Карвонсарой
Сиёсат

Кремл Украинага босқинни оқлаш учун филмлар ташвиқотини кучайтирмоқда

Канат Алтинбаев

Украинадаги Россия қўшинларининг тактик белгиси бўлган Z ҳарфи билан безалган «Кремл юлдузи» олдида суратган тушаётган аёл, 16 январ, Москва. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Украинадаги Россия қўшинларининг тактик белгиси бўлган Z ҳарфи билан безалган «Кремл юлдузи» олдида суратган тушаётган аёл, 16 январ, Москва. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

ОЛМАОТА – Кремл мамлакатда ташвиқот филмлари ишлаб чиқаришни кучайтирмоқда – бу Россия жамоатчилиги олдида Украинага босқинни оқлашга қаратилган беҳуда уриниш, дейди кузатувчилар.

Январ ойида Россия президенти Владимир Путин ўз ҳукуматининг Маданият вазирлигига «махсус ҳарбий операция» (МҲО) ва «неонацизм ва неофашизм мафкурасининг тарқалишига қарши кураш» мавзуларида Россиянинг ҳужжатли филмлари намойиши бўйича таклифлар беришни уқтирган эди.

Босқинни МҲО эмас, уруш деб атаганлик учун Россия қонунчилигида жазо белгиланган.

Ижро муддати 1 февралгача бўлган фармонда «ватанпарварлик руҳидаги ҳужжатли филмлар фестивалини» ўтказиш белгиланган.

«Россия-1» давлат телеканалининг «ВКонтакте» аккаунтидан олинган кадрда «Россия. Биз 30 ёшдамиз!» ҳужжатли ташвиқот филмининг боши акс этган. Бу филм декабр ойида Олмаотадаги кинотеатрларнинг бирида қозоғистонлик мактаб ўқувчиларига намойиш этилган эди. [https://vk.com/video-24371598_456262069?list=7595b7b1e09c66eb27 ҳаволасидан олинган лавҳа]

«Россия-1» давлат телеканалининг «ВКонтакте» аккаунтидан олинган кадрда «Россия. Биз 30 ёшдамиз!» ҳужжатли ташвиқот филмининг боши акс этган. Бу филм декабр ойида Олмаотадаги кинотеатрларнинг бирида қозоғистонлик мактаб ўқувчиларига намойиш этилган эди. [https://vk.com/video-24371598_456262069?list=7595b7b1e09c66eb27 ҳаволасидан олинган лавҳа]

2018 йилги «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган» Россия ташвиқот филмининг афишаси.

2018 йилги «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган» Россия ташвиқот филмининг афишаси.

Путин Украинада жанг қилиб, «жасорат, фидокорлик ва қаҳрамонлик кўрсатган» россиялик аскарларни ёритиш учун мудофаа вазирлигига документалистлар билан ишлашни буюрган.

Таълим ва маданият вазирликларига март ойи охиригача Россия мактабларида ушбу мавзу бўйича дарслар ўтиш, шунингдек урушда қатнашганларни ёритувчи «жамоатчилик жойлари, арт-объектлар ва мактаб музейлари» ташкил этиш буйруғи берилган.

Ноябр ойи охирида маданият вазирлиги Россия ҳукумати молиялаштирадиган устувор йўналишлар рўйхатига босқинчилик билан боғлиқ бир қанча мавзуларни киритган.

«Тарихни сохталаштириш уринишларга қарши кураш», «барқарор ва хавфсиз давлат», «нацизм ва фашизм мафкурасининг замонавий кўринишларига қарши курашиш», «Россия аскарларининг МҲО давомидаги қаҳрамонлиги ва фидойилигини тарғиб қилиш» ва «Россия Қуролли кучларидаги хизматни оммалаштириш» каби мавзулар шулар жумласидандир.

«Очиқдан-очиқ ташвиқот»

Яқин йилларда Россия ҳукумати солиқ тўловчилар ҳисобидан ташвиқот филмларини суратга олишни янада кўпроқ молиялаштирмоқчи.

Ўтган йили Маданият вазирлиги 210 та Россия филмининг суратга олинишига кўмаклашиб, жами 10 миллиард рубл (140 миллион доллардан ортиқ) сарфлади.

Жорий йилда бу рақамни 11,6 миллиард рублга (160 миллион доллар) ошириш режалаштирилган, 2024 ва 2025 йилларда эса бу кўрсаткич мос равишда 12,3 миллиард рублга (170 миллион доллар) ошиши кутилмоқда.

Бироқ, россиялик кино мухлислари бундан унчалик мамнун эмаслар.

«Ҳукумат шундай филмлар воситасида жамият онгини заҳарламоқда», дейди Москвада яшовчи Ирина Шаповалова (исми ўзгартирилган).

«Улар Украина аскарлари ва тинч аҳолини ҳалок қилаётган урушни «махсус ҳарбий операция», бошқа давлатни босиб олган рус аскарларини эса «қўрқмас қаҳрамонлар» деб атамоқда».

У ҳукумат халқаро санкциялар фонида мамлакатнинг оғирлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ўрнига шундай филмлар учун пул исроф қилаётганидан норози эканлигини айтди.

«Турган-битгани ташвиқот бўлган бундай ҳужжатли филмларни ким томоша қилади?» дейди Шаповалова. «Ҳатто [Россияда суратга олинган] блокбастерлар ҳам кўпчиликка қизиқ эмас».

Ўтган ёзда «Ижтимоий фикр» мустақил жамғармаси томонидан олиб борилган сўровларда россияликлар маҳаллий филмлардан кўра, Ғарб филмларини афзал кўриши маълум бўлган эди.

