AFP]

БМТ Хавфсизлик кенгаши, сентябр ойи. [Эд Жонс/AFP]

Россиянинг Украинага қарши уруши ва феврал ойидаги босқиндан кейин инсон ҳуқуқларини поймол қилиши унинг жаҳон миқёсидаги обрўсига путур етказди ва уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши таркибидан чиқарилиши йўлидаги туртки бўлди.

Аввалроқ Украина Россияни халқаро ташкилотдан чиқариш ташаббусини илгари сурган эди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси (Хелсинки комиссияси) таркибига кирувчи америкалик қонун чиқарувчилар АҚШ Конгрессига Қўшма Штатларни Россияни кенгаш таркибидан четлатишга чақирувчи қонун лойиҳасини тақдим этди, деб ёзади Foreign Policy 14 декабр куни.

Хелсинки комиссияси Конгрессдан Россиянинг уруши «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва тамойилларини» бузганини тасдиқлаш ва ҳукумат идораларидан Россиянинг БМТдаги имтиёзларини чеклашни сўрамоқда, деб ёзади журнал.

Украина шарқида жойлашган Изюм шаҳри чеккасидаги ўрмонда аниқланган оммавий қабрга жасадлар учун мўлжалланган қопларни олиб кетаётган суд-тиббий экспертлари, 18 сентябр. Аввалроқ Россия томонидан босиб олинган Изюм шаҳри яқинида 450 га яқин қабрлар топилган бўлиб, уларда қийноқлар излари аниқлаган. [Хуан Баррето/AFP]

Украина шарқида жойлашган Изюм шаҳри чеккасидаги ўрмонда аниқланган оммавий қабрга жасадлар учун мўлжалланган қопларни олиб кетаётган суд-тиббий экспертлари, 18 сентябр. Аввалроқ Россия томонидан босиб олинган Изюм шаҳри яқинида 450 га яқин қабрлар топилган бўлиб, уларда қийноқлар излари аниқлаган. [Хуан Баррето/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 15 декабр куни Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар бўйича Россия кенгашининг видеоалоқа орқали ўтказилаётган мажлисида иштирок этмоқда, Москва остонаси, 15 декабр. [Михаил Метцел/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 15 декабр куни Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар бўйича Россия кенгашининг видеоалоқа орқали ўтказилаётган мажлисида иштирок этмоқда, Москва остонаси, 15 декабр. [Михаил Метцел/Sputnik/AFP]

Қонунчиликда айтилишича, Россия БМТ Низомини «қўпол равишда бузган» ва бу унинг Хавфсизлик Кенгашидаги аъзолик ҳуқуқини шубҳа остига қўяди.

Бу қонунбузарликлар орасида «Украинанинг тўртта вилоятида ноқонуний аннексия бўйича овоз беришлар, Украинанинг Буча каби шаҳарларида содир этилган ваҳшийликлар, ядро қуроли билан қўрқитиш ва глобал озиқ-овқат захиралари учун хавф туғдириш» кабилар бор, деб ёзади Foreign Policy нашри.

Журналнинг таъкидлашича, ҳужжат мажбурий юридик кучга эга бўлмаса-да, лекин Россиянинг таъсирини жиловлашга оид «мулоҳазаларни мустаҳкамлайди».

Ҳарбий жиноятлар ва ваҳшийликлар

Украина президенти Владимир Зеленский ноябр ойи ўрталарида қилган мурожаатида россиялик аскарларни 30 сентябр куни Россия ноқонуний равишда аннексия қилган Херсон вилоятида 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятлар ва «ваҳшийликлар» содир этганликда айблади.

«Россия армияси ўз ортидан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қўл ургани каби ваҳшийликларни қолдирди», деди у.

Cентябр ойида Украина бош прокурори Андрей Костин унинг идораси Россия кучлари томонидан содир этилган 34 минг эҳтимолий уруш жиноятларини ҳужжатлаштиргани ва геноцид юзасидан жиноий иш қўзғаётганини айтди, деб хабар беради Би-би-си.

«Украинанинг илгари Россия қўшинлари томонидан босиб олинган бир қанча ҳудудларида оммавий қабрлар, жумладан, қийноқ аломатлари бўлган оддий фуқароларнинг жасадлари топилди», дейилади хабарда.

«Апрел ойида Киев чеккасидаги Буча шаҳрида 400 дан ортиқ тинч аҳоли жасади топилган. Сентябр ойида эса Харков вилоятининг Изюм шаҳрида асосан тинч аҳоли вакилларидан иборат 450 киши дафн этилган жой аниқланди.»

«Март ойида Россия кучлари Мариуполда болалар учун бошпана вазифасини ўтаётган театрга ҳаводан зарба берди», деб қўшимча қилди Би-би-си. «Март ойида Мариуполдаги касалхона ҳам ҳужумга учраган».

23 март куни – Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг қарийб бир ой ўтгач, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра «Россия армияси ҳарбий хизматчилари Украинада ҳарбий жиноятлар содир этганини» эълон қилди.

Блинкеннинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин ўз ихтиёри билан асоссиз ва адолатсиз уруш бошлаб, «Украина бўйлаб ўлим ва вайронагарчиликка олиб келган аёвсиз зўравонликларга йўл очган».

«Биз атайин тинч аҳолини нишонга олган ва бетартиб ҳужумлар ҳамда бошқа ваҳшийликлар ҳақида кўплаб ишончли хабарларни олдик», деди у.

«Россия кучлари турар жой бинолари, мактаблар, шифохоналар, муҳим инфратузилма объектлари, фуқароларнинг транспот воситалари, савдо марказлари ва тез ёрдам машиналарини вайрон қилди, оқибатда минглаб бегуноҳ тинч аҳоли ҳалок бўлди ёки жароҳатланди».

«Россия кучлари зарбасига учраган кўплаб объектлар тинч аҳоли фойдаланувида эканлиги аниқ бўлган», дея қўшимча қилди у жумладан назарда Мариупол туғруқхонасини тутиб.

Россия шаънига доғ тушган

Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари Россиянинг ҳарбий куч сифатидаги обрўсига сезиларли даражада путур етказди ва унинг суперқудратли давлат мақомини шубҳа остида қолдирди.

АҚШ президенти Жо Байден 11 октябр куни CNN телеканалига берган интервюсида Путин Украинага бостириб кириб «қаттиқ янглишганини» айтди.

Байден Россия тактик ядро қуролини ишга солади, деб ўйламаслигини айтди, бироқ Путиннинг таҳдидлари ҳам беқарорлаштирувчи таъсирга эга экани ва ҳукм чиқаришда эҳтимолий хатоларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Менимча, унинг бу ҳақда гапириши, дунёда ядро қуролига эга энг йирик мамлакатлардан бирининг етакчиси Украинада тактик ядро қуролини қўллаши мумкинлигини айтиши – масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас», деди Байден.

«Уруш Украина ва украиналиклар учун фожиага айланган бўлса-да, ҳарбий, иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан Россия учун ҳам фалокат эканлигини исботлади», деб ёзади Брукингс институтининг катта илмий ходими Стивен Пайфер 8 декабр куни эълон қилган ҳисоботида.

«Уруш Россия армиясига жиддий зарар етказди ва унинг обрўсига доғ туширди, иқтисодни издан чиқарди ва Москванинг Европадаги геосиёсий манзарасини тубдан ўзгартирди», деди у.

«Бу АҚШ-Россия муносабатларидаги ҳар қандай қисқа муддатли нормаллашувни қийинлаштиради, агар буни имконсиз қилиб қўймаса.»

Украина мудофаасининг муваффақияти «Россиянинг ҳарбий қудратга эга давлат сифатидаги обрўси ортидаги чириган ҳақиқатни фош қилди», деб ёзади Украина собиқ мудофаа вазири Андрей Загороднюк 13 сентябрь кунги Атлантика кенгаши таҳлилида.

«Россия ҳарбийларининг Украинадаги машаққатлари Путиннинг авторитар бошқарувидаги чекловларни кўрсатмоқда», деди у Россия етакчиси қўмондонлар унга эътироз билдиришга қўрққани учун «ўз ташвиқоти қурбони бўлганини» таъкидлаб.

«2022 йил бошида тўпланган босқинчи кучлар қўйилган вазифани бажариш учун етарли эмас эди, бироқ Путиннинг Украинани вайрон қилишга муккасидан кетгани уни хавф-хатар ҳақида огоҳлантиришга ҳеч ким журъат қилолмаслигини англатар эди», деди у.

«Аксинча, Путиннинг Россия армиясининг енгилмас эканига кўр-кўрона ишончи ва Украинанинг нолегитимлиги борасидаги бемулоҳаза ўжарлиги ҳушёр ҳарбий қарорлар йўлига тўсиқ бўлди», деб қўшимча қилди у.

Россия армиясининг банкротлик ёқасида турган ва санкциялар остида қолган халқаро миқёсдаги яккамохов давлат – Эронга қарамлиги эса ўзидан анча кичик қўшнисидан енгилиш арафасидаги Кремл олдида турган кўп сонли қийинчиликларга яна бир мисол бўла олади.

Аммо бу Украинага қарши уруш натижасида Россия қай даражада чорасиз ва яккаланиб қолганини акс эттиради.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украиналик фашистларнинг сафсатаси бу

Жавоб бериш

Россия тажовузкор давлат. Путин эса ёвуз махлуқ.

Жавоб бериш

Ҳа, Россия ўзини-ўзи шарманда қилди. Армия мағлубиятга учрагач, энди ягона умид – маҳкумлар.

Жавоб бериш

Сайтнинг ўзи Ғарбга сотилган! Фу! Жирканч!

Жавоб бериш

Американинг ўзи нима қилаётганини БМТ сезмаяптими??????

Жавоб бериш

Йўқолсин Россия.

Жавоб бериш

Мен, Ситора Сунатуллаевна Муқимова (Ўзбекистон фуқароси), Россия БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб юборилиши керак, деб ҳисоблайман.

Жавоб бериш