КИЕВ – Россияликлар Вагнер гуруҳи томонидан Украинада жанг қилиш учун ёлланган жиноятчи-рецидивистларнинг авф этилганидан хавотирда.
Ленинград вилоятидаги қишлоқларнинг бирида яшовчи аҳоли Украинадаги жанглардан уйига қайтган рецидивист ва Вагнер жангарисидан ҳимоя қилишни талаб қилиб петиция имзолаган.
Бошқа бир қишлоқда эса ўз бувисини болға билан уриб ўлдирган, аммо Донбассдаги жанглардан кейин авф этилиб, уйига қайтишга рухсат олган эркакдан қўрқишмоқда.
«Полиция сизга ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак»
Жанг майдонидаги йўқотишлари ортиб бораётган Вагнер Россия президенти Владимир Путин заҳирадаги 300 минг эркакни «қисман сафарбар қилиш» тўғрисида буйруқ беришидан аввал, шу йил ёзда Россия қамоқхоналаридан ўз сафига жангарилар ёллашни бошлаган эди.
16 сентябр куни тарқалган, Би-би-си томонидан ҳақиқийлиги тасдиқланган видеода Вагнер бошлиғи Евгений Пригожин Россиянинг марказий қисмидаги қамоқхона маҳбусларига «олти ой хизмат қилсангиз, озодликка чиқасиз» деб ваъда бергани акс этган.
Энди эса Вагнер ёллаган 20 нафар маҳбус Украинадаги хизматни тугатиб, уйларига қайтмоқда.
Россиянинг «РИА Новости» янгиликлар агентлиги 5 январ куни эълон қилган видеода Пригожин жангчиларни «шартномани бажаргани билан» табриклаган.
У шунингдек, озодликка чиқишидан аввал жиноятчиларга «сўнгги кўрсатмаларни» берган.
«Ичмаймиз, гиёҳванд моддаларини қабул қилмаймиз ёки аёлларни зўрламаймиз! Полиция сизларни ҳурмат қилиши керак!», деб айтган Пригожин РИА Новости Телеграм каналида жойлаган видеода.
Маҳбусларни авф этиш ҳақидаги ҳужжатлар Вагнер июл ойида уларни ёллаган пайт имзоланган эди, дейди Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева.
«Менда қарорларнинг ўзи йўқ, аммо биринчи бўлиб озод қилинадиган эркакларнинг қариндошлари билан гаплашдим», деб айтган у РИА Новости нашрига январ ойи бошларида. «Уларнинг айтишича, қўлларида 5 июл куни имзоланган ҳужжат бор, демак уларни шу куни ёки эртасига олиб кетишган.»
Вагнернинг Украинада 50 мингга яқин жангчиси бор, улардан деярли 80 фоизи маҳбуслар, деган эди жума (20 январ) куни АҚШ миллий хавфсизлиги вакили Жон Кирби.
«Бундан чорасизлик иси келаётгани аниқ», деган эди 9 январ куни АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс журналистларнинг Россияда Пригожиннинг ортиб бораётган таъсири ҳақидаги саволга жавобан.
«Бу жангчиларнинг тарихига назар солсангиз, аксар ҳолларда улар яхши тайёргарликдан ўтган аскарлар эмас, улар маҳбуслар», деб айтган Прайс. «Уларнинг кўпи қотиллик, зўравонлик каби оғир жиноятларда айбланган ва ҳибсга олинганлар, ҳозир эса уларга авф ёки жазони енгиллаштириш ваъда қилингани сабабли Украинада жанг қилишмоқда.»
«Бу жирканч. Ҳуқуқбон гуруҳлар буни ноқонуний деб қоралашмоқда. Бундан чорасизлик иси келяпти, деган фикрдамиз. Бу урушнинг якуний йўналишини ўзгартирмайди», деди у.
Россияликлар «ўз жонидан хавотирда»
Россияликларнинг ўзи Украинда жанг қилиб, авф этилган жиноятчиларнинг уйларига қайтаётганидан мамнун эмас.
«Йигирма нафар эркак уйига қайтяпти», деб айтган маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Россиянинг «Русь Сидящая» (Панжара ортидаги Россия) ташкилоти раҳбари ва асосчиси Олга Романова.
«Улардан бири Ленинград вилоятига қайтган, у ердаги қишлоқ аҳолиси эса петиция имзолаган. Уни кимга юборишни билмаганликлари сабабли журналистларга юборишган», деди у Карвонсарой нашрига.
