Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистон нашрлари Россиянинг Украинадаги уруш ҳақидаги материалларни олиб ташлаш талабини рад этмоқда

Канат Алтинбаев

Қозоғистоннинг Arbat Media янгиликлар сайти ноябр ўрталарида Роскомнадзорнинг таҳдидлари ҳақида хабар берган. Ўшанда Роскомнадзор ўз ғазабини сентябр ойида «Россиялик босқинчилар Харков вилоятида мағлубиятга учради, аммо буни тан олишни истамаяпти» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага йўналтирган эди.

Қозоғистоннинг Arbat Media янгиликлар сайти ноябр ўрталарида Роскомнадзорнинг таҳдидлари ҳақида хабар берган. Ўшанда Роскомнадзор ўз ғазабини сентябр ойида «Россиялик босқинчилар Харков вилоятида мағлубиятга учради, аммо буни тан олишни истамаяпти» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага йўналтирган эди.

ОЛМАОТА – Россиянинг ОАВ фаолиятини тартибга солувчи органи Роскомнадзор қўшни Қозоғистондаги оммавий ахборот воситаларидан Украинадаги уруш ҳақидаги мақолаларни ўчириб ташлашни талаб қилиб, ўзининг қатъий цензура сиёсатини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари бу талабларга бўйсунишдан қатъиян бош тортган.

Informburo.kz янгиликлар порталининг 15 декабр куни хабар беришича, таҳририятга йўллаган мактубида Роскомнадзор Украинадаги вазият бўйича 20 ноябр кунги сводкани ўчириб ташлашни талаб қилган, агар бу талаб бажарилмаса, Россияда сайтга киришни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Informburo.kz «бу талабни бажармаслигини», у Қозоғистондаги янгиликлар сайти эканлиги ва «унинг фаолияти Қозоғистон қонунлари билан тартибга солинишини» айтган.

15 декабр куни Informburo.kz янгиликлар сайти таҳририяти Украинадаги вазият бўйича 20 ноябрдаги кунлик маълумотни ўчириб ташлашни талаб қилиб, агар бу талаб қондирилмаса, Россияда сайтга киришни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилинган «Роскомнадзор» хатини олган.

15 декабр куни Informburo.kz янгиликлар сайти таҳририяти Украинадаги вазият бўйича 20 ноябрдаги кунлик маълумотни ўчириб ташлашни талаб қилиб, агар бу талаб қондирилмаса, Россияда сайтга киришни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилинган «Роскомнадзор» хатини олган.

Кунлик сводкада Informburo.kz ҳам, Украина, ҳам Россиянинг расмий хабарларини объектив равишда бирлаштириб, фронтдан олинган янгиликларни улашади.

Икки кун аввал мустақил «Власть» янгиликлар сайти ҳам Россия ОАВ регулятори тарафидан ҳам босимга учрагани ҳақида хабар берган эди.

«Роскомнадзор Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги хабарларни сайтимиздан ўчириб ташлашни талаб қилиб, таҳририятимизга қатор билдиришномалар юборди ва агар бу талабга риоя қилмасак, Россияда веб-сайтни блоклаш билан таҳдид қилди», деб ёзди «Власть».

«Власть» таҳририяти Россия агентлигининг талабларини бажариш ниятида эмас, деб қўшимча қилди у.

Хусусан, Роскомнадзор «Власть»дан Украинанинг Винница шаҳрига уюштирилган Россиянинг ракета ҳужуми ўнлаб аҳолининг ҳаётига зомин бўлгани ҳақидаги хабарни ҳамда бир неча ой давомида рус қўшинларининг қамалида бўлган Мариуполда ўлган тинч аҳоли сони ҳақидаги ҳисоботни ўчириб ташлашни талаб қилган.

Шунингдек, Россия ОАВ фаолиятини назорат қилувчи ташкилот «Власть» нашрини Россияда «махсус ҳарбий операция» деб ҳисобланадиган уруш ҳақидаги маълумотни тарқатгани учун блокланган бошқа минглаб веб-сайтлар қатори «тақиқланган маълумотларни тарқатувчи веб-сайтларнинг ягона реестрига» киритиш билан таҳдид қилган.

«Таҳририят бу ёки Украинадаги уруш ҳақидаги бошқа хабарларни ўчириш ниятида эмас ва ҳарбий цензура учун масъул бўлган Россия агентлиги қандай фикрда эканлигидан қатъи назар, уни ёритишда давом этади», деб ёзади «Власть».

Бошқа хатлар

Роскомнадзор ноябр ойи ўрталарида Қозоғистоннинг бошқа бир янгиликлар сайти «Арбат Медиа»га ҳам таҳдид қилган.

Ўшанда Роскомнадзор сентябр ойида чоп этилган «Харковда Россия босқинчилари мағлубиятга учрамоқда, аммо буни тан олишни истамаяпти» деб номланган мақоладан ғазабланган эди.

«Бу биз учун шараф», деб ёзган «Арбат Медиа» бош муҳаррири Facebook тармоғида. «Сизлардан яна мактублар кутамиз, йигитлар».

Нашр Роскомнадзорнинг «бундай провокацияларига таслим бўлмайди», деб ёзган у.

