Карвонсарой
Транспорт

Марказий Осиё давлатлари Россияни айланиб ўтувчи янги транспорт йўлакларидан фойдаланишни бошламоқда

Рустам Темиров ва Жумагули Аннаев

Ўзбекистондан йўлга чиққан поезд 4000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиб, Болгариянинг Бургас денгиз портига етиб боради. Суратда «Европа бозорларига муқобил чиқиш» деб номланган маршрут акс этган. [Карвонсарой]

Ўзбекистондан йўлга чиққан поезд 4000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиб, Болгариянинг Бургас денгиз портига етиб боради. Суратда «Европа бозорларига муқобил чиқиш» деб номланган маршрут акс этган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ/АШХОБОД – Украинадаги уруш ва Россияга қарши халқаро санкциялар шароитида Марказий Осиё давлатлари фаол равишда Европа ва ундан ташқарига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини изламоқда.

Бу изланиш Кремлга қарамликни камайтириш ва Европа Иттифоқи билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ошириш истаги билан боғлиқ.

Россиянинг Украинага босқини унинг ҳудуди орқали юк ташишни анча мураккаблаштирди, постсовет давлатларнинг Европа билан савдо алоқалари эса шу маршрутга боғлиқ бўлиб келган.

Шу тариқа уруш айрим мамлакатларни 2017 йилда очилган ва Россияни бутунлай четлаб ўтадиган (Ўрта коридор номи билан машҳур) янги Транскаспий халқаро транспорт йўлагидан (ТХТЙ) фойдаланишга мажбур қилган.

16 декабр куни Сергелидаги Тошкент жанубий вокзалидан Европага Ўзбекистоннинг илк поезди жўнаб кетди, 20 декабр кунги сурат. [Бахтиёр Жалилов]

16 декабр куни Сергелидаги Тошкент жанубий вокзалидан Европага Ўзбекистоннинг илк поезди жўнаб кетди, 20 декабр кунги сурат. [Бахтиёр Жалилов]

Икки денгиз нарига саёҳат

Шу ойда Ўзбекистон мазкур йўналишнинг янги участкаси бўйлаб илк поездни жўнатди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мис концентрати ортилган (46 та юк вагони ва 91 та контейнердан иборат) поезд 16 декабр куни Тошкент жанубидаги Сергели логистика марказидан жўнаб кетди, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари».

Бошқа мамлакатлар, жумладан Қозоғистон Россия ҳудудидан ўтувчи қуруқликдаги йўналишларга қарамликдан бутунлай халос бўлиш учун ушбу маршрутни кенгайтириш йўлларини ўргана бошлаган.

18 декабр куни Туркманистон шарқида мамлакат темирйўлчилари Европага кетаётган контейнер поездини кутиб олишди ва уни Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилига олиб боришди.

Паром юкни Каспий денгизи орқали Озарбайжонга олиб ўтган. Энди у Грузия орқали Қора денгиз соҳилига ва у ердан ниҳоят, Болгариянинг Бургас денгиз портига етиб боради.

Маршрутнинг узунлиги 4000 км дан ошади.

«Поезд 25-30 кун давомида йўлда бўлиши кутилмоқда», деди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот котиби Алишер Болтабоев.

Ушбу биринчи поезд ўз йўлида ёки Ўрта коридорда техник хизмат кўрсатиш вақтида ҳеч қандай муаммоларга дуч келмади, деди Туркманистон темир йўллари бош мутахассиси Сулаймон Режепов.

«Ҳаммаси яхши ўтди», деди у.

«Бу [иш] Европага олиб борадиган янги транспорт йўлагининг бир бўғини сифатидаги илк тажрибамиз бўлди», деди Режепов. «Ҳозир ишонч билан айта оламанки, Европага олиб борувчи ушбу манфаатли маршрутнинг Туркманистондаги қисми келажакда ҳам ишончли бўлади».

