ТОШКЕНТ – Ҳаётнинг қийин саволларига жавоб излаб интернетга мурожаат қилган ўзбекистонлик қиз у ерда уламоларнинг онлайн маърузаларини тинглай бошлаган.
«2021 йилда, 17 ёшимда ислом динига қизиқа бошладим», дейди у Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан эълон қилинган видеолавҳада.
Видеода унинг юзи хиралаштирилган, ўзи эса маҳбусларнинг кийимида.
«Мен дин ҳақидаги саволларимга жавоб олмоқчи эдим», дейди у.
Шундан сўнг аёл интернет орқали террорчи ташкилотлар аъзолари билан боғланиб, «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилишга қарор қилганигни айтади.
«Мен унинг таъсирига тушиб, Сурияга кетишга қарор қилдим», дейди у. «Чамадон харид қилиб, паспорт олиш учун тақинчоқларим ва кийим-кечакларимни сотиб юбордим, бу ниятимдан ота-онам, қариндошларим бехабар эди.»
«2022 йилнинг 26 мартида мамлакатни тарк этишим керак эди, лекин 25 март куни мени ҳибсга олишди».
«Қилган ишимдан пушаймонман», дейди аёл.
25 ноябр куни ДХХ ўзининг Телеграм-каналида тошкентлик аёлнинг видеосини эълон қилган.
«Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган оператив тергов ҳаракатлари туфайли аёл ўз режасини амалга ошира олмади ва қўлга олинди», дейилади ДХХ хабарида.
ДХХнинг ёзишича, аёлнинг мобил телефонидан тақиқланган «ақидапарастлик ғоялари» тарафдори бўлмиш «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ва «Ислом жиҳоди иттифоқи» террорчилик ташкилотларининг (иккови ҳам «Ал-Қоида» билан алоқадор) материаллари топилган
Суд аёлни «Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича» айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган.
Расмий маълумотларга кўра, аёл 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилган 250 та «ёлғиз бўри» ва 10 дан ортиқ гуруҳ орасида бўлган.
Ҳибсга олинганлар террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш, жангарилар лагерларига янги аъзоларни ёллаш ва терроризмни молиялаштириш учун маблағ йиғишга уринганлар.
Қочувда юрганларни қидириш давом этмоқда.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Андижон вилояти Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ўтган йилнинг 30 апрелида Яқин Шарқда истиқомат қилаётган ва террорчилик ташкилотларига мансуб экани айтилган қидирувдаги фуқароларнинг видеосини эълон қилган эди.
Қидирувдагилар орасида тўрт нафар аёл ҳам бор эди.
Жаҳолат ва экстремизм
Ўзбекистонда экстремизм, хусусан, аёллар орасида кенг тарқалган муаммо бўлиб қолмоқда.
Тошкентлик блогер, ўзбек аёлларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи фаоллардан бири Ақида Моҳирова ўз тажрибасида экстремистик гуруҳлар сафига қўшилган аёлларга шахсан дуч келган.
Икки йил аввал фарғоналик 19 яшар қиз интернет орқали бир эркак билан танишиб, уйидан ғойиб бўлган ва ота-онасига «Мендан хавотир олманглар, мен Мисрга ўқишга кетдим» деб ёзиб қолдирган.
Қизнинг ота-онаси Моҳировага мурожаат қилган, у қиз билан боғланиб, уни уйига қайтишга кўндирмоқчи бўлган.
«Қиз бир нечта марказий осиёлик аёллар билан Туркия-Сурия чегарасини кесиб ўтаётганида, уларни қаерга олиб кетишаётганини тушунган», дейди Моҳирова. У қўрқиб кетиб, дарров ҳижобини ечган ва «ўзбекистонликман, мени мажбурлаб олиб кетишяпти», деб бақирган.
«Полиция уни ва қолган аёлларни ҳибсга олди. Шу тариқа у қулликдан қутулиб қолди», дейди Моҳирова.
Ёлловчилар аёлнинг бошини шунчалик айлантирганки, у ота-онасидан воз кечган. Бу ўзбекистонлик ёш аёлларнинг Сурияда жанг қилаётган радикаллар сафига тушиб қолишининг одатий схемаси, дейди у.
«Ёш аёллар у ерга ислом асосларидан бехабарлиги ва жоҳиллиги сабабли кетмоқда. Уларга пул ҳамда гўёки «соф Ислом» ва унинг тарафдорлари мавжуд бўлган тузум ваъда қилишади».
«Аслида эса уларнинг аксари жинсий қулликка тушиб қолади», дейди Моҳирова.
«Эртаклар»
Сўнгги бир неча йил ичида террорчилик ташкилотларига қўшилиш учун Яқин Шарққа кўплаб ўзбек ёшлари йўл олишган.
Айримлар ўз хотинлари ва болаларини жанг майдонига олиб кетиб, уларнинг тақдирини барбод қилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг ёрдами билан ўша аёллар ва болаларнинг бир қисми ўз ватанига қайтишга муваффақ бўлган.
2019 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистон ҳукумати «Меҳр» инсонпарварлик операцияси доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳудудлар ва қочқинлар лагерларидан ўзбек аёллари ва болаларини ватанига қайтарди.
Инсонпарварлик чоралари натижасида 550 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари, асосан, эрлари ва оталари вафот этган ёки қамоқда ўтирган аёллар ва болалар уйларига олиб келинди.
Ўлган жангарилар беваларининг ҳаёти оғир, дейди Ўзбекистондаги минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайлов.
Эри вафот этадиган бўлса, аёллар болалар билан ёрдамга муҳтож ҳолатда қолади. Бундай вазиятда энг осони – қайта турмуш қуриш, дейди у.
«Бевалар учун бу омон қолишнинг бир йўли», деди Михайлов. «Шунинг учун баъзи аёллар икки ёки ҳатто уч марта турмушга чиқадилар. Ва улар турли оталардан фарзанд кўришлари мумкин: биринчи эрдан ёки иккинчисидан.»
Қизлар ва ёш аёллар интернетда айтилаётган эртакларга ишонадилар, дейди журналист, гендер масалалари тадқиқотчиси Сабоҳат Раҳмонова. «Аммо улар бир мунча вақт ўтиб [Сурияга] келганларида, у ерда идеал диний тизим йўқлигини кўришади».
У ерда шариат йўқ. Урушдан бошқа ҳеч нарса йўқ; фақат эр, ака-ука ва оталарнинг ўлими ва очлик бор холос, дейди у.