ТБИЛИСИ – Турли хабарларга кўра, Грузиядан ажралиб чиққан Абхазия ва Жанубий Осетия минтақаларидан Россиянинг Украинадаги урушига юборилган жангчилар оммавий равишда ҳалок бўлмоқда.
2008 йилда Кремл икки бўлгинчи Жанубий Осетия ва Абхазия давлатларининг мустақиллигини тан олиб, у ерда Россиянинг доимий ҳарбий базаларини ўрнатган эди.
Энди эса Украинадаги урушга бўлгинчи ҳудудлардан «кўнгиллилар» жўнатилмоқда.
Украина оммавий ахборот воситалари март ойида Абхазиянинг Гудаута ва Жанубий Осетиянинг Цхинвали шаҳридаги базалардан Украинанинг босиб олинган ҳудудларига йирик миқёсда аскарлар, қурол-яроғ ва техника олиб кирилгани ҳақида хабар берган эди.
Slovoidilo.ua сайти ўтган йил март ойида Украина армияси бош штаби маълумотларига таяниб, Цхинвалидаги 4-ҳарбий базадан учта батальон тактик гуруҳи (БТГ) тузилиб, Украинага жўнатилгани ҳақида ёзган.
ТБГ таркибида 1200 га яқин Россия ва осетиялик ҳарбий хизматчилар бор эди.
Веб-сайтнинг ёзишича, Гудаутадаги 7-ҳарбий база бўлинмаларидан ҳам 800 га яқин кишидан иборат иккита БТГ тузилган.
«Биздаги маълумотларга кўра, этник абхаз жангчилари фронтга келиб, ихтиёрий тарзда ҳаракат қилмоқда», деди Россия босқинига оид маълумотлар билан бўлишишни истаган InformNapalm кўнгиллилар халқаро ҳамжамиятининг ҳаммуассиси Ираклий Комахидзе Карвонсаройга.
Комахидзенинг сўзларига кўра, жангчилар ўзини Ахра Авидзба қўмондонлиги остидаги халқаро бригада деб ҳисоблайдиган Донецк халқ республикаси (ДХР) ҳарбий қисми – «Пятнашка» таркибига киради.
«Улар ротация билан бир-бирини алмаштириб туради ва аввал-бошдан Донецк вилоятида фаолият юритиб келган», дейди у.
«Кўнгилли бўлиб келган кўплаб осетияликлар ҳозирда Россия аскарларининг йўқотишларини қоплаш учун (Цхинвалидан) 4-база бўлинмаларида ёки (Шимолий Осетиянинг Владикавказида доимий жойлаштирилган) 19-мотоўқчилар дивизиясида шартнома асосида хизмат қилмоқда».
Шимолий Осетия Россиянинг ичидаги республикадир.
«Шунингдек, Жанубий Осетия фуқароларидан ташкил топган захира батальонлари ҳам бор», дейди Комахидзе. «Улардан энг машҳури – Алания.»
Бу батальонлар Донецкка ташланган эди, аммо ҳозир Мелитопол яқинидаги Запорожье вилоятига ўтказилган, деб хабар берган у.
«Уларнинг вазифаси (Россия армиясининг) 19-дивизияси 427 ва 503-полкларини қанотдан ва ортдан ҳимоя қилиш бўлган. Иккала дивизия ва «кўнгиллилар» батальонлари умумий ҳисобда жиддий талафотларга учраган», деб айтган у.
«(Шимолий ва Жанубий Осетия фуқароларидан ташкил топган) осетиялик бу бўлинмалар расман 200 тача одам йўқотган, аммо бу рақамлар икки баравар кўп бўлиши мумкин», деб ҳисоблайди Комахидзе.
Далилларга кўра, Украинада Абхазия қуролли кучлари ҳаракат қилмоқда.
Кузда интернетда эълон қилинган ташвиқот филмида «Авдеевка [Украина] яқинидаги Абхазия давлат хавфсизлик хизмати махсус бўлинмаси» аъзоси эканлигини даъво қилган балаклавадаги икки жангчи кўрсатилган эди.
«Бизникилар ўқлардан ёки портлашдан қўрқмайди. Керак бўлса танкка қараб югуришади», деб айтган аскарлардан бири.
Ўлим ҳақидаги хабарлар юзага чиқмоқда
Россия қурбонлар сонини яширишга уринса-да, Украинадаги абхаз жангчиларининг ўлими хақидаги хабарлар юзага чиқмоқда.