Узунлиги 11000 км дан ортиқ бўлган ТХТЙ Хитой соҳилларидан бошланиб, юкларни ғарбий йўналишда Полшага қадар ташиш имконини беради. Унинг битта тармоғи Қозоғистон орқали ўтиб, Каспий денгизидан Озарбайжон ва Грузияга боради. Каспийга олиб борувчи яна бир шохобча эса Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудидан ўтади.

У орқали йилига 27 миллион тонна юк ташиш мумкин, деб хабар беради Middlecorridor.com.

Манфаатли ва хавфсиз

2021 йилда Сувайш каналида контейнер кемаси саёзликка ўтириб қолгач, халқаро юк ташувлар олти кунга тўхтаб қолиши ортидан Транскаспий халқаро транспорт йўлагига қизиқиш қисқа муддатда ўсган.

Авваллари ТХТЙ узунлиги ва поездларни паромларга тушириш зарурати туфайли унча оммалашмаган эди.

Кемачилик ва логистика мутахассисларига кўра, бу йўналиш Россиянинг Украинага босқини ортидан Евроосиё бўйлаб юк жўнатувчилар ва қабул қилувчиларнинг эътиборини яна ўзига жалб қила бошлаган.

Ўзбекистон поездининг Россияни айланиб ўтувчи йўл орқали Европага юборилгани, шунингдек, ушбу йўналишдаги ойлик юк ташишлар ҳажмининг кўпайгани унинг аҳамияти ошиб бораётганидан дарак беради.

Озарбайжон маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида ТХТЙ орқали ташилган юк ҳажми 2021 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 123 фоизга кўп бўлган.

Кемачилик соҳаси мутахассисларига кўра, президент Владимир Путин Россияни яккамов мамлакатга айлантирди.

Москва тез орада Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқмас экан, Россия транспорт ва логистика соҳасида яккаланиб қолади, дейди улар.

«Соғлом фикрга эга ҳар қандай мамлакат савдо, юк ташиш ва энерготашувчилар транзитида Россияни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда», деди Режепов.

Россия билан ишлашни истамайдиган давлатлар сони кўпаймоқда, дейди у.

«Энди Россия орқали ўтадиган анъанавий транспорт йўналишини унутсак ҳам бўлади, чунки Украинада бошланган уруш уни хавфли ва беқарор қилиб қўйди», деди у.

«Россия империалистик амбициялари ва агрессив сиёсати туфайли логистикада бошиберк кўчага кириб қолди.»

Муқобил йўналишлар

Шу вақтга қадар, Ўзбекистондан халқаро темирйўл юклари ташиладиган асосий коридор Қозоғистон, сўнг Россия ва Беларус орқали ўтар эди.

Бу Болтиқбўйи ва бошқа Европа давлатларига юк етказиб беришда энг қисқа йўл бўлса-да, экспортчиларни Россиянинг нолойиқ муносабатига дучор қилар эди.

5 декабр куни Тошкентдан Литванинг Клайпеда шаҳрига навбатдаги «илк сафар» уюштирилди, деб хабар берган «Ўзбектемирйўлконтейнер» компанияси ўзининг Телеграм саҳифасида. Биринчи поезд орқали 80 та контейнерда минерал ўғитлар етказиб берилди.

«Ўзбекистон Литва учун ўта жозибали ҳамкор, чунки у Европада талабгир бўлган, Литва импорт қилиши ёки бошқа мамлакатларга етказиб бериши мумкин бўлган кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқаради», деган эди июл ойида Вилнюс савдо-саноат ва ҳунармандчилик палатаси вице-президенти Таутгинас Санкаускас LRT.lt хабарига кўра.

Бундай товарлар сирасига ўғитлар ва қурилиш материаллари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, металлургия ва бошқа маҳсулотлар киради.

Юк нариги тарафга ҳам юборилиши мумкин.

3 декабр куни маиший техника ва музлаткич ускуналари ортилган илк 40 вагонли юк поезди Туркиянинг Измир шаҳридан Тошкентга етиб келди. Эрон ва Туркманистондан ўтадиган 4500 км узунликдаги маршрут 25 кунда босиб ўтилади.

