Карвонсарой
Сиёсат

Россиянинг Молдовада давлат тўнтаришига уриниш фитнаси Украинадан ташқарида хавотирларни авж олдирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Молдова президенти Майа Санду ўтган йил 21 ноябр куни Парижда Молдовани қўллаб-қувватлаш платформасининг учинчи вазирлар анжуманида нутқ сўзламоқда. [Йоан Валат/Pool/AFP]

Молдова президенти Майа Санду ўтган йил 21 ноябр куни Парижда Молдовани қўллаб-қувватлаш платформасининг учинчи вазирлар анжуманида нутқ сўзламоқда. [Йоан Валат/Pool/AFP]

КИШИНЁВ, Молдова – Молдова президенти Майа Санду душанба (13 феврал) куни Россияни ҳукуматга қарши намойишчилар кўринишидаги саботажчилар ёрдамида мамлакатнинг Европага мойил раҳбариятини ағдаришни режалаганликда айблади.

Москванинг тахминий режасига кўра, ҳарбий тажрибага эга фуқаролик кийимидаги саботажчилар зўравонлик ҳаракатларини амалга оширади, шаҳар инфратузилмасига ҳужум уюштиради ва одамларни гаровга олади, деб айтган Санду журналистларга.

«Мухолифат намойишчилари» кўринишидаги саботажчилар «конституциявий тузумни ағдариш ва Кишинёвнинг қонуний раҳбариятини ноқонуний шахслар билан алмаштиришга» ҳаракат қилган, деб қўшимча қилди у саволларга жавоб бермай.

Сандунинг баёноти ўтган ҳафта Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи (ЕИ) саммитида Киев «Россия разведкаси томонидан Молдовани йўқ қилиш режасини тўхтатиб қолганини» айтганидан сўнг янграган.

Сешанба (14 феврал) куни Молдова хавфсизлик сабаблари туфайли деярли икки соатга ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди, деб хабар берган расмийлар постсовет мамлакат ва Россия ўртасидаги кескинлик фонида.

Молдова нашрларидан бири «хорижий дрон рухсатсиз учаётгани» ҳақида хабар берган.

Буюртма намойишлар

Украина ва Руминияга қўшни Молдовада 2,6 миллион аҳоли яшайди, у 2022 йил ёзда ЕИга номзод статусига эга бўлган, аммо у ерда ўтган йили Илан Шор исмли қочқин олигарх томонидан ташкиллаштирилган бир қатор аксилҳукумат намойишлари юз бера бошлади.

Молдова ҳукумати уни намойишчиларга пул тўлаш ва қувғинликда ўз россияпараст партиясини бошқаришда айблаб келмоқда.

Шор бошқарган ички кучлар билан бир қаторда, Москва ўз режаларини амалга ошириш учун Россия, Беларус, Сербия ва Черногория фуқароларидан фойдаланган, деди Санду.

Шунинг учун Молдова парламенти мамлакат разведка ва хавфсизлик хизмати ва прокурорларини миллий хавфсизлик таҳдидларига қарши самаралироқ курашиш учун зарур воситалар билан таъминлайдиган қонунларни «дарҳол қабул қилиши» керак, деди у.

Аммо «Кремлнинг мамлакатимизга зўравонлик олиб келиш ҳаракати амалга ошмайди», деб айтган у.

Ўтган йил давомида қўшни Украинадаги уруш натижасида Россия ракеталарининг қолдиқлари бот-бот Молдова осмонидан учиб ўтиб, мамлакат ҳудудига келиб тушгани хавотирларга сабаб бўлган эди.

Россиянинг муҳим ифратузилмаларга берган зарбалари туфайли Украина электр қувватини экспорт қилишни тўхтатиши ортидан Молдовада электр узилишлари кузатилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Кремл – провокатор! «Россия дунёси» қўшни давлатларга нисбатан империалистик муносабат билан уйғунлашган шовинизмдир.

Жавоб бериш