Карвонсарой
Хавфсизлик

ИДнинг йирик шаҳарлардаги фаоллашуви афғонистонликларни хавотирга солмоқда

Умар

2021 йил 3 ноябр куни «Ислом давлати» (ИД) ўз зиммасига олган ҳужум камида 19 кишининг ҳаётига зомин бўлганидан бир кун ўтиб, Кобулдаги Сардор Довуд Хон ҳарбий госпиталидаги портлаш жойи ёнидан ўтиб кетаётган аёллар. [Вакил Коҳсар/AFP]

2021 йил 3 ноябр куни «Ислом давлати» (ИД) ўз зиммасига олган ҳужум камида 19 кишининг ҳаётига зомин бўлганидан бир кун ўтиб, Кобулдаги Сардор Довуд Хон ҳарбий госпиталидаги портлаш жойи ёнидан ўтиб кетаётган аёллар. [Вакил Коҳсар/AFP]

ҲИРОТ, Афғонистон – Афғонистон шаҳарлари, жумладан, пойтахт Кобулда «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг бошпаналарида олиб борилган сўнгги ҳарбий амалиётлар террорчилик гуруҳининг ҳозирлиги ва фаолияти юзасидан жиддий хавотирларни пайдо қилган.

5 январ куни Нангарҳор вилоятининг Дараи Нур туманида ўтказилган ҳарбий амалиётда ИДнинг уч нафар аъзоси, жумладан, асосий қўмондонларидан бири йўқ қилинган.

Шунингдек, 4 январ куни Кобулнинг 8-округида ўтказилган операция чоғида ИДга алоқадор камида етти нафар жангари ўлдирилган, етти нафар гумондор қўлга олинган.

Шу куни Нимроз вилояти маркази Заранжда ИД жангариси деб гумон қилинган икки шахс қўлга олинди.

Сўнгги воқеалар мамлакатнинг турли шаҳарларида ИД жангарилари борлигини тасдиқлайди, дейди афғонлар.

Кобулнинг 8-мавзесида яшовчи 43 ёшли Хайр Муҳаммад Патангнинг айтишича, у ўз маҳалласида ИД яширинган жой борлигини билиб, ҳайратга тушган ҳамда ўзи ва оиласининг хавфсизлигидан хавотирлана бошлаган.

«Уйимиз яқинидаги ИД яширинган жойда ҳарбий операция ўтказилди. Вазият жуда мудҳиш эди, бу террор бир неча кундан кейин ҳам кундалик ҳаётимизга соя солиб турибди. Ўшандан бери ҳамма жуда хавотирда», дейди у.

«Портлаш ва отишма овозларини эшитмай қўйганимизга анча бўлганди. Афтидан, биздаги нисбатан тинч муҳит энди йўқ».

«Уйимиз яқинида ИД жангариларининг борлиги ва фаоллиги ҳақиқатан даҳшатга солади. ИДнинг Кобул шаҳрида кўплаб яширин бошпаналари бўлиб, у исталган пайт худкушлик ҳужумларини режалаштириши ёки бомба портлатишидан хавотирдаман», деди Патанг.

Кобул шаҳрининг Дашти Барчи ҳудудида яшовчи 25 ёшли Жавод Муҳсинийнинг айтишича, сўнгги бир неча ой ичида ИД ҳужумлари унинг маҳалласидаги тинчлик ва кундалик ҳаётга путур етказган.

«Биз ИДнинг муқаррар ҳужумлари туфайли бозорга ёки масжидга, мактаб ёки университетга, дарсларга боришга қўрқиб қолганмиз. Ҳамма ИД ҳужумлари қурбони бўлишдан қўрқади», дейди у.

«Маҳалламиздаги ўнлаб оилалар сўнгги ойларда ИДдан қўрқиб, қўшни давлатларга кўчиб кетишди. Кундан-кунга ИДнинг кенг ёйилишидан хавотир кучайиб бормоқда», деб қўшимча қилди у.

Кобулда ИД бошпаналарининг борлиги шаҳар хавф остида эканлигидан даракдир, дейди Муҳсиний.

Қонли ҳужумларнинг такрорланиши борасидаги хавотирлар

Тахминан бир ярим йил олдин Афғонистон бўйлаб ИД ҳужумлари яна кучая бошлаган.

Террорчилик тармоқлари фаолиятини кузатувчи SITE разведка гуруҳи маълумотларига кўра, ИДнинг Хуросон бўлими (ИД-Х) 2021 йил августдан 2022 йил августгача Афғонистонда 224 та теракт содир этган.

Ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, диний уламолар ҳалок бўлди.

Айрим шаҳарларда ҳужумларнинг кучайиши ва ИДнинг мавжудлиги афғонистонликларни жиддий ташвишга солмоқда.

ИД жангарилари турли шаҳарларда ўз амалиётларини кенгайтирди. Гуруҳ жамоат жойларида теракт содир этиб, бегуноҳ фуқаролар қонини тўкиши мумкинлигидан хавотирдаман, дейди Нимроз вилояти Заранж шаҳрида яшовчи 32 ёшли Гул Аҳмад Азизий.

