Карвонсарой
Дипломатия

Россия ўз изоляциясини юмшатиш учун талончилик ва махфий келишувлар билан Африкага кўз тикмоқда

Олга Чепил

Мустақил суриштирувлардан маълум бўлишича, Россиянинг «Вагнер» гуруҳи Судандаги нуфузли сиёсий ва ҳарбий арбоблар билан тил бириктириб, Россиянинг Украинадаги уруши харажатларини қоплаш учун мамлакат олтинларини ўзлаштирган. Пойтахт Хартумдан 800 км шимоли-шарқда жойлашган Судан чўлидаги Ариаб компаниясининг олтин конида олтин қуймалари билан тўлдирилган ванна, 2011 йилнинг 3 октябри. [Ашраф Шазли/AFP]

Мустақил суриштирувлардан маълум бўлишича, Россиянинг «Вагнер» гуруҳи Судандаги нуфузли сиёсий ва ҳарбий арбоблар билан тил бириктириб, Россиянинг Украинадаги уруши харажатларини қоплаш учун мамлакат олтинларини ўзлаштирган. Пойтахт Хартумдан 800 км шимоли-шарқда жойлашган Судан чўлидаги Ариаб компаниясининг олтин конида олтин қуймалари билан тўлдирилган ванна, 2011 йилнинг 3 октябри. [Ашраф Шазли/AFP]

КИЕВ – Россиянинг халқаро майдондаги нуфузи пасайишда давом этаётган бир пайтда Кремл минтақа давлатлари қўлловига эришиш мақсадида сўнгги саккиз ой ичида учинчи марта ўзининг бош дипломатини Африка бўйлаб сафарга жўнатган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган пайшанба (9 феврал) куни Хартумда Судан расмийлари билан музокаралар ўтказар экан, уларнинг Африка мамлакатига нисбатан узоқ йиллик БМТ санкцияларини бекор қилиш чақириғини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Судан ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али ас-Содиқ Лавров билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида икки давлат БМТ доирасида ҳамкорлик қилиши ва «ислоҳотлар»га интилиши зарурлигини таъкидлаган.

Лавров, шунингдек, 2021 йил октябр ойида Суданнинг фуқаролик бошқарувига ўтишини издан чиқарган ва Ғарбнинг муҳим ёрдамни қисқартиришига олиб келган ҳарбий тўнтаришга раҳбарлик қилган армия бош қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон билан ҳам учрашган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Судан ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али ас-Содиқ (ўнгда) 9 феврал куни Хартумдаги қўшма матбуот анжуманида иштирок этмоқда. [Ашраф Шазли/AFP]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Судан ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али ас-Содиқ (ўнгда) 9 феврал куни Хартумдаги қўшма матбуот анжуманида иштирок этмоқда. [Ашраф Шазли/AFP]

Лавровнинг икки кунлик ташрифи ўтган йили Москванинг Украинага босқини ортидан Россияни яккалаб қўйишга қаратилган кенг кўламли халқаро уринишлар фонида Африка қитъасидаги таъсирни кучайтириш чоралари доирасида амалга оширилди.

Судан Россия дипломатининг Мали ва Мавританияга ташрифни ўз ичига олган сўнгги сафарининг якуний тўхташ жойи бўлди.

Лавров охирги саккиз ой давомида қитъа бўйлаб сафар қилди.

Ўтган ой у Ангола, Эсватини, Эритрея ва Жанубий Африкада бўлди. Ўтган йил июлда эса Миср, Конго Республикаси, Уганда ва Эфиопияга ташриф буюрган эди.

Африкада дўстлар излаб

Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия президенти Владимир Путин Африкадаги мавқеини мустаҳкамлашга уриниш билан ўз мамлакатининг халқаро изоляциясини компенсация қилишга ҳаракат қилмоқда.

Дипломатик блиц, шунингдек, Путиннинг россияликлар орасидаги рейтингини оширишни кўзлаган.

Литвада истиқомат қилувчи россиялик мустақил сиёсатшунос Федор Крашенинниковнинг The Washington Post нашрида чоп этилган 2 феврал кунги мақоласида ёзилишича, «Путин ўз электоратига ўзининг глобал етакчи эканлигини кўрсатиб қўймоқчи».

«Лавровнинг Африка бўйлаб кезиб юрганини кўриш кулгили туюлиши мумкин, лекин Путин учун муҳими шундаки, Россия жамоатчилигининг телевизорда айтилган ҳамма гапларга ишонадиган қисми янгиликларни томоша қилиб, «Путин қандай ҳам ажойиб. Ҳеч қандай изоляция йўқ», дейишади.

Россия Украинага кенг кўламли босқиндан аввал Африкага ўз эътиборини қаратган эди, аммо уруш бошланганидан бери Кремлнинг у ердаги фаолияти кескин кучайди.

