Карвонсарой
Атроф-муҳит

Хитойнинг Афғонистондаги тоғ-кон саноати лойиҳаси Марказий Осиёлик кузатувчиларни хавотирга солмоқда

Рустам Темиров

Афғонистоннинг Хитой билан чегараси бор-йўғи 76 км ни ташкил қилади, бу Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан чегарасидан анча қисқа. Хитой нефт қазиб олишни режалаштираётган Афғонистоннинг уч вилояти акс этган суратда Хитой ва Афғонистон кесишадиган Воҳан йўлагининг жойлашуви қайд этилган. [Карвонсарой]

Афғонистоннинг Хитой билан чегараси бор-йўғи 76 км ни ташкил қилади, бу Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан чегарасидан анча қисқа. Хитой нефт қазиб олишни режалаштираётган Афғонистоннинг уч вилояти акс этган суратда Хитой ва Афғонистон кесишадиган Воҳан йўлагининг жойлашуви қайд этилган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ -- Хитойнинг Афғонистондаги Амударё ҳавзасида нефт ва йўлдош газ қазиб олиш бўйича келишуви Марказий Осиёдаги кузатувчиларда хавотир уйғотмоқда.

5 январ куни Кобул ҳукумати ва Xinjiang Central Asia Petroleum and Gas Co. компанияси (CAPEIC) ўртасида шимолий Сари-Пул, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги 4500 квадрат километрлик ҳудуддан нефт қазиб олиш бўйича келишув имзоланди.

25 йилга мўлжалланган шартнома Афғонистонда нефтни қайта ишлаш заводи барпо этилишини ҳам кўзда тутади.

Жузжон Ўзбекистон ва Туркманистон билан, Фарёб эса Туркманистон билан чегарадош.

Афғонистоннинг асосий фойдали қазилма конларининг миллиардлаб доллардаги тахминий қиймати инфографикаси. Чапдан ўнгга темир, мис, ниобий, литий, кобалт, олтин ва молибден моддалари келтирилган. [Карвонсарой]

Афғонистоннинг асосий фойдали қазилма конларининг миллиардлаб доллардаги тахминий қиймати инфографикаси. Чапдан ўнгга темир, мис, ниобий, литий, кобалт, олтин ва молибден моддалари келтирилган. [Карвонсарой]

Ўзбекистон чегарачилари 2015 йилнинг кузида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Амударё бўйини қўриқламоқда. [Максим Енисеев]

Ўзбекистон чегарачилари 2015 йилнинг кузида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Амударё бўйини қўриқламоқда. [Максим Енисеев]

Амударё ҳавзасида тахминан 87 миллион баррел хом нефт захираси борлиги тахмин қилинади.

Лойиҳа доирасида 3000 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда, дастлабки уч йилда унга 540 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилади.

Афғонистон янги корхонада 20 фоиз улушга эга бўлади ва дастлаб фойданинг 15 фоизини олади. Шартномага кўра, кейинчалик Афғонистоннинг улуши 75 фоизга етиши мумкин.

Хорижий инвесторларнинг Афғонистонда ўз бизнесини ривожлантиришига кўпроқ ишонч бериш учун, икки мамлакат «лойиҳани Хитой-Афғонистон ҳамкорлигининг муваффақиятли моделига айлантириш учун биргаликда ишлаши ва яқин ҳамкорлик қилиши лозим», деди Хитойнинг Афғонистондаги элчиси Ван Ю шартномани имзолаш маросимида.

«Хитой ва Афғонистонни тоғлар ва сув боғлаб туради, уларнинг тақдири ҳам бир», деди у.

Мамлакат билан умумий чегараси атиги 76 км эканлигига қарамай, Хитой анчадан бери Афғонистонни асосий қазилма бойликлар манбаи сифатида кўриб келган.

Афғонистонда нефт ва газдан ташқари темир рудаси, мис, литий, ниобий, кобалт, олтин ва молибденнинг катта захиралари мавжуд.

CAPEICнинг бош компанияси, Хитойнинг давлатга қарашли Хитой миллий нефт корпорацияси (CNPC) 2011 йилда худди шу Амударё лойиҳалари бўйича шартнома имзолаган, бироқ орадан йиллар ўтиб, кечикишлар ва силжиш бўлмагани сабабли шартнома бекор қилинган.