«ИД Нимрўзда ўз изини қолдиради, деб ҳеч ўйламагандим. Лекин ҳозир [ҳукумат кучлари] Заранж шаҳрида гуруҳга содиқ аъзоларни ҳибсга олар экан, хавотирим янада кучайди. ИД таҳдидларини эътиборсиз қолдириб бўлмайди».

Бу террорчи гуруҳни йўқ қилиш учун Афғонистонга кучли армия етишмаяпти, деб қўшимча қилди у.

«Кобул каби айрим йирик шаҳарларда аввалгидек портлашлар ва ҳудкушлик ҳужумлари содир бўлиб турибди. Илгари террорчи гуруҳлар халқаро ва маҳаллий афғон кучлари томонидан амалга ошириладиган ҳаво ҳужумларидан қўрқишарди. Лекин ҳозир улар эркин фаолият юритиб, шаҳарларда базалар ўрнатиши мумкин», дейди у.

ИД барча афғонистонликларнинг ҳаётига таҳдид солмоқда ва агар унинг бузғунчи фаолиятига барҳам берилмаса, бундан ҳам кўпроқ бегуноҳ тинч аҳоли портлашлар ва худкушлик ҳужумлари қурбони бўлади, деди Азизий.

ИДнинг қонли ҳужумларни кўпайтиргани афғонларнинг келажагига соя солади, дейди Ҳирот шаҳрида яшовчи 26 ёшли Сафиуллоҳ Поя.

«Ҳеч ким Ислом давлати ҳужумларидан омонликда эмас. ИД исталган жойга, жумладан бозорлар, масжидлар, мактаблар, шифохоналар ва таълим марказларига ҳужум қилади. ИД жангарилари бегуноҳ афғонларни истаган жойида ўлдиришга бел боғлаган», дейди у.

«Халқаро қўшинларнинг олиб чиқилиши ва аввалги афғон ҳарбий кучларининг қулаши билан ИДнинг жасорати ошиб, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини кенгайтирди».

«Ҳозирги бўшлиқдан фойдаланиб, ИД истаган жойида ҳужумлар уюштириб, маҳаллий тинч аҳолини нишонга олмоқда», деб қўшимча қилди у.

Пояга кўра, ИД зўравонликлари қашшоқлик ва ишсизлик қатори афғон халқининг кундалик ташвишларидан бирига айланган.

Халқаро ҳамжамият олдидаги таҳдид

Кузатувчиларга кўра, ИД бошқа террорчи гуруҳлар билан иттифоқ тузса ва Афғонистондаги фаолиятини кенгайтирса, бутун дунё хавфсизлиги учун жиддий таҳдидга айланади.

ИД-Х ўтган йили жуда кучайди ва ўз сафига кўпроқ одам ёллашга ҳаракат қилмоқда, дейди ҳарбий таҳлилчи Муҳаммад Наим Ғаюр.

«Террорчи гуруҳнинг Афғонистондаги кўплаб маҳаллий қўмондонлари Ироқ ва Сурияда истиқомат қилувчи раҳбарият аъзоларидан барқарор ёрдам олади. Энди «ИД» Афғонистонга жиддий эътибор қаратгач, раҳбарият гуруҳ фаолиятини бутун мамлакат бўйлаб кенгайтиришнинг айни вақти деб ҳисобламоқда», деди у.

«ИД терактлар содир этиш ёки маҳаллий тинч аҳолига суиқасд уюштириш билан чекланиб қолмай, Афғонистонда кўпроқ ҳудудни назорат қилишга уринмоқда. Кўпроқ ҳудудлар унинг қўлига ўтгани сари ИД кўпроқ бошпаналар ташкил қилиб, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини кенгайтиради», деди Ғаюр.

Афғонистонда ИДнинг террорчилик фаолиятига барҳам берилмас экан, улар нафақат Афғонистон, балки жаҳон хавфсизлигини ҳам хавф остида қолдиради, деб қўшимча қилди у.

Ҳирот шаҳридаги собиқ афғон ҳарбий зобити, 65 ёшли Замарий Шинданвалнинг айтишича, ИД-Хуросонни тийиб туриш ва йўқ қилиш учун халқаро коалиция зарур.

«ИД деярли бутун Афғонистонда мавжуд ва фаол. Гуруҳ шу қадар кучга эга бўлдики, уни афғонларнинг ўзлари йўқ қила олмайдилар. У Афғонистонга қўшни давлатлар ва минтақалардан кўп сонли жангариларни олиб келган ва мамлакатда хавфсиз паноҳгоҳларга эга», деди у.

«ИДнинг аксарият бошпаналари тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган. Бу масканларни нишонга олиш учун қудратли ҳарбий ҳаво кучлари зарур. Ҳозирда Афғонистонда ҳаво кучлари йўқ ва ИД бу имкониятдан унумли фойдаланмоқда», - дейди у.

Бутун дунё ИДнинг Афғонистондаги ҳозирлиги хавфини англаб етиши ва кеч бўлмай туриб, унга қарши қатъий ҳаракат қилишни бошлаши керак, дейди Шинданвал.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500