Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Марказий Осиё Россия ёғочларининг Беларус схемаси орқали Европа Иттифоқига экспорт қилинаётганидан ғазабда

Канат Алтинбаев

Москвадан 500 км шимоли-шарқда жойлашган Вологда яқинидаги ўрмон хўжалиги участкасида ёғоч ортилаётган юк машиналари, 2021 йил, 16 март. [Димитар Дилкофф/AFP]

Москвадан 500 км шимоли-шарқда жойлашган Вологда яқинидаги ўрмон хўжалиги участкасида ёғоч ортилаётган юк машиналари, 2021 йил, 16 март. [Димитар Дилкофф/AFP]

ОЛМАОТА – Беларус компаниялари Марказий Осиё давлатларидан фойдаланиб, Европа Иттифоқига (ЕИ) ёғоч экспорти бўйича санкцияларни четлаб ўтишга уринар экан, қозоқ ва қирғиз тадбиркорлари ҳукумат расмийларини Минск билан иқтисодий алоқаларни узишга чақирмоқда.

Ўтган йилга қадар Россия ва Беларус – Европа Иттифоқининг икки асосий ёғоч таъминотчиси эди. Беларуснинг ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари экспорти 2021 йилга келиб 2,3 миллиард долларга етди, бу рақамнинг учдан икки қисми Европа Иттифоқига тўғри келган.

Бироқ, 2022 йил март ойида ЕИ Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлагани учун Минскка нисбатан санкция киритди ва бу икки мамлакатдан ёғоч сотиб олишни тақиқлади.

Евростат маълумотларига кўра, 2022 йил июн ойидан бери Беларусдан Европа Иттифоқига ёғоч етказиб бериш 30 баравар камайган бўлса-да, Қозоғистон ва Қирғизистондан ЕИга ёғоч етказиб бериш кескин ошган.

14 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги дов-дарахтсиз тепаликда юрган болакай. Дарахтлари камёб Марказий Осиё давлати жуда кам ёғоч экспорт қилади. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

14 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги дов-дарахтсиз тепаликда юрган болакай. Дарахтлари камёб Марказий Осиё давлати жуда кам ёғоч экспорт қилади. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Қирғизистоннинг Чўн-Тош қишлоғи яқинидаги Олатов этакларида от миниб кетаётган икки эркак, 2015 йил, 18 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистоннинг Чўн-Тош қишлоғи яқинидаги Олатов этакларида от миниб кетаётган икки эркак, 2015 йил, 18 январ. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Таажжубки, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан Қозоғистон экспорти 70 баробар, Қирғизистон экспорти эса қарийб 18 минг баробар ошган.

Siena (Литва), Kloop (Қирғизистон), Vlast (Қозоғистон), Re:Baltica (Латвия) ва Fundacja Reporterów (Полша) каби минтақавий ташкилотлар билан ишлайдиган Беларус тергов маркази (BIC) бунинг сабабини аниқлаган.

Евроиттифоқ санкциялари кучга киргач, Россия ва Беларуснинг ёғоч экспортчилари ўз маҳсулотларини Қозоғистон ва Қирғизистонга тегишли деган даъво билан Европа Иттифоқига жўнатишни бошлаганлар.

Келиб чиқишни сохталаштириш

Бу икки Марказий Осиё давлати кенг ўрмонли ҳудудларга эга эмас ва деярли ёғоч ишлаб чиқармайди.

Қозоғистоннинг атиги 5, Қирғизистоннинг эса 6 фоизигина дарахтли ҳудудлардан иборат.

Таққослаш учун, BIC Беларус ўрмон хўжалиги вазирлигига таяниб, мамлакатнинг ўрмонлар билан қопланганлик даражасини 40% деб кўрсатган.

Литва божхона хизмати Марказий Осиёдан ёғоч импорти шубҳали тарзда ўсганини фош этди, дейилади BIC хабарида.

Литва божхоначиларининг айтишича, ташувчилар Қозоғистон ва Қирғизистонни маҳсулотни ишлаб чиқарган мамлакатлар деб кўрсатувчи сохта божхона декларацияларини тақдим этишган.

Литва божхона департаменти директори ўринбосари Вигантас Пайгозинаснинг айтишича, «бу борада аниқ ва мутлақо инкор этиб бўлмайдиган белгилар бор», деб хабар беради BIC.

«Бу – маҳсулотнинг дастлабки босқичда декларация қилинган мамлакатлардан эмас, балки Россия ёки Беларусдан келганини кўрсатувчи қадоқдаги маркировкалар ва қўшимча ҳужжатлар», деди у.

Божхона ходимлари ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид кўплаб ҳолатларни қайд этганлар, деди у.

Айни пайтда, Siena журналистик суриштирув марказига маҳаллий Vivalsa компанияси Литвада тақиқланган маҳсулотларни сотиш билан шуғулланаётгани маълум бўлган.

Компания урушдан аввал Россиядан олиб келинган ёғоч гранулаларини сотган, аммо санкциялар кучга киргач, худди шу маҳсулотларни, гўёки Қирғизистон ва Қозоғистонга мансуб деган даъвода бошқа ном билан сота бошлаган.

Vivalsa компанияси директори ва ҳамсоҳиби Саулюс Гирчис сотувчининг омборида ўзини харидор қилиб кўрсатган Siena журналистлари олдида товарлар Беларусдан келганини тан олди.

Россия ва Беларус экспортчилари ўз маҳсулотлари учун Марказий Осиё давлатларидан сертификатлар олиб, уларни Европа Иттифоқига жўнатганлар, аммо ёғоч ҳеч қачон ўзининг «келиб чиқиш» мамлакатида бўлмаган.

