Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Тинч аҳолига қаратилган мақсадли ҳужумлар россиялик қўмондонларни ҳарбий жиноятчи қилиб кўрсатмоқда

Олга Чепил

Ўтган йилнинг 11 апрелида Россиянинг Украинага босқини вақтида Киев яқинидаги Андреевкадаги уйи олдида дафн этилган фуқаронинг эксгумация қилинган жасади ёнида ҳужжат тўлдираётган украиналик полициячи. [Сергей Супинский/AFP]

Ўтган йилнинг 11 апрелида Россиянинг Украинага босқини вақтида Киев яқинидаги Андреевкадаги уйи олдида дафн этилган фуқаронинг эксгумация қилинган жасади ёнида ҳужжат тўлдираётган украиналик полициячи. [Сергей Супинский/AFP]

КИЕВ – Россия қўшинларининг Украинадаги тинч аҳолини қийноққа солиши ва ўлдириши, шунингдек ноҳарбий инфратузилмани ўққа тутиши Кремл томонидан маъқулланган тактика бўлиб, Суриядаги худди шундай хатти-ҳаракатлардан сўнг амалга оширилган ва уруш қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ якка ҳолатлар эмас, дейди таҳлилчилар.

Бундай буйруқларни ижро этишга Россия генераллари масъул, дейди улар.

«Бу генераллар Украина армияси билан эмас, балки тинч аҳоли билан жанг қилмоқда», дейди Россия Фанлар академияси Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директорининг ўринбосари, киевлик Сергей Данилов,

Ўтган сешанба (3 январ) куни Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) икки нафар россиялик ҳарбий қўмондонга нисбатан фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутгани учун сиртдан айблов эълон қилди, булар: генерал-полковник Сергей Кобилаш ва адмирал Игор Осипов.

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг сўзларига кўра, озод қилинган Херсонда тўққизта қийноқ камераси топилган. Ўтган йилнинг 24 ноябрида чоп этилган сурат. [Украина бош прокуратураси]

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг сўзларига кўра, озод қилинган Херсонда тўққизта қийноқ камераси топилган. Ўтган йилнинг 24 ноябрида чоп этилган сурат. [Украина бош прокуратураси]

Россиялик генераллар ва Давлат думаси аъзолари ўтган йилнинг 21 декабрида Москвада Россия мудофаа вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этишмоқда. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

Россиялик генераллар ва Давлат думаси аъзолари ўтган йилнинг 21 декабрида Москвада Россия мудофаа вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этишмоқда. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

Ўтган йилнинг 23 мартида Украинанинг Мариупол шаҳрида ўлдирилган юқори мартабали россиялик капитаннинг дафн маросими, Қримнинг Севастопол шаҳри. [ТАСС]

Ўтган йилнинг 23 мартида Украинанинг Мариупол шаҳрида ўлдирилган юқори мартабали россиялик капитаннинг дафн маросими, Қримнинг Севастопол шаҳри. [ТАСС]

Кобилаш Россия ҳаво-космик кучларининг узоқ масофали авиация бўлимига қўмондонлик қилади, Осипов эса Россия Қора денгиз флотининг собиқ қўмондони.

«Текширув давомида СБУ кенг кўламли босқин бошланганидан бери Сергей Кобилаш Россия олий ҳарбий ва сиёсий раҳбариятининг Украина шаҳарларини вайрон қилишга оид кўрсатмаларини бажариб келганини аниқлади», дейилади хабарда.

«Айнан унинг буйруғи билан россиялик босқинчилар Украинанинг турли минтақаларидаги кўп қаватли уйлар, шифохоналар ва муҳим инфратузилма объектларига йирик ракета ҳужумларини амалга оширмоқда», дейилади СБУ хабарида.

Унда айтилишича, 2022 йилнинг 24 февралидан 10 августига қадар Осипов «Қора денгиздан Украинанинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларига тизимли ракета зарбаларини амалга оширишга буйруқ берган».

«Бундай жиноятлар учун максимал жазо умрбод қамоқдир», деб қўшимча қилди у.

«Стратегик ва уюшган шафқатсизлик»

Аввалроқ СБУ Россия босқинининг бошида Киевни эгаллашга уринган бўлинмаларга раҳбарлик қилган бошқа Россия армияси қўмондони, генерал-полковник Александр Чайкога нисбатан сиртдан судгача терговни якунлаган эди.

Гувоҳлар, ҳуқуқбон ташкилотлари ва Украина расмийларига кўра, Россия аскарлари унинг раҳбарлигида Киев вилоятида тинч аҳолига қарши юзлаб ҳарбий жиноятлар, жумладан, қотиллик ва қийноқлар содир этган.

Чайконинг иши сиртдан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Октябр ойи охирида эълон қилинган Associated Press cуриштирувида айтилишича, Киев вилоятида тинч аҳолига қарши кенг кўламли жиноятлар – аскарларнинг ўзбошимча хатти-ҳаракатлари эмас.