Ушбу янги маршрут Ўзбекистонда маҳаллий экспортчилар ва импортчилар учун энг тез ва қулай йўналиш экани айтилмоқда.

ОАВ хабарларига кўра, бундай поездлар дастлаб ойда бир, кейин эса ойига икки мартагача қатнайди.

Ўзбекистон изидан

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам Ўзбекистондан ўрнак олиб, янги йўлларни синаб кўради, деб башорат қилган Режепов.

Қозоғистон сентябр ойидан бошлаб ўз нефтини Озарбайжон орқали сотишни режалаштирмоқда, деб хабар берган Reuters август ойида. Яқин-яқингача у қарийб бутунлай Қозоғистондаги Тенгиз нефт конидан Россиянинг Новороссийск шаҳригача чўзилган Каспий қувурлар консорциумига (CPC) боғлиқ эди.

14 декабр куни Туркманистоннинг Овоза шаҳрида бўлиб ўтган уч томонлама саммитда Туркманистон, Озарбайжон ва Туркия президентлари Россиянинг айни дамдаги мавжуд юк ташиш йўлларининг муқобилини топиш, шунингдек Туркманистон табиий газини Европага Россияни четлаб ўтган ҳолда етказиш имкониятларини муҳокама қилишган.

Туркманистонда суюлтирилган газ, дизель ёқилғиси, бензин ва бошқа нефт маҳсулотлари бор, деб айтган Режепов.

Европага транспорт йўлакларини ривожлантириш ёки ишга тушириш – Марказий Осиё давлатлари учун муҳим вазифа бўлиб қолмоқда, деб айтган Халқаро сиёсат ва иқтисодиёт бўйича консултациялар маркази президенти, ванкуверлик Фикрет Шабанов.

Ўзбекистон янада кўпроқ транспорт коридорларини яратиш орқали ўз иқтисодига зарур бўлган маҳсулотлар учун манбаларни танлаш имкониятини қўлга киритади ва Россия темир йўлларининг транзит тўловларидан қутулади, деб айтган у.

«Кремлнинг собиқ Совет Иттифоқи давлатларига нисбатан сиёсий монополистик муносабати туфайли бу нарх доим юқори бўлган», деб айтган у.

«Россия ўзбек маҳсулотлари нархини туширишдан ва турли қўшма корхоналар очишдан яққол фойда кўрди», деб айтган Шабанов. «Ўзбекистон фақат қўшма корхоналар орқали экспорт қила олар эди.»

Янги транспорт коридорларининг очилиши Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Нигора Ҳидоятова.

«Янги транспорт йўлаклари келажакни шакллантиради ва Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётида бир вақтлар Буюк Ипак йўли каби глобал рол ўйнайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла .Бу энг макбул йул бу! Россиянинг империалистик харакатлари .шантаж.тахдид килувчи харакатларига карши туриш вакти келди.

Жавоб бериш

Руслар, замонавий технологияларга қайтинглар - лаптилар ТЎҚИШГА! Тез орада яна тачанка араваларда минасизлар!!! Сиз ПЛЕБЕЙ КРЕПОСТНОЙЛАР шунга лойиқсизлар! Қашшоқ империалистлар!!!

Жавоб бериш

Албатта, биз Россияни четлаб ўтадиган йўналишларни топишимиз керак. Бу мамлакат жуда хавфли ва ишончсиз.

Жавоб бериш

Шавкат Мирзиёев – доно сиёсатчи! У Россия билан муносабатларни «тўхтатиш» кераклигини яхши тушунади. Марказий Осиё ёшлари Россия ОТМларига ўқишга кирмаслиги керак. Ғарб оммавий ахборот воситаларида Россия ҳукумати мактабларда инглиз тилини тақиқлагани учун Россия дипломлари ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги ҳақида баҳслар кетмоқда. Инглиз тилини ўрганинг - бу бутун дунё мамлакатлари учун «калит». Россия яқинда ХАЛҚАРО БОЙКОТга дуч келади!!!

Жавоб бериш