Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ғарбга юзланиш: Стратегик мулоқот Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очмоқда

Рустам Темиров

13 декабр куни Вашингтонда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик ҳамкорлик бўйича иккинчи мулоқот ўтказилди. [АҚШ давлат департаменти]

13 декабр куни Вашингтонда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик ҳамкорлик бўйича иккинчи мулоқот ўтказилди. [АҚШ давлат департаменти]

ТОШКЕНТ – Россиянинг уни истиқболли жаҳон бозорларидан тўсиб қўйиш уринишларидан хавфсираётган Ўзбекистон савдо соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш учун Ғарбга юзланмоқда, дейди таҳлилчилар.

Ушбу ўзгаришлар доирасида Ўзбекистон ҳукумати АҚШ, Европа Иттифоқи (ЕИ) ва халқаро ноҳукумат ташкилотлар билан келишувлар имзолашга ҳаракат қилмоқда.

13 декабр куни Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иккинчи Стратегик шериклик мулоқотидан сўнг томонлар янгиланган ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгиловчи қўшма баёнотни эълон қилдилар.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз делегацияларига бошчилик қилишди.

2014-2021 йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси йилига миллион долларда кўрсатилган. 2022 йилнинг январ-октябр ойларида бу кўрсаткич 336,6 миллион долларни ташкил этди. [Карвонсарой]

2014-2021 йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси йилига миллион долларда кўрсатилган. 2022 йилнинг январ-октябр ойларида бу кўрсаткич 336,6 миллион долларни ташкил этди. [Карвонсарой]

Ҳамкорлик йўналишлари орасида муқобил савдо маршрутларини йўлга қўйиш (Тошкент фаол равишда Россияни четлаб ўтувчи транспорт йўналишларини излаб, синовдан ўтказмоқда), импорт ва экспорт бозорларини диверсификация қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва ўзбек аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш каби масалалар бор.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни ушбу соҳаларнинг барчасида қўллаб-қувватлашга тайёр.

Делегатлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини барпо этиш ва қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Хавфсизлик, хусусан, Афғонистондаги вазият, чегаралар муҳофазаси ва миллий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Савдо алоқаларини яхшилаш

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 2020 йилги пандемиядан кейинги танаффус ортидан яна ўса бошлаган. Вашингтондаги музокаралар чоғида делегациялар уни янада ошириш ва диверсификация қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда, шунингдек, инвестициялар, илғор технологиялар ҳамда америкалик ишлаб чиқарувчилар ва агробизнесни жалб қилиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасидаги такомиллашув бу йил Вашингтоннинг эътирофига сазовор бўлди.

Сентябр ойида АҚШнинг Халқаро меҳнат масалалари бюроси болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат воситасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг глобал рўйхатини янгилар экан, мажбурий меҳнат кўлами сезиларли даражада камайганини қайд этиб, Ўзбекистон пахта секторини рўйхатдан олиб ташлаган.

Вашингтон, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришда Тошкентга ёрдам беришга тайёр, бу билан мамлакат савдода энг кўп қулайлик режимига эга бўлиши мумкин.

15 та постсовет давлатдан фақат учтаси ЖСТга кирмаган: Беларус, Туркманистон ва Ўзбекистон.

Устуворликлар ўзгармоқда

Ўзбекистонда 1992 йилдан 2005 йилгача фаолият юритган Peace Corps – Тинчлик корпусининг мамлакатга қайтиш режаси сўнгги ҳафталарнинг энг умидбахш янгиликларидан бири бўлди.

Волонтерлик ташкилоти ўзининг қайтишига оид тафсилотларни ишлаб чиқмоқда, деб хабар берган ноябр ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник «Газета.уз» нашрига.

Тинчлик корпуси 2005 йилда инсон ҳуқуқларига оид баҳслардан сўнг Ўзбекистонни тарк этган эди.

Тинчлик корпуси кўнгиллилари таълим, атроф-муҳит (масалан, ичимлик сувини тозалаш), соғлиқни сақлаш (ОИТСга қарши кураш) ва кичик бизнес билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланган.

Ўзбекистонда «Тинчлик корпуси» фаолиятининг тикланаётгани жуда яхши сигнал, дейди тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назиров.

Internews ва Freedom House каби мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватловчи халқаро ташкилотлар ҳам қайтиши керак, деди у гендер муаммолари, бола ҳуқуқлари, мажбурий меҳнатга қарши кураш ва бошқа инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам шулар жумласидан эканлигини таъкидлаб.