Июль ойида чоп этилган тадқиқотга кўра, Россия кинотеатрларида Америка филмларининг йўқлиги томошабинлар ва даромаднинг камайишига олиб келган.

Сўралганларнинг аксарияти Россия фильмларидан кўра кўпроқ хорижий филмларни кўриш учун кинотеатрга борганини тан олган.

Уйда қолиш

Голливуд филмлари олиб ташланганидан кейин Россия кинотеатрлари зарарга ишлай бошлади, дейди Lumen Film кинотеатрлар тармоғи эгаси Павел Поникаровский август ойида 78 телеканалига берган интервьюсида.

Май-июн ойларида Россиядаги 10 фоиз кинотеатрлар ёпилди, деб айтган у.

Ҳужумдан аввал Голливуд фильмлари Россия бозорининг 80 фоизини ташкил қиларди, дейди кинопродюссер Владислав Пастернак.

«Кинотеатрлар бизнеси Голливуд туфайли кучайди. Бу Россия филмларининг юзага чиқиши ва пул ишлай бошлаши учун маълум даражада асос бўлиб хизмат қилди», деб айтган у 78 телеканалига.

«Голливудни олиб ташласак, Россия филмлари ҳам бўлмайди», дейди Пастернак.

Россияликлар кинотеатрга бориш ўрнига уйда қолиб, Ғарб санкциялари туфайли Россияда кўрсатилмаган Америка филмларини интернетдан юклаб олишмоқда, деб ёзади Коммерсант нашри 25 январ куни.

2022 йилда қароқчилик контентини томоша қилиш 2021 йилга нисбатан икки баравар ошган, деб хабар беради Коммерсант TelecomDaily бош директори Денис Кусковдан иқтибос келтириб.

Россиялик киноижодкорларга кўра, Голливуд блокбастерларидан фарқли мафкуравий йўналишдаги ҳужжатли филмлар россияликларга қизиқ эмас.

Бу филмларнинг мақсади ҳақиқий ҳужжатли филмшуносликка қўйиладиган мақсадга зид, деган эди Халқаро телерадио академияси ва Ника киноакадемияси аъзоси Ирина Васильева сентябрда Пермда бўлиб ўтган «Флаэртиана» ҳужжатли филмлар халқаро кинофестивали чоғида.

«Келинг буни бошқача номлаймиз, чунки телерадиокомпаниялар томошабинларнинг миясини бўтқага айлантириш учун буни ҳужжатли фильм дейиши қаллобликдан бошқа нарса эмас», деб айтган Васильева Кремл телеканалларини назарда тутиб.

«Бу ерда мантиқ тушунарли.»

Марказий Осиёни нишонга олиш

Бу орада Кремл ўз кун тартибини қўшни давлатларда ҳам илгари суришга уринмоқда.

Кремлнинг Марказий Осиёдаги таъсир воситаларидан бири, «Россия уйи» номи билан танилган «Россотрудничество» декабрда Олмаотадаги кинотеатрда мактаб болаларига «Россия. Биз 30 ёшдамиз!» филми намойишини ташкиллаштириши ортидан норозиликка учради.

2021 йилда суратга олинган ҳужжатли филм 30 ёшга тўлган таниқли россияликларга бағишланган.

Филмда болаларга портлашлар ва терактлар кўрсатилган, деб хабар беради Arbat.media.

Унда Россиянинг Қримни ноқонуний аннексия қилиши ҳақида ижобий фикрлар билдирилган. Қаҳрамонлардан бири «Жанубий Осетия Россиянинг бир қисми» эканлигидан фахрланишини айтиб ўтган.

Ташкилотчилар болаларга «йўлбарслар ҳақида» филм кўрсатишни ваъда қилиб уларни алдашган, деди болалар билан кино кўришга борган Озод Европа/Озодлик радиосининг мухбири Багдат Асилбек ўзининг Facebook саҳифасида.

Қозоғистонликлар Россотрудничество ва кинотеатрлар раҳбариятини нацистлар ва айирмачилик ғояларини тарқатишда айблаб, бу воқеага ғазабноқ муносабат билдирганлар.

«Менимча, бу иғвогарлик ва разиллик. Болаларга бундай нарса кўрсатиб бўлмайди деб қатъий ишонаман», деб айтган Олмаотадаги кино клуби эгаси Олег Борецкий ижтимоий тармоқларга жойлаган видеосида.

Норозилик Қозоғистонда ёйинланган Россия ташвиқотига бардош қилиб турганлар тобора камайиб бораётганидан далолат беради.

2018 йилда Қозоғистондаги кинотеатрлар Россиянинг «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган!» ташвиқот фильмини кўрсатишдан бош тортган эди.

Кўп йиллар олдин қозоғистонликлар Россия ОАВ таъсирида бўлган бўлса, ҳозир вазият ўзгарган, дейди сиёсий мухбир ва Turan Times янгиликлар сайти бош муҳаррири, остоналик Газиз Абишев Карвонсарой нашрига.

«Қозоғистонда Россия ташвиқоти таъсирига тушганлар маълум гуруҳдаги кекса авлод бўлиб, уларнинг сони чекланган ва камайиб бормоқда, чунки ёшлар ахборотни интернетдан олади», деб айтган Абишев.

«Россиянинг Қозоғистонга ташвиқот орқали информацион таъсири йил сайин камаймоқда

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Кремлнинг Украинадаги жиноятлари ва тажовузларини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди!!! Бунга алоқадор барча россияликлар ҲААГАДА СУД ҚИЛИНИШИ керак! Путинни асосий қотил сифатида осиш керак!!! Украинага шон-шарафлар! Украина қуролли кучларига шон-шарафлар!

Жавоб бериш