Россиянинг цензура органи ёз ойларида Қозоғистоннинг мустақил Ratel.kz веб сайтини ҳам фаол нишонга олган эди.

Роскомнадзор Россия бош прокурорининг талабларини инобатга олган ҳолда Қозоғистон интернет-провайдери ва Ratel.kz таҳририяти билан боғланиб, Россиядаги сўровлар натижаларига кўра Украинадаги урушнинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақидаги маълумотларга шубҳа туғдирувчи материалларни ўчиришни буюрди.

Роскомнадзор, агар веб-сайт мақолани бир кун ичида ўчириб ташламаса, қозоғистонлик провайдердан Ratel.kz веб сайтини блоклашини талаб қилди. Сайт муҳаррирлари бу хатти-ҳаракатларни ноқонуний деб топишган.

«Афтидан, Роскомнадзор Қозоғистонни аслида Россиянинг бир вилояти бўлган «сунъий давлат» ва Россиянинг қонунлари қозоғистонликларга ҳам тааллуқли деб ҳисоблаган ҳолда иш тутган», деб ёзади Ratel.kz веб сайти бош муҳаррири Марат Асипов.

Бу хатти-ҳаракатлар «Қозоғистоннинг ички ишларига аралашиш ҳисобланади», деб айтган у Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигини «бу норозиликка жавоб бериш ва Роскомнадзорга қозоғистонликлар Қозоғистон қонунларига бўйсунишини эслатиб қўйишга» чақириб.

«Бу бемаънилик»

Қозоғистон ОАВ ҳамжамияти Россия цензурасининг хорижий оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш кампаниясига ишонмайди ва танқид қилади.

Роскомнадзорнинг Қозоғистон ОАВга қарши ҳаракатлари ҳеч қандай асосга эга эмас, деб айтган «Адил Сўз» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро фондининг собиқ президенти Тамара Калеева Карвонсарой нашрига.

«Бу бемаънилик. Россия органи Қозоғистон ОАВга хабарни ўчиришга буйруқ беришга, бирор нарса талаб қилишга ҳаққи йўқ», деб айтган Калеева.

Бу ҳолат «бутун Россия ҳукумати ақлдан озганини» кўрсатади, дейди Ratel.kz газетасига мақола ёзган олмаоталик иқтисодчи Жарас Ахметов YouTube тармоғидаги Гиперборей каналига берган интервьюсида Роскомнадзорнинг қарори ҳақида фикр билдириб.

«Улар ўз хоҳиши билан ақлдан озишган, шунинг учун ҳам уларни боғлаб қолганлардан ажратиб қўйиш керак», деб айтган Ахметов.

Бу ҳаракат Россия Қозоғистонни мустақил давлат эмас, балки ўзининг бир қисми деб қабул қилишини кўрсатади, деб айтган «Время» газетасининг собиқ муҳаррири Вадим Борейко.

«Гарчи [Россия ҳукумати] Қозоғистон суверенитетини шубҳа остига қўйган Жириновский каби сиёсатчиларни рад этган бўлса-да, 30 йилдан кейин ҳам улар бизга шундай муносабатда қолишмоқда», дейди Борейко Карвонсаройга 2022 йилда вафот этган Давлат Думаси депутати Владимир Жириновскийни назарда тутиб.

«Улар империалистик маслакларидан воз кечишмаган», деб айтган у.

Ташвиқотга қаршилик қилиш

Роскомнадзор ва Қозоғистон ОАВ ўртасидаги қаршилик қозоғистонлик журналистлар Россия ташвиқотига қарши курашаётган бир пайтда юзага чиқмоқда.

Қозоғистон ОАВ Украинадаги урушни объектив тарзда ёритмоқда, низонинг икки томонидан ҳам маълумот бермоқда.

Аммо уларнинг саъй-ҳаракатларига Қозоғистонда ҳам эфирга узатиладиган Россияга тегишли телеканаллар орқали ҳар куни тарқатилаётган Россия ташвиқоти ҳалақит бермоқда. Бу каналларнинг ҳозирги кун тартиби – Украинага ҳужумни оқлаш.

«Уралская Неделя» газетасининг собиқ бош муҳаррири Лукпан Ахмедяров Россия ташвиқотига қарши фаол курашиб келади.

Қозоғистон Россиянинг ахборот таъсирига, айниқса маҳаллий ОАВ маконида тўлиб-тошиб кетган Кремл ташвиқотига қаршилик қилиши керак, деб айтган у.

«Юртимизда сохта ташвиқотни кўриб, унга ишонувчи одамлар талайгина», деб айтган Ахмедяров Карвонсаройга.

«Биз қозогистонлик журналистларнинг вазифаси уларга ҳақиқий вазиятни кўришлари учун бошқа маълумотларни тақдим этиш.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоқлар!!! Роскомнадзорга айтинглар, БУТУН ДУНЁ биладиган жойга борсин!!! Ўша жойга!!! УКРАИНАга фашистлар Россияси устидан ғалаба тилайман!!!

Жавоб бериш

Қозоғистонда Россия телевидениеси тақиқланиши керак

Жавоб бериш