Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда узлуксиз ўсиб бормоқда

Рустам Темиров

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 17 январ куни Ўзбекистон чегара қўшинларига қиймати 600 минг долларлик 225 дона FLIR термал монокулярини ҳадя қилди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 17 январ куни Ўзбекистон чегара қўшинларига қиймати 600 минг долларлик 225 дона FLIR термал монокулярини ҳадя қилди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистонликлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида чегара хавфсизлиги, сейсмология ва аёллар ҳуқуқлари каби қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни олқишламоқда.

Жумладан, яқинда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек чегарачиларига қиймати 600 минг долларлик (6,8 миллиард сўм) 225 дона FLIR термал монокулярини совға қилди, дейилади Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг 17 январ кунги баёнотида.

Кам ёруғлик ёки ёмон об-ҳаво шароитида чегарани ноқонуний кесиб ўтишларни осонроқ аниқлайдиган бу тизимлар қўшинларга чегарадаги ҳодисаларга тезкор чора кўриш имконини беради.

Қўшинлар номидан ускуналарни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Чегара қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди.

500 дан ортиқ хотин-қизлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ўз-ўзини ҳимоя қилиш курсларига ҳужжат топширган. Элчихона бу лойиҳага ўтган йили аёл тренерларни жалб қила бошлаган. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

500 дан ортиқ хотин-қизлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ўз-ўзини ҳимоя қилиш курсларига ҳужжат топширган. Элчихона бу лойиҳага ўтган йили аёл тренерларни жалб қила бошлаган. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

Ушбу ҳадя АҚШ давлат департаментининг Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармасининг кўмаги билан тақдим этилди, дейилади хабарда.

2001 йилда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида Мудофаа муносабатлари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битим имзолаганидан бери ўзбек ҳарбийларига турли ҳарбий техникалар ҳадя қилинган.

Яқинда ўтказилган топшириш маросими ҳам ушбу ҳамкорликнинг навбатдаги босқичидир, дейилади баёнотда.

Яқинда тақдим этилган беғараз ёрдам Ўзбекистон чегара қўшинлари учун жуда муҳим, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

«Бу ёрдам аскарларимизнинг жанговар шайлиги ва профессионализмини ошириши шубҳасиз», деди у.

«Ишонаманки, Ўзбекистон ҳукумати ва халқи АҚШ расмийларидан миннатдор бўлади

Мирзабоев АҚШ Ўзбекистонга ҳар томонлама ҳарбий ва техник ёрдамни тўхтатмаслигига умид билдирди.

Ўзбекистонлик тарихчи олим Максим Матназаровнинг айтишича, чегарачиларга янги жиҳозлардан ташқари, АҚШнинг шу каби хизматларида малака ошириш имкони берилиши лозим.

«Марказий Осиё давлатларининг чегаралари барқарор эмас, геосиёсий вазиятнинг ўзи эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида яқин ҳамкорликни тақозо этмоқда», деди у.

Чегарани ҳимоя қилишда қонунбузарлар ва контрабандачиларни кузатиш ва уларга қарши курашиш учун янги технологиялар зарур, деб қўшимча қилди у.

Чегарани қўриқлаш бўйича катта тажрибага эга ва зарур жиҳозларни ишлаб чиқарадиган АҚШ билан ҳамкорлик – Ўзбекистон учун муҳим вазифа, дейди Матназаров.

Сейсмологик ускуналар ва таълим

Ҳамкорлик бошқа соҳаларда ҳам олиб борилмоқда.

14 декабр куни АҚШ ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Республика сейсмологик прогнозлаш мониторинги марказига (СПММ) 1 тоннага яқин сейсмологик ускуналар етказиб берган эди.

Сан-Диегодаги Калифорния университети (UCSD) ва Сейсмология бўйича бирлашган тадқиқот институтлари (IRIS) консорциуми мутахассислари бу ускуналарни Жиззах вилояти Қорасой шаҳридаги сейсмик станцияга ўрнатишни режалаштирмоқда, дейилади элчихонанинг бошқа бир хабарида.

Бу Ўзбекистонга зилзилалар мониторинги, илмий тадқиқотлар ва таълим билан шуғулланувчи Глобал сейсмографик тармоққа қўшилиш имконини беради.

UCSD мутахассислари ва АҚШ ҳукумати Миллий фан жамғармаси NSF ходимлари Қорасойда маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади ва ходимларга станциядан қандай фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни ўргатади.

Ўзбекистонда сейсмологик таълим даражасини ошириш ҳам муҳим омиллардан биридир, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Миллий университети ва Мичиган университети ўртасида бўлажак сейсмологларга масофавий таълим беришни кўзда тутувчи меморандум имзоланди. Икки университет ўзбек талабалари учун ўқув маркази ташкил этишни режалаштирмоқда.

Хотин-қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш курслари

Бу орада 2021 йилдан бошлаб ўзбекистонлик хотин-қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш бўйича синов лойиҳасига иштирокчиларни жалб қилиш давом этяпти.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси томонидан 2023 йилда ушбу машғулотларнинг навбатдаги босқичини ўтказиш белгиланган: курсларнинг бири 13-18 ёшлардаги қизлар, иккинчиси эса 18 ёшдан ошган аёллар ва қизлар учун мўлжалланган.

Уч ой давом этадиган курслардаги 60 та ўрин учун 500 дан ортиқ хотин-қизлар ариза топширган, деди элчихонадаги манба.

Амалий машғулотлар ўз-ўзини ҳимоя қилиш кўникмаларини қамраб олади, ҳар бир курс иштирокчиси тажовузкорга жавоб қайтариш ва ундан қочишни ўрганади.

Иштирокчилар фитнес, дзюдо ва жиу-житсу машғулотларидан ташқари, низоларни ҳал қилиш, очиқ мулоқот ва стрессни бошқариш кўникмаларига эга бўладилар.

Элчихона Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам аёллар ва қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш курсларини ташкил этишни режалаган.

Гап шундаки, ҳужум юз берганида аёллар бирибир эркаклардан кўра заифроқ, дейди таълим орқали гендер зўравонлигини енгишга қаратилган Nemolchi.uz лойиҳаси муаллифи Ирина Матвиенко.

«Қизлар билан боғлиқ ўзига хос муҳим жиҳатларни инобатга олиш учун бу машғулотларни аёллар ўтказиши зарур. Бизда эса курашни асосан эркаклар ўргатишади», дейди у. Шунинг учун ҳам ўтган йили АҚШ элчихонаси аёл мураббийларни ишга қабул қилишини эълон қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500