КИЕВ – Россиянинг дунё бўйлаб Вагнер гуруҳини қўллаб-қувватлаши ва ундан фойдаланиши Кремл учун бевосита таҳдиддир, чунки халқаро ҳамжамият Россияни терроризм ҳомийси сифатида кўра бошламоқда, дейди кузатувчилар.
Россиянинг Вагнер гуруҳи ёлланма аскарларнинг яширин гуруҳидан Украина, Яқин Шарқ ва Африкада очиқ фаолият юритувчи жиноий гуруҳга айланди.
Таҳлилчиларга кўра, ушбу эврилиш ортида шахсан Россия президенти Владимир Путин турибди, зеро у ўзининг яқин дўсти Евгений Пригожин орқали жангариларнинг вазифаларини белгилаб беради.
Путин хусусий ёлланма ширкатнинг юзи бўлган Пригожин орқали инкор этиш ниқоби остида бутун дунё бўйлаб ўз мақсадларини амалга ошира олади.
«Ҳаммаси Путин атрофида айланади», дейди 2005-2010 йилларда Украина ташқи разведка хизматига раҳбарлик қилган хавфсизлик бўйича эксперт Николай Маломуж.
«Бундан 5-6 йил аввал Путин Совет Иттифоқи ҳукмронлик қилган позицияларни тиклаш стратегиясини танлади. Яъни, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Араб Шарқи ва Африка қитъасида», деди у. «У мазкур ҳудудларни СССРнинг вориси бўлмиш Россияга тегишли таъсир зоналари деб ҳисобларди, лекин у ерда ҳақиқий сиёсий таъсир бўлмаган».
«Путиннинг цивилизациялашган тарзда киришга имкони йўқ эди», деди Маломуж. «Масалан, Хитой доимий равишда сармоя киритиб, африкаликлар билан қўшма лойиҳалар яратди. ЕИ [Европа Иттифоқи], Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар ҳам шундай қилди.»
«Путин эса бошқа йўлни танлади.»
Кремлнинг қуроли
Вагнер гуруҳи илк марта 2014 йилда Россия Қримни Украинадан ноқонуний равишда аннексия қилганида пайдо бўлган, ўшанда ҳеч қандай белгиларга эга бўлмаган «яшил одамчалар» ишғолда асосий ролни ўйнаган.
2015 йилда Россия ҳарбийлари Сурия етакчиси Башар Асадни қўллаб-қувватлаб жанг қилаётганида Вагнер ёлланма аскарлари Сурияга кириб келган эди.
«Бу Россиянинг учинчи дунё мамлакатларида ўз таъсирини тиклаши билан боғлиқ илк ҳолат эди», дейди Маломуж.
«Шубҳасиз, Сурияда очиқ уруш кетаётган эди, аммо вагнерчилар у ерда махсус топшириқларни бажариб, муваффақиятга эришдилар. Мен қўпорувчилик ҳаракатлари ҳақида гапиряпман. Мен Асадни танқид қилган турли сиёсий раҳбарларга, исёнчиларга ва ҳатто АҚШ тарафдорларига қарши уюштирилган террорчилик ҳаракатларини назарда тутяпман».
«Путин Асаднинг ўз лавозимида қолиши имкониятига аниқ натижа сифатида қаради, шунинг учун Россия бошқа мамлакатларда ҳам худди шундай усуллардан фойдалана бошлади», деди у.
Ўшандан бери ёлланма аскарлар Россия учун стратегик аҳамиятга эга бошқа қайноқ нуқталарда, улардан энг машҳурлари Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали, Ливия, Чад, Судан, Мозамбик ва Венесуэлада пайдо бўлди.
Ниҳоят, сентябр ойида Пригожин гуруҳга раҳбарлик қилишини ва унинг сафларини тўлдириш учун қамоқхоналардан ашаддий жиноятчиларни ёллашини тан олди.
Гуруҳ сафининг кенгайиб бориши ва ёлланма аскарлар эса асосан Россиянинг Украинадаги уруши билан машғул бўлгани сабабли, унинг тактикаси шафқатсизроқ тус ола бошлади.
Вагнер ёлланма аскарлари қийноққа солиш, зўрлаш, товламачилик, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва бошқа ваҳшийликларда айбланмоқда.
Декабр ойи бошида АҚШ қонун чиқарувчилари Вагнер гуруҳини террорчилик ташкилоти деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди. Ҳужжатда жангариларнинг жиноятлари, жумладан, 2022 йилнинг март ойида Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳолини қийноққа солиш, шунингдек, Мали, Судан ва МАРда содир этилган шу каби жиноятлар санаб ўтилган.
«Вагнер гуруҳи, шунингдек, журналистларни ўлдирган ва уларга таҳдид қилган, болаларни ўғирлаган, тинч аҳолига қарши асабни шикастлантирувчи воситаларни қўллаган, қийноққа солиш, аёллар ва болаларни зўрлаш, уларни жинсий мақсадда сотишга аралашган», дейилади қонун лойиҳаси эълон қилинган баёнотда.
29 декабр куни Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш лойиҳаси (OCCRP) Пригожинни «Йил одами» деб эълон қилди.
«Баъзида Вагнер ва Россия раҳбарияти ўртасини ажратиш жуда мушкул. Гуруҳ Россия ҳарбий разведка идораси – ГРУга алоқадор деб кўрилади ва унинг қатор миссиялари Кремл манфаатларига хизмат қилади», дейилади OCCRP баёнотида.