Аксинча, улар «стратегик ва уюшган шафқатсизлик бўлиб, Россиянинг қатъий назорати остидаги ва ҳарбий офицерлар, жумладан Чайконинг ўзи ҳам бўлган ҳудудларда содир этилган», дейилади унда.

Россиянинг Украинага босқинида иштирок этишдан аввал Чайко Суриядаги бўлинмаларга раҳбарлик қилган, дастлаб ўша мамлакатдаги Россия кучлари бош штаб бошлиғи ва қўмондонининг биринчи ўринбосари, кейин эса қўмондон ролини ўз зиммасига олган.

Сурияда хизмат қилган бошқа россиялик ҳарбийлар ҳам уруш қоидалари ва анъаналарини бузганликда айбланмоқда.

Улар орасида «Ҳалаб қассоби» лақаби билан танилган, Россиянинг Украинадаги кучлари собиқ қўмондони Александр Дворников ва ҳозирда Россиянинг Украинадаги қўмондони Сергей Суровикин ҳам бор.

2003-2008 йилларда Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасини бошқарган Александр Халаканинг айтишича, «улар Сурияда тинч аҳолини қириб ташлаш билан ўзини кўрсатган».

«Улар Украинада, жумладан, Буча ва бошқа шаҳарларда тинч аҳолини қириш билан ҳам ном қозонди», деди у. «Улар Сурияда нима қилишган бўлса, Украинада ҳам худди шуни қилишда давом этди.»

«Буларнинг бари Россиянинг халқаро обрўсига жуда қаттиқ зарбадир», деди Халака.

«Мамлакатнинг асосий «генераллари» жанг майдонида ўз маҳоратини намойиш этадиган ҳақиқий ҳарбийлар эмас, балки фақат тинч аҳоли билан жанг қилишни биладиган жиноятчилар бўлса, яна нима дейиш мумкин?» дейди у.

Буча, Ҳалаб ва бошқа шаҳарлар бунинг далилидир», дейди у.

Инсон ҳаётининг қадри йўқ

Бутун дунёда ваҳшийлик ҳисобланган уруш усуллари Россияда муваффақиятли тактика сифатида қабул қилинади, дейди таҳлилчилар.

«Кремлнинг фикрича, Сурияда бўлиб қайтган қўмондонлар жанговар тажрибага эга ва ўз мақсадларига эришганми, демак, [Россия президенти Владимир] Путинга кўра, улар муваффақият қозонган», деди Данилов.

«Шунга кўра, «Россия аскарларининг Сурия контингенти» шакллантирилади.»

«Бундан ташқари, улар Сурияда ишга солинган «вагнерчилар» билан жуда яқин алоқада бўлиб, бу ҳам Москва учун ижобий ҳолат», деди у Путиннинг яқин иттифоқчиси Евгений Пригожин бошчилигидаги Вагнер гуруҳи ёлланма аскарларини назарда тутиб.

«Сурияда бу қўмондонлар пайдо бўлганидан кейин кўчалардан тинч аҳоли жасадлари топилган», деди у.

«У ерда бундай жиноятлар биздагидан ҳам кўпроқ эди.»

«[Ўлдирилган Украина фуқароларининг сони бўйича] ҳалигача аниқ рақамлар йўқ, лекин ишончим комилки, бу рақам юз минглаб. Россия қўмондонлиги оддий аҳолига максимал даражада зарар етказиш учун турар-жой ҳудудларига зарбалар берганини ҳисобга олиш керак», деди Данилов.

Россиялик қўмондонларнинг бундай шафқатсиз тактикаси мамлакатдаги ҳарбий меъёр ва анъаналарнинг натижасидир, дейди тарихчи ва таҳлилчи, Украина Келажак институти ходими Сергей Хроменко.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Россия қўмондонлари ҳеч қачон тинч аҳоли ёки ҳарбий қурбонлар ҳақида маълумот беришга мажбур бўлмаган, дейди у.

«Ҳатто ўзларига нисбатан шафқатсизлик бўлган», деди Хроменко. «СССР давридан бери ҳеч ким талафотлар билан ҳисоблашмади.»

«Тоталитар жамиятда армияда ҳеч ким барибир жавобгарликка тортилмайди», деб қўшимча қилди у. «Одамларнинг қурбон бўлгани ҳеч кимни хавотирлантирмаган. Мақсадга эришиш, қандайдир чўққиларни забт этиш учун миллионлаб одамлар ҳаётини қурбон қилинган.»

«Бундай шароитда инсон ҳаётининг қадри нолга тенг бўлади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Булар ҳақиқий нацистлар. Россия – фашизм ахлатхонаси. Мен ушбу ҳарбий қўмондонларнинг барчаси Ҳаага суд залида бўлишини жуда хоҳлайман

Жавоб бериш

Россиянинг террорчи давлат сифатида тан олиниши бежиз эмас.

Жавоб бериш