«Йигирма тўрт яшар Бесо Табагуа Украинада ўлдирилди... Бесо билан мактабда битта партада ўтирганмиз. У Россия учун жанг қилган мен билган ягона этник грузиялик эди», деб ёзган Абхазиянинг Гали шаҳридан келган грузин қочқин Г. Х. ноябр ойи бошида ўзининг Facebook саҳифасида.
Ўшанда ишғол қилинган Абхазиянинг ахборот манбалари Тапагуа Бесланнинг Грузияда кенг тарқалган исм ва фамилиясини «абхазлаштириб», у «Донбассни озод қилишда» ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Россиянинг «Спутник-Абхазия» ташвиқот сайти ҳам декабрда «абхазиялик уч нафар кўнгилли Ахра Киркинадзе, Артур Киркинадзе ва Лоран Смир Донбассда ўлдирилгани» ҳақида хабар берган.
Грузиядаги базага сафарбар қилинган россиялик аскарлар ҳам ўлдирилгани айтилади.
Октябр ойида Россиянинг Гудаутадаги 7-ҳарбий базаси штаб бошлиғи, полковник Владимир Рогалев ўлдирилгани хабар қилинган эди.
30 июл куни украиналик аскарлар 7-ҳарбий база майори Павел Грузевни ҳам қўлга олишган. У видеомурожаатда юзлаб ҳамкасблари каби ўз истагига қарши равишда Украинага келганини айтган.
«7-[ҳарбий] база қўмондони полковник Клименко ва штаб бошлиғи полковник Рогалев бу ерда бўлишни истамаган 7-ҳарбий базанинг барча ҳарбий хизматчиларини ушлаб туришибди», дейди у.
«Улар уйга қайтишни истайдилар. 1- ва 2-батальондан умуман ҳеч ким қолмади. Ҳамма тарқалиб кетди. Ҳамма таслим бўляпти.»
Телеграм каналларига кўра, Вагнер гуруҳи жангариси қотил «Колобок» номи билан танилган Олег Дзарахохов ноябр ойи охирида Бахмут яқинида «қаҳрамонларча ҳалок бўлган».
2016 йилда цхинваллик Дзарахоховга 19 йиллик қамоқ жазоси белгиланган эди. Хабарларга кўра, у мина портлашидан ҳалок бўлган.
Сафарбарликни яшириш
Украинада жанг қилаётганлар кўнгиллилар деб айтилаётган бўлса-да, далилларга кўра Россия президенти Владимир Путиннинг сентябрда эълон қилинган «қисман сафарбарлиги» Абхазия ва Жанубий Осетияга ҳам тааллуқли бўлган.
Назарий жиҳатдан, иккала минтақа ҳам Россиядаги сафарбарлик тааллуқли бўлмаган хорижий ҳудуддир.
Шимолий Осетия раҳбари Сергей Меняйло октябрда унга Жанубий Осетия аҳолиси урушга сафарбар қилинаётгани хақида шикоятлар келиб тушганини айтган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиосининг «Кавказ садоси» хизмати.
Хабарга кўра, Меняйло шикоятларни асоссиз деб, расмийлар фақат Россияда муддатли ҳарбий хизматдан ўтган ва сафарбарликка тортиладиган эркаклар ҳарбий хизматга чақирилаётганини ўтган.
Аммо оловсиз тутун бўлмайди.
Икки бўлгинчи минтақа расмийлари Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлашган.
Октябр ойида «Кавказ садоси»нинг хабар беришича, Жанубий Осетия президенти Алан Гаглоев «мамлакатимизда сафарбарликдан қочадиган битта ҳам йигит йўқ» деб айтган.
«Ҳар бир ёш йигит бундай мураккаб паллада Донбасс халқини ҳимоя қилишни ўз бурчи деб билади. Афсуски, уларнинг кўпи нацизмга қарши курашда қаҳрамонлик ва мардликни намойиш қилиб қурбон бўлди», деб айтган Гаглоев.
«Аҳолининг 90 фоизидан ортиғи Россия федерацияси фуқароси», деб айтган сентябр ойида Абхазия ҳарбий коммиссари Беслан Тарба «Спутник» нашрига берган интервьюсида.
У Россия мудофаа вазири ўринбосари Николай Панков «сафарбарлик Абхазияга ҳам тааллуқли, чунки у ердаги аҳолининг 100 фоизи Россия фуқароси», деганидан сўнг шундай баёнот берган.
«Биз буни биламиз, хотирлаймиз ва бундан ғурурланамиз. Россия федерацияси президентининг мурожаатини тўғри қабул қилдик. Бу республикамиз фуқароларига ҳам тааллуқли.»