Карвонсарой
Таҳлил

Россия фуқароларнинг Украинадаги урушдан чарчагани маълум бўлиб бормоқда

Ольга Чепил

2 январ куни Москвада Украинадаги Россия қўшинларининг тактик белгиси – Z ҳарфи туширилган «Кремль юлдузи» тасвирланган Янги йил безаклари ёнидан ўтиб кетаётган пиёдалар. [Наталья Колесникова/AFP]

2 январ куни Москвада Украинадаги Россия қўшинларининг тактик белгиси – Z ҳарфи туширилган «Кремль юлдузи» тасвирланган Янги йил безаклари ёнидан ўтиб кетаётган пиёдалар. [Наталья Колесникова/AFP]

КИЕВ – Россия президенти Владимир Путин режими томонидан ўтказилган махфий сўров натижаларига кўра, россияликлар орасида Москванинг Украинага босқини масаласидаги лоқайдлик кучайиб, урушнинг оқланишига шубҳалар ортмоқда.

Расмийлар россияликларнинг урушга нисбатан ҳақиқий муносабатини аниқлаш учун шундай сўровлар ўтказмоқда, деб ёзган ўтган йил охирида Россиянинг «Медуза» мухолифат нашри Кремлга яқин манбаларига таяниб.

Бундай тадқиқотлар Россия расмийларинининг ҳафсаласи пир қилган.

Россияликлар «ўз келажагига ҳам, мамлакат келажагига ҳам некбин қараётгани йўқ», дейди манбалардан бири.

31 декабр куни Москвада телевизор орқали Россия президенти Владимир Путиннинг Янги йил табригини томоша қилаётган оила. [Александр Неменов/AFP]

31 декабр куни Москвада телевизор орқали Россия президенти Владимир Путиннинг Янги йил табригини томоша қилаётган оила. [Александр Неменов/AFP]

«Бу [сиёсий] мухолифат тарафига ўтиш ёки махсус ҳарбий операцияни бутунлай рад этиш билан боғлиқ ўзгариш эмас. Бу бефарқлик ва лоқайдлик. Бу ерда ҳеч қандай илҳомлантирувчи нарса йўқ. Ҳеч нарса одамларни олға юришга ундамаяпти. Бизни шунчаки тинч қўйинг, дегани бу», дейди манба.

Учинчи томоннинг сўровлари ҳам худди шундай натижаларни кўрсатган.

Аввалроқ, Россиянинг социологик тадқиқотларга ихтисослашган «Russian Field» тадқиқот гуруҳи ҳам ноябр ойида Москвада пойтахт аҳолисининг уруш ҳақидаги фикрини билиш учун сўров ўтказган эди.

Тадқиқот натижаларига кўра, сўралган москваликларнинг атиги 19 фоизи ўз келажаги борасида оптимистик фикр билдирган, 29 фоизи эса ҳаёт янада қийинлашишини айтган.

Бундан ташқари, респондентларнинг 56 фоизи урушга оид қурбонлар ҳақидаги расмий маълумотларга ишонмаслиги маълум бўлди.

Чалкаштириш

Киевлик социолог ва Россия ташвиқотига қарши кураш халқаро марказининг коммуникациялар бўйича таҳлилчиси Дмитрий Громаковнинг фикрича, уруш қандай кечгани ҳисобга олинса, бу рақамлар ажабланарли эмас.

«Ҳаммаси нотўғри кетди», дейди Громаков.

Громаковнинг сўзларига кўра, россияликлар Украина «озодликни» кутяпти деб ўйлашди, лекин бунинг акси ўлароқ фаол қаршилик ва мағлубиятга дуч келишди.

«Бошқача қилиб айтганда, бу можарода Россия ташвиқотига оид ҳеч қандай нарратив тасдиқланмади», деди у. «Аслида украиналиклар рус дунёсида яшашни хоҳламаслиги ва бу ерда Россияни дастаклаш йўқлиги маълум бўлди».

Махсус операция деб аталган амалиёт эса Ғарб билан «ҳеч ким розилик бермаган» каттароқ урушга айланиб кетди, деб қўшимча қилди у.

