Карвонсарой
Атроф-муҳит

Украина экологияси – Россия босқинининг яна бир қурбони

Олга Чепил

Суратда: Украинада экзотик уй ҳайвонларининг ноқонуний савдосидан омон қолган Киара исмли урғочи қора пантеранинг олти ойлик боласи. У 27 декабр куни Франциянинг Лион шаҳри яқинидаги Сен-Мартен-ла-Плен ҳайвонот боғидаги ёввойи ҳайвонлар бошпанасига олиб келинган. [Оливер Чассингол/AFP]

Суратда: Украинада экзотик уй ҳайвонларининг ноқонуний савдосидан омон қолган Киара исмли урғочи қора пантеранинг олти ойлик боласи. У 27 декабр куни Франциянинг Лион шаҳри яқинидаги Сен-Мартен-ла-Плен ҳайвонот боғидаги ёввойи ҳайвонлар бошпанасига олиб келинган. [Оливер Чассингол/AFP]

КИЕВ – Россиянинг Украинага босқини урушнинг яна бир қурбонига айланган экологияга ҳалокатли таъсир кўрсатди, дейди таҳлилчи ва расмийлар.

«Россия томонидан Украина экологиясига етказилган зарар 35,3 миллиард долларга баҳоланмоқда», деб ёзган Украина мудофаа вазири Олексий Резников 2 январ куни ўз Твиттерида.

«Миллионлаб гектар табиат қўриқхоналари хавф остида. Женева конвенцияларининг 55-моддаси... репрессия йўли билан атроф-муҳитга қарши уруш олиб боришни тақиқлайди, лекин Россия бунга парво қилмаяпти», деб қўшимча қилди у.

Украина президенти Владимир Зеленский 13 декабр куни Янги Зеландия парламентига қилган мурожаатида Украинанинг 174 минг квадрат километр майдони миналар ва портламай қолган ўқ-дорилар билан ифлослангани, «жанговар ҳаракатлардан Украинада уч миллион гектар ўрмон зарарланганини» айтди, дейилади унинг расмий сайтида.

Украинанинг Лвов шаҳрида қутқарилган ҳайвонлар бошпанасидаги тулкилар, ўтган йилнинг 26 марти. Менежер Орест Залипскийнинг ҳисоб-китобига кўра, уруш бошланганидан бери бошпана мигрантлар ва мамлакат шарқининг «қайноқ нуқталари»даги бошпаналардан 1500 та ҳайвонларни қабул қилган. [Алексей Филиппов/AFP]

Украинанинг Лвов шаҳрида қутқарилган ҳайвонлар бошпанасидаги тулкилар, ўтган йилнинг 26 марти. Менежер Орест Залипскийнинг ҳисоб-китобига кўра, уруш бошланганидан бери бошпана мигрантлар ва мамлакат шарқининг «қайноқ нуқталари»даги бошпаналардан 1500 та ҳайвонларни қабул қилган. [Алексей Филиппов/AFP]

«Ўнлаб дарёлар ифлосланган. Юзлаб кўмир шахталарини сув босган. Россия зарбалари натижасида ўнлаб энг хавфли, жумладан, кимёвий корхоналар вайрон бўлган», деди у.

«Вайрон қилинган иқтисодиёт ва инфратузилмани қайта тиклаш мумкин. Бунинг учун йиллар керак. Вайрон бўлган табиатни эса тиклаб бўлмайди, вайрон бўлган ҳаётни тиклаб бўлмагани каби».

2022 йил февралда Россия босқини бошланганидан бери можаро зоналари яқинидаги ҳудудлар экологик офат ўчоқларига айланган.

Мисол учун, Қора денгизда аномал сондаги делфинлар нобуд бўлган.

«Биз ҳозирча бунинг сабабини тўлиқ тушунганимиз йўқ», дейди Карвонсаройга берган интервьюсида «Экодия» экологик ташаббуслар маркази ижрочи директори Наталя Гозак.

Унинг айтишича, 800-900 га яқин делфин нобуд бўлган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўп.

«Бу урушнинг таъсири эканлигини аниқ.»

Одесса вилояти бош прокурори Сергей Костенконинг сўзларига кўра, делфинларнинг ғайритабиий хатти-ҳаракатлари Руминия, Болгария ва Туркия қирғоқлари яқинида ҳам кузатилган.

«Мутахассислар ҳайвонларнинг жасадларини ёриб, зарурий тана тўқималарини олишди», деди Костенко 21 декабр куни Одессадаги матбуот анжуманида.

«Ҳозирда бу материаллар Германия ва Италиянинг ихтисослаштирилган илмий муассасаларида ўлим сабабини аниқлаш мақсадида ўрганилмоқда, бироқ ўрганишларнинг асосий хулосаси – акустик травма», деди Костенко.

Делфинлар – урушдан зарар кўрган ягона жонзот тури эмас.

Экологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, босқин туфайли 10 миллиондан ортиқ жониворлар нобуд бўлган, 80 га яқин ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида.

Ваҳшийлик

Вайронагарчиликлар Украинадаги ҳайвонот боғлари ва қўриқхоналарни ҳам четлаб ўтмади.

