Карвонсарой
Сиёсат

Эроннинг юқори лавозимли амалдорлари Венесуэладаги соҳилбўйи уйлардан ўзлари учун бошпана ҳозирлаётган бўлиши мумкин

Карвонсарой

Эрон президенти Иброҳим Раисий венесуелалик ҳамкасби Николас Мадуро билан, июн ойида Теҳронда олинган сурат. [Entekhab]

Эрон президенти Иброҳим Раисий венесуелалик ҳамкасби Николас Мадуро билан, июн ойида Теҳронда олинган сурат. [Entekhab]

Янги ҳисоботда айтилишича, Эроннинг юқори мартабали раҳбарлари Венесуэладан уй қидириб, ўз ватанидаги ҳукмрон режимнинг қулаши эҳтимолидан суғурталанишга уринмоқда.

Декабр ойида Iran International нашрининг ёзишича, мамлакатнинг тўрт нафар юқори мартабали мулозимидан иборат делегация келишув имзолаш учун Венесуэлага борган.

Хабар қилинишича, Венесуэла Эрон режими қулаган тақдирда юқори мартабали Эрон расмийлари ва уларнинг оила аъзолари учун бошпана беришга рози бўлган.

Iran International нашрининг таҳлилчига иқтибос келтирган ҳолда ёзишича, бошпана тақдим этиш сўрови «тўғридан-тўғри Эрон етакчиси Али Ҳоманаийнинг идорасидан келиб тушгани айтилмоқда».

Венесуэлада Эрон томонидан барпо этилган «Эл Палито» нефтни қайта ишлаш заводи октябр ойида ишга тушди. [Khalanshahr]

Венесуэлада Эрон томонидан барпо этилган «Эл Палито» нефтни қайта ишлаш заводи октябр ойида ишга тушди. [Khalanshahr]

Эрон байроғи остидаги Fortune нефт танкери 2020 йил 25 май куни Венесуэланинг Пуэрто-Кабелло шаҳрига етиб келганидан кейин Эл-Палито нефтни қайта ишлаш заводи причалига боғлаб қўйилган. [AFP]

Эрон байроғи остидаги Fortune нефт танкери 2020 йил 25 май куни Венесуэланинг Пуэрто-Кабелло шаҳрига етиб келганидан кейин Эл-Палито нефтни қайта ишлаш заводи причалига боғлаб қўйилган. [AFP]

Сўнгги ойларда Эрон расмийлари Венесуэлада соҳил бўйларидан виллалар сотиб олиб, кўчмас мулк нархларининг ошишига сабаб бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқаган.

Эрон режимининг заифлашгани, инқирозга учрагани ва яккаланиб қолгани рост, дейди Европада яшовчи эронлик таҳлилчи Ал-Машариқ нашрига унинг номини ошкор қилмасликни сўраб.

Эрон расмийларининг Венесуэладан бошпана излаётгани ҳақидаги хабар ҳақиқат бўлса, бу яна бир бор режимнинг беқарорлигини исботлайди, дейди у.

«Режим қулайдиган бўлса, Эрон расмийлари яна қаерга бориши мумкин?»

«Венесуэла – АҚШ санкциялари остидаги, худди шу даражада яккаланиб қолган ва Эрон билан алоқада бўлган кам сонли давлатлардан бири, шу сабабли у режим расмийларини қабул қилиши мумкин, айниқса Эроннинг Венесуэлада сарфлаган пуллари ҳисобга олинса», дейди у.

Агар ҳисобот ҳақиқатга тўғри келадиган бўлса, бу ташриф сир сақланган.

Венесуэла Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини ошкор қилишдан бош тортган манбаси Эрон расмийлари бошпана масаласини муҳокама қилиш учун Каракасга ташриф буюрганини рад этди.

Икки ҳукумат «энг яхши муносабатларни қўллаб-қувватламоқда», деди у Ал-Машариқ нашрига.

Эроннинг кенг миқёсда дастакланиши Венесуэладаги мамлакат элчихонасининг расмий Твиттер саҳифасида акс этган, у ерда фойдаланувчилар ўз постларида АҚШни Эрон ва Венесуэланинг «умумий душмани» сифатида кўрсатади.

Эроннинг Венесуэладаги харажатлари ошган

Айни пайтда Эрон Венесуэлага ўзида йўқ миллионлаб долларларни сарфламоқда, бу вақтда унинг халқи эса иқтисодий инқироз билан курашиб ётибди.

Эрон-Венесуэла қўш миллий банки эронлик солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб долларларини Венесуэлага берган кредитлари учун сарфлади, бу қарзлар яқин орада қайтарилиши даргумон, деб хабар берди Эроннинг Aftab News сайти ноябр ойида.

Каракас Теҳроннинг Венесуэлада бошлаган лойиҳалари, жумладан, нефт, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларини учун тўловларни амалга оширмаган.

Ўтган ой хориждаги бир нечта форс оммавий ахборот воситалари Эрон Венесуэладаги турли лойиҳаларни молиялаштириш учун 7 миллиард долларгача маблағ ажратишга ваъда берганини ёзган.