«Ўзбекистон Россия ва Хитойга қарши мувозанатни сақлаш учун ривожланган Европа давлатлари, АҚШ ва Канада билан ҳамкорлик қилиши жуда муҳим», дейди Назиров. «Бу ҳақиқатан ҳам устувор бўлиши керак.»

Москва Ўзбекистонни иҳоталашга уринмоқда

Ўзбекистон ҳукумати ташқи савдони диверсификация қилиш, Россияни четлаб ўтадиган савдо ва транспорт йўналишларини йўлга қўйиш бўйича ҳам чоралар кўрмоқда, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти директори Алишер Илҳомов.

Ўзбекистон муқобил йўналишларни йўлга қўя бошлади, деди у ушбу жараённинг бир неча йил давом этишини таъкидлаб.

Россия Ўзбекистоннинг Шарқий Осиё, Ғарбий Европа ва Шимолий Американинг анча динамик иқтисодиётлари билан ҳамкорлик ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, унинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда.

Расмий статистик маълумотларга кўра, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистоннинг Россияга экспорти ҳажми 50 фоизга ошди. Кремлнинг Ғарб санкцияларидан қочишга ва Ўзбекистонни ўз шеригига айлантиришга уриниши – бу ўсишга ёрдам берган омиллардан бири бўлди.

«Москва бунинг учун ўз бизнесини бошқа давлатларга, биринчи навбатда Марказий Осиё ва Кавказортига кўчириш орқали ташқи савдони юритишга ҳаракат қилмоқда», деди Илҳомов.

Бу йил Россия «параллел савдо битимлари» орқали 20 миллиард долларлик товарлар импорт қилди, бу унга тақиқланган маҳсулотларни Ғарбдаги ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олган мамлакатлардан харид қилиш имконини беради.

«Москва Ўзбекистондан ҳам параллел импорт канали сифатида фойдаланаётган бўлиши мумкин», деди Илҳомов бундай битимларда иштирок этиш хавфи ҳақида огоҳлантириб.

«Савдо-сотиқдаги бу ўсиш Тошкентга фойда келтираётгани аниқ, лекин фақат қисқа муддатга», деди у. «Узоқ муддатли истиқболда эса бу мамлакат суверенитети асосларига путур етказади ва уни истиқболлироқ жаҳон бозорларидан тўсиб қўяди».

Диверсификация имкониятлари

(Феврал ойида) Украинада «махсус ҳарбий амалиёт» бошлаганидан бери бир неча бор муваффақиятсизликка учраган Россия энди Марказий Осиё жандарми сифатидаги амбицияларини қондира олмайди, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Нигора Ҳидоятова.

Шу сабабли ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ғарбнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож, дейди у.

«Шу сабабли бу жараённи жонлантириш учун шошилинч чоралар кўриш зарур. Улар Стратегик шериклик мулоқотида ўз ифодасини топган», деди у. «Ўзбекистон ҳукумати ҳатто Тинчлик корпусини янгидан қарши олишга тайёр ва бу Қўшма Штатлар ва унинг минтақадаги таъсирининг тикланишида муҳим аҳамиятга эга».

Ўзбекистон бозорида диверсификация имкониятлари бор, чунки ҳозирда Россия ва Беларус Ўзбекистон деярли барча импортини таъминламоқда, деди Назиров.

Шу сабабли Тошкент учун Европа, Шарқий Осиё, жумладан, Япония ва Жанубий Корея ва, албатта, АҚШ билан савдо-сотиқни кенгайтириш жуда муҳим, деди у.

Ушбу мақсадга эришиш учун эркин савдо зоналари ёки савдода энг кўп қулайлик режимини яратиш керак, деб қўшимча қилди у.

Аммо бундан аввал Ўзбекистон янада мослашувчан божхона сиёсатини яратиши, божхона тўловларини камайтириши ва Европа, Шимолий Америка ва Шарқий Осиёнинг замонавий товарларига ўз бозорини очиши керак, деб қўшимча қилди Назиров.

«Шундай вариантларни кўриб чиқиш зарур, чунки Кремл илгари сураётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи [ЕОИИ ёки ЕОИҲ] Ўзбекистон учун бўйинтуруқдек гап», дейди Назиров.

Россия ЕОИИга аъзо бўлиши учун Ўзбекистонга босим ўтказишда давом этмоқда. Мамлакат шу кунгача ташкилотга тўлақонли аъзоликдан бош тортиб келган. ЕОИИга Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500