Карвонсарой
Таҳлил

«Москва бармоғи» ампутацияси: Болтиқбўйида совет даври ёдгорликларини бузиш давом этяпти

Тенго Гоготишвили

2010 йил 3 февралда Латвия пойтахти Ригадан 150 км узоқликда жойлашган собиқ «Скрунда-1» ёпиқ ҳарбий шаҳарчасидаги суратлар олдидан ўтиб кетаётган эркак. [Илмарс Знотинс/AFP]

2010 йил 3 февралда Латвия пойтахти Ригадан 150 км узоқликда жойлашган собиқ «Скрунда-1» ёпиқ ҳарбий шаҳарчасидаги суратлар олдидан ўтиб кетаётган эркак. [Илмарс Знотинс/AFP]

РИГА, Латвия – Рига аҳолиси 1985 йилдан бери Латвия пойтахти марказида ўрнатилган «халоскорлар» ёдгорлигини «Москванинг бармоғи» деб атаб келган.

79 метрли обелиск ва унинг атрофидаги ёдгорлик мажмуаси Латвиянинг Қизил армия томонидан «озод қилиниши» шарафига ўрнатилган эди.

Бу ёдгорлик 2022 йил февралда Кремлнинг Украинага бостириб кириши ортидан август ойида бузиб ташланган.

«24 февралда Россиянинг Украинага босқинидан кейин ҳамма нарса ўзгарди», дейди мамлакатнинг энг машҳур газетаси – «Латвиас Авизе»нинг ҳарбий иловаси муҳаррири Атис Климовичс Карвонсаройга.

Ўтган йилнинг 6 декабрида Литванинг Вилнюс шаҳридаги Антакалнис қабристонидаги Қизил армия аскарлари ёдгорлигини бузишга тайёргарлик кўрилмоқда. БМТ огоҳлантиришларига қарамай, Литва ўз пойтахтидаги совет ёдгорлигини демонтаж қилишни бошлаган. [Петрас Малукас/AFP]

Ўтган йилнинг 6 декабрида Литванинг Вилнюс шаҳридаги Антакалнис қабристонидаги Қизил армия аскарлари ёдгорлигини бузишга тайёргарлик кўрилмоқда. БМТ огоҳлантиришларига қарамай, Литва ўз пойтахтидаги совет ёдгорлигини демонтаж қилишни бошлаган. [Петрас Малукас/AFP]

Латвия пойтахти Рига шаҳрида жойлашган 80 метр баландликдаги совет ёдгорлиги бузиб ташланмоқда, Ирландиянинг RTÉ News телеканали томонидан ўтган йил август ойида YouTube тармоғига жойланган видео.

Латвия пойтахти Рига шаҳрида жойлашган 80 метр баландликдаги совет ёдгорлиги бузиб ташланмоқда, Ирландиянинг RTÉ News телеканали томонидан ўтган йил август ойида YouTube тармоғига жойланган видео.

«Латвияда одамлар бу бизнинг ҳам урушимиз эканлигини англаб етдилар. Мустақил мамлакатда советлар, аслида Россия ишғолининг ёдгорликлари учун энди жой йўқ».

«Ригадаги ёдгорлик ортиқча ғалаёнларсиз бузиб ташланди. Иккинчи йирик шаҳримиз Даугавпилсда ҳам худди шундай бўлди».

Латвия – Совет давридан қолган ёдгорликларни олиб ташлаётган ягона Болтиқбўйи давлати эмас.

Маҳаллий расмийларга кўра, декабр ойида Вилнюсдаги Антакалнис қабристонининг қисмларини – 1984 йилда совет аскарларига бағишланган ёдгорликни демонтаж қилиш ишлари бошланган.

«Вилнюс [шаҳар] ҳокимияти 1 ноябргача Антакалнис қабристонидаги ёдгорлик тошини демонтаж қилишни режалаган эди», дейди дезинформацияга қарши курашувчи Res Publica нодавлат ташкилоти асосчиси Гедриус Сакалаускас Карвонсаройга.

«Аммо БМТ [Бирлашган Миллатлар Ташкилоти] Инсон ҳуқуқлари қўмитаси «ёдгорликни ҳимоя қилишга оид вақтинчалик чоралар» ҳақида эълон қилгач, ишлар вақтинча тўхтатилди», деди у.

«Ўзларини «этник руслар» деб атайдиган литваликлар – Казимерас Юрайтис, Дмитриус Глазковас, Татьяна Брандт ва Анастасия Брандт БМТ органига петиция билан мурожаат қилган», деди у.