Бу орада Эрон Марказий банки (ЭМБ) маълумотларига кўра, Эроннинг ташқи қарзи май ойидаги ҳисоб-китобларга кўра 7,2 миллиард доллардан ошган.

Эрон давлат телевидениеси «Эрон-Венесуэла бозори» капиталининг 60-70 фоизи Венесуэла нефт лойиҳаларига йўналтирилишини айтган.

Ёмонлашиб бораётган энергия бозорини таъминлаш учун Венесуэлага тозаланган ёқилғи етказиб беришдан ташқари, Эрон унга қурол-яроғ сотиб, ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказмоқда ҳамда АҚШ ва Европа санкцияларидан қочиш йўлларини ўргатмоқда.

Лондонда жойлашган Lloyds Marine суғурта компаниясидан Iran International ихтиёрига келиб тушган махфий ҳужжатга кўра, бунинг эвазига Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўз фаолиятлари учун маблағ тўплаш мақсадида Венесуэла олтинларини контрабанда йўли билан олиб ўтмоқда, бунинг учун Эрон нефтини сотиш йўлга қўйилган.

Lloyds, шунингдек, Mahan Air авиакомпанияси орқали Каракасдан Теҳронга парвозлар амалдаги санкцияларни бузган ҳолда, Эрон нефти ҳақини тўлаш учун олтин етказиб беришда ноқонуний канал сифатида фойдаланилаётганини айтди, деб хабар беради Iran International 12 декабр куни.

Яқинда иш бошлаган дронларни ишлаб чиқишга оид қўш лойиҳа ҳам икки давлат ҳамкорлигининг яна бир жиҳатидир.

5 июл кунги ҳарбий парадда Венесуэла президенти Николас Мадуро «Венесуэланинг жанговар қобилиятга эга дронларини» намойиш қилган.

Венесуэла бу турдаги қуролга эга ягона Лотин Америкаси давлатидир. Кузатувчиларга кўра, Каракас Теҳроннинг ҳарбий ёрдамига таяниши ҳаммага маълум.

20 йиллик ҳамкорлик

Мадуро ва Эрон президенти Иброҳим Раисий 11 июн куни Теҳронда турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида 20 йиллик ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.

Иҳоталанган ва қатъий санкциялар остидаги икки яккамохов давлат «молиявий, энергетика ва мудофаа лойиҳаларида биргаликда ишлаши» маълум бўлди.

Аммо ҳозирга қадар, дейди иқтисодчилар, ҳамкорлик кўпроқ бир томонлама бўлган.

Октябр ойида Эрон оммавий ахборот воситалари Эрон томонидан Каракасда қурилган El Palito нефтни қайта ишлаш заводи, май ойида Теҳрон Каракас билан эскирган нефтни қайта ишлаш заводини таъмирлаш ва қайта ишга тушириш бўйича 116 миллион долларлик шартнома имзолаганидан сўнг иш бошлагани ҳақида хабар берди.

Эрон Венесуеланинг оғир нефти ва бошқа товарларни бензин, конденсат, нефтни қайта ишлаш заводи учун эҳтиёт қисмлари ва техник ёрдамга алмаштириб, суюлтирувчи модда сифатида ишлатиш учун мамлакатга енгилроқ нефт етказию бермоқда.

6 декабр куни Reuters агентлиги ўша ҳафтада 2 миллион баррелга яқин ўта енгил нефт ортилган Эрон танкери Венесуэла сувларига кириб келганини хабар қилди.

2006 йилда икки мамлакат ўртасида имзоланган шартнома доирасида Эрон 2020 йилнинг май ойида Венесуэлага тўртта замонавий нефт танкерининг биринчисини етказиб берди, иккинчи кема эса 11 июн куни етказиб берилди.

Учинчи танкер Каракасга сентябр ойида етказиб берилган, тўртинчиси эса 2024 йилда Венесуэла давлат нефт ва табиий газ корпорацияси (PDVSA) ихтиёрига келиб қўшилади.

Бу етказиб беришлар Америка Қўшма Штатлари Эрон ва Венесуэлага нисбатан жиддий иқтисодий санкциялар жорий қилган вақтда амалга оширилди.

Эронлик иқтисодий ва сиёсий таҳлилчиларнинг кўпчилиги Эрон режимини бошқа иттифоқдошлари Россия ва Хитой билан бўлгани каби «мамлакатни сотишда» айбламоқда.

«Режим тепасида турганлар ҳокимиятни эгаллаш, уни ушлаб туриш ва у қулаган тақдирда ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаш учун ҳамма нарсага тайёр», дейди эронлик сиёсатшунослардан бири.

«Мамлакатни пуллаш Ислом Республикаси расмийлари учун ўзига хавфсиз бошпана сотиб олишнинг ягона йўли ва афтидан, хавфсиз бошпана ҳозирда Венесуела бўлиб турибди», деди у Ал-Машариқ нашрига.

Ушбу мақолани тайёрлашга Каракасдан Марисела Лузардо кўмаклашган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500