Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қирғизистонлик депутатлар Сталин қатағонларига оид маълумотларни махфийликдан чиқармоқчи

Канат Алтинбаев

Бишкек яқинидаги «Ота Байит» мажмуасининг ички кўриниши, 2020 йилнинг август ойида олинган сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бишкек яқинидаги «Ота Байит» мажмуасининг ички кўриниши, 2020 йилнинг август ойида олинган сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

БИШКЕК – Қирғизистонда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тарихдаги адолатсизликларни тузатишга қаратилган бўлиб, совет диктатори Иосиф Сталиннинг оммавий қатлларига оид махфий маълумотларни ошкор қилишни кўзда тутади.

Декабр ойи охирида Қирғизистон парламентининг тўрт депутати – Жанарбек Акаев, Нурланбек Шакиев, Чўлпон Султонбекова ва Мирлан Самойкўжо ўз ҳамкасбларига 1918–1953 йилларда совет тузуми томонидан қатл этилган фуқароларни оқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этдилар.

Бу йиллар Владимир Ленин ва Иосиф Сталин каби диктаторлар ҳукмронлик қилган даврларни ўз ичига олади.

Муаллифларнинг айтишича, қонун лойиҳаси Сталин зулмининг омиллари ва кўламини аниқлаш, тарихий адолатсизликларни тузатишга қаратилган.

1930-йилларда босмачиликда айбланганларнинг иш материаллари. 2022 йил 6 январ куни айбланувчиларнинг суд ҳужжатлари ҳозирланиб, уларнинг иши бўйича суд мажлиси ўтказилган. [Файл]

1930-йилларда босмачиликда айбланганларнинг иш материаллари. 2022 йил 6 январ куни айбланувчиларнинг суд ҳужжатлари ҳозирланиб, уларнинг иши бўйича суд мажлиси ўтказилган. [Файл]

Олмаота шаҳрида марҳум Аҳмад ​​Бойтурсунов ҳақидаги «Сўнгги ҳукм» филмини суратга олиш жараёнидан лавҳа, 2021 йил, 16 ноябр. [Қозоғистон миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази]

Олмаота шаҳрида марҳум Аҳмад ​​Бойтурсунов ҳақидаги «Сўнгги ҳукм» филмини суратга олиш жараёнидан лавҳа, 2021 йил, 16 ноябр. [Қозоғистон миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази]

«Фуқароларнинг, айниқса, Қизил террор (1918-1924) ва Сталин қатағонлари (1929-1953) даврида сиёсий зулм қурбони бўлишига олиб келган воқеаларни қайта кўриб чиқиш ва бу воқеаларга сиёсий баҳо бериш вақти келди», дейилади қонун лойиҳасида.

«ХХ аср иккинчи ярмининг турли даврларида ноҳақ ва сохта равишда турли жиноятларда айбланган минглаб совет фуқароларни прокуратура ва судлар орқали оқлаш имконсиз қолмоқда».

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Акаевга кўра, совет ташвиқоти ҳозирги қирғизларнинг эркинлик ва ҳақиқат учун курашган аждодларини босмачи қилиб кўрсатган.

Бу атама «бандитлар» сўзидан олинган бўлиб, Ўрта Осиёда 1917 йилдан 1930-йилларнинг бошигача советларга қарши фаол курашган исёнчиларни англатади.

«Биз уларнинг асл мақсадлари ҳақида сўзлаб беришимиз, уларни миллий-озодлик ҳаракати иштирокчилари деб билишимиз керак. Буни Қирғизистон тарихида аниқлаштириб, қонун билан мустаҳкамлаб қўйишимиз керак», деди Акаев Озодлик/Озод Европа радиосининг қирғиз хизматига.

Олий суди ўз миллий қаҳрамонларини оқлаган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қирғизистонда ҳали бу масала кўтарилмаган, деди у.

«Биз ҳам ота-боболаримизга муносиб тарихий баҳо берилишини ва кейинги авлодлар улар ҳақида ишончли маълумот олишини истаймиз», деди Акаев.

2018 йилдан бери ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг фармони билан Қирғизистонда 7 ва 8 ноябр кунлари Тарих ва аждодларни хотирлаш кунлари сифатида нишонланади.

2020 йилда Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (ГКНБ) махфий архиви билан танишган собиқ КГБ ходими Болот Абдураҳмонов 10 жилддан иборат «Қирғизистон Республикасининг сиёсий зулм қурбонлари китоби»ни нашрдан чиқарган.

Абдураҳмоновнинг асарида 1920-1953 йилларда Қирғизистонда ноҳақ қатл этилган 20 минг судланувчи, жумладан, элликка яқин миллат намояндалари: ишчилар, деҳқонлар, олимлар, ўқитувчилар, тарихчилар, ёзувчилар ва шоирлар, шунингдек, совет режими тарафдорлари – Коммунистик партия ва комсомол ишчилар рўйхати келтирилган.

Айрим манбаларга кўра, қатл этилганлар сони рўйхатдагидан анча кўп.

2008 йил ноябрда «Рух Кенчи» газетаси 1924 йилги Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш натижаларига таяниб, Қирғизистоннинг 100 мингдан ортиқ аҳолиси Сталин томонидан қатл этилгани ҳақида ёзганди.

Миллий ўзликни англаш

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, Қирғизистонда разведка идораси сифатида совет давридаги КГБдан кейин келган ГКНБ архивида сақланаётган Сталин зулмига оид махфий ҳужжатлар Давлат архивига топширилади.