«Улар петицияда бу маҳкум аввал бутун қишлоққа таҳдид солгани ва кўп марта ҳибсга олинганини ёзишган. Айтишларича, уни умуман йўлга солиб бўлмайди ва унинг руҳий муаммолари бор», деб айтган у. «Одамлар ўз жонларидан қўрқишмоқда.»
«Бошқа бири эса ўзининг Иккинчи жаҳон уруши ветерани бўлган бувисини ўлдирган», деди Романова. «Гаражда болға билан қарияни уриб ўлдирган. Энди эса жазосини тўлиқ ўтамасдан уйига қайтяпти.»
«Қўшнилар албатта бундай одамлардан қўрқади. Россияликлар жиноятчиликнинг қайта авж олишини истамайдилар», деб айтган у.
Эркаклар шартли равишда муддатидан аввал озод қилинмоқда, чунки озод бўлган ҳар бир одам Вагнер билан янги шартнома имзолаши керак, деб қўшимча қилган Романова. Агар рози бўлмасалар, озодликка чиқарилмайдилар.
«Уларнинг ҳаммасига букма телефон берилган», дейди у. «Унда битта алоқа рақами бор, бошқа мақсадда ишлатиб бўлмайди. 45 кундан кейин уларга қўнғироқ қилишади, кейин улар яна фронтга жўнаб кетишлари керак.»
«Энди уларга аввалгидек фронт чизиғида эмас, балки қўпоровучилик ва разведка билан шуғулланувчи гуруҳлар таркибида бўлиш ваъда қилинмоқда», деб айтган у.
«Тартибсизлик»
Озодликка чиққан маҳбуслар яна жиноят содир қилиши эҳтимоли катта, дейди таҳлилчилар.
«Россияда маҳбуслар сони кўп: 140 миллионлик аҳолининг қарийб ярим миллиони қамоқда», деб айтган Санкт-Петербургдаги «Голос» (Овоз) ҳаракати координатори ва жамоатчилик фаоли Полина Костилева.
«Улар авф қилингач ёки муддатини ўтаб бўлгач, Россиядаги жамиятга муносиб тарзда қайта қўшилмайди», деди у. «Бу доим катта муаммо бўлган. Шунинг учун кўпчилиги яна жиноятга қўл уради.»
«Ҳозир рўй бераётган нарса – хаос», деб айтган у. «Пригожин қамоқларга бориб юрганида, ҳамма бу ноқонуний эканлигини тушунган, аммо ҳеч нима қилиб бўлмас эди. Баъзида маҳбусларнинг олдига адвокатлар ёки қариндошлари ҳам кира олмайди, расмий ҳуқуқи ёки бошқаси нарсаси бўлмаган қандайдир золим кириб боради.»
«Рўй бераётган ҳодисаларни кўриб, қонун ишламаслигини тушуниб етасиз», деб айтган Костилева. «Бир тийинга арзимас одамсиз. Пригожинда қудрат бор, у барча ваколатга эга, сизда эса ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ. Бу аламли ҳиссиёт.»
Россияликларни «авф этиш» Пиигожин учун катта PR юриш, дейди Киевда жойлашган Ягона Украина тадқиқот марказининг сиёсий таҳлилчиси Игор Петренко.
«Украинада россиялик қурбонлар кўп эканлиги сабаб Пригожин ва унинг шерикларига одамларни, жумладан маҳбусларни урушга жалб қилиш тобора қийинлашмоқда», деб айтган у. «Пригожин «Мана ваъда бердик ва уни бажардик!» деб айтиши учун вазият керак эди.
Авфлар Путин учун ҳам манфаатли, дейди у.
«Путин Ғарбга «Мана Пригожинга ўхшаган бузуқ, мендан ҳам ақлсизроқ одамлар бор. Уларнинг қўлига ядровий қуролларнинг кодлари тушса нима қилишини тасаввур қилиб кўринг. Бундан баттар бўлиши мумкин», деяпти» дейди Петренко.
«Путин, Пригожин ва уларнинг барча ҳаракатлари қўрқитиш тактикаси холос, шунчаки ўз ҳаётини ҳимоя қилиш йўли.»
Барчасини инобатга олиб айтиш мумкинки, «бу рецидивистларнинг уйларига қайтиши россияликлар учун жуда хавотирли».