«Русларнинг қадами теккан ҳайвонот боғларидаги жониворларни кўриш – даҳшат», дейди Украинадаги энг йирик ва таниқли ҳайвонот боғларидан бири бўлмиш Харков ҳайвонот боғининг вайрон қилингани ҳақидаги ҳужжатли филмни якунлаётган украиналик сценарийнавис Виктория Самойлова Карвонсаройга.

140 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ва 2000 га яқин жонивор, жумладан йирик йиртқичлар, судралиб юрувчилар ва маймунлар сақланадиган ҳайвонот боғи кенг кўламли босқиннинг дастлабки кунлариданоқ Россия зарбаларига учраган.

«Улар бу ҳайвонот боғини йўқ қилишди. Уни бутунлай вайрон қилиб ташлашди. Барча коммуникациялар вайрон бўлган, иссиқлик таъминоти, ҳеч нарса қолмаган, ҳайвонлар совуқдан ўла бошлаган», дейди Самойлова.

«Иссиқни жуда яхши кўрадиган мартишкалар совуқда қолиб нобуд бўлишган.»

«Стресс туфайли ҳам кўп ҳайвонлар нобуд бўлган, масалан, юраги ёрилиб ўлган кенгуру. Уни бомба товуши қўрқитиб юборган», деб қўшимча қилди у.

«Ҳужжатли филмни суратга олаётганимизда ўлиб ётган хўтикча ва йўлбарс болачаларини кўрдик.»

«Буларнинг бари кишида чуқур ва ўчмас из қолдиради», деди у.

«Қимматбаҳо табиий ҳудудлар вайрон қилинмоқда», дейди «Экодия» ижрочи директори Гозак.

«Айни пайтда умумий ҳисобда 20 га яқин табиий қўриқхона ҳудудлари вайрон бўлган... ҳайвонларнинг алоҳида турлари ҳам йўқ қилинмоқда. Аммо биз бунинг оқибатлари янада кескинроқ бўлиши мумкинлигини тушунамиз – ҳозирча бизда тўлиқ маълумотлар йўқ», дейди у.

«Ҳамкасбларимнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда босиб олинган ҳудудларда бойчечак ёки ноёб лолалар каби 20 га яқин турдаги қўриқланадиган ноёб ўсимликлар жабрланиши мумкин. Агар уларнинг устидан техника босиб ўтган бўлса, ёки ўққа тутишлар амалга оширилган бўлса, уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолади», деди Гозак.

Уруш ўсимликлар ва ҳайвонларни йўқ қилибгина қолмай, ҳаво ва тупроқнинг ҳолатига ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда, деб қўшимча қилди у.

«Ҳаво – аслида энг катта муаммолардан бири. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазирлиги методологиясига кўра, ифлосланган ҳаво туфайли кўрилган зарар табиий ресурсларга оид барча талафотларимизнинг учдан икки қисмини ташкил қилади – агар бунга молиявий нуқтаи назардан қаралса», деди Гозак.

«Агар энг узоқ муддатли оқибатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар, албатта, тупроқ билан боғлиқ. Снаряд ва миналар тупроқни оғир металлар билан ифлослантиради, улар кўп йиллар давомида ўша ерда қолади.»

«Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, бу барча қишлоқ хўжалиги ерларининг 30-34 фоизига таъсир кўрсатган. Бу ерлар ё эгаллаб олинган ёки жанговар ҳудудда жойлашган. Бу энг сезиларли оқибатлардан бири», деди Гозак.

«Буларнинг бари келажак авлодларни бу заминда яшашни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилмоқда», деди у.

Репарациялар

Украина мамлакат экологиясини тиклаш учун репарациялар талаб қилиши керак, дейди кузатувчилар.

«Россиянинг тажовузкор уруши Украина экологиясини [1986 йилги] Чернобил АЭСидаги авария билан таққосласа бўладиган даражада вайрон қилди», дейди Украина фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси директори, ҳуқуқ фаоли Эдуард Багиров Карвонсаройга.

«Шундай экан, Россия атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаши керак. Бу камида 50–60 миллиард долларни ташкил қилади – энг камида», дейди Багиров.

«Биз экологиямизни қисқа вақт ичида тўлиқ тиклай олмаймиз. Балки 10-15 йил ичида 70% тиклармиз. Лекин бутун жараён камида ярим аср давом этади. Бу қанчага чўзилишини бир ўйлаб кўринг – бу ҳақда ҳозирданоқ ўйлашимиз керак», деди у.

«Руслар йўқ қила олмаган нарсасини ўғирлаб кетишни истайди. Херсондан қочган россиялик аскарлар ҳайвонот боғидан енот ўғирлаганини эслайсизми? Бу анъанавий рус айиғининг белгиси: ўлжани судраб, инига олиб бориш. Улар айнан шундай қилишади».

«Биз эса бу айиқни енгганимиздан сўнг, Украинанинг экологик ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилишимиз ҳамда фарзандларимиз ва набираларимизга муносиб экологик шароитда яшаш имконини берадиган чораларни ишлаб чиқишимиз керак», деди Багиров.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500