АҚШ Вагнерга нисбатан 2017 йилдан бери санкциялар қўллаб келади. 2018 йилда АҚШ давлат департаменти Пригожин ва унга алоқадор ташкилотларни, жумладан Вагнер гуруҳини Россия мудофааси ёки разведка секторининг бир қисми ёки унга ишлайдиган ёхуд унинг номидан фаолият олиб борадиган шахслар рўйхатига киритган.
Россиянинг ИДга ўхшашлиги
Путиннинг сиёсий мақсадлари билан биргаликда Вагнер гуруҳи Пригожиннинг жиноий тижорий манфаатларини кўзлайди.
Масалан, МАР ва Суданда жангарилар олтин ва олмос конлари назоратини қўлга олишмоқда.
OCCRP хабарига кўра, «улар бойлик ёки шуҳрат учун курашишидан қатъий назар, гуруҳнинг ваҳшийлигига шубҳа йўқ.»
«Вагнер жангарилари қаерга борса инсон ҳуқуқлари поймол бўлади», дейилади унда. «Суриядан Камерунгача, Сомалидан Малигача улар зўравонлик, талончилик, қотиллик ва қийноқларда айбланган.»
«Украинада ҳам худди шундай. Вагнер жангчилари тураржой мавзеларини бетартиб ўққа тутишдан ташқари, урушнинг дастлабки кунларида Киев яқинида тинч аҳолини қатл қилишда айбланган», деб хабар берган OCCRP.
«Зўрлаш, одам савдоси, шантаж, одам ўғирлаш, қирғин, қийноқлар, табиий бойликларни тортиб олиш, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш, ноқонуний қурол савдоси – булар гуруҳга қўйилган, кўплаб далиллар билан тасдиқланган айбловларнинг бир қисми, холос», дейди Киевдаги Монополияга қарши лига асосчиси, адвокат Агия Загребелска.
Ўз ҳаракати ва тактикаси билан Вагнер жангарилари террор йўли билан бутун минтақани талон-тарож қилиш, ўлдириш ва беқарорлаштириш билан шуғулланган Ислом давлати (ИД) жангариларга ўхшаб кетади, деди у.
«Умуман олиб қараганда, унинг хатти-ҳаракатлари ИДникига жуда ўхшаш. Ягона фарқ шуки, ИД душман муҳитида ҳаракат қилар эди. Аммо Вагнер манипуляция, ташвиқот ва коррупциялашган ҳукмдорлар билан ноқонуний келишувлар орқали мамлакатда тўлиқ ваколатлар олиб, уни вассалга айлантиради.»
Россия давлат сифатида обрўсизланди
Ёлланма аскарларнинг Кремл билан алоқаси Россияни халқаро майдондаги обрўсига путур етказди, дейди таҳлилчилар.
«Аслида Вагнер Кремлни жиддий тарзда обрўсизлантирмоқда», дейди ҳозирда Украина армиясида хизмат қилаётган киевлик сиёсатшунос Юрий Атанов. «Фақат расмий давлат тузилмалари қуролланиш ҳуқуқига эга. Агар Россия (қувғиндаги) жангчиларни қўллаб-қувватлашни бошласа, у ўзини давлат сифатида обрўсизлантиради.»
«Нима сабабдан Пригожин маҳбусларни ёлламоқда?» деб айтган у. «Ваҳшийлик, даҳшатли тактикалар ёрдамида мақсадларга тезроқ эришиш учун. Ахир бундай жиноятларни фақат тубан одамлар қилиши мумкин. Улар чегара нималигини билмайди.»
«Шу боис ҳам Вагнердан урушни шундай усуллар билан олиб боришда фойдаланилмоқда», деб айтган Атаханов. «Улар умуман аскар эмас. Улар Женева конвенцияларини қўпол тарзда бузиб ҳаракат қилишяпти. Аммо бу жиноятларнинг барчаси Россия фалокатини шубҳасиз яқинлаштиради.»
«Энг катта савол – трибунал қачон бошланади. Душман жиноят жазосиз қолади, деб ишониши мумкин, аммо бу сохта ҳиссиёт. Эртами-кечми адолат қарор топади», деб қўшимча қилган у.
Загребелска Вагнер гуруҳини террорчи ташкилот сифатида тан олиш ҳаракатини олқишлади, чунки бу «гуруҳнинг қурол бозорига киришини ва дунё билан савдо алоқаларини ўрнатишни қийинлаштиради».
«Бу ҳаракат гуруҳнинг бошқа давлатларидаги ҳозирлигини чеклайди ва таъсирини камайтиради», деб айтган у. «Бундан ташқари, у Вагнер мавжуд бўлган Африка ва Яқин Шарқдаги мамлакатларни гуруҳ таъсирини ва у билан ўзаро муносабатларини чеклашга ундаш учун ҳуқуқий асос яратади».
Вагнернинг террорчилик гуруҳи деб топилиши бутун бошли Россия режимини терроризм ҳомийси деб эълон қилиш учун йўл очади.
«Агар Вагнер ХҲК давлат ҳомийлигида ҳаракат қилаётган, ҳукумат идораларига интеграциялашган ва энг муҳими юқоридан бошқарилаётган бўлса, у ҳолда ҳукумат етакчиларининг халқаро саҳнадаги фаолияти «террорчилик ҳаракатларини ташкиллаштириш» деб топилиши мумкин, дейди Маломуж.
«Бу албатта Путиннинг позициясини заифлаштиради», деб қўшимча қилди у Россиянинг терроризм ҳомийси сифатида номланганига ишора қилиб.