Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистонлик автодилерлар санкцияларга риоя қилиш учун россиялик харидорларга машина сотмаяпти

Канат Алтинбаев

Суратда: 8 феврал куни Қозоғистоннинг йирик автосалонларидан бири «Astana Motors»да намойишга қўйилган янги Hyundai автомобили Россия фуқаролари бўлган харидорларга сотилмайди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Суратда: 8 феврал куни Қозоғистоннинг йирик автосалонларидан бири «Astana Motors»да намойишга қўйилган янги Hyundai автомобили Россия фуқаролари бўлган харидорларга сотилмайди. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Қозоғистонликлар автодилерларнинг Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга уринаётган россиялик мижозларга машина сотмаслик қарорини олқишлаб, бу талабларга риоя қилмаслик Қозоғистонга сиёсий ва иқтисодий зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўтган йили Кремлнинг Украинага босқинига жавобан Ғарб давлатлари Россияга қарши кенг кўламли санкцияларни жорий қилар экан, маҳаллий автоишлаб чиқарувчилар учун бутловчи қисмларни олиш ва таъминот занжирларини ушлаб туриш қийинлашган.

Кўпгина халқаро автомобил брендлари, жумладан, Германия, Япония, Корея, Америка ва Франция автомобил ишлаб чиқарувчилари Россия бозоридан чиқиб кетган.

Россия бўйлаб сотувлар қисқаргани сабаб, мамлакат янги автомобилларнинг кескин танқислиги юзага келди, захирада мавжудлари эса сезиларли даражада қимматлашди.

Айрим харидорлар қўшни Қозоғистонга бориб, машина сотиб олишни ўйлаган.

Аммо Қозоғистонда ҳозирда Россияда мавжуд бўлмаган – кўпинча арзонроқ нархдаги автомобил маркалари бўлса-да, Қозоғистон дилерлик марказлари уларни Россия фуқароларига сотишдан бош тортмоқда, деб хабар беради Autonews.ru 27 январ куни.

Autonews.ru мухбири ўзини оддий харидор қилиб кўрсатиб, Қозоғистондаги қатор брендларнинг автосалонларида бўлган.

Россияликларга машина йўқ

Мухбир Қозоғистонда машина сотиб олиш имкони бор-йўқлигини билиш учун бир нечта дилерлик марказларини кўздан кечириб, сездирмай иш олиб борган.

Кореянинг Hyundai бренди дилерлик маркази «Россия паспорти асосида автомобилни сотишдан қатъиян бош тортди», деб ёзади Autonews.ru нашри.

«Устига устак, дилерлик ходими бу чекловлар сабабини ҳам айтмади... сотувчи Россия фуқароларига муқобил вариантларни ҳам таклиф қилиб кўрмаган».

Журналистга Hyundai брендининг бошқа салонида ҳам рад жавобини беришган, улар «ҳужжатларни расмийлаштиришда энг аввало мижознинг ўзи дуч келадиган қийинчиликларни» рўкач қилишган.

Бошқа бир Корея бренди – Kia дилерлик марказида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган.

Фақат яшаш рухсатномаси ёки Қозоғистоннинг норезидент солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси билан машина сотиб олиш мумкин, деб айтган менежер журналистга.

Россиядаги заводини ёпган ва у ерда ўз автомобилларини сотишни тўхтатган Япониянинг Toyota автокомпаниясининг дилерлик маркази ҳам Россия фуқароларига автомобил сотишдан бош тортган.

«Шу ердан машинани ўз номига расмийлаштира оладиган таниш топишингиз мумкин, аммо кейин қайта рўйхатдан ўтказиш ва бошқа ҳужжатлар билан боғлиқ хавф-хатарларни ўз зиммангизга олишга мажбурсиз», деб айтган Toyota савдо менежери яширин журналистга.

Шу тариқа яширин россиялик харидор Германиянинг Volkswagen, Хитойнинг Chery ва ҳатто Россиянинг Lada автосалонларида ҳам машина сотиб ололмаган.