«Руслар жангга жисмонан тайёр эмасдилар... Улар сафарбарликка, урушга бориш ва ҳалок бўлишга тайёр эмас эдилар.»

«Улар «махсус ҳарбий операцияни» телевизорда худди Путин ва [Украина президенти Владимир] Зеленский жамоаси ўртасидаги футбол ўйини каби кўрамиз, деб ўйлашди. Аммо иш унчалик оддий эмаслиги маълум бўлди», деди Громаков.

«Бу уларнинг фарзандларининг ҳалок қилаётган ҳақиқий уруш бўлиб чиқди.»

Ҳар куни Россия вилоятларига олиб келинаётган тобутлар, фронтда ғалабаларнинг йўқлиги русларда чарчоқ ва умидсизлик ҳиссини пайдо қилмоқда, дейди у.

«Россияликларда урушга нисбатан эмоционал ҳорғинликнинг илк белгилари намоён бўлмоқда. Бу рақамлар шундан келиб чиққан», дейди Громаков.

«Шу сабабли кўплаб россияликлар бу урушни қўллаб-қувватламайди ёки тушунмайди

Хавфли апатия

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, россияликларнинг апатияси каттароқ норозиликлар томон йўл очиши мумкин.

«Жамият ҳозирда содиқликдан мухолифатга ўтиш йўлининг ярмида ва ҳақиқатан ҳам шу йўналишда кетмоқда. Режимга содиқлар ва тарафдорлар сони камайиб бормоқда», деди россиялик сиёсатҳунос Аббос Галлямов 23 ноябр куни Ходорковский LIVE YouTube каналидаги «Воздух» дастурига берган интервюсида.

«Уларда мотивация, ўз нуқтаи назарини билдириш истаги сўниб бормоқда. Уларнинг мотивацияси пасайиб бормоқда ва бу жуда муҳим».

Киевлик социолог ва Ижтимоий психологлар уюшмаси аъзоси Сергей Штепанинг сўзларига кўра, босқиннинг бошида Путинни қўллаб-қувватлаш кучайган, чунки руслар қийин паллада ўз раҳбари атрофида жипслашган.

«Аммо энди ҳаммаси ўзгармоқда. Одамларнинг кўзи очила бошлади. Энди фақат элита ичида ихтилоф чиқиши қолди, холос... у пайдо бўлиши биланоқ мамлакатда ғалаёнлар бошланади», деди у Карвонсаройга.

Ўз навбатида, Кремл кенг кўламли норозиликларнинг олдини олиш ва норози электоратни имкон қадар «кесиб ташлаш» чораларини кўрмоқда.

Куч тузилмалари сафарбарликка қарши чиққан «Оналар ва рафиқалар кенгаши» каби гуруҳларни таъқиб қилмоқда.

«Одамлар жим юриши учун уларни қўрқитишмоқда», дейди «Байкал одамлари» интернет нашри муҳаррири Элена Трифонова Карвонсаройга.

Асли иркутсклик Трифонова ўтган йил июн ойида Кремлнинг урушда фарзандларини йўқотган оналарнинг овозини ўчиришга қаратилган чоралари ҳақида сўзлаб берди.

У сентябр ойида Россия хавфсизлик хизматлари таъқибидан қочишга мажбур бўлган.

«Биз қисман сафарбарлик эълон қилиниши билан, 25 сентябрда мамлакатни тарк этганмиз. Сафарбарликка қарши митингдан кейин бизни ҳибсга олишгани сабабли ҳамкасбим билан хорижга чиқиб кетдик».

«Таҳририятимизга ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) ходимлари келишди. Шу куннинг эртасигаёқ учиб кетдик. Ҳозирча Ригадамиз», деди Трифонова.

«Фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Россияда журналистларимиз бор. Лекин ҳозир сайтдан барча исм-фамилияларни олиб ташлаганмиз», дейди у.

«Чет эл оммавий ахборот воситаларига интервью берганимиз учун хорижий агент деган «фахрий» мақомни олдик», деб қўшимча қилди у Россия ҳукумати томонидан мамлакатда фуқаролик жамияти ва матбуот эркинлигини бостириш учун чиқарилган қонунни назарда тутиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500