«Уларнинг шикоятида таъкидланишича, Вилнюснинг ёдгорлик тошини бузиш ҳақидаги қарори этник озчиликлар ҳуқуқларини, шунингдек, шахсий ва оилавий ҳаёт ҳуқуқини бузади».

«Ишлар бошлангач, шаҳар мэри БМТнинг махсус рухсати зарур эмаслигини айтди, чунки маҳаллий ҳокимият [қабристондан совет ёдгорликларини олиб ташлаш борасида] қарор қабул қилди», деди Россия ташвиқотига қарши кураши билан танилган Сакалаускас.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига бу ёдгорлик 3000 аскарнинг қабри устида ўрнатилгани ҳақида нотўғри маълумот берилган – қабрларга ҳеч ким тегмайди, деб айтган Вилнюс расмийлари.

Қизил армия Эстониянинг асосан русийзабонлар яшовчи Нарва шаҳрида ҳам «мағлубиятга» учраган.

Москва томонидан аланга олдирилган маҳаллий аҳолининг норозилигига қарамай, расмийлар август ойида ёрқин қизил юлдузлар билан безатилган Т-34 танкини супадан олиб ташлашган.

Танк Таллиндаги ҳарбий музей экспонатига айланади.

Эстония бўйлаб совет ёдгорликларини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш учун деярли 1 миллион евро сарфланди, деб ёзган январ ойида Err.ee янгиликлар сайти.

Ноябр ойи охирида комиссия олиб ташланиши керак бўлган 244 та объектни аниқлаган. Бу вақтга қадар 56 та объект бузиб бўлинган.

Россия таъсиридан воз кечиш

Москва учун босқин бошланганидан бери ағдарилган ёдгорликлар ўтмишдаги ҳарбий зафарлардан кўпроқ нарсани англатади. Улар, шунингдек, собиқ мустамлакаларга таъсир қилишнинг охирги қолган усулларидан биридир.

СССР парчаланганидан кейин Россия ўзининг собиқ «қардош республикалари» билан совет ёдгорликларини сақлаб қолишга келишган эди. Болтиқбўйи мамлакатлари ушбу келишувга риоя қилиб келди, аммо 2007 йилда Эстония ёдгорликни бошқа жойга кўчирганида, Кремл ўз ғазабини яшира олмади.

Таллин ҳокимияти шаҳар марказини реконструкция қилиш жараёнида Совет давридаги Алёша номи билан машҳур бўлган бронза аскарни маҳаллий қабристонга кўчиришга қарор қилган.

Россияпараст хакерлар Эстония ҳукумати ва хусусий сайтларига ҳужум қилди ва тартибсизликлар юзага келди, бир киши ҳалок бўлди.

Ўтган йил 25 август куни булдозер «Москва бармоғини» бузиб ташлаётганида, Ригадаги полиция ва журналистлар шунга ўхшаш нарсани кутган эдилар, аммо ҳеч нарса содир бўлмади.

Ҳатто ҳар йили Ғалаба кунини нишонлайдиган маҳаллий русийзабон пенсионерлар ҳам норозиликка чиқишмади.

Якунда «Москва бармоғи»нинг олиб ташланиши ортидан Россия ташқи ишлар вазирлиги Латвия элчисини чақиртириб, «тарихий хотира»га ҳурматсизлик учун жиноий иш қўзғашга ундаган.

Болтиқбўйи давлатларида жамоатчилик фикри, айниқса, ёш авлод вакиллари орасидаги қарашлар ўзгариб бормоқда.

Масалан, Россия 1945 йилда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабани нишонлайдиган 9 майни аҳоли оккупация рамзи сифатида кўрмоқда.

«9 май билан боғлиқ маросимлар Россияда ҳукмрон мафкурага айланган ва Латвиядаги айрим русийзабонларнинг қалби ва онгини забт этган янги агрессив шовинизм билан чамбарчас боғлиқ», дейди Климович.

«Ўтган 15 йил ичида мамлакатимизга содиқ бўлмаган одамлар 9 май куни босқинчилар ёдгорликлари олдида тўпланиши маълум бўлди», дейди у.

Ҳозирча Россия Болтиқбўйи давлатларини тўхтата олмайдиган кўринади.

2014 йилда Қримга бостириб кирган Россия қўшинлари каби ўзини маҳаллий айирмачилар қилиб кўрсатган барча «яшил одамчалар» Украинадаги уруш билан овора бўлгани сабаб, Москва халқаро ташкилотларга шикоят қилиш билан чекланиб қолган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мана, дерусификация ва СССРнинг бутунлай, узил-кесил қулаш жараёни ҳам бошланмоқда.

Жавоб бериш