Лада моделлари намойиш этилган дилерлик маркази ходимлари Россия паспорти ёрдамида машина сотиб олишнинг иложи йўқлигини айтишган.

Volkswagen автосалонларидан биридаги сотувчи Россиянинг уруши ва унинг ортидан жорий қилинган Ғарб санкцияларига ишоратан «дунёдаги оғир сиёсий вазиятни» баҳона қилган.

Autonews.ru Қозоғистоннинг қайси шаҳрида суриштирув олиб борганини очиқламаган, бироқ катта эҳтимол билан, бу – россияликлар мунтазам равишда автомашиналар сотиб оладиган Остона шаҳри.

Россия миллий автомобил иттифоқи (МАИ) вице-президенти Антон Шапарин Autonews.ru нашрига қозоқ дилерларининг Россия паспортига автомобил сотмаслик қарори «сиёсий» эканлигини айтди.

«Авто ишлаб чиқарувчилар дилерларнинг (Россия паспорти асосида машина сотишга рухсат бериб), Россияга қўйилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришмоқда, деган хулосага келишса, уларга машина сотмай қўйишидан қўрқишмоқда», деб айтган Шапарин.

Россияга ёрдам беришдан бош тортиш

Автодилернинг россиялик фуқароларга машина сотишдан бош тортгани тўғри қарор, дейди кузатувчилар.

Қозоғистон айниқса, агар уруш унинг манфаатларига зарар келтирса, ўзини ривожланган давлат каби тутиши, урушга қатъий қарши эканини билдириши ва Россияни қўллаб-қувватламаслиги керак, дейди Қозоғистон автомобил бизнеси уюшмасининг собиқ бошқарувчи директори Мурат Рахимбердиев.

«Энг муҳими, биз санкцияларга тўлиқ риоя қилишимизни кафолатлашимиз керак», деб айтган у Карвонсарой нашрига.

Қозоғистон анча вақтдан бери Россияга Ғарб чекловларини четлаб ўтишга ёрдам бермаслигини таъкидлаб келади.

Кўп йиллик иқтисодий муносабатларга қарамай, Остона Москвага Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бермайди, деган эди декабр ойи охирида Япониянинг NHK телеканалига берган интервьюсида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди.

Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулейменов ўтган йил март ойида Брюсселга қилган сафари чоғида худди шундай баёнот берган.

«Ташрифдан мақсад – европалик ҳамкорларимизга Россиянинг АҚШ ва ЕИ санкцияларини четлаб ўтишида Қозоғистон воситачи бўлмаслигини кўрсатиш. Биз санкцияларга риоя қиламиз», деган эди у ўшанда EurActiv умумевропа янгиликлар агентлигига берган интервьюсида.

Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан Европага маҳсулотларини экспорт қилишда фойдаланаётган Россия компаниялар норозиликка сабаб бўлган.

Январ ойида ўтказилган суриштирувга кўра, Россия ва Беларус ёғоч экспортчилари ўз маҳсулотларини Қозоғистон ва Қирғизистонники деган даъво билан Европага юборишган, бунинг учун улар ҳужжатларда келиб чиқиш мамлакатини сохталаштиришган.

Кўпчилик қозоғистонликлар Россия билан иқтисодий алоқаларни янада қисқартиришга чақирмоқда.

Остоналик қурилиш моллари етказиб берувчиси Даулет Ахметовнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги савдодан доим Россия фойда кўрган, Қозоғистонда эса савдо камомади мавжуд.

Қозоғистонлик фуқаролар ва компаниялар жавобгарликни ҳис қилиши ва Россия компанияларига санкциялардан қочишга ёрдам бермаслиги керак, дейди олмаоталик Санжар Досжанов.

«Акс ҳолда салбий оқибатларни қандайдир алоҳида компания эмас, бутун бошли иқтисодиётимиз ҳис қилиши мумкин», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эчкиларни миниб юрса ҳам бўладику. Шайтон аравани нима кераги бор? ))

Жавоб бериш