Муаммо нимада?

Амударё ҳавзасида экологик меъёрларга риоя қилмай нефт ва йўлдош газ қазиб олиш Афғонистоннинг шимолдаги қўшниларига жиддий зарар етказиши мумкин, дейди Карвонсарой билан суҳбатда бўлган Марказий Осиё бўйича таҳлилчилар.

Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомовнинг фикрича, келишув 2011 йилги шартноманинг қайта жонлантирилган версиясидир.

Бир томондан, Афғонистонда «мамлакат энергетик мустақиллигини максимал даражада мустаҳкамлашни истаётганларнинг амбициялари тушунарли ва мутлақо қонуний», деди у Карвонсаройга.

«Аммо бошқа томондан, атроф-муҳит хавфсизлиги нуқтаи назаридан қўшниларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олиш керак, айниқса, Амударё бутун минтақани сув билан таъминлайдиган иккита асосий артериядан бири эканлиги инобатга олинса», деди Илҳомов.

Амударё ҳавзасидаги ҳар қандай иқтисодий ташаббус минтақа давлатларининг сув таъминотига қандай таъсир қилишини ўрганиш учун икки ёки кўп томонлама қўшма экспертиза ўтказиш зарур, деди у.

Аввалги корхоналар, хусусан Ўзбекистон пахта саноати бу ишни қила олмаган, деди у.

«Натижада Орол денгизининг буткул қуриши, Амударё қуйи оқимининг... пахта далаларидан тўпланган пестицидлар ва тузлар оқими билан ифлосланиши кузатилди», деди у.

Яхши қўшничилик руҳида қўшма экологик экспертиза ўтказиш учун барча тегишли давлатларнинг бирлашиши вақти келди, деди у таҳлилчилар Хитой ва Афғонистон ўртасидаги келишувни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳолаши кераклигини қўшимча қилиб.

«Аммо бир нарса аниқ... ҳозирда Хитой ҳеч бўлмаганда иқтисодий жабҳада Кобулнинг асосий ҳамкори бўлишга ҳаракат қилмоқда», деди у.

Шунингдек, кўпгина таҳлилчиларнинг айтишича, Хитой Афғонистонни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Пекинга қарам қилиб қўйишга уриняпти, шунда у дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида қилгани каби мамлакатнинг қазилма бойликларидан фойдаланиши мумкин.

«Хитойга барибир»

Хитой режими прагматик, дейди тошкентлик иқтисодчи Жавлон Жўраев.

«Унинг ўз иқтисодий, шу жумладан энергетик хавфсизлигини кафолатлашдан бошқа принципи йўқ, инвестор ўлароқ Хитойга мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари қай ҳолатда экани ёки атроф-муҳитни муҳофазалашга оид қандай қонунлар қабул қилингани унчалик қизиқ эмас», деди у Карвонсаройга.

«Керак бўлса, мансабдор шахсларга пора беришади. Улар ўз инвестицияларини ҳимоялаш учун ҳамма нарсага тайёр», дейди у.

Шу нуқтаи назардан, нефт лойиҳаси маҳаллий аҳоли учун фойда келтирмайди, дейди Жураев.

Халқаро сув қонунчилигига кўра, давлат трансчегаравий сувлардан ўз ҳудудига сув олишда бошқалар билан келишиши шарт эмас, дейди Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг (IFAS) Тошкентдаги агентлиги директори Вадим Соколов.

«Қўшниларингизни хабардор қилиш кифоя. Албатта, бу Амударё ҳавзаси экологиясига таъсир қилади, аммо қай даражада – бу номаълум», деди у Карвонсаройга.

Лойиҳа аҳолининг кўпчилиги қишлоқ хўжалигида банд бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон каби қўшни давлатлар экологиясига таъсир қилади ва зарар келтиради, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Нигара Ҳидоятова.

«Кейинги ўн йилда бу мамлакатларга қурғоқчилик хавф солади ва улар нефт ҳудудларининг ўзлаштириши қандай зиён келтириши ҳақида ўйлашлари табиий. Лекин Хитойга бунинг қизиғи йўқ», дейди Ҳидоятова.

«Бу лойиҳа авантюрадан баттарроқ. У иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Лекин Хитойга Афғонистонда ўз байроғини ўрнатиш муҳимроққа ўхшайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500