Карвонсарой
Хавфсизлик

Россияни дастаклаган Эроннинг дрон ва ракета ишлаб чиқарувчилари санкциялар остига тушди

Карвонсарой

19 декабр кунги фотосуратда Россиянинг Украинага босқини вақтида мамлакат пойтахтига уюштирилган дрон ҳужуми ортидан Киевдаги муҳим энергия инфратузилмаси объектида келиб чиққан ёнғин акс этган. [Сергей Супинский/AFP]

19 декабр кунги фотосуратда Россиянинг Украинага босқини вақтида мамлакат пойтахтига уюштирилган дрон ҳужуми ортидан Киевдаги муҳим энергия инфратузилмаси объектида келиб чиққан ёнғин акс этган. [Сергей Супинский/AFP]

Қўшма Штатлар ўтган ҳафта Эроннинг дронлар ишлаб чиқарувчи ва баллистик ракета дастурларини назорат қилувчи компаниясининг етти нафар раҳбарига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу компаниялар Украинага қарши урушда Россияни техника билан таъминлаган.

АҚШ Молия вазирлиги 6 январ куни «Qods Aviation Industries» (QAI) мудофаа ишлаб чиқарувчисининг одатда дронлар деб аталадиган учувчисиз учар қурилмаларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш учун масъул бўлган олти раҳбари ва бошқарув кенгаши аъзоларини қора рўйхатга киритди.

QAI шунингдек, Light Airplanes Design and Manufacturing Industries номи остида ҳам фаолият юритади.

Вазирлик шунингдек, Эроннинг қанотли ракеталар дастурининг назорати учун масъул бўлган Aerospace Industries Organisation (AIO) раҳбарини ҳам қора рўйхатга киритган.

Қора рўйхатга киритилган «Qods Aviation Industries» директорлар кенгаши раиси, ижрочи директор Сайид Хожатулло Ғурайший Эроннинг ҳарбий тадқиқот ва ишланмаларига раҳбарлик қилган. АҚШ молия вазирлиги баёнотига кўра, у Москва ва Теҳрон ўртасида Россиянинг Украинадаги уруши учун Эрон дронларини етказиб беришга оид келишув бўйича музокараларга масъул бўлган. [Tasnim News]

Қора рўйхатга киритилган «Qods Aviation Industries» директорлар кенгаши раиси, ижрочи директор Сайид Хожатулло Ғурайший Эроннинг ҳарбий тадқиқот ва ишланмаларига раҳбарлик қилган. АҚШ молия вазирлиги баёнотига кўра, у Москва ва Теҳрон ўртасида Россиянинг Украинадаги уруши учун Эрон дронларини етказиб беришга оид келишув бўйича музокараларга масъул бўлган. [Tasnim News]

АҚШ AIO ташкилотига нисбатан 2005 йил 28 июнда санкциялар жорий қилган эди.

«Эрон бу дронларни Украинадаги асоссиз тажовуз урушида қўллаши учун Россияга топширган», деб хабар беради вазирлик ўз баёнотида.

Молия вазири Жанет Йелленга кўра, Қўшма Штатлар Эроннинг дронлар ва қанотли ракета дастурларни қўллаб-қувватлайдиган шахслар ва ташкилотларга нисбатан тезкор чора кўради ва «Украина халқини қатъий қўллаб-қувватлайди».

«Биз (Россия президенти Владимир Путин томонидан) Украинага қарши ваҳшиёна ва асоссиз урушда ушбу қуролларнинг қўлланмаслиги учун ихтиёримиздаги барча воситаларни ишга соламиз», деб айтган у.

«Кремлнинг Эрон каби охирги ўриндаги таъминотчиларга таянишидан билиш мумкинки, у украиналикларнинг мардонавор қаршилиги ва глобал коалициямизнинг Россия ҳарбий таъминот занжирини бузиш, жанг майдонида йўқолган қуролларни алмаштириш учун зарур бўлган ёрдамни рад этишдаги муваффақияти қаршисида чорасиз қолмоқда», деб қўшимча қилган Йеллен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен жума кунги баёнотида Эрон режимининг Россияни қўллаб-қувватлаши Украинадаги низони кучайтиргани ва БМТХавфсизлик кенгаши 2231-резолюциясининг бузилишига сабаб бўлганини айтди.

Бу БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳар бир алоҳида ҳолат учун олдиндан рухсатисиз дронларнинг тақдим этилиши туфайли юз бермоқда, деб айтган Блинкен.

«Ҳозир Эрон Россиянинг энг асосий ҳарбий дастакчисига айланди», деб айтган у.

«Эрон Россиянинг Украинадаги асоссиз босқинчилик урушини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак. Биз ушбу қуролларнинг етказилишига чек қўйиш, кечиктириш ва бу фаолият билан шуғулланувчи шахсларга харажатларни юклаш учун ихтиёримиздаги барча воситаларни ишга солишда давом этамиз.»

Россия Киевда ҳалокатли зарбаларни амалга оширганидан кейин октябр ойида Қўшма Штатлар Эроннинг дронлар дастурини дастаклаётган компаниялар ва давлатларга нисбатан чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Навбатдаги чора 9 декабр, 15 ноябр ва 8 сентябрдаги Эроннинг Shahed ва Mohajer серияли дронларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда қатнашган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан кўрилган чоралар ортидан амалга оширилган.

Россия бу дронлардан Украинанинг муҳим инфратузилмаларига зарба беришда фойдаланиб келган.

Қора рўйхатга тушганлар

Қора рўйхатга тушган ижрочилар орасида QAI директорлар кенгаши раиси Саид Ҳожатуллоҳ Ғорайший бор.

У Эрон мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлар логистикасининг Таъминот, тадқиқот ва саноат масалалари бўлими бошлиғи ҳамда мудофаа вазири ўринбосари сифатида Эроннинг ҳарбий тадқиқот ва ривожлантириш ишларига раҳбарлик қилган.

Молия вазирлиги хабарига кўра, Ғорайший Россиянинг Украинадаги уруши учун Эрон дронларини етказиб бериш юзасидан Россия билан келишувга оид музокараларни олиб боришга масъул бўлган.

Ғоссим Дамавандиан QAI бошқарувчи директори сифатида «QAI дронлари Эрон ҳарбий хизматларига етказиб берилиши ҳамда россиялик аскарларнинг QAI ишлаб чиқарган дронлардан фойдаланиш бўйича тайёрловда иштирок этган бўлиши мумкин» дейилади хабарда.

Ҳамидризо Шарифий-Теҳроний эса QAI кенгашининг асосий аъзоси бўлиб, «дронлар билан боғлиқ халқаро конференцияларга» сафар қилган, деб қўшимча қилади молия вазирлиги.

У «дронлар ва унга алоқадор қурилмаларнинг Эрон ҳарбий хизматларига етказиб беришда иштирок этгани аниқ», дейилади хабарда.

Шунингдек, QAI кенгашида Ризо Ҳакий, Мажид Ризо Ниёзий-Ангилий ва Вали Арланизода исмли шахслар бор. AIO раҳбари Нодир Хун Сиёвуш AIOнинг қанотли ракета ишлаб чиқариш саноати, синовлар ва халқаро таъминотчилар билан келишувларини назорат қилган.

«Эрон марказий банки ҳаёт учун зарур маҳсулотларга ажратилган миллионлаб хорижий валютани йилма-йил AIOга ўтказиб турган, бу билан режимнинг ракета дастурларини ўз фуқаролари эҳтиёжидан устун қўйган», деб хабар беради АҚШ молия вазирлиги.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500