«Уларнинг дипломатик фаоллигига назар солинг», дейди киевлик африкачи мутахассис Марта Олейник-Демочко Лавровнинг сўнгги саккиз ой ичида Африканинг 11 давлатига қилган ташрифини назарда тутиб.

«Бу анча сезиларли рақам», деди у.

«Владимир Путиннинг муждаларига қулоқ тутадиган бўлсак, у Ғарб давлатларига мурожаат қилаётгани йўқ, чунки у ерда унга ҳеч нарса йўқлигини жуда яхши тушунади», деди Олейник-Демочко.

«У коалиция тузиш учун глобал жанубдаги давлатлар – Африка, Осиё мамлакатларига юзланмоқда.»

«Россиянинг глобал мақсади – амалдаги санкцияларни ва изоляцияни четлаб ўтиш», дейди у.

«Россияга Қўшма Штатлар олдида жаҳон сиёсатининг муқобил қутбига айланиш орзуси тинчлик бермаяпти ва у «глобал жануб»ни бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.»

Коррупциялашган режимлар билан ҳамкорлик

Аммо Кремл Африка давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва икки томонлама лойиҳаларга сармоя киритишдан кўра, коррупциялашган режимларни қўллаб-қувватлашга урғу бермоқда, дейди Олейник-Демочко.

«Россия минтақадаги потенциал кучсиз давлатларни, яъни кекса диктаторлар ҳукмрон бўлган давлатларни танлайди», деди у. «Ўхшатмагунча учратмас, деган гап бор. Қадриятлар тизими бир хил бўлгани учун уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши осонроқ.»

Россия бу муаммоли мамлакатларга ҳамкорлик қўлини чўзмоқда, масалан, коррупционер раҳбарларни ғалаба сари етакловчи сиёсий технологлар тақдим этиш ёки Вагнер гуруҳи жангарилари ёрдамида жиноий режимларни мустаҳкамлаш каби.

«Масалан, Россия ҳозирда Ғарбий Африкада ўз ўрнини мустаҳкамлаб, у ердан Францияни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда», деди Олейник-Демочко. «Сахелга назар солинг. Бу Марказий Африканинг терроризмдан азият чекаётган ҳудуди.»

«Чекка ҳудудларда гиёҳванд моддалар савдосини назорат қилувчи уюшган жиноятчилик авж олган кулранг ҳудудлар бор. Кремл бу минтақани назорат остига олмоқчи, бу наркотик моддалар савдоси ва ноқонуний миграция йўлларига таъсир қилиш имконини беради», деди у.

«Шу тариқа бу – Европага босим ўтказишда кузир қарта ҳисобланади».

«Россия – коррупциялашган элита ва ҳокимиятни зўравонлик билан ушлаб туришга ўрганган ушбу диктатура режимлари учун орзудаги ҳамкор ҳисобланади», дейди Жанубий Африкада яшовчи сиёсатшунос Максим Разумний.

«Шубҳасиз, ўз мамлакатининг табиий ресурсларини назорат қилувчи бу режимлар ушбу хомашёни сотишда Россиянинг стратегиясига, жумладан, коррупцион, яширин схемаларга эга бўлишни истайдилар», деди у.

«Паразит каби»

Россия Африка мамлакатларидаги кайфият устида ўйнаб, Шимол ва Жануб ўртасида глобал қарама-қаршилик қўзғамоқчи, дейди Украина Миллий стратегик тадқиқотлар институтининг ташқи сиёсатни ўрганиш маркази директори Максим Паламарчук.

«У ердагиларни ҳозирги дунё тартиби қониқтирмайди, чунки улар бу тартибни адолатсиз ва бошқача айтганча, дунёдаги барча пул глобал шимолда тўпланган, деб ҳисоблашади», деди у. «Россия, шубҳасиз, бундай кайфият устида ишламоқчи.»

Бироқ, барча Африка давлатлари ҳам Россияни қўллаб-қувватлашга тайёр эмас, деб таъкидлади Олейник-Демочко.

«Лавров ўтган йили Эфиопияда бўлди, лекин бош вазир уни қабул қилмади. «Бундан ташқари, ҳозирги сафари давомида у ўзи боришни жуда истаган Ботсванада бўлгани йўқ.»

Геосиёсий мақсадлардан ташқари, Россия яна Вагнер гуруҳини ишга солиб, Африкадан иқтисодий манфаат олишни истайди.

«Россия Вагнернинг ёрдами билан Африка мамлакатлари ресурсларини паразит каби истеъмол қилмоқчи», дейди Олейник-Демочко.

«Ўтган йил ёзда вагнерчилар Суданда олтин қазиб олгани ва мамлакат олтин-валюта захираларини тўлдириш учун уни самолётларга ортиб, Россияга жўнатгани ҳақидаги маълумотлар матбуотга сизиб чиққанида шов-шув кўтарилган эди», дейди у.

«Олтинлар юкланган 16 тача самолёт. Бу ресурслар нима учун ишлатилишини биламиз – улар Украинадаги жанглар учун ишлатилади».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500