Тегишли ҳужжатлар кўп йиллар давомида қирғиз тарихчилари учун ёпиқ бўлган. Уларда қатл этилган қирғизларнинг рўйхати, тергов протоколлари ва совет режимининг қирғиз фуқароларига нисбатан мудҳиш жиноятларини тасдиқловчи бошқа далиллар бор.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, парламентни сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш бўйича қўмита тузишга чақиради.

Қўмита таркибига нодавлат ҳуқуқбон ташкилотлар ходимлари, тарихчилар ва Давлат архиви ходими, шунингдек, Омбудсман ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик идоралари вакиллари киради.

Карвонсарой билан суҳбатда бўлган Қирғизистон журналистлари мустақил уюшмаси раиси, бишкеклик Азамат Қосибеков қонун лойиҳаси долзарб ва тўғри ташаббус эканлигини айтди.

«Бу ҳақиқатан ҳам Қирғизистон тарихи, халқимизнинг ўзлигини англаши, қай тарафга кетаётганимиз ва қайси йўлни танлашимиз кераклигини тушунишда энг муҳим ҳужжат», дейди Қосибеков.

Айрим кузатувчилар махфий маълумотларнинг ошкор қилиниши тартибсизликларга олиб келишидан хавфсираётган бўлса-да, Қирғизистоннинг етук жамоатчилиги тарихий фактларни тўғри қабул қила олади, дейди Қосибеков.

«Менинг қариндошларим ҳам Сталин зулмидан азият чеккан. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, биз уларнинг оқланишини истаган эдик, аммо ГКНБ бизга ҳужжатлар билан танишишга рухсат бермади».

«Айримлар ҳатто Сталин қатағонлари ҳақидаги материалларни ошкор қилиш [Россия билан] халқаро муносабатларга зарар етказиши мумкин деган фикрда», деб қўшимча қилди у.

«Аммо, биз энг аввало, қандай бўлишидан қатъи назар, ҳақиқатни билишга интилишимиз керак».

Минтақавий тенденция

Қирғиз жамоатчилиги парламентнинг ушбу ташаббусини илиқ қарши олди.

«Ниҳоят, шунча йиллардан кейин расмийларимиз бу борада бир қарорга келишди», дейди «Айчурек» марказий универмаги ходими, бишкеклик Талант Бейшембаев Карвонсаройга.

«Менимча, бу иш аввалроқ амалга ошиши ҳам мумкин эди, аммо ҳукуматимиз Россиянинг муносабатидан қўрқди, чунки биз иқтисодий жиҳатдан унга қараммиз».

«Дунёда кўп нарса ўзгарди», дейди у.

Шунга ўхшаш тенденциялар Қозоғистонда ҳам бошланган.

Қозоғистоннинг сиёсий қатағонлар қурбонларини тўлиқ оқлаш бўйича давлат қўмитаси идоравий архивларни махфийликдан чиқариш ва фуқароларни оқлаш бўйича далилларни тақдим этиш устида ишламоқда.

Давлат маслаҳатчиси Эрлан Карин 12 январ куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга қўмитанинг иши ҳақида қисқача ҳисобот бериб, сиёсий қатағонлар қурбонлари ҳақидаги 31 жилддан иборат материалларни тақдим этди.

«Жорий йилда давлат қўмитаси қатағон қурбонлари тарихини ўрганиш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва электрон фондлар яратиш ишларини давом эттиради», дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон бу тенденциянинг етакчиси ҳисобланади.

Ўтган йили мамлакат Олий суди 200 дан ортиқ Сталин давридаги қатллар қурбонларини оқлаган. Яна 173 та иш кўриб чиқилмоқда.

2021 йил август ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг энг сара намояндалари совет зулмининг қурбонига айланганини таъкидлаган эди.

«Эски тузумга миллатнинг кўзини очадиган, унинг миллий ўзлигини намоён қиладиган зиёлилар керак эмасди. Уларнинг айби буюклигида эди», деди Мирзиёев.

Россиянинг ғазаби

Марказий Осиёда олиб борилаётган оқлаш саъй-ҳаракатлари Москвани ғазаблантирган.

Россия расмийлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг совет даврида қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш, оммавий очарчилик ва миллионлаб одамларнинг ўлимига олиб келган бой деҳқонларни йўқ қилиш каби жиноятлар ҳақидаги хабардорликни ошириш уринишларига қарши чиққан.

2020 йили Россия парламентнинг қуйи палатаси – Давлат думаси «Россия тарихини сохталаштириш уринишларига қарши кураш: илмий ва қонунчилик жиҳатлари» китобини чоп этган бўлиб, унда Дума совет раҳбарларини танқид қилувчиларни «аксилсовет сиёсатини юритиш» ва «Россия тарихини сохталаштиришда» айблаган.

«Россия тарихининг совет даврини давлатнинг ўз халқига қарши қилган хатолари ва жиноятларининг узлуксиз силсиласи сифатида таърифлаш тенденцияси кенг тарқалди», дейилади китобда.

Думага кўра, бу танқидда «турли ҳодисаларни қасддан ёлғон тавсифлаш ёки талқин қилиш» бор.

Ҳукумат китоби постсовет республикаларининг ўз ҳудудига тарихан эгалик қилишини шубҳа остига қўювчи яширин таҳдидни ҳам ўз ичига олган – бу сўнгги йилларда Москва таъсиридан қочишга интилаётган қўшни давлатларни қўрқитиш учун россиялик сиёсатчилар мунтазам равишда қўллаётган тактикадир.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла, Қирғизистон парламенти!!! Биз қирғизлар, рус шовинизмининг ҲАҚИҚИЙ қиёфасини, империалистик табиатини КЎРСАТИШ учун шундай қилишимиз керак!!!

Жавоб бериш