Иккиламчи санкциялар хавфи

Украина, АҚШ ва Латвиянинг молиявий разведка хизматлари Россия санкцияларни четлаб ўтишда Қозоғистон, Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан фойдаланаётгани ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади Odessa Journal 16 январ куни.

Болтиқбўйи мамлакатларидаги журналистлар Латвияга Россия ва Белоруссиядан ёғоч олиб келиниши билан боғлиқ конкрет ҳолатларни аниқладилар, деб ёзади нашр.

2022 йилда TV3 телеканалининг Nekā Personīga дастурида эгаси Вагнер гуруҳига ҳомийлик қилишда айбланган Швейцария компанияси Латвияда фаоллаштирилган кўмир битимларига аралашгани ҳақида хабар берилган.

Orbita.kg нашри мухбири, бишкеклик Марс Абаев Россия ва Беларуснинг ҳаракатларини «жуда қолоқ ва беўхшов схема» деб атади.

«Қолаверса, Қирғизистон ҳеч қанақасига ёғоч экспорт қилолмайди, чунки мамлакатимизда ёғоч экспортига тақиқ жорий қилинган».

Атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги маълумотларига кўра, Қирғизистон 2007 йилда (ёнғоқ ва арча каби) ноёб дарахтларни кесиш ва экспорт қилишни тақиқлаган, 2016 йилда эса барча дарахтларни кесиш тақиқини узайтирган.

«Ўзимиз учун ёғочни четдан олиб келамиз», деди Абаев. «Қанақа экспорт ҳақида гап бўлиши мумкин?»

Қирғиз ҳукумати Қирғизистон учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бундай ҳодисаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак, дейди Бишкекдаги «Технопром» ишлаб чиқариш компанияси менежери Асел Бакаева.

«Ўзбекистоннинг битта компанияси Россияга тақиқланган маҳсулотларни жўнатгани учун санкцияга тушишга улгурди. Бундай ҳолатлардан сабоқ чиқаришимиз зарур.»

Шунингдек, қозоғистонлик тадбиркорлар ҳам Россия уларнинг мамлакатини иккиламчи санкциялар хавфи остида қолдираётганидан норози.

Остонадаги қурилиш материаллари таъминотчиси Даулет Ахметовнинг айтишича, Россия ёғочининг Қозоғистон ёғочи кўринишида Европага жўнатилаётгани Россия ўз манфаатлари йўлида Қозоғистондан фойдаланаётганини яна бир карра исботлайди.

«Россия билан иқтисодий муносабатлар бир ёқлама ўйиндир», дейди у.

«Уларнинг ишлаб чиқарувчилари ЕОИИнинг [Евроосиё иқтисодий иттифоқи] имтиёзли тарифларидан фойдаланиб, бизнинг бозорларимизни эгаллашди, айни пайтда Россия регуляторлари нима қилиб бўлса ҳам, экспортчиларимиз учун турли тўсиқлар яратишга уринмоқда», деди у.

«Энди эса улар санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз ҳийлаларига бизни жалб қилиш билан мамлакатимизни қалтис вазиятда қолдирмоқда», деб қўшимча қилди у. «Биз бунга қаршилик қилмасак ва зарарли қўшнидан узоқлашмасак, Қозоғистон жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин».

«Иттифоқчиларга» таҳдид

Тобора яккаланиб бораётган Россия дунёга Марказий Осиёда иттифоқчилари борлигини кўрсатишга уринмоқда, бироқ унинг хатти-ҳаракатлари дўстлардан кўра кўпроқ душманларни пайдо қилмоқда, дейди таҳлилчилар.

Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов 3 январ куни Озодлик радиосига берган интервьюсида Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун Марказий Осиёдан транзит ҳудуд сифатида фойдаланаётганини айтди.

Россия Марказий Осиё давлатларининг санкцияларга риоя қилиш истагига ғазабнок муносабат билдириб, уларга нисбатан босим ва таҳдидлар қўлламоқда.

«Куни кеча Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси жуда кескин муносабат билдирди», деди Илҳомов.

«У ҳатто Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилиб, минтақа давлатлари Россия маҳсулотлари ва РФга технологиялар экспорт қилишга нисбатан санкциявий режимга амал қилишга уринаётгани Россия учун номақбул эканини айтди».

У 22 декабр куни Москвада бўлиб ўтган «Марказий Осиё ва Украина инқирози» мавзусидаги анжуманда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Александр Стерникнинг сўзларига ишора қилган.

Стерник Кремлнинг Марказий Осиёдаги постсовет республикаларга нисбатан сиёсатини «стратегик сабр» деб таърифлаб, «Россия билан муносабатларни тўхтатишга оид кичик ишора» ҳам катта «иқтисодий харажатларга» олиб келиши мумкинлигини айтган.

Россия ўзининг иттифоқчиси деб атайдиган давлатларга нисбатан қаттиқ иқтисодий чоралар кўриш билан таҳдид қилмоқда, дейди Илҳомов ҳар бир Марказий Осиё республикасининг ўзига хос «оғриқли нуқталари» борлинини таъкидлаб.

«Масалан, Қозоғистон (Қирғизистон билан бўлгани каби) Россиядаги меҳнат мигрантларига унчалик боғлиқ эмас. Бироқ, у ўз нефтининг Россиянинг Новороссийск шаҳридан ўтадиган қувур орқали ташилишига қарам», деди у.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Россия қўлловидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслигини айтганида, «Россия дарҳол қувурни тўхтатиш чорасини кўрди».

«Биз ҳозирча Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларида бўлгинчилик ўйинлари хавфи ҳақида гапирмаяпмиз, бироқ бундай таҳдидлар ҳам янграган», деди Илҳомов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500